Уйқу инсон соғлигини мустаҳкамлайди

0 1 463

Саломатлик дарсларини бошлаганимизда соғлом турмуш тарзининг бир қатор омиллари тўғрисида тўхталган эдик. Бугун сиз, азиза мухлисаларимиз учун инсон саломатлигида жуда муҳим ўрин тутган соғлом турмуш тарзининг яна бир энг муҳим омилларидан бири – уйқу ҳақида сўзламоқчимиз.

Уйқунинг қадрини билмаган инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Бир кун етарлича ухламаган инсоннинг кейинги куни ишларнинг унуми қандай бўлиши ҳаммага аён. Кун тартибида уйқу ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Баъзи бир инсон учун 6-7 соат уйқу етарли бўлса, айрим инсонлар учун эса 2-3 соатлик уйқу ҳам етарли бўлади. Ёш улғайган сари киши кўпинча ўз уйқусини «йўқотиб» қўяди. Уйқу бузилишлари билан боғлиқ ҳолатлар инсон саломатлигига катта футур етказади.

Соғлом турмуш тарзи бўйича яшашни истаган инсон куннинг 8 соатини уйқуга, 8 соатини меҳнат килиш ва яна 8 соатини яхши дам олиш, илм олиш ва ўзига ёқимли машғулотлар билан ўтказишига сарфлаши керак. Кун тартибига қатъий риоя қилиш жуда қийин масала, лекин имкон қадар ўзининг кун тартибини режалаштирган инсоннинг вақтига, ишларига ва соғлигига Аллоҳ таоло барака беради.

Сомнологларнинг фикрича, уйқу икки хил табиатли инсонларда тез бузилади. Бу ўз ишига жавобгарлиги юқори бўлган инсонлар ва табиатан куюнчак бўлган кишилар. Биринчи тоифадаги кишилар ўз ишларини тугатмагунча, ухлашни хаёлга ҳам келтирмайдилар. Табиатан куюнчак инсонлар эса кун бўйи мияга келган фикрлар қуюни, оқимини бошқара олмайдилар ва кун охирлаганда уйқу яқинлашгач, сабабсиз уйқусизлик қўрқуви кучаяди. Инсондаги уйқу жараёни бузилишига олиб келади. Улар, мен бу ҳақда эртага ўйлайман, дея олмайди.

Психотерапевт мутахассисларнинг фикрича, уйқусизликка мубтало бўлиш сабабларидан яна бири уйқу пайтида ўлим топиш ҳақидаги қўрқувдир. Ўрта асрда одамлар уйқу пайтида ўлимдан қўрқиб, чуқур уйқуга кетиб қолмаслик учун ўтириб ухлар эдилар. Инсондаги ички ва руҳий касалликларнинг тузалиши, ёш организмнинг бўйи ўсиши каби ҳолатларда уйқунинг аҳамияти жуда катта.

Руҳий касалликларнинг аксариятини замонавий даволаш асосларидан бири – бу дори-дармонлар ёрдамида чуқур уйқу чақиришдир. Шу ўринда ҳарбий врачн Улуғ Ватан уруши даврида бошидан кечирган бир воқеани эслатиб ўтишни жоиз деб топдик: «Ёш аскар қаҳратон қишда оғир зотилжам касаллигига чалинади. Дори-дармонлар йўқ, совуқ, очлик. Бемор қаттиқ қийналганидан врач унга қийналмасдан жон таслим қилсин деб, аптечкада қолган биргина уйқу доридан каттароқ дозада бериб, уни чекка хонага чиқариб ўраб қўяди. Уйқу дори таъсирида 4-5 кун ухлаган бемор аҳволи яхшиланиб, ўзига келиб биродарлари олдига кечқурун чиқиб келади.

Оддийгина грипп ёки шамоллаш касалликлари ҳам уйқуни яхшилаш натижасида тез тузалади. Шунинг учун уйқуга катта эътибор бериб, унинг қадрига етган ҳолда кун тартибини тўғри йўлга қўйиш соғлик учун катта аҳамиятга эгалигини унутмаслигимиз керак. Ва албатта, азиза мухлисалар, уйқу масаласида шифокорларнинг маслаҳатисиз кўр-кўрона дори-дармонлар ичиш соғлигингизга ёмон таъсир қилишини доимо эсда сақланг.

Бугун биз уйқусини йўқотган инсонлар учун бир неча маслаҳатлар беришга харакат киламиз:

Ухлаб олиш учун ўзига хос одатни ўйлаб топиш. Уйқусини йўқотган киши аввалги одатларига қарши ўлароқ ўзининг янги, ўзига хос ухлаш ритуалини топа олиши керак. Аввалам бор, ётоқхонада ортиқча электрон асбоблар, компьютер, телефон ва телевизорлар бўлмаслиги керак. Ётоқхонанинг ёруғлиги ҳам уйқуга ёмон таъсир қилиши мумкин. Ухлаш вақти ҳам доимий равишда бир хил соатда бўлиши лозим. Одатда, энг оптимал ухлашга ётиш вақти деб кечки соат 22.30 дан соат 23.30 гача деб топилган.

Уйқудан олдин кофе, аччиқ қора чой, шоколад каби организм тонусини кўтарувчи маҳсулотлар истеъмол қилмаслик керак. Уйқудан аввал яхши кўрган китобидан бир неча саҳифа ўқиш, хушбўй ванна ёки илиқ душ қабул қилиш, илиқ сут ёки доривор чой ичиш, зикр қилиш, Қуръон эшитиш, енгил тинчлантирувчи уқалаш қабул қилиш мумкин.

Хушбўйлантирилган, янгиланган чойшаблар, ёстиқ жилдлар, хонанинг ҳавосини алмаштириш, уни хушбўй эфир мойлари, гуллар ва ўсимликлар ҳидлари билан тўйинтириш, яхши доривор ўсимликли кремлар билан юз ва бўйинларингизни енгил массаж қилиш каби муолажалар сизни асталик билан уйқу ҳолатига киришингизга ёрдам беради.

Раъно Тожибой қизи тайёрлади.

Баҳам кўринг

Leave A Reply