Танловга келган илк мақола

0 739

بِسْـمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِيـمِ

Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан бошлайман.

      Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар айтаман.
 Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли оилалари ҳамда асҳоби киромларига беадад салавоту саломлар бўлсин.

Мана Робиъул аввал ойи ҳам кириб келмокда. Бу ой инсоният учун нажот умидини тақдим этган, улкан бахту саодатлар эшигини очган ойдир. Бу ой бутун оламларга раҳмат ва баракот манбаи бўлган Зотнинг қуёши дунё узра илк бор порлаган ойдир. Бу ой икки жаҳон сарвари, Одам болаларининг афзали, охир замон Пайғамбари севикли Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ойдир. Бу ой барча мусулмонлар учун қадрли бўлган, муҳим фурсат ҳисобланган ойдир. Шу боис, бутун Ислом олами бу ойни ўзгача тайёргарлик билан кутиб олади ва мусулмонлар истиқомат қилаётган деярли барча мамлакатларда бу ой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш ойи сифатида ўтказилади. Жумладан, бизнинг юртимизда ҳам мавлид ойи гўзал тарзда ўтказилиб борилади,  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайиҳ васалламнинг сийратларини ўрганиш ниятида йиғинлар уюштириш анъанага айланган.

Шу боис, фурсатдан фойдаланиб, сиз азизларга ушбу мазмунда ўзим билган, ўқиганларимдан қўлдан келганича маълумот беришга ҳаракат қиламан. Бу камтарона уринишим мавлид ойи туҳфаси бўлса, ажаб эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи манфаатли қилсин.

Мавлидни нишонлаш тарихи умуман олганда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига бориб тақалади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба кунлари рўза тутиб: “Бу мен туғилган кун”, дердилар. Буни имом Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.
Имом Суютий зикр қилишларича Мавлидни биринчи бўлиб мунтазам ва тантанали нишонлашни йўлга қўйган киши бу Арбил ҳокими (ҳозирги Ироқнинг шимолидаги шаҳар) Абу Саъид Кўкбўри ибн Зайниддин Али ибн Бектегин бўлган. Аҳли Сунна уламолари мазкур ҳокимни ва йўлга қўйган яхши бидъатини олқишлашган. Суютий ва Ибн Касирлар: “Буюк ва улуғ подшоҳлардан эди. Ўзидан кўп яхши амалларни қолдирган”, дейишса, ҳофиз Заҳабий: “Мутавозеъ ва одобли инсон эди. Фуқаҳо ва муҳаддисларни яхши кўрарди”, деб зикр қиладилар. Ибн Халикон ҳофиз Абу Хаттоб ибн Диҳянинг таржимаи ҳолини зикр қилиб шундай дейди: “У уламонинг таниқлиси ва фузалонинг машҳурларидан эди. Мағрибдан йўлга чиқиб Шом ва Ироққа борди. Арбилга 604-йили кирди. Унинг буюк подшоҳи Музаффариддин ибн Зайниддин Мавлиди набийга жуда қаттиқ эътибор қиларди. Абу Хаттоб унинг учун “Ат-Танвир фи мавлидил баширин назир” номли китоб ёзиб, ўзи унга ўқиб берди. Шунда ҳоким ўн минг динор билан мукофотлади”.
Кези келганда айтиб қўйсак мақсадга мувофиқ бўлади. Доктор Салоҳиддин Мунажжад ўзининг “Мўъжаму ма уллифа ан Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобида: “Мавлуди шариф тўғрисида уламо ва солиҳлар томонидан ёзилган китоблар сони 160 га етади”, дейдилар.
Айюбийлар даврида нишонланиши бошланган Мавлуд Усмонлилар даврида янада тантанали равишда ўтказиладиган бўлди. Масалан, султон Абдулҳамид даврида 12-Рабиул аввал куни салтанат аъёнлари шоҳона расмий кийимларни кийиб, кўкракларига нишонларини таққан ҳолда энг катта жомеъ масжид эшиги олдида султонни кутиб, саф тортишарди. Султон ҳам қасридан қимматбаҳо нарсалар билан жиҳозланган энг яхши отини миниб, атрофида маҳобатли мавкиби билан жомеъга етиб келарди. Ҳамма жойига усмонлилар байроғи илинган кўчалардан султон мавкаби икки қатор аскар ўртасида ва улар ортидан аҳоли ўтар, кейин ҳаммалари жомеъга кириб тантаналар бошланарди. Аввал Қуръон тиловати, сўнг Муҳаммад алайҳиссалом туғилиш қиссалари қироат қилинарди. Сўнг пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш сифатида “Далоилул-хойрот” китоби ўқиларди. Шундан кейин баъзи шайхлар томонидан зикр ҳалқалари ташкил этилар, уларда нашид ва салавотлар баланд овозларда айтиларди. 12-Рабиул аввал тонгида даражаларидан қатъий назар давлат киборлари Султонни Мавлуди набий билан қутлашарди”. (Ҳасан Сандубийнинг “Тарихул иҳтифал бил мавлудин набий” китобидан)
«Мавлуд» аслида «туғилиш», «туғилган вақт» ва «пайт» деган маъноларни англатади. Бу сўз кўпинча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларига ва уни нишонлашга нисбатан ишлатилиб, кейинроқ шу йиғинларда ўқиладиган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига доир қисқача маълумотларни ўз ичига олган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаламнинг ҳаётларини, суннати мутоҳҳараларини ўрганмасдан туриб, Ислом динининг моҳиятини,  Қуръони каримнинг маъноларини тушуниб етиш осон эмас, яъни қийинроқ.

Мен анча йил олдин, яъни болалик кезларимда маҳалламиз отинойисидан оз-моз Қуръон каломини ўрганиш учун мурожаат қилиб турсамда, Қуръон каломини  маъно таржималарини ўқиб тушунишим мушкул иш бўлган. Алҳамдулиллаҳ кейинги балоғат давримдан ўтган кезларимдан кейин эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал юзларини тушимда кўриб, қаттиқ ошиқ бўлиб қолганимда, бу гўзал ва нурли инсон, ким экан? дея қаттиқ  қизиқа бошладим. У Зот ҳақида билишим, ўрганишим бўлган биринчи китоб ҳали ҳануз ёдимда. Пайғамбарни йиғлатган ҳодисалар эди. Барибир у даражада тушунишга қийналсамда қаттиқ  изландим ва «Тарихий Муҳаммадий» ва «Саодат асри» китобларини ўқишга киришдим. Оҳ, нақадар буюк инсон! Нақадар улуғ инсон!- дея кўзларимдан ёшлар оқиб, қалбимда У зотга нисбатан қаттиқ  муҳаббат уйғонди. Оҳ, мен ўша буюк инсоннинг уммати эканлигимдан бахтлиман, деб кўзларимдан қувонч ёшлари оқди.  Алҳамдулиллаҳ.

Агар сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаракатларини диққат билан  ўқиб кузатсангиз, У зот сизга: «Мен шундай бир умматни тарбия қиламанки, ер тарихи  унга тобе бўлиб ўтади», деяётгандек бўлади.

Балоларга сабр қилишда, ҳақ устида собит туришда ва хотиржамлик билан жавоб беришда, меҳрибонликда, мулойимликда, нозик қалблиликда ва умуман ерга хос бўлган барча тушунчаларнинг чўққисида туришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисли бўлмаган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларига илоҳий муҳр босди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини, сифатларини ва ҳадисларини ўқиб-ўрганаётган ҳар бир инсон ҳар бир нуқтада ўша илоҳий муҳрнинг изларини изламоғи керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бири. Башарият бутун тарихи мобайнида ожиз қолиб келган нуқтани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сийратларида амалда кўрсатиб кетдилар.

Мен сийратлари ҳақида ва ҳадисларини ўқиб борар эканман, кўзларимга ер юзида бу инсондан бошқа инсон йўқдек туюлар эди. Ҳадисларининг баёнини завқи шунчалар тотлики, гўё саҳифалар ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозларини эшитгандай бўлар эдим..

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва ибратлари агар чуқур мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом оламининг ҳаёт булоқлари ва инсоний жамиятнинг саодати қайнаб чиқадиган ягона манба эканлигини англаб етамиз.

Менинг ҳам танловда иштирок этишим, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳнинг менга кўрсатган фазлу марҳаматидир. Бироқ мен қайда-ю, аввалгилару охиргиларнинг саййиди бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини ёритиб бера олиш қайда?! Камина токи зулматлар ичида ҳалокатга юз тутмасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари сафида яшаб, умматлари сафида жон таслим қилмоқни ва Пайғамбаримиз шафоати билан Аллоҳнинг мағфиратига ноил бўлмоқни мақсад қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нурларидан озгина бўлса-да баҳраманд бўлмоқни тенгсиз бахт деб биладиган ожиз бир банда, холос.

    Мен пайғамбаримиз ҳақида кўп маълумот тўплашни, пайғамбаримиз ҳақида ҳар қандай китобни ва маълумотларни ўқиб ўрганишни ва бошқа ҳалқларнинг пайғамбаримиз ҳақидаги тавсифларини ўқиб, яқин дўстларимга ва яқинларимга сўзлаб беришни одат қилдим.

Ғарблик холис мутафаккирларнинг Пайғамбаримиз ҳақларидаги тавсифлари:

Бугунги кунимизда бутун олам Муҳаммад алайҳиссаломнинг зотларига, сифатларига ва таълимотларига қанчалик муҳтож эканини ўтган асрнинг буюк ақл эгаларидан бири, забардаст инглиз мутафаккири ва ёзувчиси Бернард Шоу ўзининг: «Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди», деган сўзлари билан ифодалаган эди. Агар буюк ёзувчининг бу сўзлари Бернард Шоуга ўхшаш ғарбликлар учун шону шараф бўладиган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қилиб туриб, у кишига эргашмай юрган шарқликлар учун ору номусдир.

(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Зикр аҳлидан сўранг», 3-сон, 59-бет.)

Инсоният тарихида Муҳаммад алайҳиссаломчалик қавми тарафидан севилган ва ҳурматланган инсон ўтмаган. Тарих китобларида баён қилинадики, Урва исмли мушрик Қурайш кофирларига шундай ҳикоя қилган экан: «Мен жуда кўп ҳукмдорларни кўрганман. Сезарнинг, Кисронинг саройларида бўлганман. Лекин қасам ичишим мумкинки, асҳоблари Муҳаммадни ҳурмат қилганлари каби ҳурмат-эҳтиром килинган ҳукмдорни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, агар у бир нарса буюрса, улар дарҳол уни бажаришга ташланишади, таҳорат олса, ундан тушаётган сувни талашиб-тортишиб олишга ошиқишади, гапирса, сукут қилиб қотиб қолишади, шу даражадаки, ҳатто унинг кўзларига тик карашга ботина олишмайди». (Ҳидоят», 2002 йил, 9-сон, 10-бет.)

Пайғамбаримизни Ғарбнинг инсофли кишилари ҳам улуғлашган. Буюк олмон шоири Волфганг Гёте бундай деб ёзган: «Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан. Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад (алайҳиссалом) сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди». Бернард Шоу: «Агар Муҳаммад (алайҳиссалом)дек бир одам ҳозирги дунёни бошқарганида эди, бу дунёнинг мушкулотларини ҳал қилишга муваффақ бўлар эди, бу эса, ўз навбатида, ҳозирги дунёга етишмаётган хотиржамлик ва бахтни олиб келган бўларди», деган эди.

(«Ҳидоят», 2001 йил, 6-сон, 14-бет.)

Томас Карлайл тан олиб айтишича, Муҳаммад (алайҳиссалом) шундай тубан халқ (араблар)ни «ёруғлик ва илм ташувчилар» даражасига юксалтирди: «Араб халқи учун бу зулматдан нурга чиқиш эди. Бу билан араблар илк маротаба бошқалар назарида жонландилар. Дунёнинг яратилишидан буён кўзга ташланмай, ўз саҳроларида изғиб юрган қашшоқ подачи халқ! Қаранг, кўзга ташланмаган халқ бугун дунёга кўз-кўз бўлди, кичик эди, оламий улуғликка эришди. Бор-йўғи юз йил ичида араблар ғарбда Гранадагача, шарқда Деҳлигача етишди, жасорат ва улуғворлик нури ила Арабистон олам кенгликларини ёритмоқда». («Ҳидоят», 2001 йил, 5-сон, 10 — 11-бетлар.)

Инглиз олими Жон Давенпорт мана бу фикрларни ёзиб қолдирган: «Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар орасида ҳаёти Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг тарихидек энг кўп ва барча нуқталаригача батафсил ўрганилган тарихий шахс йўқ». Атоқли файласуф Шебол бундай дейди: «Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг одам боласи бўлгани бутун инсониятга катта фахрдир. Чунки, у зот уммий (ўқиш-ёзишни билмаган) бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг бахтли, энг саодатли насллар бўламиз». Франциянинг таниқли олимларидан Ламартиннинг мана бундай сўзлари бор: «Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад (алайҳиссалом) инсонларнинг энг буюгидир. У киши ҳам пайғамбар, ҳам нотиқ, ҳам даъватчи, сиёсатчи, жангчи, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом (яъни, раҳбар), давлат арбоби, ер юзининг йигирмата минтақасида исломий салтанат қура олган… Муҳаммад (алайҳиссалом) ана шундай зот эди! Унга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди! Наҳотки, у ўлчовларга сиғса?!» Франциянинг машҳур арбоби ва саркардаси Наполеон Бонапарт у зотга бундай баҳо беради: «Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо (алайҳиссалом) миллатига, Ийсо(алайҳиссалом) умматига, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса бутун инсониятга билдирди». Америкалик тарихчи олим Мишел Ҳарт бундай дейди: «Дунёдаги таъсири энг кучли шахслар рўйхатининг бошига Муҳаммад (алайҳиссалом)ни ёзиб қўйсам, эҳтимол, айрим мухлисларим таажжубга тушишар? Бошқалар, эҳтимол, буни ўзгача тушунишар? Нима бўлганида ҳам, у зот дунёвий ва диний соҳалардаги самарали ишлари билан тарих саҳнасидаги ана шу мўътабар мақомга муносибдир». Оксфорд дорилфунуни профессори Вилям Монтгомери: «Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг зафар-ютуқлари унинг буюклигига далилдир. Бундай мақом-мартабага эришган бошқа шахс Ғарбда маълум эмас. У зотни сеҳргарликда айблаш ўз мақсадига эришолмай, ноилож қолган одамнинг чиранишидир». («Ҳидоят», 2006 йил, 3-сон, 6 — 7-бетлар.) 

Уламолар киши қалбида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам севгиси бор-йўқлигининг белгиси сифатида қуйидаги ўлчовни қўллашган:

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратлари муяссар бўлганида уни бой бериш дунёдаги бор нарсани бой беришдан оғир бўлиши;

2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларига итоат этиб, ман қилган

нарсаларидан сақланиш;

3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва шариатларини ҳимоя қилиш («Ҳидоят», 2005 йил, 2-сон, 13-бет).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари — муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Роббиларига мулоқот бўлгунларича таржимаи ҳоллари ҳам «Суннат» туркумига киради. «Суннат» сўзи муҳаддислар истилоҳида қуйидагича таъриф қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар— «Суннат» дейилади». (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Иймон» китоби, 334 — 336-бетлар.)

    Пайғамбаримиз шажараси..

Абду Манофдан 4 қабила вужудга келди: Абду Шамс, Навфал, Муттолиб ва Ҳошим. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳошим оиласига мансублар: Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим. Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Аллоҳ таоло Иброҳим авлодидан Исмоилни, Исмоил авлодидан Бану Кинонани, Бану Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан Бану Ҳошимни ва Бану Ҳошимдан Мени танлаб олди».

Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло махлуқотларини яратиб, мени уларнинг энг яхши (яъни, инсон) жинсидан ва 2 тоифанинг (яъни, араб ва ажамнинг) яхшисидан қилди. Сўнг қабилаларни танлаб, мени энг яхши қабиладан қилди. Сўнг хонадонларни танлаб, мени энг яхши хонадондан қилди. Мен уларнинг ҳам ўзи, ҳам хонадони эътибори билан энг яхшисиман»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насл-насаблари ва оилалари

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам насаблари (Аднонгача бўлган шажара)

 

Пайғамбар хонадони

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боболари Ҳошим ибн Абду Маноф номидан олинган Ҳошимийлар сулоласига мансубдирлар. Ҳошим Бану Абду Маноф билан Бану Абдуд-Дор Байтуллоҳга тегишли хизматларни ўзаро тақсимлаб олишгач, Абду Маноф тасарруфига ўтиб, Ҳошим эгалик қиладиган бўлди. Қавми орасида обрў-эътибори кучли ва бадавлат киши бўлган Ҳошим Маккада биринчи бўлиб ҳожилар учун сарид тайёрлатди. Ана шу егуликни тайёрлатиш учун нонни майдалагани боис Ҳошим (майдаловчи) номини олган. Унинг асл исми Амр эди. Қурайш ичида машҳур бўлган қиш ва ёз сафарини ҳам Ҳошим жорий қилган. (Қурайш қишда Яманга, ёзда Шомга тижорат сафарига чиқарди. Абдул Муттолиб «Аллоҳ менга ўнта ўғил берса ва улар мени ҳимоя қиладиган ёшга етишса, уларнинг бирини Каъба олдида қурбонлик қилиб сўяман» деб назр қилди.

Абдул Муттолибнинг 10 та ўғли бўлган: Ҳорис, Зубайр, Абу Толиб, Абдуллоҳ, Ҳамза, Абу Лаҳаб, Ғайдоқ, Муқаввим, Зирор ва Аббос. Баъзилар ўғиллар сонини 11 та деб, Қусамни ҳам киритишган. Ўғилларни 13 та деювчилар эса Абдул Каъба ва Ҳажлни ҳам қўшишган. Абдул Каъба деб Муқаввим, Ҳажл деб Ғайдоқни айтилган, Абдул Муттолибнинг Қусам исмли ўғли бўлмаган, дейилади. Абдул Муттолибнинг қизлари 6 та бўлган: Уммул Ҳаким — яъни Байзо, Барра, Отика, Софийя, Арва ва Умайма.

 Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолиб. Унинг онаси Фотима бинти Амр ибн Оиз ибн Имрон ибн Махзум ибн Яқзо ибн Мурра эди. Абдуллоҳ Абдул Муттолибнинг энг яхши, покиза ва суюкли ўғли эди. Ўғилларининг сони ўнтага етиб, уларнинг ҳимоясига таяниш мумкинлигига амин бўлгач, Абдул Муттолиб ўғилларига ўзининг бир вақтлар қилган назрини маълум қилди. Ўғиллар отанинг иродасига бўйсунишди. Абдул Муттолиб ўғилларининг исмларини қуръа ташланадиган ўқларга ёзиб Ҳубал ходимига берди. Қуръа ташланганида Абдуллоҳнинг номи чиқди. Абдул Муттолиб қўлига ўткир тиғ олиб, Абдуллоҳни етаклаб Каъба томон юрди. Бироқ Абдуллоҳнинг сўйилишига Қурайш, хусусан, унинг Бану Махзумлик тоғалари ва оғаси Абу Толиб қарши чиқди.

Ахир, мен назр қилганман-ку?!  — деди Абдул Муттолиб. Улар Абдул Муттолибга аррофа коҳин аёл олдига боришни маслаҳат беришди. Абдул Муттолиб аррофанинг ҳузурига келди. Коҳин аёл унга Абдуллоҳ ва ўнта туяга қуръа ташлашни, агар Абдуллоҳнинг номи чиқса, то Робби рози бўлгунга қадар туялар сонини ўнтага ошираверишни маслаҳат берди. Абдул Муттолиб қайтиб келиб аррофа ўргатганидек иш тутди. Бироқ қуръа ҳар сафар Абдуллоҳга чиқарди. Ота ҳар гал туялар сонига ўнта туя қўшиб, қайтадан қуръа ташларди. Ниҳоят, туяларнинг сони юзтага етганида, қуръа Абдуллоҳга эмас, туяларга чиқди. Абдул Муттолиб ўғлининг эвазига юзта туя қурбонлик қилди-да, уларни на бир инсон ва на бир ҳайвон ман қилинмайдиган гўшт сифатида ташлаб кетди. Дия, яъни хун пули шу пайтгача Қурайшда ҳам, бошқа арабларда ҳам ўнта туя эди. Абдуллоҳ воқеасидан кейин хун пули юзта туяга чиқди ва буни Ислом ҳам ўз ўрнида қолдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исмоил алайҳиссалом ва оталари Абдуллоҳни назарда тутиб: «Мен икки қурбоннинг ўғлиман» деганлари ривоят қилинган. Абдул Муттолиб ўғли Абдуллоҳга Омина бинти Ваҳб ибн Абду Маноф ибн Зуҳра ибн Килобни келин қилиб танлади. Отаси Бану Зуҳранинг бообрў саййиди бўлган Омина Қурайшнинг насл-насабда ва фазл-фазилатда энг олди қизи эди. Абдуллоҳ Омина билан Маккада қовушди. Орадан бир оз вақт ўтгач, Абдул Муттолиб Абдуллоҳни хурмо ғамлаш учун Мадинага жўнатди. Баъзилар Абдуллоҳ Шомга тижорат сафарига чиққан эди, дейишади. Қурайш карвони билан йўлга чиққан Абдуллоҳ касал ҳолида Мадинага кириб келади ва шу ерда вафот этади. Уни Нобиға Жаъдийнинг ҳовлисига дафн қилишади. Ўшанда Абдуллоҳнинг ёши 25 да эди. Аксарият муаррихлар Абдуллоҳ вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали туғилмаган эдилар, дейишади. Абдуллоҳнинг вафоти ҳақидаги хабар Маккага етиб келганида Омина унга атаб дилларни эзадиган марсиялар айтди:

Ҳайҳот, Батҳо водийлари бугун ундан йироқларда

Ибн Ҳошим лаҳаддан жой топди, юриб фироқларда.

Ўлим келмиш хитоб айлаб, олиб кетмиш шитоб айлаб,

Борми унингдек бир йигит, куярман мен сўроқларда.

Тунда тобутин дўстлари издиҳомда узатдилар,

Кузатдилар уни, аммо зикри қавму қўноқларда.

Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолибдан бор-йўқ қолган нарса бешта туя, бир қанча қўйлар ва Барака исмли ҳабаший жория бўлди. Умму Айман куняси билан танилган бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энагалик қилди.

Пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Кисро Ануширвон ҳукмронлигига 40 йил тўлганида, Фил ҳодисасининг 1-йилида Робийъул аввал ойининг 9- ёки 12-куни душанба тонгида Маккада, Бану Ҳошим оиласида дунёга келдилар. У зотнинг таваллуд кечалари оналарининг ҳузурига Ҳазиратул-Қудсдан* чиққан бир нечта аёллар ичидан Осиё ва Марям алайҳимассаломлар ҳам ҳозир бўлишди.
 Ҳазиратул-қудсдан – жаннатнинг номларидан бири. Бу ибора луғатда «Муқаддас қўриқхона» деган маънони англатади.
 Улкан олим Муҳаммад Сулаймон Мансурпурий аниқлашига кўра, бу мелодий 571-йилнинг 20- ёки 22-апрелига тўғри келади. Шу ўринда шу ерга Бусурийнинг «Ҳамзия» қасидасидан иқтибос қилинган байтларидан келтираман.

Қуёшдек порлоқ чеҳрангиз нақадар гўзал! Ўша ёрқин кеча у сабабли ёришиб кетган эди.

У, кундузи дин учун шоду ҳуррамлик бўлган таваллуд кечасидир.

У кунда Ваҳбнинг қизи Омина Муҳаммад алайҳиссаломни туғиш билан дунё аёллари етиша олмаган фахру ифтихорга, шон-шуҳратга етишди.
У ўз қавмига покдомон Марям кўтариб келгандан ҳам афзалроқ зотни олиб келди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганларида оналари Омина боболари Абдул Муттолибга севинч хабарини жўнатди. Набирасининг дунёга келганидан қувонган Абдул Муттолиб келиб гўдакни Каъбага олиб кирди. Аллоҳга дуо қилиб, шукроналар айтиб набирасига Муҳаммад деб исм қўйди.  Араблар одатда бундай исм қўйишмасди.  Абдул Муттолиб араблар одатига кўра, набирасини 7-куни хатна қилдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни оналаридан бир ҳафта кейин энг биринчи эмизган аёл Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайба бўлган. Ўша пайтда унинг ҳам Масруҳ исмли гўдаги бор эди. Сувайба бунгача Ҳамза ибн Абдул Муттолибни ва кейин Абу Салама ибн Абдул Асад Махзумийни эмизган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдул Муттолиб ҳам Бану Саъдлик бир аёлга эмизишга берилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмизувчи оналари Ҳалиманинг қўлида эканликларида Ҳамза розияллоҳу анҳунинг Бану Саъдлик онаси бир куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизади. Шу сабабли Ҳамза розияллоҳу анҳу ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки томонлама — Сувайба ва Бану Саъдлик аёл томонидан сутдош ҳисобланади.

Ҳалима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тарбия қилар экан, бу муборак гўдакнинг баракоти ва шарофатига кўп бора гувоҳ бўлди. Улардан бири Кўксининг ёрилиши…

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллудларининг 4- ёки 5-йилида «Шаққу содр» (кўксининг ёрилиши ва ундан шайтоннинг улушини чиқариб ташланиши) воқеаси бўлиб ўтди. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ўйнаб юрганларида, Жибрийл келиб у кишини ерга ётқизади ва кўкракларини ёриб юрагини чиқариб олади. Юракдан бир қуюқ қонни олиб ташлаб: «Бу шайтоннинг сиздаги улуши эди» дейди. Сўнг тилла тоғорадаги Зам-зам суви билан юракни ювиб, ўнглаб-яхшилаб, кейин жойига солиб қўйди. Болалар онанинг, яъни, Ҳалиманинг олдига югуриб келиб: «Муҳаммадни ўлдиришди» дейишди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қаршилаганларида, у зотнинг ранглари ўзгариб кетган эди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен у зотнинг кўксиларида ўша тикилган ип изларини кўрар эдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 6 ёшларигача оналарининг бағрида яшадилар. Омина эрининг хотирасига вафо қилиб, Ясрибга, унинг қабрини зиёрат қилишга отланди. Маккадан тақрибан 500 км масофага сафар қилар экан, унинг ёнида етим ўғли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, ходимаси Умму Айман ва қаровчиси Абдул Муттолиб бор эди. Омина Ясрибда 1 ой тургач, изига қайтди. Йўлда касалга чалиниб, сафарининг бошларидан дарди оғирлашди ва Макка билан Мадина оралиғидаги Абво деган жойда вафот этди. Каъба соясига Абдул Муттолиб учун тўшак тўшаб қўйиларди. Абдул Муттолиб чиққунга қадар фарзандлари тўшакнинг теварагидан жой олар ва отасининг ҳурмати учун ҳеч бири тўшакка ўтирмас эди. Ўша пайтда ёшгина бола бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, тўшакка ўтириб олардилар. Амакилари пайғамбаримизни тўшакдан четлаштирмоқчи бўлишарди. Агар Абдул Муттолиб буни кўриб қолса: «У ўғлимга тегинманглар. Аллоҳга қасамки, у улуғ одам бўлади!» дер, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёнига ўтирғизиб, елкаларини силар ва қилаётган ишидан қувонар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллудларидан 8 йил, 2 ой ва 10 кун ўтгач, Абдул Муттолиб Маккада вафот этди. Ҳаётдан кўз юмар экан, Абдул Муттолиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарашни Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолибнинг туғишган акаси Абу Толиб ибн Абдул Муттолибга васият қилиб кетди. Мана шундай қилиб пайғамбаримиз амакисининг қарамоғига ўтдилар. Паймғабаримизнинг мерҳибонлиги ва умматларининг ғамларини, ташвишларини амакиси оламдан ўтар вақтиданоқ билинар эди. Мана амакиси учун қайғурган дамлари ҳақида келтирсам.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтинг! Шунда мен Аллоҳнинг ҳузурида бу калимани сизнинг фойдангизга ҳужжат қиламан», дедилар.

Абу Жаҳл: «Эй Абу Толиб, (отанг) Абдулмутталибнинг динидан юз ўгирасанми?» дея такрорлайверди.

Сўнг Абу Толиб: «Мен Абдулмутталибнинг динидаман», деди, «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишни хоҳламади. Бас, Пайғамбаримиз: «Аллоҳга қасам, агар манъ қилинмасам, сиз учун истиғфор айтаман», дедилар. Шунда, Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди: (Бухорий ва Муслимлар ривояти; Мулла Алийюл Қори Ҳанафий, «Ал-фиқҳул акбар» шарҳи.)

«На Пайғамбар ва на мўминлар — агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам — уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир». (Тавба сураси, 113-оят.)

«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила

олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топувчи зотларни яхшироқ билгувчидир». (Қасас сураси, 56-оят.)

Одамларни ҳидоят қилиш фақат Аллоҳ таолонинг измидадир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто охир замон Пайғамбарининг ҳам бу ишга қурблари етмайди. Агар у зот бирор кишини ҳидоят қилиш имконига эга бўлганларида, амакилари Абу Толибни ҳидоят қилган бўлар эдилар. Аммо бунинг имкони бўлмади. Абу Толиб ҳидоятга муяссар бўлмай, дунёдан ўтди. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ афсус чекдилар. («Тафсири Ҳилол», Қасас сураси, 56-оят тафсиридан.)

Бутун коинотнинг Яратувчисини эътироф этмаган, унга иймон келтирмаган инсоннинг қилган яхшилик ва хизматлари қанчалик буюк бўлмасин, қиёмат кунида асло фойда бермайди.

Бунга Абу Толибнинг ҳаёти ёрқин мисолдир. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни гўдаклик чоғларидан бошлаб, 42 йил ҳимоя қилди. Бирор кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зиён етказишига йўл қўймади. Шунга қарамасдан, иймон келтирмагани учун илоҳий раҳматга эриша олмади». (Муҳаммад Айюб Ҳомидов, «Ҳидоят», 2001 йил, 6-сон,21-бет.)

Аббос ибн Абдулмутталиб: «Эй Расулуллоҳ! (Амакингиз) Абу Толибга бирор нарса билан (охиратига) фойдангиз тегдими? Ахир у киши сизни ҳимоя қилар, сиз учун

(душманларингиздан) ғазабланар эди», деб сўради. У зот: «Ҳа! У (амаким) ҳозир дўзахнинг энг саёз қисмидадир. Агар мен(инг шафоатим) бўлмаганида, у киши дўзахнинг тубан жойида бўлар эди», деб жавоб бердилар. (Муслим, Аҳмад, Абу Яъло ва Ибн Асокирлар ривоят қилишган.

Хуллас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беназир камолот сифатлари билан безанган зот эдилар. Парвардигорнинг Ўзи у зотга одоб берган ва одобларини чиройли қилган эди. Аллоҳ таоло у зотни мақтаб: «Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз» (Қалам: 4) деб марҳамат қилган эди. Мана шу улуғ хислатлар у зотни дилларга яқин ва қалбларга суюмли қилган, кўнгиллар унга қараб талпинадиган йўлбошчига айлантирган эди. Хуллас пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 40 ёшида пайғамбарлик йилларидан то Аллоҳ субҳана ва таоло жон омонатларини олгунга қадар Аллоҳнинг амри ва изни ила жуда кўп буюк ишларни амалга ошириб, ер ва осмонлардаги  инс ва жинсларга ибодатни қандай бажаришликни бутун оламларга ўргатиб, Ислом динини ёйиб кетдилар ва катта фатҳ ишларини амалга оширдилар.

Макка фатҳ қилинганида Каъба атрофида 360 та бутсанам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни асолари билан туртиб, бирма-бир ерга қулатдилар. Сўнг бу санамлар у зотнинг амрлари билан Масжидул Ҳаромдан олиб чиқиб ёқиб юборилди. Каъбанинг ичида ҳам бут-санам ва суратлар бор эди. Ҳатто Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломнинг қўлларида азлом ушлаб турган ҳолдаги суратлари бор эди. Бу санам ва суратлар ҳам Фатҳ куни йўқ қилинди. Одамлар бу каби залолатларга шу қадар ботиб кетишган эдики, ҳатто Абу Ражо ал-Уторудий розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Биз бир тошга сиғиниб юриб, ундан кўра чиройлироқ бошқа тош топсак, наригисини улоқтириб, бунисига сиғиниб кетаверардик. Агар тош топилмаса, бир ҳовуч тупроққа эчкини соғиб, лойини қотириб, сўнгра шуни тавоф қилардик. Хуллас, ана шу тарзда ширк ва санамлар ибодати жоҳилият аҳли динининг энг асосий қисмига айланди. Ҳолбуки, улар ўзларини Иброҳим алайҳиссалом динида деб билишарди.

Ўзларини Иброҳим алайҳиссалом динида деб билувчи мушриклар аслида Иброҳим шариатининг кўрсатмаларидан анча йироқ ва унинг гўзал ахлоқларига буткул беэътибор эдилар.

Мен келтирган  бу хислатлар у зотнинг олий сифатлари ва камолот кўринишларидан қисқагина сатрлар, холос. Аслида, у зотнинг улуғ хислатлари ва буюк сифатлари моҳияти идрок этиб бўлмас даражада олий ва тубига етиб бўлмас даражада чуқурдир. Парвардигорнинг нури билан зиёланиб, камолотнинг энг олий чўққисига эришган ва хулқи Қуръонга айланган, борлиқдаги энг буюк бу инсоннинг моҳиятини ким ҳам тўла ёритиб бера оларди?!

Эй пок Парвардигор! Иброҳимга ва унинг аҳли оиласига салавоту раҳмат ёғдирганинг каби Муҳаммадга ва унинг аҳли оиласига ҳам салавоту раҳмат ёғдиргин. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан.

Эй пок Парвардигор! Иброҳимга ва унинг аҳли оиласига хайру баракот ато этганингдек Муҳаммадга ва унинг аҳли оиласига ҳам хайру баракот ато этгин. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан.

Ота ва онамиз сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ!

 

 

 

                                           МУБИНАХОН АББОСХОН қизи таёрлади

                                                     08-12-2015 26-сафар ойи.

Баҳам кўринг

Leave A Reply