Ухдуд эгалари қиссаси(1)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муқаддима

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда аввал ўтиб кетган мўмин кишиларнинг ҳақ йўлида курашлари ва аввалги умматларнинг бу йўлда тортган изтироблари ҳақида бир қанча ибратли қиссаларни келтирган. Шундай қиссалардан бири «Асҳоби ухдуд» – яъни Ухдуд эгаларининг қиссасидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Буруж сурасида шундай дейди: Буржлар эгаси бўлган Осмон билан қасам. Ва ваъда қилинган кун билан қасам. Гувоҳлик берувчи ва гувоҳлик берилган билан қасам. «Ухдуд» эгаларига лаънат бўлсин. У (Ухдуд) ёқилғиси кўп, қаттиқ исиган оловдир. У(кофир)лар а(чуқур)лар атрофида ўтирибдилар. Ва улар мўминларга қилаётган нарсаларига ўзлари ҳозирдирлар. Ва (улар) мўминлардан Азиз, Ҳамид Аллоҳга бўлган иймондан бошқа «айб» топа олмадилар. (Буруж, 1-8)

«Ухдуд» – ерда ковланган узун-узун чуқурдир. Ухдуд эгалари кофирлар бўлиб, мўминларни Аллоҳга ишонганлари учун олов ёниб турган ухдудларга ― чуқурларга ташлаб азоблаб ўлдирганлар. Тафсирчилар бу оятлар тафсирида қуйидаги қиссани келтирадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Суҳайбдан ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом марҳамат қиладилар: «Сизлардан аввал ўтган умматлардан бирида бир подшоҳ ўтган. Унинг сеҳргари бор экан. Сеҳргар қариганда, подшоҳга: «Мен қариб ажалим яқинлашиб қолди, менга бирорта ёш йигитлардан берсангиз, сеҳримни ўргатиб қўйсам», дебди.

Подшоҳ унга бир йигитни берибди ва сеҳргар унга сеҳр ўргата бошлабди. Сеҳргар билан подшоҳ орасида бир роҳиб (диний олим) ҳам бор экан. Йигит ўша роҳиб ҳузурига келиб, унинг сўзларини эшитиб ажабланибди. Сеҳргарнинг олдига кеч қолиб борса: «Нимага кеч қолдинг?», деб урар экан. Уйига кеч қолиб борса, уйидагилар ҳам: «Нимага кеч қолдинг?» – деб урар эканлар.

Йигит бу ҳақда роҳибга шикоят қилса, у сеҳргар урмоқчи бўлса, уйимдагилар тутиб қолишди, дегин. Уйингдагилар, нега кеч қолдинг деса, сеҳргар тутиб қолди дегин, деб ўргатибди. Кунлардан бирида йигит йўлда кетаётса, улкан даҳшатли бир ҳайвон кўчани тўсиб, одамларни ўтказмай қўйганини кўрибди. Шунда йигит, сеҳргарнинг иши Аллоҳга мақбулми, роҳибникими, биладиган кун келди, деб хаёлидан ўтказибди.

Бир тошни олиб: «Эй Худоё, агар роҳибнинг иши сенга сеҳргарнинг ишидан кўра маъқулроқ бўлса, мана шу ҳайвонни ўлдиргин, одамлар ўтиб кетсин», деб тошни отса, ҳайвон ўлибди ва одамлар ўтиб кетибди. Гапни роҳибга айтган экан: «Эй болам, сен мендан афзалсан, келажакда балоларга гирифтор бўласан, ўшанда менинг сиримни бировга айтмагин», дебди. Йигит кўр, пес ва бошқа дардларни даволайдиган бўлибди. Подшоҳнинг бир дўсти кўр бўлиб қолибди. Йигитга кўп ҳадялар бериб: «Менга шифо бер», дебди.

Йигит: «Шифони мен эмас, Аллоҳ беради, агар иймон келтирсанг, дуо қиламан, сенга шифо беради», дебди. Сўнг у киши кўзи тузалиб, подшоҳнинг олдига бориб ўтирибди. Подшоҳ ундан: «Э фалончи, кўзингни ким қайтариб берди», деб сўрабди.

«Роббим», деб жавоб берибди у. Подшоҳ: «Менми?» деб савол қилибди. У бўлса:«Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббимиз Аллоҳ», деб жавоб қилибди. Подшоҳ: «Мендан ўзга ҳам Роббинг борми?» деб таъкидлаб сўрабди. Дўсти: «Ҳа бор, менинг Роббим ҳам, сенинг Роббинг ҳам Аллоҳ», деб жавоб берибди. Сўраб-сўраб охири йигитни топибди ва унга: «Эй болам, сеҳринг кучли бўлиб, кўр, пес ва бошқа касалларни даволайдиган бўлибсан», дебди. Йигит: «Мен ҳеч кимга шифо бермайман, шифони Аллоҳ беради», деб тушунтирибди.

Подшоҳ: «Менми?» деб сўрабди. Йигит: «Йўқ!» деб жавоб қилибди. Подшоҳ:«Мендан бошқа ҳам Роббинг борми?» деб сўрабди. Йигит: «Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳ», деб жавоб берибди.

Йигитни азоблаб, охири роҳиб ҳақидаги маълумотни олишибди. Роҳибни келтириб, динингдан қайт, деган экан, кўнмабди. Бошидан арра солиб арралаб, иккига бўлиб ташлашибди. Сўнг кўр бўлган кишига, динингдан қайт, дейишибди. У ҳам кўнмабди, уни ҳам арралаб иккига бўлиб ташлашибди. Йигитга ҳам: «Динингдан қайт», дебдилар. У ҳам: «Йўқ», деб жавоб қилгач, подшоҳ бир гуруҳ одамларига: «Йигитни тоғ чўққисига олиб чиқинглар, динидан қайтса қайтди, бўлмаса чўққидан ташлаб юборинглар», деб буюрибди.

Йигитни чўққига олиб чиқишганда: «Эй бор Худоё, ўзинг билиб мени булардан қутқаргин», деб дуо қилибди. Тоғ силкиниб ҳаммалари чўққидан қулаб ҳалок бўлишибди. Йигит подшоҳ ҳузурига қайтибди. Подшоҳ ундан:«Шерикларингга нима бўлди», деб сўрабди. Йигит: «Аллоҳ мени улардан қутқарди», деб жавоб берибди.

Яна бир гуруҳ одамларга йигитни топшириб, подшоҳ: «Буни денгизга олиб боринглар, диндан қайтса қайтди, бўлмаса чўктириб юборинглар», деб буюрибди. Денгизда йигит: «Ё бор Худоё, Ўзинг мени булардан қутқаргин», деб дуо қилибди. Подшоҳнинг барча одамлари ғарқ бўлиб, йигит яна подшоҳнинг олдига борибди. «Шерикларингга нима бўлди?» деб сўрабди подшоҳ. «Аллоҳ мени улардан қутқарди», деб жавоб қилибди йигит ва подшоҳга: «Менинг айтганимни қилмагунинггача мени ўлдира олмайсан, агар айтганимни қилсанг, ўлдиришинг мумкин», дебди.

Подшоҳ: «Гапингни айт», деб буюрибди. Шунда йигит: «Ҳамма одамларни бир жойга тўплайсан, мени дарахт шохига осасан, ўқдонимдан бир ўқ оласан, сўнг «Йигитнинг Роббиси Аллоҳнинг номи билан», деб камондан отасан, шундагина мени ўлдиришинг мумкин», деб ўргатибди. Подшоҳ йигитнинг айтганини қилибди, ўқни камонга қўйиб туриб: «Йигитнинг Роббиси, Аллоҳнинг номи билан», деб отган экан, ўқ йигитнинг кўксига тегибди. Йигит ўқ теккан жойини ушлаб туриб вафот этибди.

Тўпланган одамлар, йигитнинг Роббисига иймон келтирдик, дейишибди. Подшоҳнинг аъёнлари, мана энди сен қўрққан нарса содир бўлди, одамлар ҳаммаси иймонга келди, дейишибди. Шунда подшоҳ фармони билан «ухдуд» чуқурлар қазилибди ва ўтлар ёқилибди, динидан қайтганларни қўйиб, қайтмаганларнинг барчасини оловли чуқурларга ташлашибди.

Одамлар ўзини тортиб орқага ташлашиб турган экан, эмизикли боласи бор бир аёлни ҳам ўтга ташлаш учун келтиришибди, у ҳам ўзини олиб қочмоқчи бўлган экан, гўдак тилга кириб, сабр қилинг, онажон, сиз ҳақ йўлдасиз, дебди».

Бу қиссани Имом Муслим ва Имом Насаий ҳам ўз китобларида ривоят қилганлар.

Мақола «Ilmfruits.com» сайтидан таржима қилинди. Оятларнинг тафсири« islom.uz» сайтидан олинди. Таржимон: Саид Комил 

Мавзуга оид мақолалар
У Зотдан сени бир ҳолатдан ундан бошқада ишлатиши учун чиқаришини сўрама. Агар ирода қилса, сени чиқармасдан ҳам ишлатаверади. Ушбу ҳикматда бандаларни орасида давоми...

00:43 / 28.11.2017 3208
islom.uz порталининг 10 йиллиги

02:35 / 20.11.2014 2852
Сизни яратган, чексиз неъматлар билан сийлаган Раббингизнинг улуғ исмини биринчи марта айтган кунингизни эслай оласизми Уни қачон танигансиз, калимаи шаҳодатни давоми...

01:12 / 21.01.2017 14073
Қопқора туннинг сукунатидан, ваҳшатидан зада бўлган борлиқ тонг отиши билан эзгуликлар домига чўкади. Мунаввар тонгнинг мусаффо иси барча ёвузликларни куйдириб, давоми...

19:45 / 10.02.2017 5229