Эҳтимол бу сен учун охирги Рамазондир..

0 1 086

 Тез кунларда кириб келадиган Рамазон ойини кутаётган Мусулмон юртларга назар ташлаган одам бизларнинг бугунги кундаги Рамазонни кутиб олишимиз билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳобларнинг кутиб олишлари ўртасида катта фарқни кўради.

Қалб бармоқларга афсус-надоматлар билан йўғрилган сўзларни имло қилади, бармоқлар эса уларни кўз ёшлари сиёҳи билан ёзади, қалб бугунги фитналардан эзилиб адо бўлади.
Салаф солиҳлар олти ой «Эй Аллоҳ, бизни Рамазонга етказгин» деб, дуо қилишар, Рамазонга етишсалар ибодатда қаттиқ тиришар, яна олти ой «Эй Аллоҳ, биздан Рамазондаги амалларимизни қабул эт», деб дуо қилишар эди.
… Бу улуғ ойда жин-шайтонларнинг занжирбанд қилиниши, уларга бор имконларини ишга солиб ёрдам берадиган инс-шайтонларига оғир келгани боис, Аллоҳнинг динини ўзларига душман билиб, унга қарши Рамазон ойида уруш эълон қиладилар.
Рамазон ойи киришидан бир неча кун аввал бозорга ва катта савдо дўконларига борсангиз, одамларнинг турли-туман озиқ-овқат ва ичимликларни сотиб олаётганларининг гувоҳи бўласиз. Гўёки улар Рамазон ва тақво ойига эмас, уруш ва очарчиликка тайёргарлик кўришмоқда.
Улар дунёдаги миллионлаб оч-яланғоч мусулмонларнинг ҳолларини хаёлларига ҳам келтирмайдилар! Оҳ! Азиз меҳмоннинг ғафлатдаги қавм олдидаги аламларига. Қани энди улар унинг қадрига етсалар, ҳеч бўлмаса унинг қадрини билсалар! Кечаларни бедор ўтказадиганлар қани?! Рўза одобларига амал қиладиганлар қани?! Тун зулматларида жонбозлик кўрсатадиганлар қани?!
Рамазон ойи собиқийн-ҳақиқий мусобақачилар майдони, содиқлар ўлжаси ва мўминлар хушнудлиги. Рамазоннинг кеча-кундузлари Замон боши узра тождир, аҳли мўмин унинг хайротларини ғанимат билсин!
Ғафлатидан уйғонган, эҳтиёт чорасини кўрган, бугунидан эртасига захира олган бандага жаннат бўлсин!
Ҳой, Рамазон ойидан ғафлатда қолган, кўзингни оч!
Ҳой, беҳуда сўзлагувчи, тилингни тий!
Ҳой, телеканаллар, уятсиз саҳифалар (сайтлар) ботқоғига ботган одам, сенга нима бўлди?!
Рамазонга етиш неъматларнинг энг улуғи. Қанча-қанча дўстларни ўлим ўз домига тортди. Бир кун бўлсада рўза тутсам, бир кеча бўлсада қиём қилсам деб, қон йиғлаган, юраклари эзилган касаллар билан қанча-қанча каравотлар тўлиб тошди. Ва лекин… «…улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг ўртаси тўсиб қўйилди» (Сабаъ: 54)
Ҳозирги замондаги кўпчилик мусулмонлар рўзанинг ҳақиқатини англаб етмайдилар. Улар рўзадан мақсад, фақат саҳардан то шомгача емоқ-ичмоқ ва жимоъдан сақланишгина деб ўйлайдилар. Улар Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсалардан тийилиб, У ҳаром қилган нарсалар билан ифтор қиладилар. Мана бу — шом азонини эшитган пайтда «чанқоқ кетди, томирларга сув югурди ва ин ша Аллоҳ ажр собит бўлди» деб дуо қилиб, орқасидан сигарет тутатган одамнинг рўзасида нима маъно бор?!

Кундузи билан рўза тутиб, намоз ўқиб, садақа бериб, Қуръон ўқиб ҳасанотлар жамлаган, кейин эса туни билан шаҳватларининг қулига айланган, ётиб олиб телевизор томоша қилган ёки интернет саҳифаларининг энг расволарини варақлаган одамнинг қилмишларида тақво нима қилсин!
Қанча рўзадор бор, унинг рўзасидан ҳиссаси очлик ва чанқоқлик!
Қанча қоим (тунда намоз ўқувчи) бор, унинг қиёмидан улуши бедорлик, холос!
Ривоят қилинишича Ҳасан ибн Солиҳ – зоҳид ва тақводор киши бўлган. Унинг бир чўриси бўлган экан. Уни кимлардир сотиб олибди. Тун ярим бўлгач чўри янги хожасининг ҳовлисида қичқира бошлабди: Ҳой, одамлар, намоз! намоз! Уй аҳли қўрқиб уйғонибдилар ва нима гап? Бомдод бўлдими?, деб сўрашибди.
— Ие, сизлар фақат фарз намозларни ўқийсизларми? деб, ажабланибди. Тонг отгач чўри Ҳасан ибн Солиҳнинг ҳузурига бориб, «сиз мени ёмон одамларга сотибсиз, улар фақат фарз намозларни ўқирканлар ва фақат фарз рўзани тутишар экан, илтимос, мени қайтариб олинг», деди. У чўрини қайтиб олди.
Мен мана шу сўзларни ёзар эканман ҳижолатдан ер ёрилсаю ерга кириб кетсам, чунки мусулмонлар ичида таровеҳ ва хатм Қуръонларни қўйинг, ҳаттоки фарз намозларни тарк қиладиганлар бор! Намоз ўқимасдан рўза тутган одамнинг рўзаси бир пул.
Ҳой, умрини иймонни кемирувчи ишлар билан зое қилувчи!
Ҳой, фойдалардан юз ўгириб, зиёнга юз тутувчи, тавба қилиш пайти келмадими?! Қайтиш ва зорланиш фурсати етмадими?!
«Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган Ҳақ — Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими?» (Ҳадид: 16)
Тақводорларнинг қалблари бу ойга талпинади, ундан ажралиш аламидан инграйди… Ғафлатнинг чеки борми?!

Эй, шаҳватлар ва шубҳаларнинг қуллари! Эй, ўйин-кулги ва форум-чатлар қуллари! Эй, телевизор ва каналлар қуллари! Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?! Нега сизлар Рамазон ойида ҳалол ва ҳаромни танимайсизлар?! Эй, Рамазонга етиб келган, бироқ ундан юз ўгирган инсон… Ўзинг учун нажот ва кечирим кафолатини олдингми?! Қуръон ойи ва дўзахлардан озод қилиш ойи кетиб қолишидан олдин, сен бу хорлик уйқусидан уйғонармикинсан?!

Эҳтимол бу сен учун ОХИРГИ РАМАЗОНДИР!

Эй, ўзига зулм қилган, нафсини ҳавосига эргаштирган ғўр банда, ана, Рамазон эшик қоқмоқда, сен унда иймонингни янгила ва унда гуноҳларингни юв.
Аллоҳга қасамки, бу бебаҳо фурсат ва улуғ неъмат. Агар сен, «ЙЎҚ!» десанг, таҳорат қил сўнг тўрт бор такбир айтиб ўзингга ўзинг жаноза ўқи. Ана энди сен ўликсан!

Эй Ражабда гуноҳларга тўймаган инсон
Шаъбонда ҳам Роббисига тек қилган исён
Сенга кириб келди шаҳри Рамазон
Сен уни айлама шаҳри ғалаён

Эй яхшилар олға босинг! Эй ёмонлар доғда қолинг! Эй Аллоҳим, бизларни йиллар давомида Рамазонга етказ ва бизларни унда Дўзахдан озод бўлган қулларинг қаторида қил!

Шодий Саййид Ахмад

Баҳам кўринг

Comments are closed.