Сувли муолажалар

0 1 808

Сувли муолажалар билан ҳам кўпгина касалликларни даволаш мумкин. Фақат инсоннинг ўзида бунга озгина ихлос ва ишонч бўлиши керак. Сувли муолажаларга қуйидагилар киради:

— чашма (душ) қабул қилиш ёки устингиздан сув қуйиш, турли хил ванналар (иссиқ, совуқ, илиқ, оёқлар, қўллар, кўз учун, ўтириб қабул қилинадиган ванналар, парли, доривор ўтлар ва минерал моддалар билан қилинадиган ванналар), компресслар; қаттиқ, дағал мато-сочиқ билан ювиниш.

1.Устингиздан сув қуйиш ёки чашма (душ) қабул қилиш: «контраст душ».
Организм касалликлар билан ҳолсизланган вақтда аввалига илиқ, аста-секинлик билан совуқроқ ва янада совуқ сув билан сув қуйишнинг фойдасини ҳеч кандай бошқа муолажа боса олмайди.

Аввалига оёқ учлари тиззагача олди ва орқасидан 3-4 марта, кейинроқ болдир, тос соҳаси, бел, кўкрак қафаси, қўллар, бошнинг устидан совуқ сув қуйишга баданни ўргатиш лозим. Тананинг устки қисмига сув қуйганда совуқ сув пастгача бормаслигига аҳамият беринг. (Тоғорага эгилиб, бош ёки кўкрак қафаси ёки қўлларга алоҳида совуқ сув қуйилади).

Бу муолажа ревматик оғриқлар, бош айланиши, бошдаги оғриқлар, қон босимининг турли паст-баланд ўзгаришлари, уйқусизликка ҳам яхши ёрдам беради, вужудни чиниқтиради.

2. Компресслар. Қорин соҳасига компресс: ошқозон соҳасида оғирлик, қорин дам бўлиши ва газ тўпланишида, ичак оғриқларида қилинадиган муолажа бўлиб, дағал материални илиқ сув билан ҳўллаб, қоринга қўйилади ва устидан иссиқ, табиий жундан қилинган кўрпа 45-60 минутга ёпиб қўйилади.

Орқа курак соҳасига қуйиладиган компресслар: мушак оғриқлари ва остехондроз касаллигида қўлланилади. Ҳўлланган дағал материалли чойшаб солинади, устига ётилади ва табиий жундан қилинган ёпинғич билан яхшилаб ўраниб, 45-60 мин. ётилади.

Олд ва орқа кўкрак қафасига бир вақтда қўйиладиган компресс: юқорида кўрсатилгандек ётилиб, кўкрак қафасига ҳам шундай материалдан қўйиб, иссиқ кўрпага ўралиб, 45-60 минут ётилади.

Бадандаги мушак ва суяк оғриқлари, ҳарорат кўтарилиши, кайфиятнинг бесабаб тез-тез ўзгариб туриши, қоринда газ тўпланиши, климакс ҳолатларида яхши ёрдам беради. Компрессларни кунда 2-3 мартагача қайтариш мумкин.

3. Ванналар:
а) оёқ ванналари. Оёқ фалажи ва мушак, суяк оғриқлари, нейроциркулятор дистония, стресс ва қон босимининг ортиши ҳолатларида яхши ёрдам беради. Совуқ сув билан қилинган оёқ учун ванналар қон босимини туширади, организмга тонус беради.

Илиқ сув билан қилинган оёқ ванналари ревматизм касаллиги, бод, очиқ яралар ва мушак эзилишида яхши натижа беради. Ванна сувига турли хил доривор ўсимликлар: исириқ, майдаланган узум новдалари, райҳон, мойчечак, ялпиз, минерал тузларнинг солиниши касалликларда яхши ёрдам беради. Ваннани 15-20 минутдан 30-40 минутгача қилиш мумкин;

б) ярим ва тўлиқ ванналар: давомийлиги ярим минутдан 3 минутгача. Сувда оёқнинг тиззасигача тик туриб ванна қилиш, сув ичида тиззада ўтириб болдирлар билан қўшиб олинадиган ванна, сув ичида ўтириб қорин ва бел сув ичида бўлиши билан қилинадиган ванна.

Бундай ванналар совуқ сув билан қилинади ва организмнинг яхшилаб чиниқишига ёрдам беради, гинекологик касалликлар, уйқусизлик, невроз касалликларида ёрдам беради.

Тўла совуқ сув ванналари ҳам давомийлиги 3 минутгача олиниб, давомли узоқ вақт қабул қилинганда организмнинг тонусини кўтаради, касалликларга қарши курашиши қобилиятини оширади, терини тозаланишига ва ёшаришига олиб келади.

Илиқ сув билан ўтириб қабул қилинган ванналар бавосир касаллиги, ичак касалликлари, ошқозон ҳазми заифлашганда ёрдам беради. Маъданли ва доривор ўсимликли тўлиқ ванналар фақат шифокор кўригидан кейин қабул қилинса, тўғри бўлади;

в) тананинг турли қисмлари учун ванналар: бош учун қилинадиган ванна ― қаттиқ бош оғриғида 1 минут совуқ сув, 7-8 мин илиқ сув билан қабул қилинади. Қўл ва тирсак оғриқларида илиқ сув билан 3-15 минутгача ванна қилиш мумкин. Кўз ванналари совуқ ва илиқ бўлиши мумкин. Кўзниниг кўриш қобилиятини яхшилайди ва кўриш аппарати мускулларини кучлантиради.Улар қуйидагича қабул қилинади. Юзни сувли идишга ботириб, 15 секунд кўзни очилади, бу ҳолат 4-5 мартагача қайтарилади. (давоми бор)

Рано Тожибой қизи тайёрлади

Баҳам кўринг

Comments are closed.