Табассум қилинг азизлар!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!

Расулини бандаларининг карамли ахлоқини тугал қилиш учун юборган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Гўзал хулқлари ила умматларига ўрнак бўлган Ҳабибимизга дуруду салавотлар бўлсин!

Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг гўзал одатлари бор эди. У киши сафардан қайтгач, таассуротларини барча билан баҳам кўрар эдилар.

Бир гал ҳазрат Америка сафаридан келдилар, сўнг мулоҳазалари орасида ушбуларни айтдилар: «Уларда бир яхши одат бор экан. Кўча-кўйда, жамоат жойларида мутлақо бегона кишилар ҳам кўзи кўзига тушиб қолса, дарров табассум қилар экан. Бундай қилинмаса, одобсизлик, маданиятсизлик ҳисобланаркан. Менга шу одат жуда ёқди-да».

Кейинчалик баъзи Оврупа давлатларига бориб келганларида ҳам шунга ўхшаш таассуротларни айтиб берган эдилар.

Падари бузрукворимизнинг бу сўзларини ёдга олар эканман, ўзимга савол бера бошлайман. Табассум аслида суннат эмасми? Нега энди мусулмонлар қолиб, бу суннатга ғайридинлар қойилмақом қилиб амал қилмоқдалар?

Не ҳасратки, нафақат табассум масаласида, балки динимизда бор бўлмиш кўпгина хойротлардан мусулмонларнинг ўзлари қолиб, бошқа диндагилар баҳраманд бўляпти! Мусулмонлар кўра-била туриб, ўзларини шундай улуғ имтиёздан, бахту саодатдан маҳрум қилмоқдалар. Ғайридинлар биздан яхши амалларни олаётган бўлсалар, биз эса, аксинча, улардан бўлмағур одатларни олиб, уларга тақлид қилиб юрибмиз.

Яна бир савол: айнан мана шу суннатга, яъни табассумга қай даражада амал қиламиз? Майли, бошқа юртдаги мусулмонларни эмас, ўз ватандошларимизни бир ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик.

Тасаввур қилинг, бугунги кунда, шу юртимизда бир бегона одамга кўзингиз тушиб қолди-ю, унга табассум ҳадя қилдингиз. Аввало у бир чўчиб тушади, тўғрими? Сўнг уёқ-буёғи бир қараб, уст-бошини текшириб олади. Кейин сизга «Тинчликми?!» деган савол назари билан қарайди. Шунчаки табассум қилганингизни билгач эса, «Ақли жойидами?» дегандек мийиғида заҳарханда қилади. Асаби бузуқроқ одам бўлса, «Ҳа, нимага тиржаясан?» деган гапни ҳам кутаверинг.

Энди яқинларимизга нисбатан-чи? Бу ерда ҳам шу аҳвол. Айниқса, эр-хотин бир-бирига табассум қилишда жуда ҳушёр бўлишади. Гўё унга ҳақдор бўлиш бир мартаба-ю, унча-мунча жидду жаҳдсиз бундай мукофотга эришишнинг имкони йўқдек. Шунинг учун бехос инъом этилган табассумнинг сабаби бесўров қолмайди. Наҳот жилмайиш аслида эвазсиз ҳадя қилинишини, уни ҳадя қилганга ажр-савоб борлигини билмасак? Наҳот Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг сертабассум зот бўлганларини унутган бўлсак?!

Келинг, бу ҳақда билмаганимизни билиш, унутганимизни эслаш учун баъзи ҳадисларни ёдга олайлик.

Абу Заррдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродарингнинг юзига табассум билан қарашинг ҳам садақадир», дедилар.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулгилари фақат табассумдан иборат эди. У зотга қарасанг, кўзларига сурма суртилганми дер эдинг. Ҳолбуки, сурма бўлмасди».

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган бирор кишини кўрмадим».

Оиша онамиз айтадилар:

«У зот аёллари билан холи қолганларида энг мулойим, карамли, серкулги ва сертабассум киши бўлардилар».

Жарирдан ривоят қилинади:

«Мусулмон бўлганимдан буён қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта юзимга табассум билан қараганлар».

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оишадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларини катта очиб кулганларини кўрмаганман. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо табассум қиларэдилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдинги беморликларида одамларга Абу Бакр намоз ўқиб берар эди. Душанба куни одамлар намозда сафланиб турганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очиб, бизга қарай бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди. Сўнгра у зот табассум қилиб, кулимсирадилар. Абу Бакр у зот чиқиб, имом бўладилар деб ўйлаб, сафга қўшилиб олиш учун ортига тисарилди. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан «Намозингизни тугатаверинг», деб ишора қилиб, пардани туширдилар. У зот ўша куни вафот этдилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қанчалик сертабассум бўлганлар! Масжидда саҳар чоғларида жамоат ичида бўлсалар ҳам табасум қилганлар. Дуо орасида ҳам табассум қилганлар. Аҳлларидан эса табассумларини асло аямаганлар. Пайғамбаримизга яқин бўлган кишилар у зотнинг сертабассум бўлганларини, доимо табассум қилганларини таъкидламоқдалар. Ҳаттоки ҳаётларининг сўнгги лаҳзаларида ҳам табассумни тарк этмаганлар.

Биз-чи? Оддий авом халқ қолиб, ҳаттоки бироз илми борларнинг юзида ҳам табассум кўрмаймиз. Улар олим одам виқорли бўлиши керак, деган гапни табассумни тарк этиш, қовоқни уйиб олиш деб тушуниб олишган. Ваҳоланки табассум виқорга зид нарса эмас. Чунки виқорда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етадиган киши бўлмаган. Лекин у зот виқорли бўлиш билан бирга сертабассум ҳам бўлганлар, демак жилмайиш, табассум қилиш виқорни кетказмайди.

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мадҳ ва наът айтувчи нашидчиларимиз ҳам у зот ҳақларида куйлаётганларида кўпинча табассум қилмайдилар, аксинча, гўё марсия айтаётгандек, маййит билан видолашаётгандек, юзларини ғам қоплаб олади. Наҳот юқоридаги ҳадисларни ўқиган киши жилмаймаса? Наҳотки Сарвари оламни тасаввур қилиб, у зотнинг муборак табассумлари таъсирида юзи қувончдан ёришмаса? У зотга муштоқликдан кўзлари порламаса? Нашид айтаётган одам айнан шундай ҳолатда бўлиши керак эмасми? Бундай пайтда ҳис-туйғуларимиз ҳам зоҳир бўлиши керак-ку!

Эй Муҳаммад уммати! Аллоҳ таоло сизга берган неъмату имкониятларни бошқаларга улашишдан аввал ундан ўзингиз ҳам баҳраманд бўлинг! Уни фақат бошқаларга бериб юборманг! Ҳабибингизнинг сифатлари билан сифатланинг, у зот қилган амалларни бажариш кўпроқ сизу бизнинг бурчимиз! Ҳар бир суннат амалдан бир дунё хайр-баракот бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат табассум қилиш билан кифояланмас эдилар, балки барчамизни шунга тарғиб ҳам қилардилар. Шояд шу гўзал амал туфайли орамиздаги ғиллу ғашлар камайса! Шояд, қалбларимиз улфат бўлса!..

Аллоҳтаоло барчамизга Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишни,хулқларимиз гўзал бўлишини, доимо табассум қилиб юришни насиб айласин! Омин!

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Хабар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси давоми...

10:30 / 07.02.2018 2348
gallery linkfile columns4 ids25971,25972,25973,25974,25976 Bintu Sodiq МУСОБАҚА ЯКУНЛАНДИ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Жорий йилнинг 26 давоми...

05:45 / 01.03.2017 4686
 Ҳикоя қилишларича, бир камбағал киши ҳайит кечаси кўчаларни кезиб юриб, кўп одамларни гўшткабоблар еб давоми...

15:43 / 02.01.2017 3247
САВОЛ Бир дўстим бир қизга уйланмоқчи, бироқ отаонаси бунга қарши. «Агар ўша қизга уйлансанг. сени оқ давоми...

12:00 / 16.10.2016 3003