Собиқ модел қизнинг эътирофи

0 555
Мисс К. «I Got It Covered» лойиҳасида ҳижобга кириши унинг дунёқарашини қандай ўзгартириб юборгани ҳақида айтиб берди.

Ҳеч қачон “жозибасиз” сўзини хушомад (комплимент) бўлишини ўйлаб кўрмаган эканман. Ҳижоб тушунчаси ўзим ва атрофимдаги дунё ҳақидаги тушунчаларимни остин-устун қилиб ташлади.

Эсимда, рўмол ўрашимдан олдин мен “Американинг навбатдаги топ-модели” номлик машҳур телешоунинг ашаддий мухлиси эдим. Мен моделлар каби қадам ташлашни, мос рангли кийим танлашни ва “назар билан жилмайишни” ўргандим. Ўзимни номзод қизларга ўхшатишим осон эди, чунки маркетинг факультети толибаси бўлганим учун, моделлардан одатда маҳсулот рекламасида фойдаланилишини билар эдим. Улар ҳам ўзини энг машҳур дизайнерларга ва бошқа компанияларга сотишни ўрганадиган маркетинг агентларига ўхшарди. Бир кичкина ҳодиса менинг қарашларимни тамоман ўзгартириб ташлади.

Танлов иштирокчиларини фотосессия учун кийинтиришмоқда эди. Моделларнинг бирига кийиши лозим бўлган либос ёқмади. Либос унинг услубига (стил) тушмас эмиш. Оқибатда фотосессия охирига етмади ва муваффақиятсизлик учун ҳакамлар ўша модел қизга айб қўйишди. “Сен моделсан, сенинг фикринг бу ерда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Сенинг ишинг – кийиниш ва ўзингни кўрсатиш”. Бу воқеанинг гувоҳи бўлиб, ҳайрат ичида қолдим. Бу нима, шуҳрат ва гўзаллик бадалими? Сенинг шахсий сифатларингга, фикрингга, билим даражангга бефарқ бўлганлар учунми ўзимни кўрсатиш?»Мен бу стандартлар бўйича бошқа юрмайман», деб ўзимга ваъда ҳам бердим. Уйдан бўянмай чиққанимда ўзимни ноқулай ҳис қилганимни, оддий, кенг кийимда ўзимни модадан ортда қолгандек сезганимни эслайман. Мен зўр кун учун энг зўр кўйлагимни танлаш учун, одамларга ёқаётганимга ишонч ҳосил қилиш учун эрта туришга ўрганган эдим. Вақт ўтгач, қарши жинс вакилларининг эътиборларини ўзимга қаратаётганимни тушундим.

Аста-секин ташқи кўринишимга оид мақтов-хушомадлари жонга тега бошлади. Мен жисмим, ташқи кўринишимдан ҳам кўра кўпроқ нарса эканимни англадим. Мен ўзимни бошқача қиёфада кўрсатишни истар, мени ёзувчиликка, боғдорчиликка, график дизайнга бўлган муҳаббатим, француз адабиётига, Осиё маданиятига ва дунё пазандачилик анъаналарига қизиқишим орқали танишларини хоҳлардим. Энг муҳими: Асл моҳиятимни акс этадиган тарафидан, яъни муслима эканимни билишини истадим. Рўмолга ўранишим менга бошқача гўзаллик концепциясини ўргатди. Мен гўзаллик бутун дунёга кўрсатилиши керак, деган ишонч билан вояга етган эдим. Вақт ўтиши билан қимматбаҳо марваридлар чиғаноқларида қандай яширилган бўлса, муслималар ҳам худди шундай ҳимоя мақсадида рўмол ўрашини тушуниб етдим. Бу фақат нуқтаи назар масаласидир.

Ўша вақтдан бошлаб кўпчиликка остин-устун бўлиб кўринган дунёда яшашни бошладим. Рўмолим қанчалик узун бўлса, ўзимни шунчалик гўзал ва ҳимояланган ҳис қилар эдим. Мен уйда ўзим, ота-онам, дугоналарим ва бошқа яқинларим учун безанаман. Мен ҳали ҳам модани яхши кўраман, бироқ у менинг эътиқодимга мос бўлиши керак. Очиғини айтсам, “жозибасиз” деб аталишга қарши эмасман, чунки ҳижобнинг мақсади ҳам ортиқча жалб қилдирмасликдир.

Одамларда ҳижобга турли хил қараш бор. Мен учун ҳижоб – бу гўзалликнинг бошқача таърифланиши, дунёга бошқа кўз билан қарашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисда шундай деганлар: «Албатта, сен Аллоҳ таоло учун нимани тарк этсанг, Аллоҳ унинг ўрнига сенга хайрлироқ нарса беради» (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Мени Ўзининг тўғри йўлига бошлаб, менга тўғри ҳаёт тарзини насиб қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Энди мен ўзимни ва бошқаларни кўпроқ қадрлай бошладим. Одамлар билан бўлган муносабатларда мен учун уларнинг ирқи, миллати ёки ташқи кўриниши эмас, балки уларнинг ички гўзалликлари энг муҳим нарса бўлиб қолди. Ҳижоб менга Аллоҳга ва одамларга яхшироқ хизмат қилиш имкониятини ҳадя қилди.

«Мусульманка» журнали асосида Абу Муслим тайёрлади.

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply