Сиз Аллоҳдан нима кутяпсиз?

0 665

 

Аллоҳ Таоло (қудсий ҳадисда) бундай марҳамат қилган:
«Мени бандам қандай гумон қилса, Мен шундайман. Мени зикр қилганида, у билан биргаман. Агар ёлғиз ўзи зикр қилса, Мен ҳам Ўзим зикр қиламан. Агар Мени жамоат орасида зикр қилса, Мен унинг жамоатидан ҳам яхшироқ гуруҳ орасида зикр қиламан. Агар банда Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Агар Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Менга юриб келса, Мен унга югуриб бораман».

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Ушбу сўзларни ўқир эканмиз, Аллоҳнинг бандаларига бўлган муҳаббати нақадар кучли эканлигини ҳис қиламиз ва бандаларининг Унга нисбатан (эҳтиром ва дуо орқали) ўзгача муносабатда бўлишлари лозимлигини англаб етамиз.

Қачонки Аллоҳ Таолони зикр қилиб, ёдга олар эканмиз, шу заҳоти самолар Робби билан алоқа ўрнатилади, яъни Аллоҳ ҳам бизни зикр қилади. Агар биз Унинг исмини одамлар орасида зикр қилсак, У бизнинг исмимизни фаришталар орасида зикр қилади. Буни билиш – нақадар улуғ саодат!

Қудсий ҳадисда, Мени бандам қандай гумон қилса, шундайман, дейилди. Агар биз Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратини ўйлаб, бизнинг гуноҳларимизни кечиради ва бизга марҳамат қилади, деган умидда бўлсак, Аллоҳ Таоло ушбу умидларимизни том маъноси билан амалга оширади, илтижоларимиз рўёбга ошади. Муҳими – бизнинг хавф (яъни қўрқув)имиз мазкур умидимизни енгиб қўймаса, ноумид бўлиб қолмасак бўлди. Зеро, У – биз гумон қилганимиздайдир.

Унга маҳбуб банда бўлиш учун саъй-ҳаракат қилганда, Унинг қаҳрига сабаб бўлувчи амаллардан сақланганда, азобидан қўрққанда ҳамда ажру мукофотларидан умид қилганда, хуллас, доимо Унинг исм ва сифатларини такрор-такрор зикр қилиб, таскин топишимиз ва марҳаматини сўрашимиз лозим бўлади.

Баъзи бирларимиз Аллоҳни фақатгина тилимиз орқали зикр қилишимиз мумкин. Бошқаларимиз ҳақ йўл сари дадил одим ташламоқчи бўламиз-у, аммо майда-майда қадамчалар ташлашдан нарига ўта олмаймиз. Баъзи бирларимиз эса бу йўлда катта пойгаларга қатнашишга, Аллоҳ томон жуда тез югуришга қодир…

Аллоҳ Таоло буларнинг барчаларига Мададкор бўлади, ҳар бирига ўзига хос шаклда, ўзларининг даражасига яраша кўмаклашади. Ва асло сизнинг қандай даражада эканингизнинг аҳамияти йўқ. Муҳими дастлабки қадамни ташласангиз, кифоя.

Агар ўйлаб кўрсак, мазкур ҳадис замирида биз учун ниҳоятда улуғ дадиллик, ишонч мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Балки сизга қандайдир мақсадларингизга эришишингиз учун куч, ирода, ҳатто вақт ҳам етмаётгандай туюлиши мумкин. Эҳтимол шундайдир ҳам, балки сизда айтиб ўтилган хусусларнинг ҳеч бири йўқдир. Майли… Сиз шунчаки режа тузиб олинг-да, ишга киришинг. Қайғурманг. Зеро, Аллоҳ сизни ушбу йўлда кутиб олади ва олға қараб интилишингизда бевосита ёрдам беради.

Масалан, сиз Қуръони Каримни тўлиқ ёд олишни, ҳаётингизни тубдан ўзгартиришни, ишингизни яхшилашни, шахсий фаолиятингизни бошлашни, кимнидир кечиришни, саратонга қарши дори ихтиро қилишни, чекишни ташлашни – барчасини жуда қийин деб ўйлаётган бўлсангиз, унда юқорида зикр қилинган Қудсий ҳадис сўзларини эсланг-у, бардам бўлинг. Ана шунда бутун йўлни бир ўзингиз босиб ўтишингизга тўғри келмайди. Сиз атиги биринчи қадамни боссангиз бўлгани, сўнг Аллоҳ Таоло сизга яқин бўлади ва ундан у ёғига юришингизда доимо кўмакдош бўлади.

Аксар вақтларда биз ўз имкониятларимизни шахсий иқтидор ва қобилиятларимизга қараб белгилаймиз, яъни Аллоҳнинг мададини ҳисобга олмаймиз. У биз зикр қилишимиз билан биз билан бўлади, бизни зикр қилади ҳамда илк қадамни қўйишимиз билан У бизга Ёрдамчи бўлади.

Унинг борлиги ва кўмаги бизга тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада куч бағишлайди. Фақат Аллоҳнинг мадади қанчалик кучли бўлиши мақсадларимизнинг қанчалик самимий эканига ва уларга эришишда нақадар қатъиятли бўлишимизга боғлиқ.

Аллоҳ Таоло томонга атиги биргина бўлса ҳам қадам ташланг, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ Таоло сиз томонга югуради…

«OnIslam» сайтидан Энг ожиз банда таржимаси

Баҳам кўринг

Leave A Reply