Унутилган фазилатлар: камтарлик ва ҳаё
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Камтарлик – яхшиликнинг безагигина эмас, посбони ҳамдир.

Ж.Аддисон

Атрофдаги ҳодисаларни кузатиб, таҳлил қилар эканман, баъзан бир нарсага вазиятга кўра икки хил баҳо бераётганимни идрок қиламан, ўз қарашларимда қарама-қаршилик сезаман.

Мисол учун ҳаё ва камтарлик тушунчаларини олайлик. Вақт ўтгани сайин бу хислатларнинг ўлчови ўзгариб бораётганини кўпчилик пайқаган бўлса керак. Кечагина улар олий фазилатлардан ҳисобланган бўлса, бугунга келиб, уларнинг қадри аввалгидек эмас.

«Нима қилиш керак?» деган савол туғилади. «Кимнинг сўзига эргашиш лозим?» Бундай ҳолатларда замонлар ўтса ҳам, таъсир кучи камаймайдиган зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ривоятларга назар соламиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаб олган бандасини энг карамли хулққа соҳиб қилган. Шундай экан, ўрнак олишга у зотдан кўра арзигулик инсон йўқ. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аслида энг олий мавқеъ соҳиби бўлишларига қарамай, ўта даражада ҳаёли, тавозуъли эдилар.

У зотнинг саҳобалари, ўзлари ҳам ҳаёнинг чўққисида бўлган ҳолларида Расулуллоҳнинг ҳаёларидан ҳайратда қолар эдилар. Балки бу у зотнинг пайғамбарлик вазифасини муваффақият билан адо этишда бир омил бўлиб хизмат қилгандир. Зеро, ўз эътиқодларининг ҳақлигини хулқи билан исбот қилмаган кишига ким ҳам эргашарди?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом таълимотларига тўла риоя қилдилар, шариатни тарғибот ишларидан ҳам кўра кўпроқ ўз хулқлари билан ёйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кундалик юмушлари, атрофдагилар билан муносабатлари ва шахсий сифатларида тавозуъ намоён бўлар эди. Ҳадиси шарифда у зот: «Албатта, ҳар бир диннинг хулқи бўлади, Исломнинг хулқи ҳаёдир», дея марҳамат қилдилар (Имом Молик ривояти).

Вақти келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёни тарк қилдилар. Мусулмонлар секин-асталик билан нафслари ила курашда ҳокимликни бой бера бошладилар. Замонлар алмашинуви инсон онгида кўп нарсани ўзгартириб юборди. Жумладан, ҳаё тушунчаси ҳам яхшигина «сайқалланди».

Тушунчаларнинг мислсиз тезлик билан ўзгариб бориши тушунарли ҳол. Бироқ шундай «ноёб» ижтимоий ҳодисалар борки, улар ҳеч қачон «тренд»дан қолмайди. Масалан, «хўжакўрсин». Инсон яралибдики, мақтанчоқликка мойилликдан азият чекади. Бироқ авваллари одамлар бирор асосга эга бўлган ҳолда мақтанган бўлсалар, ҳозирги инсонлар бошқача. Бугун омманинг диққатини жалб қилиш учун ҳар қандай усулдан фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда имкон қадар кўп одам йиғиш кишилар орасида оммалашди, замонавий тил билан айтганда «мейнстрим»га айланди. Буни, айниқса, бошқа кўзга кўрингулик фазилати бўлмаган одам қилса, кулгили кўринади. Инстаграмда тўлиб ётган ёлғон (фейк) фотосуратлар, танноз оқбилаклар, келишган қадди-қоматлар, «фотошоп қилинган» расмлар – инсонларнинг хўжакўрсинга нақадар интилишининг исботидир.

Бошқалардан ажралиб туришга бўлган иштиёқ бизда камтарликни инсон шахсиятидаги зарурий фазилатлар сафидан чиқариб юборди. Бу борада тафаккур қилиб, бир оддий ҳақиқатни англаш мумкин: ўзидан қониқадиган кишигина камтар бўла олади. Айнан ўзидан қониқиш ҳисси инсонни ўз муваффақиятларини бутун дунёга эълон қилишга бўлган эҳтиёждан беҳожат қилади. Ўзидан қониқадиган инсоннинг муваффақиятга нисбатан қарашлари бошқача бўлади. Улар ички дунёсига асосий ривожлантириш лозим бўлган объект сифатида қарайди. Бундай инсонлар ўз камчиликларини камтарлик билан тан олишни билишади, бошқалар олдида «супер қаҳрамон» бўлиб кўринишга уринишмайди. Уларда ўзини бечора кўрсатиб, бировларнинг диққатларини жалб қилишга эҳтиёж йўқ. Бунинг учун уларни яратган Зот бор, барча шикоят ва ўтинчларини ўша Зотга қаратадилар. Мана шундай Ҳимоячиси бўлган инсоннинг яна нимага ҳам эҳтиёжи бўлиши мумкин? Албатта, ҳеч нарсага!

Афсуски, бу каби инсонлар ҳозир шу қадар озки, уларнинг борлигига ҳам шубҳа билан қаралади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни ҳаёси учун «Сен ҳаё қилиб, ўзингга зарар қиласан», деб итоб қилаётган кишининг олдидан ўтиб қолдилар ва:

«Уни ўз ҳолига қўй! Албатта, ҳаё иймондандир», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).

Шунингдек, камтар, тавозуъли инсонлар ўзларини яхшироқ англайдилар, ҳаётларининг маъноси нима эканини яхши биладилар. Бу эса, ўз навбатида, уларни кимгадир ниманидир кўрсатиб қўйишга чираниш хаёлидан халос қилади. Муваффақиятли бўлиш билан бирга тавозуъни сақлаб қола билиш одатда кучли ирода ва ўзига хос хулқ-атворнинг натижаси бўлади.

Кўзбўямачиликдан четда бўлиш китобларда ёзиб қўйилганидек осон эмас. Нафс шайтон билан ҳамкорликда омадсиз ва риёкор инсондан кўра муваффақиятли ҳамда камтар инсонга кўпроқ ҳужум қилади. Аслида инсон тафаккури қанчалар қизиқарли ва чуқур бўлса, у шунчалар камтарроқ ва ҳаёлироқ бўлади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари энг яхши ўрнакдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга ҳаёнинг нима эканини тушунтириб: «Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилинглар», дедилар. Саҳобаи киромлар: «Алҳамдулиллаҳ, ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қиламиз», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар айтаётган ҳаё ҳақиқий ҳаё эмас. Балки ҳақиқий ҳаё бош ва бошга тегишли бўлган барча аъзоларни, қорин ва қорин бўшлиғига тегишли бўлган барча аъзоларни Аллоҳ ман этган ишлардан сақлаш, ўлимни эслаш ва ўлимдан кейинги азобу уқубатни унутмасликдир. Кимки мана шу ишларни амалга ошира олса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилибди», дедилар.

Ҳаё – ҳақиқатдан ҳам Одам алайҳиссалом фарзандлари бўлган асл мусулмонларнинг қалбларида сақланиб қолган гавҳарлардан биридир. Агар биз уни сақлаб қолиш учун қўлимиздан келганча, бор кучимиз билан ҳаракат қилмасак, дунё ахлоқсизлик гирдобига дучор бўлади, Исломнинг яна бир бўлагини йўқотиб қўямиз.

Бизга фикрлаш неъматини берган, залолатга қарши тура олишга қодир қилган Аллоҳ таоло ўзимизни ислоҳ қилишимизда ёрдамчи бўлсин!

Islamdag.ru дан эркин таржима

Мавзуга оид мақолалар
       Бу воқеага, тахминан, икки йил бўлди. Ўшанда биз Шайх ҳазратлари билан пойтахтдаги бир спорт залига баскетбол ўйнашга борар эдик. Залнинг ишларини рус давоми...

11:17 / 08.02.2017 9604
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таналарининг ранги қандай эди           Жавоб У Зотнинг таналарининг ранги оқбуғдойранг бир оз қизилга ҳам мойил бўлган.

07:32 / 05.12.2017 2214
Устоза Одинахон Муҳаммад Содиқнинг «Муфассал тажвид» деб номланган китоби. БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Биз, бандаларига Қуръони Каримни саодат маёғи қилиб давоми...

00:06 / 07.03.2017 4570
embedhttpswww.youtube.comwatchvukuEc2wVeLYembed

00:13 / 19.05.2015 6738