Тарихдаги шахсларни ўрганамиз (давоми)

0 3 004

 Исмоил Маҳдум фақат илмда пешқадам бўлмай, хулқу одобда, хушмуомала ва садоқатда, қаноат ва риёзатда ҳам тенгсиз эдилар. У кишини билганлар бир воқеани кўп эслашади: «Падари бузрукворлари билан масжиддаги ҳужралари ёнма−ён эди. Маҳдум туни билан совуқ ҳужрада шам ёки чироқ шуъласида мутолаа қилардилар. Қиблагоҳларининг ярим тунда таҳажжуд намозига туриш одатларини билганлари боис, у зотнинг таҳоратлари учун сув солинган обдастани кўксиларига босиб, қалбларининг тафти ила иситиб ўтирар эдилар» . 

Исмоил Маҳдум ҳам диний, ҳам дунёвий илмларнинг чуқур билимдони, фанлар уммонида яйраб суза оладиган аҳли донишманд эдилар. У киши дин асослари ва тарихни мукаммал эгаллаган ҳолда араб, форс қадимий туркий тилларни чуқур билар, Мовароуннаҳр тарихи, маданияти, адабиёти бўйича етук мутахассис ҳам эдилар.

1943 йили шўролар хукуматига бошқа динлар қатори Ислом динига ҳам бироз эркинлик берилди. Юртнинг улуғ уламоларидан Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчиликларида бир неча уламолар Москвага таклиф этилди. У ердан Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идорасини ва бир неча масжидларни очишга рухсатнома ҳамда шўро армиясининг ғалабасини тилаб дуода бўлиш топшириғи билан қайтишди. Ўша гуруҳ сафида Исмоил Махдум ҳам ҳаж қилиш бахтига мушарраф бўлдилар. Ўша пайтдан бошлаб Исмоил Махдум Эшон Бобохон ва ул зотнинг фарзандлари Зиёвиддин ибн Эшон Бобохон билан бир сафда туриб дину диёнат, илми ирфон ишларини равнақ топтиришнинг сарчашмасида бўлдилар. Бирмунча вақт Намангандаги Шайх Эшон масжидида имом хатиблик қилган Исмоил Махдумни Тошкентга диний идорага ишга таклиф этишади.

Маҳдум ҳазратларининг диний  идорадаги фаолиятлари жуда серқирра, шарафли, айни пайтда жуда масъулиятли ва мушкул бўлган. Бир томондан дахрийлик асосида қурилган тузумнинг тазйиқи, иккинчи томондан, Аллоҳнинг динини азалий исломий заминда яшаётган, аммо зўрлик қутиси остида унута бошлаган мусулмонлар орасида тарғиб қилиш. Ул зот билан суҳбатларимизда шундай дегандилар: «Мен гўёки ўткир тиғли қилич устида юриб бораётганга ўхшайман. У ёққа ҳам йиқилиб бўлмайди,  ҳукмрон сиёсатга қарши бормоқ ўлим билан баробар. Бу ёққа ҳам йиқилиб бўлмайди,  Аллоҳнинг қаҳридан қўрқаман».

У зот ана шундай оғир бир замонда, икки ўт орасида ҳам жуда кўп ва хўп ишларни қилишга улгурдилар, катта ҳаракатларга бош-қош бўлдилар. Ҳали қарасангиз, Мир Араб мадрасасида ёки Тошкентда очилган Имом Бухорий номли Ислом маъҳадида талабаларга сабоқ бераётган, бир қарасангиз, мусулмонлар учун журнал ва тақвимлар чиқариш учун ноширлик ва матбаа идораларига  қатнаётган, гоҳ диний идора бир неча бор чоп этган  Қуръони карим нашрларининг таҳририй ишларига бошчилик қилаётган, гоҳ расмий гуруҳлар таркибида Африка ва Осиёдаги мусулмон ўлкаларга сафарга жўнаётган бўлардилар. Булардан ташқари, шўролар мамлакатига келган диний арбоблар билан мулоқотлар, диний идоранинг  борди-келди, мактуб алмашув  ишлари, республикадаги масжидларнинг хўжалик-молия, кадрлар масаласи билан шуғулланиш, фатволар бериш, журналларда мақолалар ва турли йиғинларда маърузалар билан чиқиш, буларнинг ҳаммаси Исмоил Маҳдумнинг  жўшқин қирраларини ташкил этган. Турли вилоятларга, қўшни республикаларга бўладиган жуда кўп сафарлар орасида бир оз вақт топиб Наманганга, волидаи шарифа ҳузурига отланардилар. Мушфиқа оналари Шарофат бибининг соғинч тўла ўкинчларини тинглашга ҳали улгурмай туриб, эшик тақиллаб, у ёки бу масалада фатво ва маслаҳат  сўраб келишарди. Дўсту қариндошлар бу зотнинг дийдори ва суҳбатини қўмсаб, унга етишолмай армон чекишарди.

Дин арбоблари дунёвий илмлардан бутунлай бехабар ёки юзаки таниш бўлишади, деган чалкаш бир тушунча бор. Аммо, Исмоил Маҳдум ҳам диний, ҳам дунёвий илмларнинг чуқур билимдони, фанлар уммонида яйраб суза оладиган аҳли донишдан эдилар. У киши дин асослари ва тарихини мукаммал эгаллаганлари ҳолда, араб, форс, қадимий туркий тилларни чуқур билар, Мовароуннаҳр тарихи, маданияти, адабиёти бўйича етук мутахассис ҳам эдилар. Араб дунёсининг атоқли намоёндалари иштирок этган  Тошкентдаги халқаро йиғинда араб тилида бир ярим соатлик маъруза қилганликларини, тил фасоҳатию ибора  балоғатини кўриб, унча мунчага ҳайратланмайдиган  араблар мутаассирликдан қарсак чалиб юборганларини гапириб юришарди. «Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи» номли илмий тадқиқот маҳсули бўлмиш китобни ҳам араб тилида тасниф этгандилар. Мазкур асар 1995 йилга келиб, бу зотнинг фарзанди аржуманди Абдуллоҳ ҳожи томонидан ўзбек тилига таржима этилиб, чоп қилинди. Китобни ёзиш учун 40 жилдга яқин араб тилидаги китоблардан истифода қилганларининг ўзиёқ бу зотнинг уммоний билим ва бемисл заковатларига, поёнсиз мушоҳадаларию чуқур изланишларига ишоратдир.

Маҳдум ҳазратлари табобат, фалсафа, тарих, фалакиётга оид манбаларни ҳам пухта билардилар. Бўш вақт топилди дегунча, тоғу тошларга чиқиб, шифобахш кўкатлар йиғар, сўнг улардан қадимий тиб китоблари асосида турли дори ва суртгичлар тайёрлар эдилар.

Жуда кўп замондош олимлар, ёзувчилар, мутахассислар шайх хонадонларига тез-тез ташриф буюриб, у зот билан мулоқотда бўлиб туришарди. Маҳдум ҳазратлари академик Иброҳим Мўминов, Убайдулло Каримов, Павел Булгаков, «Араб тили дарслиги» муаллифи Боқи Холидов, профессор Исматулла Абдуллаев, мўмиё бўйича мутахассис  М.Мўминов каби алломалар билан доимий мулоқотда бўлиб, қимматли маслаҳатларини дариғ тутмаганлар.

Машҳур ёзувчи Абдулла Қодирий ҳам «Меҳрoбдан чаён» романини ёзиш олдидан Наманганга ташриф буюриб, Исмоил Маҳдумдан кўпгина маслаҳат, йўл- йўриқлар олган экан. Бу ҳақда укалари Ҳабибулло Маҳдум (Аллоҳ раҳмат қилсин) шундай хотиралаган эдилар: «Адашмасам, 1926 йил бўлса керак, бир куни асрга яқин пайт уйимизга  Тошкентдан бир меҳмон келиб қолди. Исмоилхон акамиз кўк бахмал дўппили, узун тўн кийган бу хушрўй кишини кўп ҳурматлаб, ичкарига таклиф қилдилар. Икки соат чамаси суҳбат қуришди. Меҳмон шомни ўқиб, ўрнидан турди. Кетар чоғи изҳори дил қилиб, Тошкентга меҳмонга таклиф этди. У чиқиб кетгач, акамиз қувончдан кўзлари ёниб: «Меҳмонни  танидингларми?”-  дедилар. — Отабек, Кумушни ёзган Жулқунбой шу киши. Энди бир янги китоб ёзмоқ илинжида манба йиғаётган эканлар. Мактаб, мадраса, мударрислар хақида кўп нарсаларни сўраб олдилар». Назаримда, Абдулла Қодирий романдаги Солиҳ Маҳдум ва Анвар Мирзо образини тасвирлаш учун материал йиғиб юрган бўлсалар керак.

Шўро даврида машҳур бўлган бир жамоат арбоби суҳбат асносида «Агар Исмоил Маҳдум дин арбоби бўлиб етишмаганида, албатта, ўткир сиёсатчи ва моҳир дипломат бўларди», деган эди.

Дарҳақиқат, бу зот Саудия Арабистони, Покистон, Марокаш, Сурия, Индонезия, Миср, Ливан, Яман каби мусулмон мамлакатлари билан ўзаро муносабатларни яхшилаш борасида катта саъйи ҳаракат кўрсатдилар.

1992 йили бир гуруҳ ўзбекистонликлар биринчи марта умра қилмоқ учун Саудия Арабистонига борган эдик. Ўшанда Мадинадаги Наманган таксясида бўлган учрашувда  ҳамюртимиз Афандихонтўра жаноблари Исмоил Маҳдум хақларида шундай ҳикоя қилган эдилар: «Шўролар юртидан 10- 15 чоғли киши ҳаж қилгани келса, шундан бор йўғи 3- 4 киши ўзбекистонлик бўларди. Кўпинча Исмоил Маҳдум раҳбар бўлиб келардилар. Ўшанда ҳар икки мамлакатнинг муносабатлари изга солинмаган, ҳажга келганлар билан ватандошлар учрашолмай, жонлари ҳалак, Ватанда не ҳол эканини билолмай, мужда кутиб, кўзлари нигорон эди. Худди шундай пайтда Маҳдум ҳазратлари катта жасорат кўрсатиб, бирор кишининг хонадонида ёки овлоқроқ  бир жойда уч-тўрт ватандошни тўплашга, уларнинг юрт соғинчи изҳорини эшитишга, қон- қариндошларга салом ила ҳадяларни топширишга имкон топардилар».

Нафақат Мовароуннаҳр ва  собиқ Иттифоқда, ҳаттоки, бутун дунёда Исмоил Маҳдум Ислом асосларининг чуқур билимдони, ўткир хофизул Қуръон, етук аллома ва комил инсон сифатида танилган ва унга эҳтиром кўрсатилган. Ҳозир ҳам Москва ва Санкт Петербург, Озарбайжон ва Доғистон, Уфа ва Қозон, Ашхабод ва Душанбеда, хуллас, жуда кўп жойларда ул зотнинг шогирдлари фаолият кўрсатмоқда. Озарбайжон мусулмонлари раҳбари Оллоҳшукур Пошшозода, Россия мусулмонларидан Талъат Тожиддин каби арбоблар Маҳдум ҳазратларидан сабоқ олишганидан фахрланишади.

Наманганнинг таниқли уламоларидан  Убайдуллоҳ ҳожи Лутфуллоҳ эшон ўғиллари шундай хотирлайдилар: «Бир йили рамазон ойида устоз Наманганга ташриф буюриб қолдилар. Бирга ифторлик қилдик. Ифтордан сўнг масжидимизда хатмул Қуръон бўлаётганини айтиб, бугун ўзлари шунга табаррукона ўтиб беришларини сўрадик. Устоз рози бўлдилар. У кишининг хатмга ўтиришларини эшитиб, намозхонлар ҳар кунгидан кўпайиб кетди. Хуфтонни тамомлагач, Қуръони каримнинг қайси пораси ўқиб бўлинганини сўрадилар. Жавобни эшитибоқ худди ўша жойдан шариллатиб бошлаб кетавердилар».

Сафдошлари яна у зотнинг фиқҳ илми бобида ҳам ажиб бир камолотга эришганларини кўп эслашарди.

Диний идорага узоқ яқиндан у ёки бу шаръий масалага жавоб излаб кўплаб одамлар келар, уларнинг ҳар бирига мукаммал жавоб қайтаргувчи қози ҳазратлари ҳатто китоб варақлашга ҳам эҳтиёж сезмасдилар. Ўша пайтдаги яна бир воқеа эсда қолган: 60 йиллар ниҳоясида бир ботил мазҳаб чиқиб, унинг анчагина тарафдорлари ҳам пайдо бўлган ва аҳли сунна вал жамоа ақидаси билан қаттиқ ихтилофга борганди. Шунда Исмоил Маҳдум уларнинг бир неча раҳнамоларини  диний идорага таклиф этиб, Қуръони карим ва ҳадиси шарифга суянган ҳолда уларнинг эътиқоди асоссиз ва пуч эканини исбот қилиб  бергандилар. Чуқур илмий далиллар ва букилмас қатъият қаршисида лол қолган янги  мазҳабчилар кўп ўтмай ўз-ўзидан йўқолиб кетишди.

1976 йилнинг аёзли январи республикамиз аҳли, айниқса, наманганликлар учун мусибатли келди. Улар ўзларининг таниқли ҳамюртлари, улуғ аллома, машҳур диний арбоб, тақводор ва покдомон инсон Исмоил Маҳдумдан жудо бўлишди. Шаҳар марказидаги Шайх Эшон масжиди Маҳдум ҳазратларнинг жанозаларига узоқ яқиндан келган минглаб мусулмонларни сиғдира олмай қолди. Тошкентдан етиб келган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг раиси, муфтий Зиёвуддинхон ибн Бобохон ҳазратлари титроқ ва маҳзун овозда тўпланганларга шундай мурожаат этган эдилар:

­ Энг табаррук ойлардан ­ муҳаррам ойида, кунларнинг улуғи жумада аҳли Наманган, аҳли Мовароуннаҳр қаттиқ қайғуда қолди. Узоқ йиллар диний идорамизда раис ўринбосари бўлиб ишлаган  Маҳдум  акамиздан айрилиб қолдик. Бугун бу табаррук зот фоний дунёдаги хизматларини ўтаб, Яратганнинг ҳузурига йўл олиб турибдилар. Маҳдум акамизнинг дину ­ диёнат, юрт равнақи йўлидаги хизматларини санаб, адоғига етиш қийин. Бир нарса ўксик ва мотамсаро  қалбларимизга тасалли беради: Маҳдум акамиз Аллоҳ таоло буюрганидай яшаб ўтдилар, алҳамдулиллаҳ, ул зотдан солиҳ фарзандлар, ёзилган ажойиб китоблар, дин йўлида қилинган улуғ ишлар қолди. Аллоҳ таоло сафдошимизнинг охиратларини обод, қабрларини пурнур айласин. Омин!

Шайх Исмоил Маҳдум 83 йил умр кўрдилар. Ул зотнинг букилмас эътиқоди, донишмандлиги ва тақвоси, Ислом дини равнақи йўлидаги жонбозлигини тўла ифода этмоққа ақл ноқис, қалам ожиз, сўз танқисдир. Исмоил Маҳдум номи бутун ҳаётларини Ислом ва Ватан равнақи йўлига тиккан табаррук муфтийларимиз Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг номлари қаторида зикр қилинишга сазовордир. Аллоҳ ул зотнинг эзгу амалларини охиратга заҳира қилиб, ўз раҳматига олган бўлсин!

Баҳам кўринг

Leave A Reply