«Тафсири Ҳилол»нинг қайта нашри тақдим қилинди

0 1 044

«Тафсири Ҳилол»нинг қайта нашри тақдим қилинди

Бугун, шаъбон ойининг 17 куни, «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб «Тафсири Ҳилол» асарининг қайта нашри тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимига юртимизнинг дин арбоблари, аҳли илмлар, диний идорамизнинг масъул ходимлари, имом-хатиблар, толиб илмлар ҳамда кўпгина азиз меҳмонлар ташриф буюрдилар.

Маросимни «Хожа Аламбардор» жомеъ масжидининг имом-хатиби Ҳусайнхон Яҳё олиб борди. Қуръони Карим тиловатидан сўнг дуолар қилингач, тадбир қатнашчиларини табрик қилиш учун дастлабки сўз Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси фатво бўлимининг мудири Абдулҳамид Турсунга берилди. Абдулҳамид домла бугун тақдим қилинаётган асарнинг улкан аҳамияти ҳақида сўзлаб, сўнг Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг табрикларини етказдилар.

Шундан сўнг Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид сўз олиб, юртимизда тафсир илми ҳамда она тилимизда тафсирлар яратиш тарихи ҳақида маъруза қилдилар.

Шундан сўнг бугунги тақдимотнинг асосий мавзусига навбат берилди. Шайх ҳазратларининг фарзандлари, ношир Исмоилжон Муҳаммад Юсуф «Тафсири Ҳилол»нинг ёзилиш тарихи, унинг бугунги нашри ҳақида сўзладилар:

* * *

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 Қуръонни инсоният учун қиёматгача боқий ҳидоят маёғи, барчани ожиз қолдирувчи баёни ва икки дунё саодатига элтувчи дастурул амал қилиб нозил этган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!

Қуръонни Роббул оламиндан қабул қилиб олган, уни бутун оламларга омонат ила етказган, ҳам ўқишни, ҳам уқишни ўргатган, ҳаётга тамомила татбиқ этиб кўрсатган севимли Пайғамбаримиз, Аллоҳ таолонинг ҳабиби Муҳаммад Аминга энг пок ва энг юксак салавоту дурудлар бўлсин!

Имом Муслим ва Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳимо Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини ривоят қиладилар: «Сизларга икки нарсани қолдирдим. Уларни маҳкам тутсангиз, зинҳор залолатга кетмайсиз. Улар – Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг суннати».

Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламои киромларнинг вазифаси ҳам асри саодатдан то қиёматга қадар айнан ушбу илоҳий омонатни – Қуръон ва Суннатни халққа етказиш бўлиб келган ва келмоқда.

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, ушбу улкан масъулиятни шараф ила адо этган уламоларнинг вакили бўлган падари бузрукворимизга ҳам ана шундай улуғ хизматни насиб этди. Устозимиз ҳам халқимизга Қуръон ҳамда Суннатни етказдилар.

Бугун қайта нашри сиз азизларга тақдим қилинаётган «Тафсири Ҳилол» шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Қуръонни етказишдаги улкан меҳнатлари маҳсули бўлса, «Ҳадис ва ҳаёт» туркуми Суннати набавийяни етказишдаги фидокорона хизматлари бўлди.

Ҳазрат Қуръон ва Суннатни ўрганиш ва ўргатиш борасида яна бошқа қатор асарлар ҳам ёзганлар, бироқ «Тафсири Ҳилол» халқимизнинг қалб тўридан муносиб ўрин олиб, у кишининг шоҳ асарлари бўлиб қолди.

Замонамиз уламоларининг эътироф қилишича, «Тафсири Ҳилол»нинг яратилиши халқимизнинг маънавий ҳаётида, Ватанимизнинг тарихида улкан воқеа бўлди. Аввало, бу асар Мовароуннаҳрда тафсир ёзиш анъанасининг қайта тикланиши бўлди. Қолаверса, бу асар давр тақозоси билан она тилимизда ёзилган илк тафсирлардан бири бўлди. Шунингдек, «Тафсири Ҳилол» чоп этилиши юртимизда нафақат тафсир илмининг, балки умуман диний адабиётнинг қайта тикланишига туртки бўлди. Бундан ташқари, «Тафсири Ҳилол»нинг дастлаб «Шарқ» нашриётида, сўнг «Ҳилол-нашр» матбаасида чоп этилиши юртимизда матбаачилик, муқовасозлик соҳаларини ҳам ривожлантириб юборди.

Аммо «Тафсири Ҳилол» асарининг энг муҳим, энг асосий самараси салкам бир аср давом этган мустабид тузум даврида динидан, тилидан, китобидан маҳрум бўлаёзган халқимизнинг ўзликка қайтиши, диний қадриятларини англаши ва илоҳий масдар – Аллоҳнинг Каломи билан ўз она тилида танишиши бўлди.

Муаллиф ҳазратлари ушбу тафсир «жаҳолат зулматида янги ойдек порлаб, маърифат ёғдусини сочсин» деган умидда яхши ният билан «Ҳилол» деб ном қўйган эдилар. Алҳамдулиллаҳ, орзулари ушалиб, бугунги кунда ҳилол атрофида юзлаб илму ирфон юлдузлар ҳам порламоқда.

«Тафсири Ҳилол» асарининг яна бир ўзига хос жиҳати, муҳим хусусияти унинг муқаддимасидир. Ушбу муқаддимадан динимиз Ислом ҳақида, унинг дастури Қуръони Карим ҳақида комил ва шомил маълумотлар ўрин олган. Муқаддима ўқувчини Қуръони Карим билан таништиради, уни ўқиш, англаш ва ундаги илоҳий кўрсатмаларга амал қилишга ундайди. Шу боис, муаллиф Қуръон ўқиш инсоннинг умридаги энг савобли, энг баракали ва энг фойдали фаолиятнинг ибтидоси деб атайди. Ушбу тафсирни ўқишни оддий фаолият эмас, балки Роббул оламиннинг каломини ўқиш, Қуръони Карим оятларининг маъносини ўқиш, илоҳий дастурнинг тафсирини ўқиш эканини таъкидлаб, бундай улуғ иш учун алоҳида ҳозирлик, ҳиммат, ғайрат, эътибор ва саъй-ҳаракат зарурлигини айтади. Зеро, Каломуллоҳни биринчи бор Аллоҳ таолодан қабул қилиб олган зот, Аллоҳ таолонинг каломига энг биринчи рўбарў бўлган зот, Каломуллоҳни инсониятга етказган зот – севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каломуллоҳнинг бошқа каломлардан фазли Аллоҳ таолонинг барча махлуқотларидан фазличадир», деганлар.

Аллоҳ таоло ушбу китоб орқали Ўзининг каломи шарифига ошно бўлишни насиб этгани улкан ва беназир саодатдир. Бинобарин, тафсир ўқисак, дунёдаги энг улуғ, энг муқаддас, энг пок, энг баракотли китобни ўрганаётган бўламиз.

Муаллифнинг Қуръонга бўлган чуқур муҳаббати ила йўғрилган ушбу тафсир китобхонларимизга ана шундай тақдим қилинган.

Биз ҳам ўз навбатида «Тафсири Ҳилол»нинг қайта нашрини халқимизга чуқур ҳаяжон билан, мамнуният билан тақдим этар эканмиз, сиз азизлардан падари бузрукворимизнинг ҳақларига холис дуоларда бўлишингизни сўраймиз. Ҳазрат бу китобнинг қайта нашрини ниҳоятда илҳақлик билан кутаётган эдилар, қалбларининг туб-тубидан отилиб чиққан самимий дуоларида Каломуллоҳнинг маъноларини сиз азизларга тезроқ етказишни сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилар эдилар. Алҳамдулиллаҳ, бугун ушбу дуолари ижобат бўлиб турибди.

Устозимизнинг Қуръонга муҳаббатлари ниҳоятда кучли эди. Шу боис, бу улуғ неъматни яқинларига, шогирдларига, мухлисларига ҳам раво кўриб, барчани Қуръон ўқишга, уни ўрганишга, тадаббур қилишга, унга амал қилишга чақирар эдилар. Аҳли Қуръонларни ниҳоятда яхши кўрар эдилар, Қуръонга ошно бўлган толиби илмларга қўлларидан келган ҳар қандай ёрдамни аямас эдилар. Халқимиз шайх ҳазратларининг бу хизматларини муносиб тақдирлади. У кишининг вафотларидан буён бир кун ҳам тинмаётган хатми Қуръонлар сўзимизнинг исботидир. Фурсатдан фойдаланиб, падари бузрукворимизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилаётган, хатми Қуръон қилиб, савобини бағишлаётган барча азизларимизга ўз номимдан, оиламиз номидан чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.

Бисмиллаҳир‑Роҳманир‑Роҳим


Роббишроҳ ли содри, ва яссир ли амри, ваҳлул уқдатам мил лисани, яфқоҳуу қовли (Амин!)
Беҳисоб ҳамду саноларим Аллоҳга
Салоту саломларим Расулуллоҳга.
Азизлар!
Ушбу кунда буюк олимимиз, барчамизнинг устозимиз, миллатимиз фахри Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазралари — Падари Бузрукворим раҳимаҳуллоҳнинг таълифларидан бири бўлмиш «Тафсири Ҳилол» асарини сиз азизларга тақдим қилиш бахтига муяссар бўлиб турибмиз, Аллоҳга шукрлар бўлсин. Ҳазратимнинг таълифлари ичида «Тафсири Ҳилол» шоҳ асар ҳисобланади. Сабаб — аввало у Аллоҳ таолонинг Каломининг маънолари бўлгани, қолаверса, бу илмий мероснинг дунёга келиши ўзига хос тарих, алоҳида ҳолатга эга бўлганидир.
Тарихдан маълумки, машҳур таълифотлар ютуғининг сири унинг яратилишидаги муаллифининг руҳияти, маънавий ҳолатидаги ўзгачалик бўлган. Имом Моликнинг ҳадис айтиш учун алоҳида таҳорат олиб, безаниб ўтиришлари, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» асаридаги ҳар бир ҳадисни ғусл қилиб, икки ракъат истихора намози ўқиб, сўнг китобга киритишлари, Имом Замахшарий ўзларининг машҳур тафсирларини битишларида Каъбаи Муззама қўшнилигида бўлиб, «Жоруллоҳ» лақабини олганлари, Имом Марғилонийнинг «Ҳидоя» асарини бошлаб ниҳоялагунларича рўзадор бўлишлари, Имом Сарахсийнинг Ўзгандаги зиндонда ҳанафий мазҳабини ёддан баён қилгани ва бу баёнлари кўп жилди Мабсут номли йирик асар бўлиб дунёга келгани ва ҳоказо каби мисоллар бисёр.
Тафсири Ҳилол ҳам ана шундай ўзига хос муҳит, ўзига хос ҳолатда бинога келган бир асардир!
Асар муаллифи ҳам дин йўлида, илм йўлида қалам тебратишларидан аввал Аллоҳ таолонинг зикрига шўнғиб, Ўзига илтижолар қилар, Ўзидан мадад сўрардилар. Ҳар гал бу муборак хизматга киришишдан аввал мукаммал таҳорат олар ва икки ракъат намоз ўқирдилар. Бу ҳолат у киши учун доимий одатга айланган эди. Шогирдларига ҳам доим шуни таъкидлар эдилар.
Муфассиримиз «Тафсири Ҳилол» дунёга келар пайтида оғир синовларга учрадилар. Пайғамбарларга чин ворис бўлмиш бу буюк олимни Аллоҳ таоло Ўз бандалари ичидан расулларни танлаб олганидек, танлаб олиб, фитналардан қутқарди ва муборак хизмат сари йўллади.
Дунёдан жафо кўрган муфассир ундан буткул юз ўгириб, Аллоҳ таоло томон юзландилар ва ўзини У Зотга топширдилар. Иброҳим алайҳиссаломдек: «Албатта, мен Роббим сори борурман, ҳали У мени ҳидоят қилади», Мусо алайҳиссаломдек: «Ажаб эмаски Роббим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса» дедилар.
Жаҳолат босган дунёдан юз буриб, гўё «таҳаннус» ибодатини қилароқ Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолишни ихтиёр этдилар ва ўз «ғор»ларига — хилватхоналарига бош урдилар. Мана шу пайт «ғор»да нур порлади, ҳа «Тафсири Ҳилол» нури!
Падари Бузркуворим дастлаб ушбу тафсирнинг 28, 29 ва 30 чи (саналари имкон бўлса) жузларини ўз юртларида битиб, нашр қилган эдилар. Зотан Қуръони Карим тафсирини тўла нашр қилиш нияти бурундан бўлган эди. Айни фурсат келганини англаб етиб, Қуръони Карим тафсирини тамомига етказиш учун тездан ишга киришдилар.
У кишининг хилватхоналари ўта содда бўлиб, унда биргина тўшак билан кичик ва эски бир хонтахтадан бошқа нарса йўқ
эди. Асарни битиш учун оддий ручкалар дастаси ва энг содда чизиғдор варақлар тўплами келтирганлар. Эгниларида эса одми сурпдан тикилган яхтак-шалвар. 

Шундан сўнг асар котиби қаттиқ режага тушадилар. Аҳолиси одатда тушгача ухлайдиган бу диёрда таҳажжудга турган бўйи ухламайдилар. Атроф сукунат босиб, оромга кетган пайтда ёлғиз ўзлари ишлайдилар ва бу одатни ҳеч қачон тарк этмайдилар. Ишдан фақат ибодатга нидо келган пайтда узиладилар ва беш вақт намозга жамоатга қатнайдилар. Таомланишда ҳам вақтни тежайдилар. Тез-тез таомланиб, хилватхонага равона бўладилар. Душанба ва пайшанба кунлари тавоф қиладилар. Ташқарига фақат намоз ва тавоф учун чиқадилар. Тафсир бўйича фикр алмашиш мақсадида баъзи олимларнинг зиёратига боришларини ҳисобга олмаганда, бошқа пайт ташқарига чиқмайдилар. Ҳузурларига келган меҳмонлар ҳам иш тартибини буза олмайди. Дунё ғавғога тўлса ҳам, бурилиб қарамайдилар. Дунё ишларидан сўз айтмайдилар. Чунки у киши бу оламни ташлаб, бошқа бир оламга — Илоҳий оламга, Каломуллоҳ оламида саёҳат қиладилар. Ҳаттоки ҳамхоналари, оилаларини ҳам сезмай яшайдилар. Таналари улар билан, аммо қалбан, руҳан Аллоҳ ва Унинг каломи билан бўладилар. Оила даврасида ўтирган озгина муддатда ҳам қалблари бошқа нарса билан банд бўлади.
Дунёга назар солгилари келмайди. Ўз хилватларидан бир зум ҳам ажрашни хоҳламайдилар. Хилватхонадаги бойлик, иймон ҳаловати, Қуръони Карим нури ва мўжизаларини ҳеч нарсага алишмайдилар.
Ўша энг оддий варақлар нурга тўла бошлайди. Ручкани кўп ишлатганларидан уни босиб турувчи бармоқ суяги бироз қийшаяди, қадоқ чиқади. Варақлар тўлаверади, қаламлар тугайверади…
Бу ҳолат эътикофни ҳам эслатарди. Ибодатдан бошқа барча нарса бир четга сурилган, эътикоф еридан фақат жамоат намози ва зарурий ишлар учун чиқилади холос.
Ҳазрат ўша кезлари: «Дунёга қарасам бошқа ҳаёт, Қуръонга қарсам бошқа», деб кўп айтардилар. У киши бу ҳолатдан қийналардилар, инсонлар Яратувчилари буюрган тарзда Қуръоний ҳаёт кечиришларини жуда-жуда истардилар.

Мана шундай қилиб «Тафсири Ҳилол» дунёга келди. Унгача оиламиз ҳам бирор нарсага эҳтиёжманд бўлмади. Қуръони Каримни нозил қилган Зотнинг Ўзи ризқларимизни мўл-кўл қилиб, барча шароитни муҳайё қилиб берарди. Илоҳий риоят яққол сезилар, кароматлар зоҳир бўлар эди. Зотан Падари Бузрукворим забони ҳол билан Қуръони Каримда зикр қилинган «мўмин банда»нинг илтижосини қилардилар: «Ишимни Аллоҳга топширдим. Албатта, Аллоҳ бандаларни кўриб тургувчидир».
Ҳа, Тафсири Ҳилол шундай асар! Аллоҳ таолодан бу муборак тафсирнинг барчага манфаатли бўлиши ва тоабад дилларга Қуръони Карим нуру ҳидоятини таратиб боришини насиб айлашини, Ҳазратимни Ўз раҳматига олишини сўраб қоламан.
Вас-саламу алайкум ва роҳматуллоҳ!

Ҳазратимизнинг юртимизнинг, Ватанимизнинг, халқимизнинг, бутун дунёдаги мусулмонларнинг ҳаққига қилган барча дуолари ижобат бўлсин, китобсевар, ҳақсевар халқимизга «Тафсири Ҳилол»нинг навбатдаги нашри муборак бўлсин!

Аллоҳ таоло устозимизнинг барча садақаи жориялари қаторида ушбу хизматларини ҳам ҳусну қабул айлаб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!

У зотнинг улкан илмий меросларини халқимизга етказишда Ўзи мададкор бўлсин!

«Тафсири Ҳилол»нинг навбатдаги нашрини тақдим қилар эканмиз, муаллифнинг ушбу дил сўзларини эслатиб ўтишни лозим топдик:

Ушбу иш аввало, Аллоҳ таолонинг мадади ила амалга ошганини яна бир бор таъкидлаб, У Зотга ҳамду санолар айтаман.

Айни пайтда, бу улуғ, хайрли ишни амалга оширишда ёрдам берган барча-барчага чексиз миннатдорчилик билдираман. Тафсир ўқувчиларимиздан ҳам ул азизларнинг ҳақларига ғойибона дуо қилишларини умид қиламан.

Аллоҳ таолонинг тавфиқи ила сиз муҳтарамларга «Тафсири Ҳилол»нинг навбатдаги нашрини тақдим этмоқдамиз. Бу нашрни тайёрлашда аввалги тажрибалар, кўпчиликнинг фикр-мулоҳазалари ва ўқувчиларнинг тайёргарлиги ҳисобга олинди, қўшимчалар киритилди. Умуман, ҳар тарафлама қўлдан келганича асарни яхшилашга ҳаракат қилинди. Шу билан бирга, бу иш мукаммал даражада бажарилди, дейиш даъвосидан йироқмиз. Зеро, баркамоллик Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир.

Мазкур омиллардан келиб чиқиб, муҳтарам ўқувчилардан ушбу сатрларда бир яхшилик топсалар Аллоҳдан, камчилик ва хато топсалар, биздан деб билишларини сўраймиз.

Сўзимизнинг якунида сиз азизлардан волидаи меҳрибонимиз ҳақларига ва хусусан, биринчи устозимиз – отамиз Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақларига дуолар умидида эканимизни ҳам айтиб ўтишни лозим деб биламан.

Ва, ниҳоят, бу ишнинг иссиқ-совуқларини бирга татиб, доимий ҳамдард бўлиб, ишлаш учун ҳамма шароитларни муҳайё қилган барча оила аъзоларимизга чексиз миннатдорчиликлар изҳор этаман.

Аллоҳ таоло ушбу камтарона амални ўз даргоҳида қабул этсин. Ҳаммамизни ҳидоятда собитқадам қилсин.

Ва охирги дуомиз оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин, демоқликдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

* * *

Ушбу таъсирли, самимий хотиралар барча тўпланганларнинг қалб тўрига етиб борди. Мажлис аҳли мазкур ҳаяжонли хотиралардан ниҳоятда мутаассир бўлиб, кўз ёшларини тия олмадилар. Шайх ҳазратларининг укалари, у зотнинг дин хизматларида кеча-кундуз ҳамроҳ, ҳамдам бўлган ёрдамчилари Муҳаммад Амин домла ҳам ушбу тафсирни ёзиш ҳазратимизнинг миллат вакили бўлиш арафасидаги халқ олдида берган ваъдалари бўлганини, ушбу ваъда Аллоҳ таолонинг инояти ила шараф билан адо этилгани ҳақида сўзладилар.

Шундан сўнг давра аҳлига дил изҳорлари айтиш таклиф қилинди. Юртимимзнинг етакчи уламоларидан бири Салоҳиддин домла сўзга чиқиб, «Тафсири Ҳилол»нинг нақадар беназир, ноёб дурдона асар экани, ушбу асар муаллиф раҳматуллоҳи алайҳга Аллоҳ таоло берган иқтидор, имконият ва неъмат экани ҳақида тўлқинланиб сўзладилар.

Тадбирни якунлашдан аввал Ҳусайнхон Яҳё бугунги маросимдан ўрин олган яна бир хайрли тадбирни эълон қилдилар:

«Азизлар, «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси олти жилдлик «Тафсири Ҳилол»нинг мазкур нашрини Сиз азизларга имкон қадар тезроқ етказиш мақсадида жуда катта жонбозлик кўрсатди. Ушбу нашрни шаъбон ойида якунлаб, уни ўзига хос Рамазон туҳфаси ўлароқ тақдим этиш ниятида барча нашриёт ходимлари, босмахона жамоаси кунни кун демай, тунни тун демай меҳнат қилишди. Биргина китобни нашрга тайёрлаш қанчалик кўп меҳнат талаб қилишини кўпчилигимиз биламиз. Аммо ҳар бири 600 бетдан ортиқ ҳажмли олти жузнинг матнини тайёрлаш, уни таҳрир ва тасҳиҳ қилиш, ояти карималарни жойлаштириб чиқиш, сўнг саҳифалаш, қоғозга чоп этиш – буларнинг барчаси ҳар бир ходимдан юксак маҳорат ва катта куч-ғайрат талаб қилади. Босмахонада эса чоп этилган саҳифалар тахлаш, буклаш, кесиш, саралаш, тикиш, сўнг тайёр китобни муқовалаш босқичларини босиб ўтади. Қўлингиздаги муҳташам китоб ана шундай сермашаққат меҳнат маҳсулидир.

Хулуси ният билан қилинган ана шундай фидокорона меҳнат туфайли «Тафсири Ҳилол» қисқа муддатда тайёрланиб, чоп этилди. Шу муносабат билан «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси «Тафсири Ҳилол»нинг қайта нашрини чоп этишда иштирок этган барча азизларимизга барча китобхонлар, барча юртдошларимиз номидан миннатдорчилик билдиради».

Нашриёт ҳамда босмахона меҳнат жамоасига фахрий ёрлиқлар ҳамда янги чоп этилган олтин жилдлик «Тафсири Ҳилол» тўплами тақдим қилинди, шунингдек, бир неча меҳмонларимизга алоҳида ҳадялар берилди.

Тақдимот маросими ушбу муносабат билан адо этилган хатми Қуръон ила якунланиб, хайрли дуолар билан ниҳоясига етди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб «Тафсири Ҳилол» асарининг қайта нашри тақдимоти ҳақида видеолавҳа тез кунларда эътиборингизга ҳавола қилинади.

Баҳам кўринг

Leave A Reply