Таваккул
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عن عبد الله بن عمر رضي الله عنهما عن النبي صلى الله عليه وآله وسلم ” لو توَكّلتُم على الله حَقّ توَكُّلِهِ لَرَزَقَكُم كما يَرزُقُ الطيرَ تَغدو خِماصا وتَروحُ بِطانا ”  (الترمذي وقال حديث حسن وصححه الحاكم) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул ила боғланганингизда эди, оч кетиб, тўқ қайтган қуш каби ризқланган бўлар эдингиз (Имом Термизий ривоят қилган, ҳасан саҳиҳ деган). Бутун оламлар Роббига ҳамдлар бўлсинки, Одам зурриёдидан қилиб яратди, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати бўлишдек бахтни насиб этди. Қалбларимиз Ўзининг қўлида бўлган Аллоҳ Ўзига суюкли бўлган амалларни билдириб, уддасидан чиққанларни Жаннат башорати билан бахтиёр айлади.  Сизларга ҳикоя қилиб бермоқчи бўлганим бу воқеа бир муслиманинг бошидан кечирганларидан бир парчаси, балки Аллоҳга ҳақиқий таваккул ила боғланган қалбга берилган умид муждасидир.  ...Фарзандлари билан ёлғиз қолган она ҳам уй-рўзғор ишлари, ҳам тирикчилик ташвиши, ҳам фарзанд тарбияси билан андармон бўлиб, ҳатто вақт қандай тез ўтганини сезмайди. Айниқса, илм йўлида бўлса… Барига улгуриш учун у режаларини юрган йўлида тузади: бомдодгача дарс, намоз вақти, болаларни намозга уйғотиш, нонуштагача таълим-тарбияси билан шуғулланиш, мактабга, боғчага жўнатиш... Баридан фориғ бўлгач эса ўзи севган илм масканига қанот боғлаб учиш ва ҳоказо. Ҳар кун деярли бир хил бошланади. Дарсдан кейин болалар уйга қайтгунча овқат таёрлаб, ОНА бўлиб кутиб олиш. Бу вазифалар тугагач эса… ОТА бўлиб тирикчилик ғамини ейиш!!!  Шу хаёллар, режалар оғушида Муҳсина қанча йўл юрганини, манзилга қандай етиб келганини билмай ҳам қолди. Фикру хаёли фарзандларида. Уларга заифалигини билдирмаслик, оғриқларини сезирмаслик учун болалари қучоғига отилган лаҳзаларда бошини тик тутиб, юзида табассум билан қаршилайди, меҳр билан қучади.  – Ойижон, келдингизми?  – Ойижон, нима олиб келдингиз?  – Менга шоколад олиб келдингизми? Фарзандларининг чуғур-чуғуридан хурсанд бўлиб, машаққатларини сездирмаслик учун ҳорғин чеҳрасини “табассум” ниқобига ўраган кўйи сукут билан жавоб беради. Чунки бўлажак олимларнинг, қатъиятли фақиҳларнинг, қориларнинг – уч паҳлавоннинг онаси деган номга лойиқ бўлиши керак-да! Шаштларини қайтаришга, ҳаётдан бездиришга унинг асло ҳаққи йўқ!!!  ...Ўзига қолса, Аллоҳни қалбдан таниган банданинг ҳаётини қувончга тўлдириб, заифгина, итоатлигина ёр бўлса! Куннинг хоҳлаган вақтида “Ойижон!” дейилган хитобга “Лаббай!” деб югуриб чиқадиган меҳрибон она бўлса, уйда ўтирса! Яхшиямки, бахтига бош фарзанди анча ақлини таниб, дастёр бўлиб қолган.  “Ойижон, саломат етиб келдингизми?” – шу биргина савол қалбига малҳамдек туюлади.  “Алҳамдулиллаҳ, шукр!” – шу биргина шукрона унинг бор ҳислари, ташвишлари, ўйлари – борингки, бутун ботинини қамраган енгилгина бир “оҳ” билан ифодаланади... Фарзандлари билан кечки овқатни тановвул қилиб бўлиб: – Қани, қори акалар, дуо қилайлик-чи, Аллоҳ сўраган бандасини яхши кўради! – дейди. Чиройли дуодан сўнг дарсхонасига кириб, ҳамиша ҳамроҳ кутиб, йиғилмайдиган жойнамози устига кучсизгина йиқилди. Бошини саждага қўйганча Аллоҳга бор дардини тўкди: “Аллоҳим! Эшитувчи, мадад берувчи – Ўзингсан! Оламларнинг тарбиясини, махлуқотларинг ризқини зиммангга олиб, бизни ёрдамсиз ташлаб қўйишингга ишонмайман. Мен ожизага ёрдам бер!.. Фарзандларим ризқини етказ, гувоҳсан, энг сўнгги чақамни ҳам ишлатиб бўлдим. Ҳатто нонга ҳам маблағим қолмади... Беҳожат зот Ўзингсан, Ўзингдан ўзгага муҳтож қилма, эй Роббим! Ўзингга ишондим, Ўзингга таваккул қилдим... Роббим!.. Кўзёшлари жойнамоз узра сизиб тушаркан, қалби енгил тотрганини ҳис қилиб, ўрнидан турди. Яна ҳар доимгидай табассум билан хонасидан чиқиб, тунга қадар болаларнинг дарслари билан машғул бўлди. Ўринларидан жой олган “чуғурчуқ”лар учун бугунги кун “Ёсин” қироати билан якунланди. Ҳар бирининг юзидан ўпиб, устини ёпиб, бир оз қараб турди-да, чироқни ўчириб, дарсхонасига кирди. Негадир дарс миясига кирмас, кўнглига ҳеч нарса сиғмас эди. Шу тобда бутун борлиғини қандайдир ҳис чулғаб олди. Ўнг тарафида дарддоши, сирдоши, неча йиллик ҳаётига гувоҳ суюкли жойнамози ўзига чорларди, гўё. Пешанаси сажда тафтини ҳис қилганида, шу ҳолатда кўпроқ қолишни хоҳлади. Қанча вақт ўтганини сезмади-ю, аммо том маънода Холиқнинг ҳузурида Унинг Азаматига таслим бўлганини, қалбига сакина тўлганини сезди. Шукрини чиройли дуолар билан якунлади.  Тонгда телефонидан таралган азон овозидан уйғонди. Бомдод кирибди. Намозини хушуъ билан адо этишга уринса-да, тушида эшитган ояти шуурини тарк этмади, қайта-қайта такрорланаверди: فإن تولوا فقل حسبي الله........ فإن تولوا فقل حسبي الله................  Қуръонни тўлиқ ёдламагани боис, оятнинг давомини ҳарчанд уринса ҳам эслолмади. Болалар уйғониб, боғча, мактабга кетадиган пайт ҳам бўлиб қолибди. Ювинтириб, кийинтираркан, дилини ўртаётган савол кичкинтойининг тилидан чиқди: “Ойи, чой ичмадик-ку? Нон ейман...” Кўнгли бўлмай, эшикни қайта очди, ҳеч бўлмаса болалар иссиқ чой ичиб кетишсин. Бир пиёладан иссиқ чой ичилди. Унгача сумкаларни, шкаф, китоб жавонларни нимадир чиқиб қоладигандек титкилаган Муҳсина қўлида уч дона пластик карта билан чиқиб келди. Иккитасининг қаёқдан келиб қолганини билмайди. Биттаси авваллари ишлатадиган картаси бўлиб, 2-3 ойдан буён блокланиб, ишлатилмай ётган эди. Код рақамларини ҳам тахминан эслайди. Ичидан ҳеч бўлмаса, уч ёки беш минг сўм нон пули чиқиб қолар, деб чўнтагига солиб олди. Кенжатойининг “Ойи, нон ейман!..” деган гапига: “Йўлда биринчи учраган дўкондан олиб бераман, иншааллоҳ”, деб жавоб берди-ю, бутун қалби ила Аллоҳга таслим ҳолатда йўлга тушди. ...Ҳали эрта бўлгани учун дўконлар ёпиқ эди.  “Ойи, ану мадажин очик экан…” Кичкинтойи қўлчаси билан ишора қилган тарафга қараб юрди. “Ойи, пече ҳам олинг!..”  “Аллоҳ, ҳеч бўлмаса беш минг сўм чиқса ҳам розиман, ёрдам бер!” дея пичирлаганча дўконга кирди. Салом берди ва: – Печенье неча пул? – деб сўради. – Ўн тўрт минг… “Бисмиллаҳ” деб пичирлаб олди ва дадил оҳангда:  – Шу пластикнинг ҳисобини текшириб беринг. Етса, печенье ҳам оламан! – деб қўлидаги пластиклардан бирини таваккал сотувчига узатди. “Код рақамини сўраса, нима дейман? Аввалги ишлатилган кодлардан бирини айтиб кўраман. Зора, мос тушиб қолса?!” хаёлидан ўтказди Муҳсина.  – Коди? – Тўртта етти…

...Юраги дукирларди, коди нотўғри шекилли... Ё, Аллоҳ... Аллоҳим, ёрдам бер!.. Ҳеч бўлмаса нон пули... ҳеч бўлмаса, беш минг… Терминалнинг узун шиғиллаши юрагининг шувиллаши билан ҳамоҳанг бўлиб кетди. Сотувчи пластик билан бирга ҳисобни аниқлаш чекини узатди… Оxирги илинжи… Юрак ютиб, қоғозга қаради-ю, тиззалари қалтираб, ерга йиқилишига бир баҳя қолди. Йўқ-йўқ, мадорсизликдан эмас, умидсизликдан ҳам эмас… Балки қалбидаги Аллоҳга бўлган ишонч яна бир карра исботини топганидан, таваккули Аллоҳдан мукофот бўлиб қайтганидан!.. Ўша бир парчагина қоғоз унинг ишончи, умиди, дуолари бекор кетмаганига гувоҳлик бериб турарди! Қани эди, атрофда ҳеч ким бўлмаса-ю, саждага йиқилиб, тўйиб-тўйиб йиғласа, Аллоҳга қодир бўлганича ҳамд айтса!.. Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатган эди! Қўлидаги парча қоғозда ушбу ёзув бор эди: 500.000 Тушида эшитган ояти ёдига тушди:

فإن تولوا فقل حسبي الله لا اله الّا هو عليه توكلت و هو رب العرش العظيم “ Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ, Унга таваккул қилдим, У улуғ Аршнинг Роббидир”дегин!” (Тавба сураси, 129-оят). ...Воқеанинг давомини Муҳсинанинг ўзидан эшитинг: “Ўша куни фарзандларим кичкина бўлишларига қарамай, таваккулнинг не эканини жажжи қалблари билан ҳис қилдилар. Мен эса пластигимда шунча пул қандай пайдо бўлганини ҳалигача тушунолмайман. Ҳисобимдаги маблағ тугагандан кейин бу пластикни умуман ишлатмаган эдим. Ҳозир ҳам ишламайди.  Лекин бир нарсани аниқ биламан ва иймон келтираман: Аллоҳ ўта яқин, ўта эшитувчи – Унга боғланган, таваккул қилган қалбларни нажотсиз ташлаб қўймайди!..”

ШУКРОНА

 
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvQXCkeROiONofeatureyoutu.beembed

13:25 / 28.03.2018 3252
Абдулла Орипов «Шайх Муҳаммад Содиқ жаноблари юзикки юз йилда бир келадиган инсонлардан эдилар». Жорий давоми...

05:58 / 11.03.2017 5526
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Аллоҳ жалла шаънуҳу «Албатта, Биз у Қуръонни Қадр кечасида туширдик. Қадр давоми...

11:41 / 10.02.2017 4067