Таҳоратнинг фарзи, суннатлари, мустаҳаби.

0 2 601

 Таҳоратнинг фарзи.

Бизнинг тилимизда «Таҳорат» деб ўрганиб қолинган маълум ва машҳур нарса арабчада «вузуъ» дейилади.

«Вузуъ» сўзи луғатда «гўзаллик» ва «ялтираш» маъносини билдиради.

Шариатда эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти ила баъзи аъзоларни ювишга вузуъ – таҳорат деб айтилади.

Фарзнинг таърифини аввал ўрганганмиз. Бунга қўшимча равишда айтишимиз лозимки, фарз бажарилмаса, унга боғлиқ амал ҳам қилинмаган ҳисобланади. Мисол учун, таҳоратнинг фарзларидан бирортаси бўлмай қолса, таҳорат ҳам бўлмайди.

 Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матнни ўрганишга киришайлик.

«Таҳоратнинг фарзи юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача, икки қўл ва икки оёқни чиғаноқлари ҳамда тўпиқлари билан ювмоқ. Бошининг тўртдан бирига ва соқолидан башарасини тўсиб турганига масҳ тортмоқдир».

Шарҳ: Демак, таҳоратнинг фарзи тўртта экан.

1. Юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача ювмоқ.

Бу ердаги ювишдан мурод аъзодан камида икки қатра томадиган даражада сувни ўтказиш ёки қуйишдир.

Аъзоларни бир марта ювмоқ фарздир.

Юзнинг узунасига бўлган чегараси пешонанинг соч ўсган жойидан жағнинг остигачадир. Юзнинг кўндаланги­га чегараси бир қулоқнинг юмшоқ жойидан иккинчи қулоқнинг юмшоқ жойигачадир.

Икки лабнинг ва буруннинг уст қисмлари ҳам юздан ҳисобланади. Қош, киприк, мўйлаб, юздаги қиллар, пастки лабнинг ўртасига чиқадиган жунлар ва соқолнинг юздаги қисмини ювмоқ ҳам фарздир.

Аммо соқол ўта қалин бўлса, тагига сув етказиш фарз эмас. Соқолнинг осилиб турадиган қисмини ювиш фарз эмас.

  2. Икки қўлни чиғаноқлари билан ювмоқ.

Қўлни ювишни бармоқ учларидан бошлаб чиғаноқда тугатилади. Бармоқларнинг бурушган жойларини ва бармоқнинг учини тўсиб қоладиган тирноқларнинг остини ювмоқ ҳам фарздир. Терига ва тирноқларга сув етишини тўсадиган ҳар бир нарса – бўёқми, лакми ёки яна бошқа бир нарсами – кетказилиши фарз.

Бармоқдаги узукни қимирлатиб тагига сув етказиш лозим.

  3. Икки оёқни тўпиқлари билан ювмоқ.

Оёқни ювишни бармоқ учларидан бошлаб тўпиқда тугатилади.

4. Бошининг тўртдан бирига масҳ тортмоқ.

«Масҳ» ҳўлланган қўлни бирор аъзога суртишдир. Қўлнинг ҳўли сув идишидан, бирор аъзони ювгандан қолган сувдан бўлиши мумкин. Аммо масҳ тортгандан қолган ҳўллик бўлса, мумкин эмас. Масҳни бир марта тортиш кифоя қилади.

Шунингдек, соқол ўта қалин бўлса, унга ҳам масҳ тортилади. Соқол сийрак бўлса, юзга қўшиб ювилиши маълум ва машҳур.

Тоҳаратнинг фарзлари қуйидаги ояти каримадан олинган:

 Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:

«Эй иймон келтирганлар, намозга турган вақти­нгизда юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқларигача ювинг, бошларингизга масҳ тортинг ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювинг)», деган (6-оят).

  ***

  Таҳоратнинг суннатлари.

 Унинг суннатлари: тасмия айтмоқ ва икки қўлини русғларигача уч марта ювмоқ ила бошламоқ. Мисвок қилмоқ. Оғзини ва бурнини сув ила ювмоқ. Соқолини ва бармоқларини тахлил қилмоқ. Ювишни уч мартадан қилмоқ. Бошининг ҳаммасига бир марта ва икки қулоғига у(бош)нинг суви ила масҳ тортмоқ. Ният қилмоқ. Тартибли қилмоқ. Кетма-кет қилмоқ.

Энди ушбу зикри келган суннатларнинг тафсилоти ва ҳужжату далиллари билан танишиб чиқайлик.

  1. Тасмия айтмоқ.

«Тасмия» сўзи «Бисмиллаҳ»ни айтишни англатади. Демак, таҳорат қилишни «Бисмиллаҳ»ни айтиб бошлаш суннатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундоқ қилганлар. Қолаверса, у Зот алайҳиссалом ўзларининг бир қанча ҳадисларида бу ишни қилмоққа тарғиб этганлар. Биз ўша ҳадислардан бирини мисол тариқасида келтирамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Таҳорати йўқнинг намози йўқ. «Бисмиллаҳ»ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Уламоларимиз бу ҳадиси шарифдаги «Бисмиллаҳ»ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ» дейилгани, «таҳоратининг камоли йўқ», дегани, дейдилар. Бу – араб тили қоидаларида, хусусан, ҳадиси шарифларда бор нарса.

Шунга биноан, «Бисмиллаҳ»ни айтмай тоҳарат қилган одамнинг таҳорати комил бўлмайди, яъни савоби тўлиқ бўлмайди.

Уламоларимиз, агар таҳоратнинг аввалида «Бисмиллаҳ»ни айтишни унутиб қўйса, эслаган вақтида айтади, дейдилар.

 2. Икки қўлини русғларигача уч марта ювмоқ ила бошламоқ.

«Русғ» сўзи арабча бўлиб, билак билан кафтнинг қўшилиш бўғинидаги бир оз туртиб чиқиб турадиган суякка айтилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни ҳам доимий равишда қилганлар ва бир қанча ҳадисларда уни қи-лишни таъкидлаганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин. Чунки бирортангиз ҳам қўли қаерда тунаганини билмайди ёки қўли қаерда айланганини билмайди», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда уйқудан туриб, таҳорат қилмоқчи бўлган одам таҳорат қилишдан олдин сув бор идишни энгаштириб ёки бирорта кичик идиш билан олиб уч марта қўлини ювиб ташлаши суннат экани баён қилинмоқда.

Шу билан бирга, бу ишнинг нима ҳикматга биноан жорий қилингани ҳам баён этиляпти. Одам уйқусида қўли қаерларга борганини, нималарни ушлаганини идрок эта олмайди. Эҳтимол, нопок нарсаларни ушлаган бўлиши мумкин. Бинобарин, сувга биринчи бўлиб қўли уриладиган ва бошқа аъзоларини ювадиган бўлгани учун аввал қўлини ювиб олиши яхши бўлади.

Шу мулоҳазага биноан, нафақат уйқудан турган одам, балки ҳар бир таҳорат қилувчига аввал қўлини уч марта ювиб олиши тавсия қилинади.

Ҳанафий уламолари поклиги гумон бўлган нарсани уч марта ювиш зарурлигини мана шу ҳадисдан олишган.

  3. Мисвок қилмоқ.

Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни доимо қилганлар ва бошқаларни ҳам мисвок қилишга тар­ғиб этганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим», – дедилар».

Имом Молик ва Бухорий ривоят қилишган.

Бизда «мисвок қилиш» деб ишлатиладиган истилоҳ тишни ишқалаб ювиш маъносидадир. Ўша вақтда маълум бир буталарнинг, аниқроғи эса арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган.

Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олсак бўлади.

  4. Оғзини ва бурнини сув ила ювмоқ.

Оғизни ва бурунни ювишни бизда «чайиш» дейиш одат бўлиб қолган. Бу ишни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо қилганлар ва бир қанча ҳадисларида алоҳида таъкидлаганлар.

Толҳа ибн Мусаррифдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар. Уч марта оғизларини ва бурунларини чайдилар. Ҳар марта янги сув олдилар».

Тобароний ва Абу Довуд ривоят қилишган.

  5. Соқолини ва бармоқларини таҳлил қилмоқ.

Таҳлил қилиш бармоқларни бир-бирига ёки соқолга киритиш билан бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таҳорат қилсалар, кафтларига сув олиб, жағлари остига киритар ва у билан соқолларининг орасига сув етказар ва «Роббим мени шундоқ қилишга амр қилган», дер эдилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг ривоятида:

«Қачон таҳорат қилсанг, икки оёғинг ва икки қўлинг панжалари орасига сув етказ, дер эдилар», деб келган.

  6. Ювишни уч мартадан қилмоқ.

Бу ҳукм Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдан олинган:

«Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига таҳорат ҳақида сўраб келди. Бас, унга уч марта-уч мартадан кўрсатдилар. Сўнгра:

«Таҳорат мана шундоқ, ким бундан зиёда қилса, батаҳқиқ, ёмон қилибди, ҳаддан ошибди ва зулм қилибди», – дедилар».

Насаий, Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Яъни таҳорат – мана шу, мен кўрсатгандек, бундан зиёдаси мумкин эмас. Ким зиёда этиб, уч мартадан ошириб юборса, ёмон иш қилган, шариатнинг чегарасидан чиққан ва ўзига зулм қилган бўлади, дедилар.

Шундан таҳоратда аъзоларни уч мартадан ортиқ ювмаслик кераклиги кўринади.

7-8. Бошининг ҳаммасига бир марта ва икки қулоғига у(бош)нинг суви ила масҳ тортмоқ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига ва икки қулоқлари ортига ва ичига масҳ тортдилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Бу ҳадисда эса бошга масҳ тортиш вақтида икки қулоққа ҳам масҳ тортилиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан собит бўлгани айтилмоқда. Унда икки кўрсатгич бармоқни қулоқларнинг ичига тиқиб туриб, улар билан қулоқнинг ич томони, икки бош бармоқ билан эса уст томони масҳ қилинади.

Фуқаҳолар ўз китобларида бу ишни айнан ушбу ҳадисга суяниб васф этишган. Фақат улар кўпчиликка осон бўлсин учун, ҳадисни тўлиқ айтмасдан, қилиниши лозим бўлган ишни айтиб қўя қолганлар, холос.

9. Ният қилмоқ.

Таҳорат қилишдан олдин уни ният қилмоқ ҳам суннатдир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир», – дедилар.

Икки Шайх ривоят қилишган.

Бунда бетаҳоратликни кетказишни ёхуд таҳоратсиз адо этиб бўлмайдиган ибодатни қалб ила қасд қилинади. Ниятни тил билан айтиш мустаҳабдир.

10. Тартибли қилмоқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо тартибли равишда, таҳоратнинг амалларини бирини олдинга, бошқасини кейинга сурмай қилганлар. Ояти каримада таҳорат қандай васф қилинган бўлса, ўша тартибда бўлган. Оятда зикр қилинмаган амалларнинг тартибини ҳам бузмай таҳорат қилиш суннатдир.

Тартибнинг вожиб эмаслигига фуқаҳоларимиз қуйидаги далилни келтиришган:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, жунубликдан ғусл қилаётган одамнинг жасадидан баъзи ерига сув тегмай қолиши ҳақида сўради.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўша ерни ювади. Сўнгра намоз ўқийди»,– дедилар».

Тобароний ривоят қилган.

11. Кетма-кет қилмоқ.

Таҳорат қилган киши бир аъзосини ювгандан кейин бошқасини ювишни ҳам орага бегона ишни қўшмай ювишини «кетма-кет» деб тушунмоғимиз лозим. Таҳоратни қилиб бўлиб, оёқни ювишни бошқа жойга, мисол учун, уйга кириб ювишни «кетма-кет қилмаслик» деб тушунилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат амалларини доимо кетма-кет қилганлар. Аҳёнда бу ҳолатга амал қилинмагани ҳақида ҳам ривоят бор.

Имом Молик Нофеъ розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳу бозорда таҳорат қилиб, оёқларини масжидга кириб ювганлар ва саҳобалар бунга инкор қилмаганлар.

Нофеъдан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Умар бозорда таҳорат ушатди. Сўнгра таҳорат қилди. Юзи ва икки қўлини ювди ҳамда бошига масҳ тортди. Кейин масжидга кирганида жанозага намоз ўқиш учун даъват қилинди. У икки махсисига масҳ тортди ва жаноза намозини ўқиди».

Молик ривоят қилган.

***

Таҳоратнинг мустаҳаби.

Ўнгдан бошламоқ ва бўйинга масҳ тортмоқ.

«Мухтасар»нинг муаллифи ижтиҳоди бўйича, таҳоратнинг юқорида зикр этилган мустаҳаб амали бор. Бошқа ҳанафий уламолар аъзоларни ювганда ўнг тарафдан бошламоқни суннат амал деганлар. Нима бўлса ҳам, таҳорат қилувчи шахсни бу ишга алоҳида тарғиб қилинади. Бунинг аҳамиятини далил сифатида келтирилаётган қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам поклансалар, покланишларида ҳам, тарансалар, таранишларида ҳам ва ковуш кийсалар, ковуш кийишларида ҳам доимо ўнгдан бошлашни жуда яхши кўрар эдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам покланишларида ҳам ўнг томондан бошлашни жуда яхши кўрганликлари ҳақида гап боргани учун уни бу бобда келтирилмоқда. Демак, таҳоратда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларида иложи борича ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар. Таҳоратларида ҳам, таранишларида ҳам, оёқ кийим кийишларида ҳам».

Бухорий ривоят қилган.

Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхшилик, эҳтиром, хайр маъносидаги бир нарсани олиш ёки бериш, ичиш, ейиш, кийиш, ювиш каби ишларни ўнг қўл билан қилар ва ўнгдан бошлар эдилар.

Таҳоратда бўйинга масҳ тортмоқ мустаҳаб эканига далил қуйидагича:

Абулҳасан Ибн Форис Ибн Умардан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким таҳорат қилиб, бўйнига икки қўли ила масҳ тортса, қиёмат куни ғулдан сақланади», – дедилар».

Уламоларимиз таҳорат борасида келтирган ҳамма ҳадис ва асарларни ўрганиб, тартибга солсак ва таҳорат одобларига, бу борадаги қоидаларга назар ташласак, бу ибодат ҳақидаги улкан ҳақиқатни яна ҳам тўлароқ тушуниб етамиз.

 

Баҳам кўринг

Comments are closed.