Тобеъинларнинг яхшиси Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳу
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу сатрлар қаҳрамони Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳу яманлик солиҳ киши бўлганлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у Зотнинг ҳаётликларида иймон келтирганлар. Аммо у Зотни кўра олмаганлар. Шунинг учун саҳобий бўла олмай, тобеъин бўлганлар.

Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, тобеъинларнинг яхшиси Увайс деб аталадиган кишидир. Унинг волидаси бор. Унда оқлиқ бор эди. Унга амр қилинглар. Сизларга дуо қилсин», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кўрмаган одам ҳақида ахборотлар беришлари мўъжизадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳунинг дуоларини олишга тарғиб қилишлари у кишининг фазлларига далолат қилади.

Усайр ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аҳли Кўфа Умарнинг олдига ҳайъат бўлиб келдилар. Уларнинг ичида Увайсни масхара қиладиган бир киши бор эди. Бас, Умар: «Бу ерда қаронийлардан бирорта борми?» деди. Ҳалиги одам келди. Бас, Умар унга: «Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сизга Ямандан бир одам келади. Уни Увайс дейдилар. Яманда биттагина онасидан бошқани қолдирмаган бўлади. Унда оқлик бор эди. Бас, Аллоҳга дуо қилган эди. Ундан ўшани кетказди. Фақат бир динорча ёки дирҳамча жой қолди, холос. Сиздан ким унга йўлиқса, бас, у сизларга истиғфор айтишини сўрасин, дедилар», деди».

Муслим ривоят қилган.

Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳу хокисор одам бўлган эканлар. У киши ўзларини жуда ҳам камтарона тутганларидан кўпчилик эътибор ҳам бермас экан. Баъзи бирлар эса масхара ҳам қилар экан. Ушбу ривоят ҳам ўша Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳуни масхара қиладиганлардан бирининг сабабидан ворид бўлган экан.

«Аҳли Кўфа Умарнинг олдига ҳайъат бўлиб келдилар. Уларнинг ичида Увайсни масхара қиладиган бир киши бор эди». Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифаликлари вақтида у кишининг олдиларига турли вилоятларнинг ҳайъатлари келиб турар эди. Мана, Кўфадан ўша ҳайъатлардан бири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қабулларига кирдилар. Ҳайът аъзолари билан таниша туриб: «Бас, Умар: «Бу ерда бирорта қаронийлардан борми?» деди. Ҳалиги одам келди». Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг саволларидан кейин ҳалиги Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳуни масхара қилиб юрадиган одам келди. «Бас, Умар унга: «Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сизга Ямандан бир одам келади. Уни Увайс дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда бўладиган нарсадан хабар берган эканлар. У Зот Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳуни Ямандан Ҳижозга келишларини аввалдан айтиб қўйган эканлар. Бу Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳунинг фазлларидан далолатдир. «Яманда биттагина онасидан бошқани қолдирмаган бўлади». Демак, Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳу онасидан бошқа ҳеч кими йўқ зот эканлар. Қариндош-уруғ, бола-чақа деган гаплар йўқ экан. «Унда оқлик бор эди. Бас, Аллоҳга дуо қилган эди. Ундан ўшани кетказди. Фақат бир динорча ёки дирҳамча жой қолди, холос». Бундан Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳуда пес касали бўлгани чиқади. Аммо у киши дуоси қабул бўладиган кишилардан эдилар. Шунинг учун дуолари билан ҳатто тузалмас касаллардан бўлган пес касали ҳам тузалган экан. Фақат озгина жойи Аллоҳ ирода қилган ҳикматга биноан қолган экан. «Сиздан ким унга йўлиқса, бас, у сизларга истиғфор айтишини сўрасин, дедилар». Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳунинг фазллари шу ерда яна бир бор намоён бўлмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳудан дуо сўрашга амр қилмоқдалар. Усайр ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар қачон унга Ямандан мадад кучлари келса: «Ичингизда Увайс ибн Омир борми?» деб сўрар эди. Охири у Увайсни топди ва: «Сен Увайс ибн Омирмисан?» деди. «Ҳа», деди. «Муроддан, кейин Қаронданмисан?» деди. «Ҳа», деди. «Сенда песлик бўлиб, ундан тузалгансан-у, фақат бир дирҳамча жой қолганми?» деди. «Ҳа», деди. «Волиданг бор-а?» деди. «Ҳа», деди. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, сизларга Яман аҳлининг мадад кучлари ичида Увайс ибн Омир келади. У Муроддан, кейин Қарондандир. Унда песлик бор эди. Ундан тузалган-у, фақат бир дирҳамча жой қолган. Унинг волидаси бор. Унга яхшилик қилади. У агар Аллоҳга қасам ичса, У Зот унинг қасамини бажо қилади. Агар ундан сенга истиғфор айтишини сўрай билсанг, ундан истиғфор айтишини сўра, деганларини эшитган эдим. Менга истиғфор айт», деди. Бас, у истиғфор айтди. Умар унга: «Қаерга боришни истайсан?» деди. «Кўфага», деди. «У ернинг омилига мактуб ёзиб берайми?» деди. «Заифҳол одамлар ичида бўлмоғим мен учун маҳбубдир», деди. Келаси йили уларнинг ашрофларидан бир киши ҳажга келди. Умар ундан Увайс ҳақида сўради. «Уни уйи сочилган, матоҳи оз ҳолда тарк қилиб келдим», деди. Умар унга мазкур ҳадисни эшиттирди. Ҳалиги одам қайтгандан сўнг Увайснинг олдига борди ва: «Менга истиғфор айт», деди. «Сен эндигина солиҳ сафардан келдинг. Сен менга истиғфор айт», деди. «Менга истиғфор айт», деди. Сўнгра бир оз туриб: «Умарга учрадингми?» деди. «Ҳа», деди. Шунда Увайс унга истиғфор айтди. Одамлар унинг кимлигини билиб қолдилар. Шунда у бошини олиб чиқиб кетди». Муслим ривоят қилган. Ҳақиқий валийлар шундоқ бўладилар. Улар ўз фазлларини оммадан беркитадилар. Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳу ҳам ўшалардан эдилар. Одамлар у зотнинг валоятларини билиб қолганларидан кейин бошларини олиб, чўлу саҳроларга чиқиб кетганлар. Аллоҳ таоло Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

savollar.islom.uz дан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
   Аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва отаона, устоз, қариндошуруғлар тарафидан қурбонлик давоми...

06:48 / 20.08.2018 3017
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдоған ўзининг Кубага қилган расмий ташрифида, у ерда масжид қуришни таклиф давоми...

06:41 / 02.02.2017 4968
Сарлавҳани ўқиб, ҳайрон бўлгандирсиза Муслимаат.уз сайти ходималари Андижон вилоятидаги Қуръон қироати давоми...

05:10 / 06.02.2018 1825
embedhttpswww.youtube.comwatchvIPizuZgvCrUembed

09:51 / 09.12.2016 5089