Толиби илмнинг одоблари

0 2 162

 Ушбу мавзу ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Билингки, одоб илм таҳсилидаги энг асосий омиллардан биридир. Келинг, аввало буюк уламоларимизнинг одоб ҳақида  айтган фикр ва мулоҳазаларига бир назар солайлик. 

 Абу Муҳаммад «Китобул Воъий» асарида: «Одоб одамларни  мақталган нарсаларга  чақиргани учун одоб деб номланган», дейди.  Абу Зайд раҳматуллоҳи алайҳи: «Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган ном», деган.

Муҳаммад Зеҳний айтади: «Фазилат наслу насаб билан эмас, балки одоб билан топилади».

 Толиби илмнинг зоҳирию ботини одоб ила зийнатланган бўлиши лозим.  Гўзал одоб ила ҳулқланишда эса ўтган солиҳ азизларимизнинг ҳаётларида содир бўлган ибратли воқеа-ҳодисалар кўмак бўлади.

Минг афсуслар билан айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда илм олишга иштиёқмандлар, илм булоғидан баҳраманд бўлганлар сон саноқсиз. Аммо уларнинг аксарияти одоб-ахлоқ борасидаги илмга эга эмаслар. Балки, шу сабаб илмнинг барокати  тобора йўқолиб бораётгандир.

Илмга эга бўлиш учун  кўплаб китоблар соҳиби бўлиш, машҳур устозларга шогирд тушиш, тинимсиз ўқиш билан шуғулланиш шарт эмас. Атрофимизга бир назар солайлик, шундай кишилар борки, улар йиққан китобларнинг ҳисоби йўқ, қўлларидан китоб тушмайди,  лекин гап сўзларида, амалларида илмнинг  фазли сезилмайди.

Имом Фаҳл Aбу Бакр Байҳақий иснодлар ҳукми ҳақидаги энг катта китобни ─  «Ас- Сунану ал-Кубро»ни  таълиф қилган инсондир. Ҳозирги кунда оддийгина толиби илмда ҳам  бор бўлган манбалар, буюк уламоларнинг китоблари у кишида бўлмаган. Ибн Можа ва Насаийнинг «Сунан», Термизийнинг «Жомеъ» каби қимматбаҳо асарлари у кишида йўқ эди. Лекин бу ноқислик Имом Фаҳл Бакр Байҳақийни илм талаб қилишдан ва ўзидаги илмлардан бошқаларни баҳраманд қилишдан тўсмади.

Илм ўрганиш кишидан аввало самимий ниятни, чин ихлосни, жисмоний ва руҳий қувватни, қолаверса молиявий ҳаражатни талаб қилувчи машаққатли меҳнатдир.

Илм олишга бел боғлаган банда ботиний одобларни  ўрнига қўйиб, мақсадга эриштирувчи  бошқа омилларни  ҳам ишга солса, илм йўли анча осонлашади. Етук уламоларнинг илм йўлидаги муваффақиятлари уларнинг одобларига, тақволарига, ихлос ва ниятларига ва амалларига боғлиқ бўлгани тарихдан маълумдир.

Буюк алломаларимизнинг  ҳаётларини ўрганар эканмиз, уларнинг  оамадлари, қўлга киритган муваффақиятларининг сири гўзал ахлоқларида эканига гувоҳ бўламиз.                   

Баъзи илмли кишилар борки, машҳур бўлиб ном таратмаганлар. Лекин уларга назар солишнинг ўзи, улардаги сиймо сизга мингта китоб ҳам бера олмайдиган руҳий тарбияни, бебаҳо сабоқни бериши  мумкин.

Заҳабий ўзининг «Сияр» номли китобида  Имом Аҳмаднинг илм мажлисида беш мингдан ортиқ киши жам бўлишини зикр қилган. Улардан атиги беш юзтаси дарсларни  ёзиб олар, қолганлар  эса  мажлис давомида у кишидан гўзал одобни ўрганишар экан.

Абу Бакр Мутоввиъий айтади:  «Абу Абдуллоҳнинг ҳузурида ўн икки йил бўлдим. У фарзандларига «Муснад»ни ўқиб берар эди. Ундан бирорта ҳам ҳадисни ёзиб олмадим. Мен унинг ҳидояти ва ахлоқига назар солардим».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Роббоний имом − одамларга катта илмлардан аввал кичикларини ўргатадиган кишидир», деган. Яъни ўз амали, сўзи ва тасарруфотлари ила уларга таълим  беради. Толиби илм жамики ишларида ҳаммага ўрнак бўлиши лозим. 

Одинахон Муҳаммад Юсуф

    

Баҳам кўринг

Leave A Reply