Тақдиримга таъсир қилган профиль

0 4 608

ТАҚДИРИМГА ТАЪСИР ЭТГАН ПРОФИЛЬ
(мақола ижтимоий тармоқларга бағишланган. I-қисм)

Одатга кўра ишларимни тез – тез тугатдим-у, нималардан қолиб кетдим экан, деб интернет тугмачасини босдим. Агар шу ерга кириб чиқмасам, нимамнидир йўқотгандек бўламан. Гўё ер юзида оламшумул гаплар бўляптию, мен бу ерда ҳаммасидан бехабар ўтирибман. Шунинг учунми, бўлмади деганда ҳар соатда бир марта интернетга кириб чиқаман. Мана ҳозир ҳам бир соатни зўрға тугатиб, яна севимли Виртуал масканимдаман! Ие, мактуб келибдику. Бу бир муслима синглимиздан экан. Одатда икки киши ўртасидаги суҳбат омонат гап бўлади, аммо бу суҳбатни барчанинг манфаатини ўйлаб, сизларга ҳам тақдим қилиш фикрига келдим:
— Я ахи!!! Ҳолим хароб, қийналиб кетдим.

— Нима бўлди?

— Гуруҳим рейтинги тушиб кетди. Гуруҳга таклиф қилишни уддалай олмаяпман..

аъзан шу аёлларга ҳам ҳайронманда . Ҳамма ишини ташлаб, уйдагиларни овқатсиз қолдириб, болаларини йиғлатиб, мук тушиб ўтиришади. Энг қизиғи эса… мен ўз фикрларимни синглимизга билдирдим)

— Синглим, бир нарса айтсам хафа бўлманг!

Бу тармоқ дегани – асли тузоқ, ёмон касаллик, умр исрофидир…

У ерда инсонлар яхшилик ёзяпман деб, охиратни унутади, мақола ёзувчи намоз дейдию, намозини унутади. Қуръон ўқинг деб бонг уриб, Қуръонни унутади…  Ёки интернетда бирон кишини руку, сажда қилиб намоз ўқиётганини кўрдингизми?

— Йўқ. Гапингиз  тўғри …

Уларни, яъни тармоқ ва ундаги гуруҳни севувчиларни онгини аслида Шайтоннинг ўзи эгаллаб олган… «Эртаю кеч мақола, видео, суратлар жойла!» деб васваса қилиб, натижада одамларни «яхшилик улашяпман, зиё тарқатяпман» шиори остида интернетга михлаб қўяди…

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

«Шайтон уларни эгаллаб олган ва Аллоҳнинг зикрини унутдирган. Ана ўшалар, шайтон фирқасидирлар. Аё, огоҳ бўлинглар, шайтон фирқаси ҳа, ўшалар ютқазувчидирлар»  (Мужодала сураси, 19-оят). «Бандани шайтон эгаллаб олишининг аломати шулки, уни сиртини ялтироқ қилиш билан машғул қилиб қўяди» (Тафсир: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).

-Ҳа, бу мен бўлсам керак..

Гуруҳни севувчилар, «бизни кузатиб боринг!» — деб деярли ҳар соатда мақола ёзади, видео ёки ҳеч бўлмаганда сурат жойлайди… Натижада «Ислом» шиори остида турли хил гуруҳлардан ёғилиб келаётган маълумотларни одамлар ўқиб тугата олмайди…  Бу аҳволда қачон намоз ўқийди? Қачон силаи раҳм қилади? Кун-у тунни интернетда ўтказган одам, амал қилишга қачон вақт ажратади? Бутун умри интернет билан ўтсаю то ўлгунча… Ўлганидан кейин амал қиладими? 

«Ҳозир ўқи, қабрда ўқий олмайсан!»  (Зубайр Кундузалп).
Ахир илмни амал учун ўрганиш керак эмасмиди?
Иброҳим Адҳам айтадилар: «Илмни амал учун ўрганинглар. Аксар одамлар илмлари тоғдек, амаллари заррадек бўлиб қолиб, адашганлардан бўлади.»

ИНТЕРНЕТДАН ЧИҚИБ, АМАЛ ҚИЛИШ ПАЙТИ КЕЛМАДИМИКАН???

Аксар одамлар «Охиратим обод бўлсин» дея илм ўрганади. Охират деб нимага айтиларди? Фақат илм ўрганиш охиратми?
Билингки: «Илмнинг ҳаммаси дунёдир. Охират эса унга амал қилишдир».

(Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий)

ИНТЕРНЕТДАН ЧИҚИБ, ҚУРЪОН ЎҚИШ ПАЙТИ КЕЛМАДИМИКАН???

Қабрга Мункар Накир фаришталари: «Гуруҳингда одам сони нечта эди? Қанча одам таклиф қилдинг? Мақола жойлашни канда қилмадингми?» дейилмайди. Намоз, Намоз, Намоз… дейилади

 — Ҳа, тўғри айтдингиз  …

Қиёматда ҳамма саволлар Реал бўлади… Одамлар эса борган сари виртуаллашиб кетаяпди… Агар қиёс қилиш мумкин бўлса, улар ҳозир Туш кўряпди…

-Қандай қилиб?

Тушни аввалини эслай оласизми?

— Йўқ

Чунки тушни ҳеч қачон аввали бўлмайди, доим қаердандир бошланиб кетади…

— Ҳа…

Интернет ҳам худди туш каби, доим қаердандир бошланиб кетади…
Тушда бирон марта вақт омилини сезганмисиз?

—  Йўқ, сезилмайди…

Интернет ҳам худди шундай, у ерда вақт ўтгани сезилмайди…
Тушингизда ўзингизга ёққан ишни қилиб ёки ёқмаган ишдан бош тортганмисиз?
— Синаб кўрмаган эканман
Синаб бўлмайди, чунки туш шундай нарсаки, сиз юриб кетаётиб, югура олмайсиз ёки аксинча, югуриб кетаётиб, тўхтай олмайсиз. Бошқача қилиб айтганда, туш инсонни тамомий бўйсундирган ҳолатда кечади. Интернет ҳам худди шундай, у ердагилар деярли ўзини бошқара олмайди, у томонга қараса ҳам қизиқ керакли маълумот, бу томонга қараса ҳам қизиқ, ўта зарур маълумот… босқичма-босқич кириб кетаверади-ю, аммо ўқиб тугата олмайди… Интернет худдики шўр сув кабидир, ичган сари чанқайверади… ичаверади… ичаверади… Чунки улар уйқуда, туш кўрмоқда… Уйғониш пайти етган бўлса ҳам, ҳали ҳамон ширин уйқуда, туш кўрмоқда…

Аммо уйғониш керак! Қуръонни ўқиш пайти келди!

Аввалгиларни бизлардан устун тарафи шуки, уларда Илм+Тақво=АМАЛ бўлган…  Чунки уларда энг асосийси интернет, чат, гуруҳ бўлмаган…

Илм! Илм! Илм… Тақво! Тақво! Тақво… Ибодат! Ибодат! Ибодат…
Соддароқ қилиб атганда: Илм+Тақво=АМАЛ+ИБОДАТ=>ЖАННАТ.  Ҳозиргилар эса Қадрдонларим, Гуруҳларим…, Интернет… Чат…

Яъни ->  Трафик+Интернет=>Мақола=>Илм+Уйқу=>???

Улар, яъни аввалгилар: «Ота – онам, ака-укам, опа-синглим, қариндошларим! Силаи раҳм!!!» деса… Ҳозиргилар: «Интернетдаги қадрдонларим, дўстларим… гуруҳимни азиз муҳтарам ва муҳтарама аъзолари», дейдилар…

Кошки ўша қўштирноқ ичидаги «интернетдаги қадрдонлари, дўстлари, гуруҳини азиз деб билган  аъзолари» вафотидан кейин бу ҳаётда бир марта бўладиган намоз – жаноза намозига келиб, дуо қилишса? Ваҳоланки жон таслим қилгандан кейин, «виртуал қадрдонлари» эмас, балки РЕАЛ инсонлар тобутини кўтариб, қабрга қўяди…
«Ҳар бир жон ўлим(шарбати)ни тотгувчидир.»
(Анкабут сураси, 57-оят).
Ана шулар тик туриб, жанозани ўқийди… Виртуаллар эмас!!! Виртуаллар эса ўша пайт ётиб олиб, ҳар доимгидек шўнғиб, тубига етолмайдиган, ўқиб тугата олмайдиган, улар учун оламданда азизроқ бўлган интернетда
бошларини ўз “саждагоҳлари”га, яъни телефонга эгиб, қўлларини дуога эмас, сенсорга қўйиб, бир-биридан қизиқ ва «муҳим» бўлган саҳифаларни вароқлашаётган бўлади… Ҳақиқий, чинакам, РЕАЛ қадрдонлар эса, бошини саждага қўйиб, вафот этган қадрдони ҳаққига қўлларини осмонга кўтариб, мағфират тилаб, дуо қилади.

Аввалгилар билан фарқимиз шунда…

— Ҳақсиз, нақадар буюк ҳақиқат.

Нима учун одамлар шу даражада ўзлари билмаган ҳолларида интернетда «Ё Аллоҳ!» деб ёзиб, аслида Аллоҳни унутиб, шайтонга дўст бўлиб кетди?

Чунки Аллоҳ таоло:  «Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир» деб айтган (Бақара сураси, 194-оят).
Бошқа бир оятда: «Албатта, тақводорлар жаннату анҳорларда.» деган (Қомар сураси, 54-оят).  Одамлар эса ўзларича: «Йўқ! Жаннат йўли интернетдадир, кимки интернетни хуш кўрса Аллоҳ ҳам уни хуш кўради» деб интернетга кўрпа-тўшак қилиб, ётиб олишди… Аллоҳ таоло: «Ким Роҳманнинг эслатмасидан шабкўр бўлиб олса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас, у унга доимий ҳамроҳ бўлур», деган (Зухруф сураси, 36-оят). Демак ҳамма айбни ҳар доимгидек шайтонга тўнкаш аҳмоқлик! Чунки инсон ўзи хоҳлаб бу ерда шайтонни дўст қилиб олмоқда… чунки Аллоҳ таоло: «…Аллоҳ тақводорлар биландир», «Албатта, тақводорлар жаннату анҳорларда.» деса, одамлар беамал интернетга ёпишиб олиб, шайтонни дўст тутганликлари сабабли, ҳақиқий солиҳ амаллардан тўсилиб қолдилар… Шайтон эса қилаётган ишларини «яхшилик, ҳидоётга чорлов» қилиб кўрсатди…

Аллоҳ таоло келгуси оятда: «Албатта, у(шайтон)лар йўлдан тўсурлар ва улар ўзларини шак-шубҳасиз ҳидоят топгувчилардек ҳисобларлар.» (Зухруф сураси, 37-оят).  Одамлар шу тариқа интернетда вақтларини беҳудага совуриб, исрофларнинг энг ёмони умрларини исроф қиладилар-у, лекин сезмайдилар…

«Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар»
(Исро сураси, 27-оят).

Аммо тўсатдан даҳшатли кун, надоматлар фойда бермайдиган қиёмат келганида, Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутганликлари учун пушаймон ейдилар.. «Токи ҳузуримизга келганда: «Қани энди мен билан сенинг оранг мағриб ила машриқчалик узоқ бўлса эди. Бас, сен нақадар ёмон ҳамроҳсан», дер».  (Зухруф сураси, 38-оят). «Аллоҳнинг зикридан шабкўр бўлиб қолиб, ғафлатда юра-юра, бир куни қиёмат қоим бўлиб: «ҳузуримизга келганда», ҳақиқатни англайди ҳамма бало шайтон билан яқинлиги натижаси эканлигини тушуниб етади.» (Тафсир: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).

Ҳозир жуда кўпчиликни кўзлари ожиз, шабкўр бўлиб қолишган…  Шайтон аълайҳи лаъна кўзларни шамғалатиб: «Яхшилик қилаяпсизлар, илм ўрганяпсизлар» шиори остида одамларни интернетга термултириб, у ердан чиқармайди… Одамлар ҳам шайтоннинг ҳийласига учиб, гўёки қилаётган «яхшилик»лари туфайли тўғри йўлдамиз, деб гумон қилурлар, ваҳоланки, буларнинг бари шайтоннинг одамларга туҳфа этган хом хаёлидир…  Наҳот энди сиз, шу малъун бўлган, одамларга душманлик қиламан деб қасам ичган, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган шайтонга қулоқ тутасизми? «Аллоҳ уни лаънатлади. У эса: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан. Уларни адаштираман, хом хаёлларига соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар» деди. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир»  (Нисо сураси, 118-119-оятлар).

Синглимизга мактуб ёзяпману, ўзим ҳам бу сўзлар ичимдан қандай-қайнаб чиқаётганлигини сезмаяпман. Ахир ўзим ҳам шу интернетга ҳар куни кириб, соатлаб вақтимни ўтказмайманми? Янгиликларни биляпман, илм оляпман деб ўзимни овунтирмаяпманми? Аслида суҳбатимиз ҳали бу ерда ўз якунига етмади. Лекин билмадим, агар ўзимнинг гапларим ўзимга таъсир қилиб, виртуал оламдан батамом воз кечмасам, сизга суҳбатимизнинг давомини ҳам тақдим этмоқчи эдим. Лекин, унда сизга ҳам тегишли сўзлар бор. Бугунги кунимни ўзгартиришга, виртуал дунёга бўлган асл муносабатимни ўзимга ойна каби кўрсатиб беришга ёрдамлашган бу синглимизга раҳмат айтгим келди. Чунки унинг тимсолида мен бугун миллионлаб ватандошларимизни, оғаларимизу, опа-сингилларимизни, шу қаторда ўзимни ҳам кўряпман. Хуллас, сиз ҳам, мен ҳам профилимизни ёпиб қўймасак, мақоланинг бунданда шиддатли кейинги қисмини тақдим этишга ва ўқишга муяссар бўламиз. Аллоҳ барчаларимизни хайрли ишларда бардавом қилсин!

Раҳимжон Азимжон ўғли
Умму Маҳаммад Билол

Баҳам кўринг

Leave A Reply