Талоқ масаласининг бугунги кундаги долзарблиги
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Талоқ масаласининг бугунги кундаги долзарблиги

Талоқ масаласи ҳар бир киши, оила, жамият ва давлат, бутун инсоният учун муҳим эканини ҳамма билади. Чунки бу амалий ҳаётда ўта муҳим бўлиб, ҳалол ва ҳаромга, оила ташкил қилишга, келажак авлод фарзандларимизнинг дунёга келишига ва унинг тарбиясига боғлиқ масаладир. Шунингдек, у эру хотинларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларга амал қилиш, оилани ташкил этиш, бошқариш, қолаверса, саодатли қилиш билан ҳам боғлиқ масала ҳисобланади. Оилалар жипс, бақувват, бахтли бўлсагина, жамият ҳам жипс, бақувват, бахтли бўлиши ўз-ўзидан аёндир.

Инсоният ўзининг кўп йиллик тарихига эга оилавий муносабатларнинг муқаддаслиги қадим-қадимдан турли халқлар, миллатлар ва элатлар билан бирга бизнинг халқимиз онгига ҳам сингиб кетган. Бу борада муҳтарам 1-Президентимиз Ислом Каримов шундай деган эдилар: “Оила – жамиятнинг негизи. Бизнинг давлатимизни ҳам катта бир оила тушуниш мумкин ва лозим. Бунда ўзаро ҳурмат ва тартиб бўлмаса, оиланинг барча аъзолари ўз бурчларини адо этмаса, бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббат кўрсатмаса, яхши ва муносиб тарзда яшаш мумкин эмас”.

Конституциямизнинг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, дейилган.

Мусулмонлар бошқа ишлар каби оила масаласида ҳам кўнглига келган нарсани, турли бидъат-хурофотларни ёки қандайдир одамлар томонидан ишлаб чиқилган қонун-қоидаларни ўзларига кўрсатма ёки йўлланма деб билмайдилар. Улар бу нозик ишда ҳам ўз Холиқлари, бутун олам тарбиячиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрига, Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий амал қиладилар. Чунки оила илоҳий кўрсатмалар, набавий таълимотлар, дину диёнат, фозил ахлоқ асосида қурилгандагина мустаҳкам ва бахтли бўла олади.

Аллоҳ таоло махфий ва ошкор ишларимни кўриб турибди, қалбимни, тилимни ва аъзоларимни иффатли тутай, деган кишиларнинг оилаларигина саодатли оила бўла олади. Ана шундоқ оилаларгина хотиржам, қарорли, саботли, ҳар турли келишмовчилик ва бадбахтликлардан узоқда бўлади. Шундагина никоҳдан кўзланган олий мақсадга эришилади, олижаноб насллар етиштирилади, башарият муҳофаза қилиниб, унинг софлиги сақланиб қолади.

Никоҳ ва талоқнинг шаръий ҳукмларини яхши билиш эру хотинларни турли хато, келишмовчилик ва кўнгилсизликлардан сақлайди. Никоҳ ва талоқнинг шаръий ҳукмларини билмаслик эса турли бахтсизликларга, келишмовчилик, уруш-жанжал, оила бузилиши, болаларнинг сарсон-саргардон бўлишига ва, ниҳоят, жамиятнинг ҳам заифлашувига олиб келади.

Ҳозирги кунда бутун дунёда оилаларнинг бузилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бизнинг давлатимизда қайд этилган никоҳлар сони йилдан-йилга ортиб бораётган бўлса ҳам, оилавий ажримлар сони ҳам кам эмас. Ҳозирда мамлакатда 7 миллион 560 мингга яқин оила мавжуд. Ҳар йили 250-300 минг янги оила барпо бўлмоқда. 2016 йили Ўзбекистонда 275 минг нафар жуфтлик турмуш қурдилар. Ажримлар сони эса 30 мингни ташкил қилди. Аксарият ажрашганлар 20-25 ёш атрофидаги ёшлар. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ажрашиш ҳолатларининг 18 фоизи оиладаги келишмовчиликлар, 22 фоизи ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворларнинг тўғри келмаслиги, қолганлар эса фарзандсизлик, эр ёки хотиннинг касаллиги, йигитларнинг ичкиликбозликка берилиб кетиши оқибатида келиб чиққан.

Талоқ, ажрашиш – хунук иш, кўнгилсиз ҳодиса, лекин агар шу иш бўлмаганда ёки ҳаром бўлганда баъзи мусулмонларнинг оилалари эр-хотин жанжаллари, келишмовчиликлар билан ҳақиқий “дўзах” бўлар, эр (хотин) зино қилиб, юзкўрмас бўлиб кетар эди.

Бошқа динларда талоқ масаласига рухсат берилмаган. Шунинг учун бўлса керак, ўзга динларга эргашувчи давлатларда турмуш қурган кишилар сони кам. Никоҳланган инсонларнинг ярми ажрашишади, бошқа тоифа эса эр-хотин сифатида яшамасдан зино қилиб яшаб юраверишади.

Маълумки, ўзбек оилаларида ажралишлар миқдори бошқа миллатлар, масалан, рус оилалариникига қараганда икки марта кам (статистика маълумотларига қараганда, Россия Федерациясида ҳар икки оиладан биттаси ажралади. Ажрашишларнинг аксари 18-35 ёшлардаги инсонларга тегишли). Лекин ҳар бир ажралишган оилага тўғри келадиган болалар сони 2-2,5 мартага кўп.

Давлатимизда ажримларнинг кўпайиб кетиш сабабларига никоҳгача бўлган омиллар таъсир этади. Булар – эркак ва аёлларнинг эрта никоҳга кириши ёки никоҳга кеч кириш, хотин ёшининг эрдан катта бўлиши, хотиннинг олий маълумотли, эрнинг эса ўқимагани, тўлиқ бўлмаган оилада тарбия топиш, ота-оналарнинг никоҳга салбий муносабати.

 Талоққа сабаб бўлувчи никоҳ давридаги омиллар эр-хотиннинг спиртли ичимликлар истеъмол қилиши, маънавий мулоқотда эр ва хотин хулқининг тўғри келмаслиги, бир-бирини қўллаб-қувватламаслик, жинсий муносабатлардан қониқмаслик, оилага ота-онанинг салбий муносабати ва бошқалардан иборат.

Аксарият ҳолларда ажралиш сабаби таҳлил қилинганда қуйидаги асосий сабаблар келтирилади:

-   характерлар мос тушмаслиги;

-   ўзга шахснинг аралашуви (хиёнат);

-   қўполлик;

-   моддий қийинчилик;

-   ичкиликбозликка берилиш;

-   ота-онанинг ноўрин аралашуви;

-   эр ёки хотиннинг ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиши ва шу орқали ўз мажбуриятларини эсдан чиқариши бугунги кундаги энг долзарб сабаблардан.

Ажралишлар кўплаб нохуш ҳодисаларга олиб келади. Жумладан, нотўлиқ оилалар сонининг ортиши, болалар ва ўсмирлар ўртасида қонунбузарликнинг кўпайиши, педагогик назоратсиз қолган болалалар сони ортиши, ёлғизлик, собиқ эр-хотинлар ва қариндошларнинг ўзаро муносабатлари ёмонлашуви кабиларнинг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир ўғил ва қиз турмуш қуришга ҳар томонлама тайёр бўлиши, никоҳ, талоқ ва оила ҳуқуқлари тўғрисида етарлича маълумотга эга бўлиши шарт.

Никоҳ қурган эр ва хотин эса Аллоҳ, оила, ота-она ва жамият олдидаги ўз бурчу вазифаларини тўлиқ ўрганиб, адо этишлари лозим.

Хадичаи Кубро ўрта махсус

Ислом билим юрти 4-курс талабаси

Бадриддинова Рисолат

Мавзуга оид мақолалар
Ўсмирлик жавобгарликнинг бошланиши биринчи мақола   Уйда чақалоқ дунёга келиши кутилар экан, масъулиятли давоми...

10:56 / 10.08.2018 4197
Истамбулдаги бошқармаси директори ўринбосарининг Риа Новостига хабар беришича, давлат бу қурилишда давоми...

14:02 / 14.12.2016 2566
Биз Muslimaat.uz ходим ва ходималари «Islom.uz» портали ходимлари Озод Мунавварга ва оила аъзоларига холаларининг давоми...

00:43 / 13.12.2016 2352