Суннатдан узоқлашмайлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муборак динимизда тўғри йўлда бардавом бўлиш, ҳаётимизни тартибга солиш учун барча қонун-қоидалар белгилаб қўйилган. Бу йўл-йўриқларнинг катта қисми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида мужассамдир. Аллоҳ таоло Ўз Китобида шундай деб марҳамат қилган:

«…Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар…» (Ҳашр сураси, 7-оят);

«Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Шундай экан, «Суннатга етарлича амал қила оляпмизми?», «Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан умид қилишга ҳаққимиз борми?» деган савол туғилади. Бугун орамизда суннатга амал қилишга интилаётганлар, суннатга амал қилишни етарлича билмайдиганлар ва ҳаттоки «суннат» сўзининг асл моҳиятини англаб етолмаган инсонлар ҳам бор. Аслида эса кундалик ҳаётимизда суннатга амал қилиш ҳар биримиз учун зарурат бўлиб, кўринганидек қийин иш ҳам эмас. Фақат бунинг учун бироз вақт ажратиб, ўқиб-ўрганиш, изланиш керак бўлади. Таомланиш, уйқуга ётиш ҳамда уйғониш, кийим кийишда ва шу каби кундалик жараёнларда амал қилиш керак бўлган суннатларни аста-секинлик билан ўзлаштириб олсак, бир кунда қанчадан-қанча ажрларга, шу билан бирга Аллоҳ таоло ва суюкли Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муҳаббатларига сазовор бўлишимиз мумкин.

Ҳозирги замонимизда суннатни ҳаётга татбиқ қилиш учун қуйидаги амалий тавсияларни айтиб ўтамиз:

  1. Ўқинг, изланинг.

Суннатга эргашиш учун, аввало, уни билиш, ўрганиш керак. Бироқ ўрганаётган манбангизга жиддий эътибор беришингиз зарур, зеро эргашмоқчи бўлган нарсангиз севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир, кимлардир ўйлаб топган бидъат ва хурофотлар эмас. Имконингиз бўлса, бирор ишончли устоз топинг.

Шунингдек, қўшимча манбаларни ишга солинг. Мисол учун бугунги кунда интернет тармоғида кўпчилик машҳур уламолар ёки нашрлар давомли равишда фойдали илм бериб борадилар (кундалик ҳадислар, Қуръондан эслатмалар, суннат асосидаги маслаҳат ёки тавсиялар). Имконингиз бўлса, улардан бирига аъзо бўлишингиз мумкин.

Унутманг, асосийси фойдаланаётган манбангиз ишончли бўлсин!

  1. Яхши дўстлар ахтаринг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга дўстимизнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутишидан сабоқ берганлар. Зеро, ҳар доим ёнингда бўладиган киши тафаккурингга, ҳаёт тарзинга таъсирини ўтказиши турган гап.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши маҳшаргоҳга дўстининг динида келади, бас, ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин”, дедилар».

Атрофингизга сизга суннатни ёдга солиб турадиган инсонларни тўпланг. Инсон табиатан тақлидчи бўлади. Суннатга эргашиб амал қиладиганлар билан бирга бўлиш сизни улар каби бўлишга ундайди.

  1. Одатга айлантиринг.

Суннатни одатга айлантириш учун ўзингизга хос услубни белгилаб олинг. Бунинг учун аввало бир суннатни ўрганасиз, кейин суннат учун олинадиган ажрни қўлга киритасиз, сўнгра ўзингиз учун мана шу суннатни сизга доимий эслатиб турадиган бир белгини белгилаб оласиз.

Мисол учун уйқудан аввал таҳорат олиб ётишни одат қилмоқчисиз. Ҳар тун ётишдан аввал таҳорат олиш – суннат.

Бу суннатнинг фазли ҳақида гаплашсак.

Баро ибн Озиб дедилар:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўринга ётадиган бўлсанг, намозга таҳорат олганингдек таҳорат олгин. Кейин ўнг ёнинг билан ётгин, сўнгра «Аллоҳумма асламту важҳий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжаъту заҳрий илайка роғбатан ва роҳбатан илайка, ла малжаъа ва ла манжа минка илла илайка. Аллоҳумма аманту би китабикаллазий анзалта ва бинабиййикаллазий арсалта», дегин! Агар шу кечада вафот этсанг, дини Исломда, Иброҳим миллатида вафот этган бўласан».

Одатга айлантирамиз: ётишдан аввал энг охирги қиладиган ишимизни аниқлаб оламиз. Мисол учун тиш ювиш. Буни ўзимизга белги қилиб таъкидлаб оламиз, токи ҳар гал кечқурун ётишдан аввал тишни ювгач, таҳорат олишни эслаб қолайлик.

  1. Суннатни вазифаларингизга татбиқ қилинг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жамиятда турли хил вазифаларни бажарганлар, деб айтсак бўлади. У зот мусулмон жамиятининг раҳбари, жуфти ҳалол, ота, муаллим, қўмондон, давлат арбоби бўлганлар.

Ҳаётдаги вазифаларингизни бажаришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олинг. Масалан, агар ўқитувчи бўлсангиз, у зотнинг муаллимлик фаолиятларини ўрганинг ва ишингизга татбиқ қилинг.

  1. Кўринарли эслатмалардан фойдаланинг.

«Ва эслатгин. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур» (Ваз-зарият сураси, 51-оят).

Инсондаги кўриш билан боғлиқ хотира жуда муҳим роль ўйнайди. Замонавий дунёда кишилар бундан ўз манфаатлари учун етарлича фойдаланмоқдалар. Бунинг мисолини атрофимизда тўлиб ётган рекламаларда кўришимиз мумкин. Шундай экан, сиз ҳам мазкур имкониятингиздан ўз манфаатингиз учун фойдаланинг. Амал қилмоқчи бўлган суннатингизни уйингиз ёки ишхонангиздаги кўринарли жойларга эслатмалар билан ёзиб қўйинг. Буни оддий қисқа ифодаланган жумлалар ёки инфографика орқали қилиш мумкин.

Бу суннатга амал қилиш учун баъзи тавсиялар, холос. Излаган имкон топади. Аллоҳ таоло барчамизга ҳаётда суннатга эргашиб яшашни, шу орқали Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришишни насиб этсин.

 

Инглиз тилидан таржима

Productivemuslim.com

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим  1.Ниятнинг бузуқлиги ва шуҳратпарастлик Киши бир ишга киришишидан аввал ўша давоми...

07:22 / 31.01.2017 5321
embedhttpswww.youtube.comwatchvXY4P0PPGsXkfeatureyoutu.beembed

17:07 / 02.07.2017 2787
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳини таниганимга ҳали энди тўрт йилдан бироз ошди. Ўша давоми...

01:34 / 03.02.2017 4464
Модомики, инсоннинг қадриятлари яхши ахлоқ ва олижаноблик устига қурилмас экан, бу инсонлар ҳеч қандай давоми...

16:00 / 03.08.2019 3044