Шайх Муҳаммад Аввома – беназир муҳаддис олим

0 132

Шайх Муҳаммад Аввома –  беназир муҳаддис олим

(биринчи қисм)

Аввал хабар берганимиздек, муҳаддис олим Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ Ўзбекистонга ташриф буюрдилар. Юртимизнинг эътиборга лойиқ, исломий муқаддас қадамжоларини зиёрат қилдилар. Ташрифларидан ғоятда мамнун эканликларини билдирдилар, юртимизни ва халқимизни кўпдан-кўп дуо қилдилар.  

Шайх Аввома баракали ижод қилди, кўплаб китоблар ёзди, қатор машҳур асарларни таҳқиқ қилди. Жумладан, олимнинг «Асарул-ҳадисиш-шариф фий ихтилафил-аимматул-фуқаҳо», «Адабул ихтилаф фий масаилил-илми вад-дийн» асарлари ниҳоятда машҳур. Шайх Аввоманинг ўзи туғилиб ўсган Ҳалаб шаҳрида исломий таълимни тиклашда кўп хизматлари сингган. Қуйида у кишининг ҳаёт йўлларини ўз ичига олган мақолани ҳукмингизга ҳавола этмоқдамиз. Ўйлаймизки, мазкур мақола орқали азиз ўқувчи, фазилатли шайх ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўласиз.

 

Исми шарифи ва насаби

Шайх Аввоманинг тўлиқ исмлари – Абу Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдулқодир ибн Умар ибн Алий Аввома Ан-Нуъаймий Ал-Ҳусайнийдир.

Оналари Оиша Сирожиддин Ҳусайний оиласидан Аҳмад ибн Алийнинг қизларидирлар.

Таваллуди

Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ ҳижрий 1358 йил 14 зулҳижжа куни (милодий 1940 йили 1 январь) Суриядаги Ҳалаб шаҳрининг машҳур «Бобул Мақом» маҳалласида дунёга келдилар. Бобул Мақом деб номланишининг сабаби шуки, бу мақом Иброҳим алайҳиссаломга нисбат берилади. Мақоми Иброҳим Бобул Мақом дарвозасининг ташқарисидаги «Солиҳлар минтақаси»да жойлашган бўлиб, шунинг учун Ҳалаб шаҳрининг бир неча дарвозаларидан бири Бобул Мақом деб номланган.

Ёшлиги ва илмга муҳаббати

Муҳаммад Аввома ҳазратлари тақводор, солиҳ хулқли ва шу билан бирга оддий ва самимий муҳитда ўсиб улғайдилар. Бу муҳит кичкина, содда бўлгани билан, лекин маънавий жиҳатидан катта, илмий ҳамжамиятда улуғ мавқега эга эди. Оталари ҳам тақводор, солиҳ ва илмли, юмшоқ табиатли, яхши дўст, сиёсатдон ва узоқни кўра билувчи киши эди.

Муҳаммад Аввома ҳазратлари диний маърифатли муҳитда яшадилар. Биринчи бўлиб оталарининг қалин дўсти, фазилатли шайх, фақиҳ, тақводор зот Муҳаммад Салқийний роҳимаҳуллоҳ ҳазратларига шогирд тушдилар. У киши маҳалланинг шайхи, имоми, оқсоқоли ва бошлиғи эдилар. Муҳаммад Аввома беш маҳал намозни шайхнинг масжидида ўқийдиган бўлдилар. Масжиднинг номи Товаший эди. Ушбу масжидга устозларининг дарсларига, ваъз-иршод мажлисларига қатнардилар. Ўша пайтда Муҳаммад Аввоманинг ёшлари тахминан ўн ёшлар эди.

Муҳаммад Аввома устозларининг хулқлари, тавозеълари, зоҳидликлари, иффатлари, юксак манфаатлар йўлида ўз манфаатларидан воз кечишлари, балки аслида ўз манфаатларини умуман устун қўймаганликларидан қаттиқ таъсирланганлар. Шу билан биргаликда устозлари тақводор ва Аллоҳдан қўрқадиган, хавф ва ражода бўлганлар. Устозининг юқорида санаб ўтилган улуғ сифат ва амаллари ушбу ўсиб келаётган бола олдида, улуғ бир шайхдан кичкина бир болага амалий тарбия ва руҳий юксалиш бўлиб ҳизмат қилди. Муҳаммад Салқийний ҳазратлари Муҳаммад Аввомага ўқиб-ўрганиш, руҳан ва ахлоқан биринчи устоз бўлган. Нақшдек ўйиб туширилган ушбу тарбия ҳали ҳам шайх Муҳаммад Аввоманинг зеҳнлари, ёдларида туради, уни фарзандларига айтиб берадилар ва шу тарбия асосида фарзандларини тарбия қилганлар. Мураббий, мухлис ва сидқидиллик шайхларнинг тарбия ва таълим борасида қилган ишлари, амаллари замонлар оша ўқувчи шогирдлар қалбида ёд бўлиб сақланиб қолаверди ва бу тарбияни биринчи авлод кейингисига ўтказаверади. Чунки тарбия борасида қилинган бу ҳизматлар бундай устозларнинг қалбларидан чиқиб келаётган, сохта бўлмаган балки табиатларида мавжуд бўлган амаллардир. Шу сабабдан ҳам асҳобларининг қалбларига жо бўлиб, ой ва йиллар ўтиши ҳам бу тарбияни қалблардан суғуриб бўлмайди. Мана шу ихлоснинг мукофотидир.

 

Маълумоти

Муҳаммад Аввома дастлаб 1952 йилда Умар ибн Абдулазиз номли бошланғич таълим мактабини тамомладилар. Сўнг ўша пайтда усмонийларнинг Ҳалабдаги ҳокимларидан бири Шаъбон пошога мансуб шариат мадрасасига ўқишга кирдилар. Бу мадрасанинг ўқитиш услуби, илмий дастури қадимий, асл илмий ҳолатини сақлаб қолган эди. Мадраса шариат фанлари бўйича дастурий китобларда ёки таълимга оид ишларда таълим вазирлигига тобе эмасди. Муҳаммад Аввома илм пойдевори вазифасини бажарган ушбу мадрасадан улкан истефода олдилар. Барча илмларни аста-секин, поғонама-поғона ўргандилар. Илмда мустаҳкам, пухта ва кучли бўлишларининг сабаби ҳам шу эди. Шундай қилиб, илм у кишининг зеҳнида мустаҳкам ўрнашгач, унинг аломатлари намоён бўла бошлади. Мана шу ҳолатда шаръий илмларнинг барчасини ўқиб тугатдилар, илмнинг аввалию охирини, бошланишини ва ниҳоясини билдилар. Афсуски, ҳозирги кунимиздаги таълим бериш услубида шу нарса етишмайди.

1953 йилда биринчи устозлари – фазилатли шайх Муҳаммад Салқийний роҳимаҳуллоҳнинг тавсияси билан юқорида зикри келган «Шаъбония» мадрасасига ўқишга кирдилар. У кишининг шариат мадрасаларида шаръий илмлар олишига авваламбор мана шу устозлари сабабчи бўлган. Бешинчи синфни (ўрта мактабнинг иккинчи босқичини) тамомлагунча мана шундай услубда илм олишни давом эттирдилар. Муҳаммад Аввома ўз гуруҳларида энг аълочи бўлганлар.

Шу йили давлат турли кичик мадрасаларни бирлаштириб, битта умумий шаръий ўрта мактаб жорий қилди. Бу мактаб «Хусровий мадрасаси» дейиларди. Бу Ҳалабдаги қадимий мадраса бўлиб, Ҳалаб, Ҳама ва бошқа қўшни шаҳарларда яшаган кўпгина уламолар ушбу ўқув даргоҳини битирувчиси бўлишган. Шунингдек, бу мадраса ҳақида катта аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Ал-Ҳомид: «Бу мадраса илмлари чуқурлиги, мукаммаллиги билан Азҳар шариф билан тенглашади», деганлар. Муҳаммад Аввома бу мадрасани 1962 йилда тамомладилар.

Шайх Аввома «Шаъбония» мадрасасининг бешинчи синфини тугатгандан сўнг, ҳижрий 1379 йилнинг Робиъул аввал ойида устозлари, фазилатли шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ва фазилатли шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳимаҳумаллоҳнинг изни билан «Азҳар шариф»да илм таҳсилини давом эттириш учун Мисрга сафар қилдилар.

Бироқ, Мисрга боргач, икки ой туриб ҳам илм таҳсилини давом эттириш бахти насиб қилмади. Яна устозларининг амри билан Ҳалабга қайтиб келдилар.

Шайх Аввома 1962 йилда Ислом шариати куллиётига ўқишга кириб, 1967 йилда ўқишни тамомлагач, устозлари шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ҳазратлари тавсиясига кўра Шаъбония мадрасасида дарс бера бошлади. Шу йилнинг ўзида уни ушбу мадрасага муаллим ва кутубхона бошлиғи қилиб тайинлашди. 1979 йилда Суриядан кетгунларига қадар ушбу мадрасада таълим бердилар.

Шайх Муҳаммад Аввома 1980 йилда Мадинаи мунавварага кўчиб ўтдилар. У ердаги Ислом университетига жойлашиб, “Пайғамбар алайҳиссалом суннатлари ва сийратлари” номли бўлим очдилар.

Хос устоз-шогирд услуби

«Хос устоз-шогирд услуби» деганда аввалги уламоларнинг хос талабаларига берган хос дарслари назарда тутилмоқда. Бунда талабалар шайхнинг атрофида қуршаб олиб, чўккалаб ўтиришар, гўё бошига қуш қўниб тургандек қимир этмай, юксак одоб ва тавозеъ билан дарс тинглашар эди. Илм ўрганишдан аввал илм одобини, китоб ўқишдан аввал китоб одобини, устозга ҳурмат-эҳтиромни ўрганишар эди. Бу дарсларда буюк уламоларнинг китоблари диққат-эътибор билан ўқилар эди. Қисқартирилган, бузилган, янги чиққан маълумотларга эътибор берилмас эди. Шайхлари орқали асл, ҳақиқий имомларни таниб-билиб олишар эди. Натижада қалблари тараққий этар, руҳлари юксалар, илм неъмати ҳар бир ўқувчининг зеҳнига кўчиб ўтиб, қалбига осонгина ўрнашарди. Шунинг учун ҳам бу авлоднинг катта қисми шайхларининг ҳар бир сўзини, ҳар бир ҳарфини тўлиқ ёд олиб, эслаб қолган. Буни ўз тажрибасида кўрган, унинг лаззатини татиб кўрган ҳар бир киши жуда яхши билади.

Шайх Аввоманинг ажойиб хотираси (зеҳни)

Аллоҳ таоло шайх Муҳаммад Аввомани ажойиб хотира, ноёб, ўзгача зеҳн билан сийлаган эди. Бу ажойиб хислатларни у киши билан бирга ҳамсуҳбат бўлган барча кишилар яхши билишади. У кишининг қўлида ўқиган ҳар бир ўқувчи, у киши билан мулоқот қилиб юрган ҳар бир киши бу ҳолатдан ҳайрону лол қолади. Умумий йиғилишларда шайхнинг худди китобдан ёки қоғоздан ўқиб бераётгандек равон, изчил услубда мутааххир уламоларнинг қиссалари, воқеалари, ҳикояларини кўплаб зикр қилганларига гувоҳ бўлганмиз. Бирор қиссани айтиб бераётиб, уни талабалик даврида, ҳатто ундан олдин ёки кейин ўқиганман дер эдилар, аммо худди бир сония аввал ўқигандек ёдларида бўлар эди. Ваҳоланки, уни эллик ёки олтмиш йил олдин ўқиган бўлар эдилар. Кейин ўша маълумотни қидириб топиб, ўқиб кўрсангиз, шайх унинг факат маъносини эмас, балки сўзма-сўз айтганларига амин бўлар эдингиз.

Шайх Муҳаммад Аввоманинг яқинлари ҳам у киши ўз шайхларидан – айниқа, икки улуғ шайхлари – Абдуллоҳ Сирожиддин ва Абдулфаттоҳ Абу Ғуддалардан жуда кўплаб қиссаларни, воқеаларни зикр қилишларини айтишади. У киши шайхларининг гапларини ишоралари билан, воқеаларнинг тарихи, саналари билан бемалол айтиб бера олар эдилар. Муҳаммад Аввома: «Мен шайхларимнинг сўзларини ёдлаб оламан» деб кўп айтганлар. Бу эса, шайхларини ниҳоятда яхши кўрганларидан, уларга нисбатан муҳаббатга тўлиб-тошганларидандир.

Китоб мутолаасига бўлган қизиқишлари

Шайх Муҳаммад Аввоманинг китоб, мутолаага бўлган муҳаббати алоҳида таърифга сазовор. У киши китоб ўқишни яхши кўрадиган оддий одам эмас, балки ўқишга тўймайдиган, унга чинакам ошиқ бўлган зотлар. У киши жуда кўп китоб ўқир, айниқса ёшлик пайтларида, талабалик даврида китобга ниҳоятда ҳарис бўлганлар. Шайх Аввома бир китобни тўлиқ ўқиб чиққач, керак бўлганда топиш осон бўлиши учун унинг муқовасига керакли маълумотларни қайд қилиб қўяр эдилар. Шунинг учун ҳам у кишининг кутубхонасидаги мингларча китоблар ичида муқовасига фойдали маълумотлар қайси бетда экани қайд этилган китоблар кўплигидан муқовасига ҳеч нарса ёзилмаган китобни топиш амри маҳол эди.

Шайх Муҳаммад Аввома баъзи китоблари ҳақида: «Бу китобни бутун дунё бойлигига ҳам сотмайман» деганлари, бошқа бир китоб ҳақида эса «Бу китоб жонимдан ҳам азизроқ» деганлари машҳурдир. Имом Бухорийнинг махсус чоп қилинган «Ат-Тарих ал-Кабир» асари, Ибн Абу Ҳотимнинг «Ал-Жарҳ ват-таъдил», Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг «Фатҳул Борий» ва «Ал-Исоба» китоблари ана шундай китоблар жумласидандир. Шайх Аввома бу китоблар турли фойдали ислоҳлар, шарҳ ва бошқа кўплаб маълумотлар билан бойитганлар.

Китоб мутолаасидаги фаҳм ва идрок

Шайх Муҳаммад Аввома китоб ўқиётган пайтларида бирор савол чиқиб қолса, дарҳол устозлари, шайхларига мурожаат қилардилар. У киши «Маъалим иршодия» китобларида Имом Бухорийни нима учун Самарқанд уламолари шаҳардан чиқариб юборганлари тўғрисидаги қисса ҳақида устозлари, фазилатли шайх Абдуллоҳ Сирожиддиннинг «Ҳар бир ўқиган нарсангга ишонаверма», деганларини келтириб, сўнг устозларининг мана шу сўзларини шундай изоҳлаганлар: «Бу мен учун жуда катта дарс бўлди, кучли ва тўғри йўл бўлди. Бунинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди».

Вақтни қадрлашлари

Шайх Муҳаммад Аввоманинг вақтни ғанимат билишлари, уни беҳудага сарфламасликлари ҳаётлари ва шахсиятларининг шаклланишига таъсир кўрсатган устозларининг одатлари, фазилатлари эди. Вақтни ниҳоятда қадрлашлари барчага зарбулмасал қилинадиган фазилатли аллома, шайх Аҳмад Қоллашнинг ҳам одатлари шундай эди. Бир куни у киши Муҳаммад Аввомага: «Умримнинг бир соатига ҳам ачинмайман», деган эканлар. Бу эса олий даражаларнинг энг юқори чўққисидир.

Масалан, Аввоманинг устозлари аллома, шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғуддани олайлик. У киши «Уламолар наздида вақт қадри» китобининг муаллифи бўладилар. Шундай экан, бу кишида вақт қадри қай даражада бўлишини тасаввур қилиб кўраверинг. Бир куни Муҳаммад Аввома устозлари шайх Абдулфаттоҳ билан Каъбатуллоҳда эди. Бир оздан сўнг шайх Абдулфаттоҳ кетмоқчи бўлдилар. Муҳаммад Аввома устозини кузатиб қўймоқчи бўлган эди, устози унинг устозсиз, ёлғиз қолаётганига, ёнида китоби ҳам йўқлигига ишора қилиб, «Китобинг қани, шайх Муҳаммад?» деб койидилар. Муҳаммад Аввома шайхидан узр сўраб, берган тарбиялари ва тўғри эътирози учун чуқур икром кўрсатдилар, ёнларидаги ўғилларига ҳолатни тушунтириб, «Иншааллоҳ, устозимнинг бу мулоҳазаларига доимо амал қиламан. Лекин устозим билан ўтирганим учун ўқий олмаган бир вирдим бор эди. Шу вирдни Каъбанинг олдида ўқиш истагим бор эди», деди. Шунинг учун у устозини кузатиб қўйиб, Каъбанинг олдида ўша вирдни ўқиш учун қолган эди.

Алломанинг асарлари

• Умар ибн Абдулазиз. Муснад. Ушбу китобнинг ҳадислари шарҳланган, ривоятларини мукаммаллаштириб, ҳадисларнинг ровийлари ёзиб чиқилган.

• Самъоний. Ал-Ансоб (асарнинг бир қисми шарҳланган).

• Ҳофиз Ибн Ҳажар. Тақриб ат-Таҳзиб (таҳқиқ).

• Заҳабий. Ал-Кошиф.

• Ибн Носириддин ад-Димашқий. Мажолис.

• Мин сиҳоҳил-ҳадисил-қудсийя.

• Ал-мухтор мин фароид ан-нуқул вал-ахбор.

• Ал-қавл ал-бадиъ фис-солати алал-Ҳабиб аш-Шафиъ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

• Шарҳу Сунан Абу Довуд (таҳқиқ ва таълиқ).

• Имом Термизий. Шамоили Муҳаммадия (таҳқиқ)

• Ибн Абу Шайба. Мусоннаф (таҳқиқ ва тахриж, насслар қувватланган. Ушбу асар ўн олти йиллик меҳнат самарасидир).

• Диросату ҳадисийя.

• Хутувот ал-манҳажийя.

• Ривоя ал-ҳадис аш-шариф билмаъно.

• Маолим ал-иршодийя лисаноъа толиб илм.

• Ҳужжияту афъоли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам усулийян ва ҳадисийя.

• Тадриб ар-ровий (таҳқиқ).

 

Islom.uz портали таҳририяти

Баҳам кўринг

Leave A Reply