Шинам уйда яшаймиз

0 1 881

Ҳар бир хоним тоза, шинам, дид билан безатилган уйда яшашга одатланиши керак. Уйингиз шинамгина бўлиши учун замонавий қимматбаҳо мебель ва турли-туман безаклар шарт эмас. Энг муҳими, уйингиз доимо саранжом-саришта бўлсин.Аввало, уйдаги ҳаво доимо тоза бўлишига катта эътибор беринг. Негаки уйингиз қанчалик «супер» бўлмасин, агар ҳавоси бузилган бўлса, бошқаларда хароботдек тасаввур қолдиради. Уйнинг ҳавоси ифлосланишига кўпгина сабаблар мавжуд: чанг, ёғ қиздириш, таом пишириш, инсоннинг нафас олиши таъсирида ёки йиғиштириш ва кир ювиш натижасида.

Албатта, ҳаво алмашиш туйнуги, дераза тирқиши ва уйингиз эшигидан ҳаво ҳар доим кириб туради. Лекин бу жуда кам. Фақатгина деразани очиб, уйни шамоллатсангизгина ҳаво тез ва яхши тозаланиши мумкин. Айниқса, ошхона, кир қуритиладиган хона ва кўпчилик узоқ вақт ўтирган хоналарнинг ҳавосини тез-тез шамоллатмоқ лозим.

Энг яхшиси, уйда ҳеч ким бўлмаган пайтда бутун уйни 5-10 дақиқага шамоллатмоқ керак. Овқат пишираётганда ошхона эшигини, кир ювганингизда фақат тоза ҳаво кирадиган битта хонанинг эшигини очиқ қолдириб, қолган эшикларни ёпинг. Баъзи бир оилаларда уйни шамоллатиш – муаммо. Ёзда пашша ва чивиндан қўрқишади, қишда совуқ ҳаводан.

Аслида тоза ҳаво туриб қолган, ифлос ҳавога нисбатан тезроқ исийди, сассиқ, ифлос ҳавода пашшаю чивинлар ҳам тоза ҳаводагига нисбатан кўп бўлади. Эрталаб турганингиз заҳоти ўрин кўрпангизни йиғиштиришга шошилманг. Биринчи бўлиб хонангиз ҳавосини янгиланг. Эрталабки бадантарбия ва нонуштадан кейин, тўшак шамоллатилганидан сўнг, ўрнингизни йиғиштириб олишингиз мумкин.

Чойшаб ва кўрпажилд ўн кунда, узоғи билан икки ҳафтада бир марта алмаштирилади. Ёстиқ жилд ― ҳар ҳафта. Агар уйингизда тартибни сақласангиз, ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйишга одатлансангиз, хоналарни йиғиштиришда ишингиз анча енгиллашади. Шундай оилалар борки, уйини йиғиштиргани-йиғиштирган, лекин бир назар солсангиз, барибир, ҳамма ёқ ивирсиб ётгандек туюлаверади.

Бунга сабаб нима? Албатта, уйда тартибнинг йўқлиги. Уйга кираверишда гиламча ёки бирон ҳўлланган нарса ёйилиб турсин. У уйингизга камроқ қумқа чанг киришига кўмак беради.

Хоналарни супураётганда чангни осмонга кўтармасликка ҳаракат қилинг. Агар сиз супурмоқчи бўлган хонада дастурхон ёйилган бўлса, ишингизни кейинга сафарга қолдиринг. Лекин эртага ёки индинга эмас. Уйнинг даҳлизи ҳамда ошхона ҳар куни супуриб-артилиши шарт.

Ванна ва чиғаноқ (раковина)ни ҳар куни ювиб артинг. Ҳожатхонанинг тозалиги оиланинг озодалигини кўрсатади. Хоналарни йиғиштираётганингизда ҳожатхонани ҳам эсингиздан чиқарманг. Ванна, чиғаноқ ва ҳожатхонани тозалашда махсус кукунлардан фойдаланинг.

Кўчадан келганингизда оёқ кийимингизни ювиб, артиб, махсус шкафчага қўйинг. Даҳлизда оёқ кийимингиз чанг босиб, пойма-пой бўлиб, ёйилиб турмасин.

Агар ранги хиралашиб қолган гиламни тозаламоқчи бўлсангиз, чўткани сирка эритмасига ботириб, ҳўллаб артинг (бир литр сувга битта ош қошиқ сирка). Юмшоқ мебелларни ҳам шу тарзда, фақат мато ёрдамида артиб, тозалашингиз мумкин. Сўнг уларни тоза сувга чайилган мато билан артиб ташланг.

Бўялган полни совун солинган илиқ сувда ювинг (бўёғи хиралашиб қолмаслиги учун, янги бўялган пол совунсиз ювилади). Бўялган полни ювганда сувга нашатир спиртини қўшсангиз ҳам, яхши бўлади, (бир челак сувга 1-2 ош қошиқ нашатир спирти), негаки у бўёқ рангини янада ялтиратади. Линолеум ҳам илиқ сувда ювилади, аммо унга нашатир спирти қўшилмайди, чунки у линолеумнинг рангини ўчириб юбориши мумкин.

Агар пол паркетдан бўлса, уни сув билан ювиш тавсия қилинмайди. Негаки илиқ сув теккан паркетнинг елими эриб, полдан ажрайди ва қораяди. Бундай полни фақат супуриш мумкин, ойда икки марта эса унга мастика ёки мум суриб ишқаланади. Полнинг чангини ёки доғларини кетказиш учун, уни аввал скипидарга ҳўлланган мато билан артинг.

Хонанинг бурчакларини, пол билан девор оралиғидаги часпак(плинтус)ни, диван ҳамда шкафнинг тагларини артишга эринманг ва эсингиздан чиқарманг. «Барибир, у жойни ҳеч ким кўрмайди», деб номигагина, қўл учида иш қилиш одатини ташланг. Ҳақиқий хонимлар тартиб ва озодаликни ўзгаларга кўз-кўз қилиш учун эмас, ўзлари учун яратишади.

Эшик ва дераза токчаларини яхшилаб нам латта билан артиб чиқинг. Агар улар жуда ҳам ифлосланган бўлса, илиқ сув билан ювинг. Бўёқ ўз рангини йўқотмаслиги учун сувга бироз нашатир спиртини қўшинг. Аввал ром, дераза токчаларини, сўнг эшикларни ювинг. Ҳаммасини яхшилаб артишни унутманг, бўлмаса сариқ доғлар пайдо бўлиши мумкин.

«Кичик хонимга маслаҳатлар»
китобидан олинди.
Баҳам кўринг

Leave A Reply