Таъзиянома

0 763

   Инсон хаёти давомида ўқийди, ўрганади ва уларга амал қилишга харакат қилади. Кимки ўз ўрганганларига амал қилиб бошқаларга ҳам ўргатса хар бир айтган сўзи таъсирли бўлади ва эшитган одам ҳам ўша инсондан ўрнак олиб, амал қилишга харакат қилади. Бундай амал қилувчиларни хаётимиз давомида кам учратамиз.

    Ўзбекистон қаҳрамони, халқ севган шоир Эркин Воҳидов Аллоҳ (азза ва жалла) белгилаган вақт-соат етиб, фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар… Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилади: “Эй, Одам фарзанди! …Албатта, Мен сизларнинг на суратларингизга, на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатларингиздан рози бўламан”. Севимли шоир Эркин Воҳидов ҳам кўплаб яхши хислатлар эгаси бўлиш билан бирга ўзгаларни Ватанга, бутун мавжудотга нисбатан меҳр   билан яшашга чорлаган хассос қалб эгаси эдилар.

Зеро, Шоир севган, ардоқлаган  эзгу туйғулар унинг нафис оҳангларга йўғрилган сатрлари орқали инсонлар қалбига кириб бораверади, уларни яхшиликка ундашда давом этаверади, иншааллоҳ.

Доим халқ хизматида бўлган ижодкор инсон Эркин Чўянбой ўғлининг охиратлари обод бўлсин, оила аъзоларига гўзал сабр насиб этсин, Амин.

Шу ўринда у кишининг эл суйган шеърларидан бирини ёдга олишни лозим топдик.  Ҳазратимиз шу шеърнинг таърифида ҳазилнамо қилиб:

«Эркин ака, шу шеърдан кейин бошқа шеър ёзмасангиз ҳам шоирлигингизга кифоя қиларди!» -, деган эдилар

 ИНСОН ЎЗИНГ…

Собиту сайёрада
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.
Мулки олам ичра бир
Ҳоқон ўзинг, султон ўзинг.

Собит ўз маъвосида,
Сайёр фазо дунёсида,
Коинот саҳросида
Карвон ўзинг, сарбон ўзинг.

Шамс — дил тафтингдадур,
Сайёралар кафтингдадур,
Кенг жаҳон забтингдадур,
Боғбон ўзинг, посбон ўзинг.

Бу ёруғ дунё надур?
Кошонадур, вайронадур,
Сенга меҳмонхонадур,
Меҳмон ўзинг, мезбон ўзинг.

Бунда оқ бирла қаро,
Зулмат, зиё, шоҳу гадо,
Жанг қилурлар доимо,
Ул ён ўзинг, бул ён ўзинг.

Сен бало, ҳам мубтало,
Хайр ила кин, росту риё,
Фитнагар оламаро
Фаттон ўзинг, қурбон ўзинг.

Гоҳ адолат боғида,
Пири адоват гоҳида,
Ўз дилинг даргоҳида
Шайтон ўзинг, ғилмон ўзинг.

Хормисан ё гулмисан,
Тождормисан ё кулмисан,
Чуғзмисан, булбулмисан,
Нодон ўзинг, хушхон ўзинг.

Бу ҳаёт ўрмон экан,
Жон борки, қасди жон экан,
Бунда қатл осон экан,
Сиртлон ўзинг, жайрон ўзинг.

Бу ҳаёт уммон экан,
Уммон абад гардон экан,
Қатрадек сарсон экан,
Сарсон ўзинг, гардон ўзинг.

Машъали фикрат — сенинг,
Ҳам чангали ваҳшат сенинг,
Ғайрату ғафлат сенинг,
Жавлон ўзинг, урён ўзинг.

Қилдингу ойда хиром,
Ҳам ерда қон тўкдинг ҳаром,
Ушбу ҳолиндан мудом
Хандон ўзинг, гирён ўзинг.

Миндинг илм нарвонига,
Чиқдинг фунун осмонига,
Бу жаҳон айвонига
Аркон ўзинг, вайрон ўзинг.

Заррани ижод этиб,
Даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатни ёд этиб
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.

Боғи арз обод эрур
Сендин агар имдод эрур,
Йўқса у барбод эрур,
Тўфон ўзинг, тўғон ўзинг.

Сен ҳилол, юлдуз, салиб,
Таврот, Забурдин юксалиб,
Боймисан ёки ғариб,
Комрон ўзинг, яксон ўзинг.

Ким фаранги, ким ҳабаш,
Ирқ, қон талаш, имон талаш,
Шулми инсондек яшаш,
Армон ўзинг, афғон ўзинг.

Мамлакатга мамлакат,
Миллатга миллат бўлса қасд,
Қилғувчи сўнг оқибат
Армон ўзинг, афғон ўзинг.

Онаизоринг — замин,
Танҳо йўғу боринг — замин,
Хаста беморинг — замин,
Ўғлон ўзинг, дармон ўзинг,

Бағрида ётқучи — сен,
Неъматларин тотқучи сен,
Тиғ бўлиб ботқучи — сен,
Пайкон ўзинг, қалқон ўзинг.

Марсга тўп отқувчи — сен,
Зуҳрони уйғотқучи — сен,
Уйқуда қотқучи — сен,
Уйғон ўзинг, уйғон ўзинг.

Келдинг оламга, демак,
Етмас уни сўрмак, емак,
Ерни этмоғинг керак
Бўстон ўзинг, ризвон ўзинг.

Сўзга ҳам поён бўлур,
Ёзсам яна девон бўлур.
Рустами достон бўлур,
Достон ўзинг, девон ўзинг.

Бўлмасин субҳинг қаро,
Бор бўл мудом борлиқ аро,
Ўзни этгил доимо
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.

Эй, сен Эркин, сен букун
Ёздинг дилингдан бир тугун,
Сен киму не даҳри дун,
Бийрон ўзинг, нодон ўзинг.

1973 йил.

muslimaat.uz  

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply