Шайх Бутий ҳикматлари. «Дуо тақдирни ортга қайтарадими?»

0 73

ДУО ТАҚДИРНИ ОРТГА ҚАЙТАРАДИМИ?

 Ўқибўрганиб, кейин гапир!

Бир киши мендан савол сўради. Унинг айтишича, битта мажлисда мен: «Дуо қазои қадарни (тақдирни) орқага қайтармайди», деган эканман. Ҳа, шундай! Яна қайтариб айтаманки, дуонинг ўзи тақдирдан (яъни, тақдир тақозосидир), тақдирни тақдир орқага қайтаради. Дуо қазои қадардан ташқаридаги нарса эмас.

Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу вабо тарқалган ерга яқин бир жойга келдилар ва у ерда қийинчилик мураккаблашиб, касаллик ҳамма ёққа тарқалаётганини эшитдилар-да, бу жойга кирмадилар. Саҳобалардан бирлари келиб: «Бу Аллоҳнинг қазои қадаридан (тақдиридан) қочишми?!» деди. Шунда ҳазрати Умар: «Алоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочяпмиз», деб жавоб бердилар. Яъни, «Менинг бу қочишим ва Мадинага қайтиб кетишим Аллоҳнинг тақдиридан ташқаридаги нарсами?» дедилар.

Зайд исмли бир киши бемор бўлиб қолганида мен унга шифо беришини сўраб Аллоҳга дуо қилдим, у тузалиб кетди. Менинг унга қилган дуоим Аллоҳнинг қазои қадаридан эмасми?! Яъни, менинг унга дуо қилишим (тақдирга) ёзиб қўйилганмасми?! Менинг дуоимни ижобат қилиш Аллоҳнинг илмида йўқ эдими?!

Қазои қадарнинг ўзи нима? Аллоҳ азза ва жалланинг (ҳозирда ва келажакда) бўладиган нарсалар ҳақидаги илми қазои қадардир.

«Тақдирни фақат дуо ўзгартиради», деган ҳадисдаги маъно «Дуо тақдир тақозосидан ташқари», дегани эмас. Бу ҳадиснинг маъниси «Инсон дуо қилиши лозимдир», деганидир. У: «Нима учун дуо қиламан?! Мен дуо қилсам ҳам, қилмасам ҳам, муаммо ҳал бўлмайди», демасин. Йўқ, ундай эмас! Унинг касаллиги тақдирда бўлгани каби сизнинг дуоингиз ҳам тақдирда бордир.

Ўқиётган намозим менинг ихтиёрим билан бўлмоқдами? Бу ҳам тақдирда битилган. Рўзам, Қуръон ўқишим, Аллоҳга қилаётган илтижоим ҳам тақдир тақозосидир. Тақдирни тақдир орқага қайтаради. Тақдирни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қазои қадари ўзгартиради-да.

Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сўзининг маъносидир:

«Аллоҳ нимани хоҳласа, маҳв қилур, нимани хоҳласа, собит қилур. Она китоб Унинг даргоҳидадир» (Раъд сураси, 39-оят).

«Дунёдаги нарсалардан нимани хоҳласа, фойдасиз ёки муддати битди, деб топса, маҳв этади, йўқотади. Нимани фойдали деб топса, турсин, деса, собит қилади, қолдиради. Буларнинг ҳаммаси ва бошқа нарсалар ёзилган она китоб Аллоҳнинг ҳузуридадир» («Тафсири ҳилол»).

Тақдир билан тақдирни маҳв этади. Силаи раҳм нима қилади? Ажал муддатини узайтиради! Садақа ҳам шундай. Буларнинг ҳаммаси (Аллоҳнинг қазои қадари бўлиб,) ҳақиқатлар саналади.

Имом Бутийнинг видео-суҳбатидан

Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ эркин таржима қилди;

Баҳам кўринг

Leave A Reply