Сийрат хотираларидан
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният учун энг гўзал ўрнак қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Башарият ичра энг буюк сийрат соҳиби бўлган Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёдга олмаган кунимиз йўқ. Мавлид ойи эса биз, уммат учун улуғ бир байрам ойидир.

Аллоҳ таолога беҳад шукрлар бўлсинким, мавлид ойида турар эканмиз, ҳар куни у Зоти бобарокатга сонсиз-саноқсиз салавоту саломлар юборилаётгани, ишқу муҳаббат изҳор қилинаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Айниқса, қардошларимизнинг Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, буюк ҳаёт йўлларини ўқиб-ўрганишга, қайта ёдга олишга бўлган шавқу завқлари ҳар қандай мусулмонни хурсанд қилади. Бу ҳолатни кўрар эканман, ҳаётимдаги энг ёрқин хотираларим беихтиёр ёдимга тушди. Бу хотиралар қалбимга муҳрланиб қолган сийрат дарслари эди.

Олтин давр ‒ талабалик йиллари. Милодий 1996-1997 йиллар. Ватандан йироқда, юртдан фироқда яшаган йилларим. Либия. «Исломий даъват» куллияси биринчи курси. Дунёнинг ҳар тарафидан йиғилган талабалар, турли миллат вакиллари. Одатда ўқув йилининг боши талабалар учун қийин кечади: янги фанлар, янги китоблар, талабалар учун ҳали таниш бўлмаган устозлар.

Биринчи курс фанлари ичида тарих ҳам бор. Тарихдан сийрат ва умавийлар давлати тарихи дарслик қилиб белгиланган. Дарслар бошланди. Тарих фанидан тайинланган устозимиз хонага кириб келдилар. Ўрта ёшдаги, оддий, жайдари бир инсон. Дарс бошланди…

Устоз овози жарангдор, соф араб тилида гапирадиган, нутқи чиройли, фасоҳатли киши эди. Дарснинг асосий қисми устознинг маърузалари билан ўтар эди. Дарс жоҳилият даври тарихидан бошланиб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига ўтди. Бир тарафдан беназир сийрат жозибаси, иккинчи тарафдан устознинг маҳоратли нутқи барча талабаларни дарсга жалб қилар, ҳаммамиз дарсни жон қулоқ бўлиб тинглар эдик.

Барчанинг кўзу қулоғи устозда, у ёқ-бу ёққа аланглаш ҳам, дарсдан ташқари бирор нимани хаёл қилиш ҳам йўқ. Ўзим араб тилини ҳали яхши ўзлаштирмаганим сабабли, дарсларни яхши тушуна олмасмикинман, деган хавфда юрар эдим. Не ажабки, барча сўз, ҳамма фикр мен учун тўла тушунарли бўлди, мутлақо қийинчилик бўлмади, субҳоналлоҳ. Гаплар нафақат тингланар, балки баъзи иборалар бутунича сўзма-сўз ёд бўлиб қолар эди.

Илгарги араблар оятларни, ҳадис ва шеърларни бир мартада ёд олишар эди, деган гапга ҳайрон бўлар эдим. Лекин инсон ўзи муштоқ бўлиб турган, диққат билан тинглаган гапларини вужудига дарҳол сингдириши мумкинлигига амин бўлдим. Устоз шундай гапирар эдики, гапларига қулоқ солар эканман, мен ўша даврда яшай бошладим. Ҳар бир воқеа кўз ўнгимда гавдаланар эди.

Суҳбатга берилиб кетганимдан бора-бора «устоз ўша даврдаги одамларга ўхшаса керак», «ўша даврдаги одамлар, саҳобалар шу устоз сингари кишилар бўлган бўлса керак», деган ўй-фикрлар ҳам келди. Бир куни устозимиз оёқларидаги ажабтовур ковушни кўриб, ўша даврдаги кавушлар ҳам шунақа бўлган бўлса керак, деб ўйлабман.

Хуллас, талабалар учун энг севимли дарс сийрат дарси бўлиб қолди. Бу дарсда ҳамма қатнашар, талабалар бирорта ҳам қолмай келишар эди. Бебошроқ талабалар ҳам инсофга келиб, дарсга ошиқадиган, шўхроқ ёшлар ҳам бу дамни интизорлик билан кутадиган бўлиб қолган эди. Дарсда нафақат жисмларимиз, балки қалбу онгимиз, бутун борлиғимиз билан қатнашар эдик.

Шундай қилиб, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини илмий асосда ўргана бошладик. Ҳар бир воқеани, ҳар бир тарихий лавҳани ҳаёжон ила қабул қилиб олардик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари, болаликлари, етим қолишлари, ўсиб, улғайишлари, рисолатнинг бошланиши, даъват машаққатлари...

Аянчли ҳолатлар зикр қилинганида, бехосдан оҳу нола товушлари эшитилар, айримлар чидамасдан кофир ва мунофиқларни дуоибад қилиб юборар эди. Муваффақият дамлари зикр қилинганида, такбир айтиб юборилар эди. Салавотнинг кети узилмас, тингловчилар ич-ичларидан «Аллоҳ, Аллоҳ» деб юборишар эди. Бир неча марта йиғи овозлари ҳам келган. Ишонаверинг, агар ўша суҳбат ўрнига Пайғамбаримиз ҳақларида бирор бир филм қўйилганида ҳам, шунчалик таъсирли бўлмас эди. Зотан ҳар кимнинг ўзига хос тасаввури, шуури бўлади, бундан ҳар бир қалбда алоҳида тасвир акс этади.

Айниқса, Муъта жанги ҳодисаси ҳикоя қилинганида ҳеч ким ўзини тутиб тура олмади: Мусулмонларнинг амири Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилган байроқни баланд кўтарган ҳолида душманга қарши баҳодирона жанг қилдилар. Жанг давомида у киши шаҳид бўлдилар. Кейин байроқни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу олдилар.

Жаъфар розияллоҳу анҳунинг отлари йиқилиб тушган эди, отни сўйиб юбориб, пиёда юриб жанг қилдилар. Ўнг қўллари кесилди. Байроқни чап қўллари билан кўтардилар. Чап қўлларини ҳам кесиб ташлашди, шунда у киши байроқни икки кесилган қўлнинг қолган қисми билан кўтардилар. Охири шаҳид бўлдилар. Ўшанда Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўттиз уч ёшда эдилар.

Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайинлаганларидек, байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу олиб, олға ташланди. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу ҳам шаҳидлар сафига қўшилдилар. Ниҳоят, Холид ибн Валид байроқдорлигида Аллоҳ мусулмонларга нусратни ато этди.

Дарсдан ҳамма ҳис-туйғуга берилган, вужудлар гўё эриган ҳолда чиқар эди. Сийрат мавзусидаги суҳбатлар дарсдан кейин ҳам давом этар эди. Биз учун энг оғир дарс Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳақидаги дарс бўлди.

Масалан, бир манзара: жумла олам сарвари, охирги илоҳий Китобни Роббул оламиндан қабул қилиб, умматга омонат билан етказган, ўша мўъжиз Китобни ўз ҳаётларида тадбиқ қилиб кўрсатган Зот омонатни адо этиб, рисолатни етказиб бўлган эканлар, вазифалари тамомига етиб, охират сафари вақти келди.

Вужудларини беморлик эгаллаган, кичик бир ҳужрада сокин ётар эдилар. У Зоти бобаракотнинг муборак юзларини кўрган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу чидаб тура олмай, йиғлаб юбордилар. Энгашиб, пешоналаридан, юзларидан бўса олдилар. «Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули!» дедилар.

Бошқа имтиҳонларда қўрқув ва ҳаяжонга тўладиган қалблар сийрат имтиҳонига келганда муҳаббатга тўлган эди. Имтиҳон топширар эканмиз, эҳтирослар жумбушга келиб, қаламлар жавлон урарди.

Мен учун ўз Расулимни ҳақиқий таниш айнан ўша дарсларда бўлган эди. Бундан аввал Саудия Арабистонида яшаганимда ҳам бу илмга, у Зотни ҳақиқий танишга мушарраф бўлмаган эканман.

2000 йил ўқишни битириб, шаҳодат олган бўлсам, Аллоҳнинг марҳамати ила 2001 йил падарибузукворим билан ҳаж ибодатини амалга ошириш насиб этди. Биз ўша йили ҳаж мавсумида« Робитатул аламил исламия»нинг меҳмонлари бўлдик. Меҳмонлар оддий одамлар эмасди, улар турли юртлардан келган йирик уламолар эди. Бу сафар мен ушбу муборак диёрга қадам қўяр эканман, унга умуман бошқа назар ила қарадим.

Гарчи илгарироқ бу ерларда бир йилдан ортиқ истиқомат қилган бўлсам ҳам, ёшлигим ва илмсизлигим туфайли ушбу азиз диёрнинг қадрини тушунмаган эканман. Мени таҳсилни тугатишим билан бу ерларга йўллаб, Ўзининг энг улуғ ибодатига муяссар қилиб қўйиши Аллоҳнинг менга чексиз лутфи карами бўлган эди. Яна кимлар ҳамроҳлигида? Дунёнинг ҳар четидан келган улуғ уламолар ҳамроҳлигида. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Маккада юрар эканман, Расулуллоҳни эслашим билан, сийрат дарсларимиз, сийрат устози ёдга тушар эди. Мана, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб ўсган диёр, кўчаларида даъват қилиб кезган юртлари, ҳижрат қилганларидан кейин, қалблари муштоқ бўлиб соғинган ватанлари. Мана, дастлаб Қуръон оятлари инган жойлар. Бу юрт Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг зафар қучиб, фатҳ қилган юртлари. Қулоқларим тагида устозимизнинг овозлари жаранглай бошлади: «Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кирса, у омонликдадир...»

Катта бир автоуловда Мадинага қараб борар эканмиз, уламолар тинмай оят, ҳадислар айтишар, сийратдан гапиришар эди. Хурмозорлар кўринди. «Тушимда Маккадан хурмоли ерга ҳижрат қилганимни кўрдим. Хаёлим Ямома ёки Ҳажарга кетди. Қарасам, у Ясриб шаҳри экан»

Мадинаи Мунавварага келганимиздан кейин, зиёрат қилиб юрар эканмиз, хотирамга сийратдаги гаплар келаверди. Мана Қубо… «Албатта биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақлироқдир».

Қиблатайн... «Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратурмиз».

Уҳуд... «Дучор бўлмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни кўриб, назар солиб турибсиз».

Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза розияллоҳу анҳунинг ҳалок бўлган ерлари. Ўз қавмининг энг бойи ва эркаси бўлган Мусъаб ибн Умайр Уҳуд жангидан кейин дафн қилинар экан, жасадини ёпишга етарли кафан топилмаган эди.

Автоуловда ўтирар эканмиз, ёдимга келган оят, ҳадис ва сийратдаги матнлар бехосдан тилимга келаверар эди, қиблагоҳим ёнимда: «Тўғри, тўғри», дея тасдиқлаб қўяр эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзалари қаршисида турар эканман, забоним сўзлаган илк нидо «Ё Расулуллоҳ, нақадар поксиз!» бўлди. «Ё Аллоҳ, мендек фақир бандангни кечир! Ё Расулуллоҳ, мендек ҳақир умматингизни кечиринг!»

Аллоҳ менга битган мусофирлик нима эканини тушунмаган эканман. Сиздан суннат бўлиб қолган сафар менга ҳам насиб қилганини билмаган эканман.

Аллоҳим, не бахтки, мени мусулмонлардан қилдинг! Не саодатки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан этдинг! Башарият Саййидининг ҳаётини ўрганишга муваффақ қилганинг учун Сенга беҳад-беҳад ҳамдлар бўлсин! У Зот қадам босган диёрларни зиёрат қилишни насиб қилганинг учун ҳисобсиз шукрлар бўлсин!

Аллоҳим! Сендан яна бир ўтинчим шуки, шариат илмларини олишимга, хоссатан, Пайғамбарим соллаллоҳу алайҳи васалламни танишимга, у кишининг суннатлари, ҳаётларини ўрганишимда, у Зотга қилиниши лозим бўлган иқтидо, итоат ва муҳаббатнинг чин маъносини англаб етишимда сабабчи бўлган, бугунга келиб мусибатга учраб турган азиз диёрни ҳам омон қилгин.

Биз учун қадрли ва қадрдон бўлган бу юртни, уч йилдан буён пораканда қилинаётган диёрни Ўз қудратинг ва марҳаматинг билан тинчликка, кенгчиликка қайтаргин. Сенинг йўлингда саъй-ҳаракат қилган, йиллар давомида Шайх Ҳазратлари каби қанчадан-қанча аҳли илмларга таълим берган азизларимиз ва устозларимиздан ўтиб кетганларини ўз раҳматингга олгин! Ҳаётда қолганларини ўзинг саломат сақла! Мусибатларини аритгин, мушкулларига кушойиш бергин.

Ё Роббим, Ўзинг ҳар ишга Қодир Зотсан!

8 Рабиъул аввал, 1435/10 январь, 2014

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
gallery linkfile ids4904,4903,4881,4910,4922 Кеча «islom.uz» порталида Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларига бағишланган илмиймаърифий анжумани  бўлиб ўтди. давоми...

00:06 / 01.02.2017 6363
 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Киши ишонмаса ҳам, фолбинга боришининг шариатда таъкидланиши маълум ҳикматга эгадир. Аввало, фолбинга ишонмаган давоми...

06:03 / 24.01.2017 3695
 Қозон масжидида Қурбон ҳайити байрами олдидан жонлиқ сўйишга буюртмалар қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда Татаристон мусулмонлар идораси расмий сайтида хабар давоми...

02:39 / 28.07.2018 2548
«Интерфакс» ахборот агентлигининг хабар беришича,  шу кунларда Камбоджанинг  Пномпене шаҳрида бўлиб ўтаётган  ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон  мерос  қўмитасининг 37 давоми...

07:49 / 24.12.2016 2363