Тайёргарлик ойи ўтмоқда

0 2 810
0% Awesome
  • User Ratings (10 Votes) 76 %

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ойларнинг султони бўлмиш Рамазони Шариф яқинлашиб қолди. Бундан эса бизга кириб келган Шаъбон ойи дарак беради. Шаъбоннинг кириб келиши  гўё театрларда спектакль бошланишидан аввал уч бора қўнғироқ чалингани кабидир. Илк қўнғироқ чалинганда томоша бошланишига яқин қолганини ҳис қиласиз. Иккинчи қўнғироқда жойингизни топиб, ўтириб оласиз ва ниҳоят учинчисида сизни безовта қилувчи барча нарсалар, хусусан уяли телефонларнинг овозини ўчириб, спектакльни кўришга бутун вужудингиз билан тайёр бўласиз.

Шаъбон ойи кириб келди. Унинг аввалги ўн кунлиги ўтиб бормоқда. Яъни биринчи қўнғироқ чалиниб бўлди. Рамазондаги жойимизни шу ойдан қидира бошлашимиз керак. Ҳадемай иккинчи ўн кунлик келади. Яхшилаб жойлашиб олишимиз даркор. Ва ниҳоят учинчи ўн кунликда бутун диққат эътиборимизни келаётган ойга қаратмоғимиз лозим. Хўш, буни қандай амалга оширамиз? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида нима деганлар? Қандай ҳадислар ворид бўлган?

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳеч бир ойда Шаъбондагидек кўп рўза тутганларини кўрмаганман. Шаъбоннинг ҳаммасини тутардилар. Шаъбон ойини жуда ҳам кам рўзасиз ўтказардилар» (Бухорий  ва  Муслим ривоят қилган).

Ривоят қилинишича, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: «Ё Расулуллоҳ, мен биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Ул зот жавоб бердилар: «Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Ҳожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман» (Насоий, ҳасан ҳадис).

Бироқ ойнинг биринчи ярмида рўза тутиш афзалроқ. Бунга Суннат далолат қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қачонки Шаъбон ойининг ярми ўтса, рўза тутманглар!»

Аммо агар инсон душанба ва пайшанба, ёки ҳар ойнинг уч кунида тутадиган одатий рўзалари бўлса, Шаъбоннинг ярмидан кейин тутилса ҳам зарари йўқ. Чунки Пайғамбар алайҳиссолату васаллам деганлар: «Рамазондан бир ёки икки кун аввал рўза тутманглар. Бироқ, бир киши (нафл) рўза (ларини) тутаётган бўлса тутаверсин» (Бухорий ва  Муслим ривоят қилган).

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда, Шаъбон ойини тўлиқ рўза тутиш билан ўтказмаслик керак.

Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойидан бошқа ойларда тўлиқ рўза тутганларини кўрмадим» (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Демак, ҳадисларга кўра аввалги ўн беш кунда рўза тутиш, кейинги кунларда эса Рамазонга тайёргарлик кўриб, у ойда бажариладиган ибодатларни ўрганиш, эслаш, Рамазонда савоби янада улуғ бўлганидан Қуръон қироати бўйича билимларни такомиллаштириш хайрлидир. Рамазон тақво ойи. Инсон ўзи ўрганиб қолган  ёмон одатлардан эса бирдан қутулишнинг имкони йўқ. Шу сабабли ўзимизга сездириб ёки сездирмай қалбимизга ўрнашиб қолган иллатлардан аста-секин фориғ бўлишга интиладиган ойдир бу. Рамазонни ёруғ юз билан кутиб олишга тайёргарлик ойидир бу.

Бошқа томондан олиб қараганда Рамазон рўзаси ҳам руҳий, ҳам жисмоний ибодат ҳисобланади. Зеро узоқ муддат овқатсиз ва сувсиз юришга инсон ўз нафсини, бундан аввал организмини тайёрлаши керак. Ёдингизда бўлса мактабда жисмоний тарбия дарсидан имтиҳон топширишдан икки-уч ой аввалдан устозлар узоқ масофага юугуришни доим машқ қилдиришган.  Чунки бирданига узоқ масофага югуриб бўлмайди. Бунга жисмонан тайёр бўлиш керак. Ёки спортчилар ҳам бирор мусобақадан олдин  ойлаб ва ҳатто йиллаб машқ қилишларига диққат қилинг. Олдимизда бир кунлик эмас, бир ойлик имтиҳон турганида  унга ҳеч қандай тайёргарликсиз кириб бориш тўғримикан? Ўзимизни қийнаб қўймаймизми? Шаъбон ойи бизга мана шу улуғ ва улкан ибодат ойига тайёргарлик кўриш учун имкон муддатидир. Айтганча, тайёргарлик ойи бошланиб бўлди. Имтиҳонга тайёргарлик кўраяпсизми?

Умму Муҳаммад Билол

Баҳам кўринг

Leave A Reply