Тақво оятлари

0 892

Рамазон ойининг кунларида барча нарса нур билан ўралади. Ҳатто масжидларга олиб борувчи йўллардаги ўнгу сўлдаги қандилларгача, уйимиз чироқлари ҳам, мўминнинг юзидаги нур ҳам, қалбидаги нур ҳам зиёдалашади.

Рамазон ойида рўза тутишнинг фарзлиги ҳақида ҳеч ким хилоф қилмайди. Зеро, бу Қуръон ва суннатда очиқ-ойдин айтилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилди:

«Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз.» (Бақара-183)

Ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ислом беш нарса устига бунёд бўлган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг расулидир, дея гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закот бериш, Рамазоннинг рўзасини тутиш, ҳаж қилиш.»

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ маҳрум бўлибди.»

Рўза (Қуръонда «сиям» ) сўзининг луғавий маъноси тутиб туриш, тийилиш демакдир. Шариатда эса, рўзани бузувчи нарсалардан тонгдан қуёш ботгунга қадар ният қилган ҳолда тийилишдир. Рўзанинг тўлиқ бўлиши қайтарилган ишлардан четланиш ва ҳаромга тушиб қолмаслик билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким ёлғон гап ва унга амал қилишини қўймас экан, егулиги ва ичимлигини тарк қилишида Аллоҳнинг ҳожати йўқ».

Рўза тутишнинг фазилати улуғ, савоби улкандир. Ҳадисда собит бўлганидек, Аллоҳ уни ўзи учун фарз қилган: «Аллоҳ таборака ва таоло айтади: Одам боласининг барча амали ўзи учун, фақат рўза тутиши  Мен учун ва Мен ўзим унинг савобини бераман.» Рўзанинг бошқа амаллар ичида бундай хосланишининг икки сабаби бор. Биринчиси, у бошқа ибодатлар тўсмайдиган нафс лаззатлари ва шаҳватларни ман қилади. Иккинчиси, рўза тутиш банда билан Роббиси орасидаги сир бўлиб, фақат Аллоҳгагина аён бўлади. Банда бошқа ибодатларни риё билан қилиши мумкин, аммо рўзага бу аралаша олмайди.

Рамазон тақво ойидир. Зеро, рўза тақво сабабларининг энг каттасидир. Чунки унда Аллоҳнинг амрига бўйсунилади, қайтариқларидан қайтилади. Егулик камайгач, шаҳватлар заифлашади. Шаҳватлар заифлашса, маъсиятлар камаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Рўза тўсиқ ва сақловчидир». Рўзадор нафси майл этадиган ейиш, ичишдан Аллоҳга қурбатни ният қилиб, савобидан умидвор бўлиб тарк қилади. Бу эса тақводандир.

Рўзадор нафсининг хоҳишларини уни қилишга қудрати етган ҳолда Аллоҳ таоло кўриб, билиб турганини билгани учун тарк қилади ва бунга нафсини ўргатади. Рўза шайтон юрадиган йўлларни торайтиради. У Одам боласининг қон томирларида юраркан, рўза билан унинг таъсири камайтирилади. Шу билан маъсиятлар ҳам озаяди. Кўпчилик рўзадорлар тоатни кўпайтиришга ҳаракат қиладилар. Тоатлар ҳам тақво хислатларидандир. Бой кишининг очликда тотган алами ночор фақирларга инфоқ қилишга ундайди. Бу ҳам тақвонинг маҳсулидир.

Шунингдек, Рамазон Қуръон ойидир. Албатта, Қуръон Рамазон ойида нозил бўлган. Йил бўйи Қуръондан узоқлашган киши ҳам бу муборак ойда чанқоқ нафсини нуроний бир муҳитда топади. Мана шу пайтда унга Қуръондаги маъно ва сирлар қалбига оқиб кириб, нафси ва руҳининг сўлиб, қуриб қолай деган водийларини суғоради ва унинг қалби гул-чечаклар бўстонига айланади.

Бу ойда барча рўзадорлар ўз қобилияти ва истеъдодига кўра-бир даража юқори кўтарилади, инсон қийматини туширувчи разилликлардан халос бўлади. Маънавий ифлосликлардан покланади. Рамазон ойининг баракоти ҳаммага етади. Ким унинг соясида Аллоҳга илтижо қилса, унинг мулкидан албатта бебаҳра қолмайди!

Баҳам кўринг

Comments are closed.