Таваккул
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


عن عبد الله بن عمر رضي الله عنهما عن النبي صلى الله عليه وآله وسلم:

” لو توَكّلتُم على الله حَقّ توَكُّلِهِ لَرَزَقَكُم كما يَرزُقُ الطيرَ تَغدو خِماصا وتَروحُ بِطانا ”

(الترمذي وقال حديث حسن وصححه الحاكم)

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

“Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул ила боғланганингизда эди, оч кетиб тўқ қайтган қуш каби ризқланган бўлар эдингиз” (Термизий ривоят қилган ва ҳасан-саҳиҳ, деган).

Бутун оламлар Роббига ҳамдлар бўлсинки, бизга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати бўлишдек бахтни насиб этди. Қалбларимиз Ўзининг қўлида бўлган Аллоҳ Ўзига суюкли бўлган амалларни билдириб, уддасидан чиққанларни жаннат башорати билан бахтиёр айлади.

Сизларга баён қилиб бермоқчи бўлганим бу воқеа бир муслиманинг бошидан кечганларидан бир парчаси, балки Аллоҳга ҳақиқий таваккул ила боғланган қалбга берилган умид муждасидир.

Фарзандлари билан ёлғиз қолган она ҳам уй-рўзғор ишлари, ҳам тириклик ташвиши, ҳам фарзанд тарбияси билан андармон бўлиб, вақт оқар сувдек ўтганини сезмайди ҳатто. Айниқса, илм йўлида бўлса… Барига улгуриш учун режаларини юрган йўлида тузади: бомдодгача дарс, намоз вақти, болаларни намозга уйғотиш, нонуштагача таълим-тарбияси билан шуғулланиш, мактаб-боғчага жўнатиш... Баридан фориғ бўлгач эса, ўзи севган илм масканига қанот боғлаб учиш ва ҳоказо.  Ҳар кун деярли бир хил бошланади.

Дарсдан кейин болалар уйга қайтгунча овқат тайёрлаб, она бўлиб кутиб олиш зарур. У вазифалар тугагач эса, ОТА бўлиб тириклик ғамини ейиш ташвиши қараб турибди.

Шу хаёллар, режалар оғушида Мухсина қанча йўл юрганини, манзилга қандай етиб келганини билмай ҳам қолди. Фикру хаёли фарзандларида. Заифалигини билдирмаслик учун қучоғига отилган фарзандларини бошини тик тутиб, юзида табассум билан бағрига олди.

– Ойижон, келдингизми?

– Ойижон, нима олиб келдингиз?

– Ойижон, менга шоколад олиб келдингизми?

Фарзандларининг чуғур-чуғуридан хурсанд бўлиб, қийинчилик давридалигини билдирмаслик учун юзида нимтабассумга йўғрилган сукут билан жавоб беради. Чунки бўлажак олимларнинг, қатъиятли фақиҳларнинг, қориларнинг – уч паҳлавоннинг онаси деган номи бор-да! Уларнинг шаштини туширишга, ҳаётдан ҳафсаласини совутишга унинг ҳаққи йўқ!!!

Ўзига қолса, Аллоҳни қалби билан таниган банданинг ҳаётини қувончга тўлдириб, заифгина, итоатликкина ёр бўлса! Куннинг хоҳлаган вақтида “Ойижон!” деган хитобга “Лаббай!” дея уйдан чопиб чиқадиган меҳрибон она бўлиб уйида ўтирса!

Яхшиямки, бахтига бош фарзанди анча ақлини таниб, дастёр бўлиб қолган. “Ойижон, саломат етиб келдингизми?!” Шу биргина савол унга малҳамдек ёқади.

“Алҳамдулиллаҳ, шукр!” Шу биргина шукрона сўзида унинг бор ҳислари, ташвишлари, ўйлари мужассам, борингки, бутун ботинини қамраган бу сўз енгилгина оҳ билан ифодаланади.

Фарзандлари билан кечки овқатни тановул қилиб бўлиб:

–         Қани, қори акалар, дуо қилайлик-чи, Аллоҳ сўраган бандасини яхши кўради, – деди муштипар она.

Чиройли дуо қилингач, дарсхонасига кириб, ҳеч ҳам жойидан йиғилмайдиган жойнамози устига кучсизгина йиқилди. Бошини саждага қўйганча Аллоҳга бор дардини тўкди. “Аллоҳим, борлигингга шубҳам йўқ. Эшитувчи, ёрдам берувчи Ўзингсан! Оламларнинг тарбиясини, ризқини зиммангга олиб, бизни ёрдамсиз ташлаб қўйишингга ишонмайман. Мен ожизага ёрдам бер! Фарзандларимнинг ризқини етказ! Гувоҳсан, нонга ҳам етадиган маблағим йўқ. Беҳожат Зот Ўзингсан! Ўзингдан ўзгага муҳтож қилма, Меҳрибоним! Беш минг сўмгина бўлса ҳам бер! Ўзингга ишондим, Ўзингга таваккал қилдим, Роббим…” Чорасиз она яна нималардир деди.

Кўз ёшлари яноқларидан сизиб тушаркан, қалби енгил тортганини ҳис қилиб, ўрнидан турди. Яна аввалгидай табассум билан хонасидан чиқиб, тунга қадар болаларининг дарслари билан машғул бўлди. Ўринларидан жой олган “чуғурчуқ”лар учун бугунги кун Ёсин қироати билан якунланди. Ҳар бирининг юзидан ўпиб, устини ёпиб, бироз қараб турди-да, чироқни ўчириб, дарсхонасига кирди. Негадир қўли дарсга бормас, ақлига ҳеч нарса сиғмасди. Шу тобда бутун борлиғини қандайдир ҳис чулғаб олди. Ўнг тарафида дарддоши, сирдоши, бир неча йиллик ҳаётига гувоҳ суюкли жойнамози ўзига чорларди гўё. Пешонаси сажда тафтини ҳис қилганида шу ҳолатда кўпроқ бўлишни хоҳлади. Қанча вақт ўтганини сезмади-ю, аммо том маънода Холиқнинг ҳузурида Унинг азаматига таслим бўлганини, қалбига сакинат тўлганини ҳис этди. Шукрини чиройли дуолар билан якунлаб, ўрнига ётди.

Тонгда қўл телефонида айтилган азон овозидан уйғонди. Бомдод вақти ҳам бўлибди. Намозини хушуъ билан адо этишга уринса-да, хаёлида тушида эшитган ояти қайта-қайта такрорланаверди.

فإن تولوا  فقل حسبي الله... فإن تولوا  فقل حسبي الله...

Қуръонни тўлиқ ёдламагани боис оятнинг давомини ҳарчанд уринса ҳам, эслолмади.

Болалар уйғониб, боғча-мактабга борадиган пайт ҳам бўлиб қолибди. Ювинтириб, кийинтираркан, дилини ўртаётган савол кичкинтойининг тилидан чиқди:

– Ойи, чой ичмадик-ку, нон егим келяпти…

Кўнгли бўлмай, эшикни қайта очди, ҳеч бўлмаса, иссиқ чой ичиб кетсин болалар. Бир пиёладан иссиқ чой ичилди. Унгача сумкаларни, шкаф, китоб-жавонларни нимадир чиқиб қоладигандек титкилаган Мухсина ичкаридан қўлида учта пластик карта билан чиқиб келди. Иккитасининг қаёқдан келиб қолганини билмайди. Биттаси авваллари ишлатадиган картаси бўлиб, 2-3 ойдан буён блокланиб, ишлатилмаётган эди. Код рақамларини ҳам тахминан эслайди. Ичидан уч ёки беш минг нонга чиқиб қолар, дея чўнтагига солиб қўйди.

Кенжатойининг “Ойи, нон ейман”, деган гапига “Йўлда биринчи учраган дўкондан олиб бераман, иншааллоҳ”, деб жавоб берди-ю, бутун борлиғи ила Аллоҳга таслим ҳолатда йўлга тушди.

Ҳали эрта бўлгани учун дўконлар ёпиқ эди.

– Ойи, ану мадажин очиқ экан! – кичкинтой Ҳабибуллоҳ қўлчалари билан ишора қилган тарафга қараб юрди. – Ойи, печени ҳам олинг.

“Аллоҳ, ҳеч бўлмаса, 5000 сўм чиқса ҳам, розиман, ёрдам бер”, деб пичирлаганча дўконга кирди. Салом берди ва:

– Печенье неча пул? – деб сўради.

– 14.000.

“Бисмиллаҳ”, деб карточкани пичирлаб қўлга олди ва дадил оҳангда:

– Мана бу пластик ҳисобини текшириб беринг, етса, печенье ҳам оламан, – деб таваккал сотувчига узатди.

“Код рақамини сўраса, нима дейман? Аввалги ишлатилган кодлардан бирини айтиб кўраман, зора, мос тушиб қолса?!” деб хаёлидан ўтказди.

– Кенейи, коди?

– Тўртта “7”...

Юраги дуккилларди. “Коди нотўғри, шекилли, Аллоҳ, Аллоҳим, ёрдам бер, ҳеч бўлмаса, беш минггина, ҳеч бўлмаса…”

Терминалнинг узун шиғиллаши юрагининг шувиллаши билан ҳамоҳанг бўлиб кетди. Сотувчи пластик билан бирга ҳисобни аниқлаш чекини узатди. Оxирги умиди… секингина бир парча қоғозга қаради-ю, тиззалари бўшашиб, ерга йиқилгудек бўлди. Йўқ-йўқ, мадорсизликдан эмас, умидсизликдан ҳам эмас! Балки қалбидаги Аллоҳга бўлган ишонч яна бир карра исботини топганидан, таваккули Аллоҳдан мукофот бўлиб қайтганидан… Ўша бир парча қоғоз унинг ишончи, умиди, дуолари бўш қайтмаганини акс эттириб турарди! Қанийди, атрофида ҳеч ким бўлмаса-ю, саждага йиқилиб, тўйиб-тўйиб йиғласа, Аллоҳга қодир бўлганича шукр айласа... Аллоҳ Ўз қудратини кўрсатган эди. Ўша парча қоғозда мана бу ёзув бор эди: “500.000”!

Тушида эшитилган оят эсига тушди:

فإن تولوا فقل حسبي الله لا اله الّا هو  عليه توكلت  و هو رب العرش العظيم.

“Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир”, дегин”.

Воқеанинг давомини қаҳрамонимизнинг ўзидан эшитинг:

“Ўша куни фарзандларим кичкина бўлишига қарамай, ҳозирги кунда баъзи катталарда топилмайдиган таваккулни қалбчалари билан ҳис қилишди. Мен у пластикда қаердан бунча пул пайдо бўлганини, кимники эканини ҳалигача тушунмайман. Мўъжиза десамми, ҳисобидаги маблағ тугагандан кейин у пластик умуман ишламади. Ҳалигача ишламайди. Лекин бир нарсани аниқ биламан ва иймон келтираман: Аллоҳ ўта яқин ва ўта эшитувчи, Унга боғланган қалбларни нажотсиз ташлаб қўймайдиган Зот!”

Муслима

Мавзуга оид мақолалар
«Улар ғайбга иймон келтирурлар, намоз ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар». Бақара давоми...

01:59 / 01.11.2017 3561
ЖУФТЛАР «ЖАНГИ»  Эрхотин орасида хилоф ва тушунмовчиликлар бўлиб туриши янгилик эмас. Ҳар замон ва ҳар давоми...

11:59 / 22.05.2017 9661
     Қурбонликнинг зоҳири ва ботини ҳамда ундаги руҳият Ҳадиси шарифда «Ҳар бир нарсанинг зоҳири ва ботини давоми...

09:52 / 19.08.2018 2586
ТАҲОРАТГА ОИД 46масала Маний шаҳват билан чиқса ҳам, бошқа сабаб масалан, оғир нарса кўтариш ёки баланд давоми...

06:51 / 23.05.2019 1959