Ухдуд эгалари қиссаси (4)

0 690

Йўлдаги азиятни олиб ташлаш- садақадир

Ухдуд эгалари қиссаси Қуръони Каримнинг Буруж сурасида келган бўлиб, ўзи қисқа бўлса ҳам жуда ибратли қиссалардан биридир. Ухдуд эгалари ҳақидаги аввалги мақолаларимизда қадимдан кофирлар мўминларга тазйиқ ўтказиб, уларга зулм қилиб, азоблаб, қамаб, ўлдириб келаётганини, бу зулмларига сабаб қилиб эса мўминларнинг Аллоҳга бўлган иймонини рўкач қилишлари ҳақида баҳс юритдик.

Бундай тазйиқлар Исломдан аввалги умматларда ҳам, жумладан мақоламиз қаҳрамонлари бўлган Ухдуд эгалари даврида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам, ҳозир ҳам давом этаётганини эслаб ўтдик. Бунга яқиндагина Бирмадаги мусулмонлар бошига тушган азоблар ҳақида эслашнинг ўзи кифоя.

Кейинги мақолада зулмкор подшоҳлар ўз халқини ўзига бўйсундириб, улар устидан узоқ ҳукмронлик қилиш учун турли ҳийла ва найранглардан фойдаланишини, айниқса, уларга сеҳр-жодунинг бу ишда қўл келиши ҳақида фикр юритиб, бунга Фиръавн, Ухдуд эгалари қиссасидаги подшоҳни мисол келтирдик.

Баъзи сўзда сеҳр бор, деган маънодаги ҳадисни эслаб ўтиб, бугунги кунда Ислом душманлари Оммавий Ахборот Воситалари орқали инсоният онгини сеҳрлаб келаётгани ҳақида сўз юритдик. Сўнгра ушбу мақоламизда нима сабабдан Ухдуд эгалари қиссасида зикр қилинган роҳиб ўзи мўмин бўла туриб, қисса қаҳрамони йигитни ёлғон гапиришга ундаганининг сабабини айтиб ўтамиз дедик.

Шундай қилиб қиссамиз қаҳрамони бўлган йигит роҳиб ҳузурига келиб, унинг сўзларини эшитиб ажабланар, ундан илм олиб ҳузурида қолиб кетар экан. Шу боис у сеҳргарнинг олдига кеч қолиб борса, сеҳргар: «Нимага кеч қолдинг?», деб урар экан. Уйига кеч қолиб борса, уйидагилар ҳам: «Нимага кеч қолдинг?» – деб урар эканлар.

Йигит бу ҳақда роҳибга шикоят қилса, у «сеҳргар урмоқчи бўлса, уйимдагилар тутиб қолишди, дегин. Уйингдагилар, нега кеч қолдинг деса, сеҳргар тутиб қолди дегин», деб ўргатибди. Роҳиб тақводор одам бўлиб, ўз замонининг мусулмонларидан бири эди. Бас, шундай экан, унда нега у йигитни сеҳргарга ҳам, уйидагиларга ҳам ёлғон гапиришга ундади?

Ёлғоннинг улкан гуноҳ экани маълум. Аммо баъзан ҳаётда ростдан кўра ёлғон ишлатиш манфаатлироқ ҳолатларга дуч келинади. Хўш, бундай вазифада бизга нима мезон бўлади?

Ҳар қандай вазиятда мусулмоннинг мезони шариатдир. Қачонки, яхши бир мақсадга рост гапириб ҳам, ёлғон гапириб ҳам эришишнинг имкони бўлатуриб, ёлғон танланса, мақсадга эришишнинг бу йўли ҳаромдир. Аммо бегуноҳ бир мусулмоннинг жонини золимнинг зулмидан фақат ёлғон билангина омон сақлаб қолиш имкони бўлса, шундай ҳолатда ёлғон гапириш мумкин бўлади. Чунки мазкур вазиятлар рост сўз бегуноҳ жоннинг ўлимига, ёлғон сўз эса ноҳақ қон тўкилишининг олдини олишга сабаб бўлаяпти.

«Учта ўринда ёлғонга рухсат берилгани ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим», — дейди Умму Кулсум, — Орани ислоҳ қилиш мақсадида айтилган сўз, жангда (душманга ҳийла учун) айтилган сўз, (муроса учун) эрнинг хотинга, хотиннинг эрга айтган сўзи». (Муслим ривояти)

Ухдуд эгалари ҳақидаги ҳадиснинг давомида кунлардан бирида йигит йўлда кетаётса, улкан, даҳшатли бир ҳайвон кўчани тўсиб одамларни ўтказмай қўйганини кўргани айтилади. Шунда йигит, сеҳргарнинг иши Аллоҳга мақбулми, роҳибникими–биладиган кун келди, деб хаёлидан ўтказибди. Бир тошни олиб: «Эй Худоё, агар роҳибнинг иши сенга сеҳргарнинг ишидан кўра маъқулроқ бўлса, мана шу ҳайвонни ўлдиргин, одамлар ўтиб кетсин», деб тошни отса, ҳайвон ўлибди ва одамлар йигитнинг қилган ишидан хурсанд бўлибди.

Эътибор берган бўлсангиз, ушбу йигитнинг чин мўминга хос хислати бор экан. У кўчада инсонларга зарар бераётган нарсани йўқотмоқчи, инсонларга фойдаси тегадиган ишни қилмоқчи бўлди. Зеро, динимиз бизга «Йўлдаги азиятни олиб ташлаш садақадир» деб ўргатади. Йўлда одамларга азият бераётган тошми, чўпми, тиконми, уни олиб ташлаш бир мусулмон учун садақа бўлса, инсонларга хавф солаётган бу ҳайвонни йўқотишни қандай баҳолаш мумкин?

Биз мўмин-мўминалар ҳам кўча-куйда, оммавий жойларда инсонларга зарар етказадиган ҳолатларни кўриб қолсак, бунга кўз юмиб кетишимиз, бу менинг ишим эмас, бунга масъул ташкилотлар бор, дейишимиз бизни савобдан маҳрум бўлишимизга олиб келади.

Йўлда бир тошни кўрсак, унга беэътибор четлаб ўтиш ўрнига, «Йўлдан жимгина кетаётганимда йўлимдан садақа савобини келтирадиган шу тошни (шох-шаббани ёки бирор зарар етказувчи нарсани) менга дучор қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», — деб йўлдан ўша азиятни кетказишимиз даркор. Ахир, йўлдан ҳеч қандай савобни қўлга киритмай ўтиб кетишимиз ҳам мумкин эди, аммо ушбу азиятни кетказиб, бир тийин сарфламай садақанинг савобига эришишни Аллоҳ таоло сизга насиб қилган экан, бунга минг бор шукр қилиш даркор.

Садақанинг Қиёмат кунидаги манфаати ҳақида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг: «Яримта хурмо садақа қилиб бўлса ҳамки, ўзингизни дўзах оташидан сақлангиз!», деган ҳадисларининг ўзи кифоядир.

Йигит ҳайвонга тош отишдан аввал дуо қилди. Дуо қилганида ҳам сеҳргарни эмас, роҳибни эслаб дуо қилди. У, Эй Худоё, агар роҳибнинг иши сенга сеҳргарнинг ишидан кўра маъқулроқ бўлса, деб ижобий сўзлар билан дуо қилди. «Эй Худоё, агар сен сеҳргардан нафратлансанг, мана шу ҳайвонни ўлдиргин», — деб салбий сўзларни ишлатмади. Инсонларга фойдаси тегадиган бўлиши, сўзласа, яхши сўзларни сўзлаши, Аллоҳга энг гўзал услубда дуо қилиши бу мўминларнинг сифатларидандир.

Мақола Ilmfruits.com сайтидан таржима қилинди.
Таржимон: Саид Комил

Баҳам кўринг

Leave A Reply