Шундай зот эдилар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Маккада бутун ер юзини нурга тўлдириб бир ой туғилди. Инсоният ҳаётида янги саҳифа очилди. Гўёки бутун олам қайта туғилгандек... Ҳаловат излаган беморларга шифо, зулмат қоплаган кўчаларга зиё, тошдек қотган қалбларга шафқат, жаҳолатга чўмган умматга раҳмат ўлароқ юборилдилар...

Аллоҳ таоло «Қум!» («Тур!») деган эди, йигирма уч йил мобайнида тунлари оёқлари шишиб кетгунча қоим бўлдилар, кечалари Аллоҳга дуо қилиб, кўзларидан оққан ёшлари муборак юзларини ювди. Бир куни ҳазрати Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. У зот йиғлаётган эканлар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, нима учун йиғлаяпсиз? Ахир Аллоҳ таоло сизнинг аввалги-ю кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган-ку!» деди. У зот алайҳиссалом эса: «Шукр қилувчи бўлмайинми?» дедилар... Аллоҳга энг яхши бандалик қилувчи зот эдилар Расулуллоҳ... У зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин!

Абу Толиб вафот этгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавмлари у зотга азият етказишни кўпайтириб юборди. Шунда у зот Зайд ибн Ҳориса билан Тоифга отландилар. Тоиф аҳли эса уларни тан олмади. Йўлнинг икки тарафига тизилиб туриб, масхара қилишар, тош отишарди. Икковлари ҳам қонга беландилар. Кавушлари қонга тўлди... жароҳатларнинг оғриғидан ҳолдан тойдилар... Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф аҳли дуоибад қилмадилар. Балки Аллоҳ таолодан уларнинг зурриётларидан мусулмонлар чиқаришини сўраб дуо қилдилар... Сабрларини зиёда қилишини сўраб ёлвордилар... Сабрлиларнинг энг афзали эдилар Расулуллоҳ... У зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин!

Уҳуд куни шиддатли жанг бўлди. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тишлари синиб, юзлари қонга беланди. Бу ҳолдан саҳобалар қаттиқ изтиробга тушдилар: «Уларни дуоибад қилсангиз-чи!» дедилар. Шунда у зот: «Мен лаънатловчи қилиб эмас, даъват этувчи ва раҳмат қилиб юборилганман. Аллоҳим! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта, улар билмайдилар», дедилар. Аллоҳ таолонинг «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», деган сўзининг тасдиғи эди бу. Дарҳақиқат, шафқатлиларнинг шафқатлиси эдилар Расулуллоҳ... У зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин!

Бир киши Расулуллоҳнинг ҳузурларига қарзини тўлашларини талаб қилиб кириб келди. Кийимларини тортқилаб, ёқаларидан тутди ва қўполлик билан: «Сизлар, Абдулмуттолибнинг болалари, ваъдангизни ўз вақтида бажармайсизлар!» деди. Умар унга қаттиқ танбеҳ бера бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса табассум қилиб: «Эй Умар, мен билан у бундан бошқасига муҳтожроқмиз: менга яхшилик билан адо этишимни, унга ҳаққимни чиройли тарзда талаб қилишини буюр», дедилар. Сўнгра: «Келишган вақтимизгача уч кун бор эди», дедилар-да, унга молини тўлашни, Умар уни қўрқитгани учун йигирма соъ қўшиб беришни амр қилдилар. Ўша киши мана шу воқеа сабабли Исломга кирди. Инсонларга нисбатан энг гўзал муомалали, ҳилмда тенги йўқ инсон эдилар Расулуллоҳ... У зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин!

Кунлардан бирида бир аъробий: «Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг ҳузурингдаги молидан менга мана шу икки туяга юклаб бер. Ўзингнинг ва отангнинг мулкидан юкламаяпсан-ку», дея ридоларидан қаттиқ тортди. Ҳаттоки кийимнинг чети бўйинлари ва елкаларининг ўртасини шилиб, из қолдирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унга жавобан: «Мол Аллоҳнинг моли, мен Унинг бандасиман. Эй аъробий, қилган ишинг учун сендан қасос олинади», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Нимага?» деган эдилар, аъробий: «Сиз ҳеч қачон ёмонликка ёмонлик қайтармайсиз», деди... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, сўнгра унинг учун бир туяга арпа, иккинчисига хурмо юклашни буюрдилар... Бундай ишни яна ким қила олган? Ким қила олади? Ҳа, ана шундай кечиримли, бағрикенг инсон эдилар Расулуллоҳ... У зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин!

Ҳунайн жанги... Шиддат билан давом этаётган жанг ҳатто энг жасур саҳобаларни ҳам эсанкиратиб қўйди. Энг довюрак паҳлавонлар ҳам жанг майдонини ташлаб қочишга тушди. Расулуллоҳ эса шиддат билан олға борар, «Мен набийман, ёлғон йўқ! Мен Абдулмутталибнинг ўғлиман!» дер эдилар. Қай бир жангга кирмасинлар, жанг майдонидаги энг шижоатли, энг довюрак жангчи эдилар Расулуллоҳ... У зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин!

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда қўлимда олтин идиш билан Кавсар бўйида умматимни кутаман, у ерга келганларга сув бераман... Сўнг охирги замон умматларини кўриб, қўлимдаги олтин идишимни ташлайман», дея кўзлари ёшланди. Шунда саҳобалар ҳайрон бўлиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўша умматингизга сув бермайсизми?» деб сўрадилар... Расулуллоҳ алайҳиссалом кўзларида шашқатор ёш билан: «Пешонасини саждага қўйган охирги замон умматларимга сув берарканман, улар билан менинг орамизда «олтин идиш» бўлишини хоҳламайман, балки уларга ўз қўлларим билан сув бераман», дедилар... Бизларга ўзимиздан-да меҳрибон эдилар Расулуллоҳ... У зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин!

Вафот этдилар... Бутун дунё қайғуга чўмди... Ҳазрати Умар аламидан «Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлди, деса, калласини оламан!» дея жар солди... Ҳазрати Билол азон айта олмай қолди... Умар розияллоҳу анҳу халифалик пайтида Шомни зиёрат қилар экан, Билолни олдига чақириб, азон айтиб беришини сўради... Билол мезанага кўтарилди ва азон айтди...У азон чақирар экан, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобалари ўзларини тута олмай, йиғлаб юборишди. Шу қадар кўзёш тўкдиларки, аввал ҳеч қачон бу қадар йиғламаган эдилар. Энг қаттиқ йиғлаган ҳазрати Умар бўлди… Умматларига мана шундай маҳбуб эдилар Расулуллоҳ... У зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин...

Мавзуга оид мақолалар
Умуман нақд пулдан қандоқ қилиб pакот чиқарилади Шартлари қандай Нақд пулдан pакот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак 1. Пул давоми...

05:34 / 07.10.2016 3171
Дўкондан иккита катта янги балиқ сотиб олдингиз. Балиқдан турли хил таомлар тайёрлаш мумкин. Бироқ бунинг учун балиқ ҳақида бир қанча маълумотларга эга бўлиш давоми...

09:11 / 13.12.2016 3813
1. Ер юзидаги энг бахтли инсон намозини елкадан ерга қўйиладиган юк эмас, балки Аллоҳ билан боғланиш воситаси, деб тушунадиган кишидир. 2. Қачон яхши гумон қилсанг, давоми...

11:21 / 08.02.2017 4533
Охирги пайтларда кўпчилик, жумладан, эркаклар ҳам ўпишиб кўришишни одат қилдилар. Ўзаро яқинлик ифодаси бўлган бу бачкана қилиқни ўзлаштирган айримлар оғиз давоми...

02:56 / 24.11.2016 4578