Шайтонларни кишанланг

0 1 288

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

         Бизларга Рамазон рўзасини фарз қилган, рўза билан тақвони зиёда қилишни ваъда берган, устига устак мухлис бандасига ёрдам ўлароқ шайтонларнинг ашаддийларини рамазони шарифда кишанлайдиган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Рамазон келса жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар эса кишанланади деган Пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин!

Ва баъд:

Дарҳақиқат, Рамазону шариф кириши билан инсонларда гўзал ахлоқ, ибодатларда ғайрат кўзга ташланади. Масжидлар издихомли жамоатлар ила файзга тўлади. Юзларда табассум, қалбларда иймоний ҳаловат балқийди. Ҳар ким хайриятда мусобақалаша бошлайди. Олимлар илмий суҳбатлари ила, қорилар тотли қироалари ила, мухлислар самимий кўз ёшлари ила бу файзга муҳташам файз қўшадилар. Ғанийлар саҳийликлари ила фақирларнинг юзини кулдирса, обидлар ибодатлари ила Робб таолони ҳушнуд этишади. Шу орада ибодатларини комил тарзда бўлишини истаган ҳар бир холис‑самимий мусулмонлар аҳли илмлардан билмаган нарсаларини сўрай бошлашади.  Одатда, ҳар рамазон ойи кириши билан рўза ибодатига оид саволлар такрорланади. Ўша саволларнинг энг машҳурларидан бири ҳадиси шарифда келган шайтонларнинг кишанланиши ҳақидадир.

Савол: Ҳадиси шарифда келган шайтонларнинг кишанланишининг асл маъноси қандай? Одатда рамазони шарифда ҳам шайтоний амалларда давом этаётган бир қанча инсонларни кўрамиз! Бу ҳолат ҳадиси шарифга терс эмасми?

Жавоб: Шайтонларнинг рамазон ойида кишанланиши борасида бир неча йўллардан ҳадислар ривоят қилинган. Келинг, шуларни бир қатор кўриб чиқамиз ва уламоларнинг бу борадаги илмий баҳсларини имкон қадар ўрганамиз:

Биринчи ҳадис:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : ( إِذَا جَاءَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ ، وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ ، وَسُلْسِلَتْ الشَّيَاطِينُ ). البخاري ( 1899 ) ومسلم ( 1079 ) ،

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар (раҳимаҳумаллоҳ) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:«Қачон Рамазон келса жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари қулфланади ва шайтонлар занжирбанд қилинади!» дедилар.

Иккинчи ҳадис:

عن أبي هريرة — رضي الله عنه — قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : ( أتاكم شهر رمضان ، شهر مبارك ، فرض الله عليكم صيامه ، تفتح فيه أبواب الجنة ، وتغلق فيه أبواب الجحيم ، وتغل فيه مردة الشياطين ، وفيه ليلة هي خير من ألف شهر ، من حرم خيرها فقد حرم ) (البخاري 55 )

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга Рамазон ойи, муборак ой келди. Унинг рўзасини тутишни Аллоҳ сизларга фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилади ва жаҳаннам эшиклари қулфланади. Шайтонларнинг бебошлари унда кишанланади. Унда бир кеча борки, у минг ойдан яхшироқдир. Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, дарҳақиқат маҳрум бўлибди», дедилар».

Учинчи ҳадис:

عن أنسرضي الله عنهقال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : ( هذا شهر رمضان قد جاءكم تفتح به أبواب الجنة ، وتغلق فيه أبواب النار ، وتسلسل فيه الشياطين ( 6995 )

Анас разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Рамазон ойи дарҳақиқат сизларга келди. У сабабли жаннат эшиклари очилади, унда дўзах эшиклари қулфланади ва шайтонлар занжирбанд қилинади», дедилар…» Бухорий ривояти.

Тўртинчи ҳадис:

وفي رواية عند الترمذي وابن خزيمة: إذا كان أول ليلة من شهر رمضان صفدت الشياطين ومردة الجن.

Имом Термизий ва Ибн Хузаймаларнинг  (раҳимаҳумаллоҳ) ривоятида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Рамазон ойининг илк кечаси бўлса шайтонлар ва жинларнинг бебошлари боғланади» дедилар».

Ушбу ва бошқа бир неча ҳадисларнинг умумий маъносига кўра Рамазон ойи кириши билан илк кечадан бошлаб бир неча хайрли ишлар жорий бўлар экан:

  1. Жаннат эшиклари очилади;
  2. Аллоҳнинг раҳмати ёғилади;
  3. Жаҳаннам эшиклари ёпилади;
  4. Бебош исёнкор шайтонлар ва бебош жинлар кишанланади..

 Лекин ушбу охирги  маъно ҳақи»қатни ифода қиладими ёки мажозними, деган саволга уламоларимиз турли қарашларни олға суришган. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул Борийда шундай дейди: “Шайтонларнинг занжирбанд қилиниши борасида Ҳулаймий шундай дейди: «Шайтонлардан мурод бу ўринда (фаришталар хабарларини) эшитишдан тўсилганларидир. Уларнинг занжирбанд қилиниши эса Рамазон кундузларига эмас, балки кечаларига оиддир. Чунки улар Қуръон нозил бўлиш замонида (фаришталарнинг хабарини) эшитишдан тўсилишган, уларнинг занжирбанд қилиниши эса зеҳнда муболаға жиҳатидан зиёда қилинган.

Яна бундан мурод, шайтонлар Рамазондан бошқа кунларда мусулмонларни фитнага солганлари каби Рамазонда фитнага сола олишмайди. Чунки мусулмонлар Рамазон ойида шаҳватларни синдирадиган рўза билан ва Қуръон қироати  билан машғул бўладилар.»

Яна Ибн Ҳажар айтади: «Шайтонларнинг боғлаб қўйилиши ҳақида Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ қуйидаги эҳтимолларни айтади:

‑ Бу боғлаш иши зоҳир ва ҳақиқатга кўра бўлиши мумкин. Мана шуларнинг барчаси ой кирганига фаришталар бу ойни эҳтиром қилишларининг аломати ва шайтонларнинг эса мўъминларга азият беришдан ман қилинишининг аломатидир.

‑ Бу боғлаш орқали савоб ва авфнинг кўпайишига ишора бўлиши ҳам мумкин. Шайтонларнинг иғвоси камаяди, улар кишанланиб қолгандек юришади. Бунга Муслимнинг Ибн Шиҳобдан Юнус қилган ривояти далолат қилади. Унда: «Раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Жаннат эшикларининг очилиши эса банда учун Аллоҳ таоло ибодат эшикларини очиши ва шу сабабдан банда жаннатга кириши назарда тутилган бўлиши мумкин. Жаҳаннам эшикларининг беркилиши эса ўз соҳибини жаҳаннамга элтувчи гуноҳлардан  банданинг тийилиб қолиши тушунилади. Шайтонларнинг кишанланиши эса бандаларни иғво қилишдан, уларга шаҳватларни зийнатли қилиб кўрсатишдан ожиз бўлиб қолишидан иборатдир.

Ибн Ҳажар яна айтади: «Шунингдек, Қуртубий айтади: «Рамазон ойида  кўплаб ёмонликлар ва гуноҳлар содир бўлишини нима деймиз? Ахир шайтонлар кишанланган бўлса бундай ишлар бўлмаслиги керак‑ку?!» дейилса, бунга жавобан қуйидагиларни айтиш мумкин:

‑ Рўзадорлар орасида рўзанинг шартларини муҳофаза қиладиганлар, унинг одобларига амал қиладиганлар камайган бўлиши мумкин;

‑ ёки барча шайтонлар кишанланмасдан, балки айрим ривоятларда келган матнга кўра баъзи  бебош шайтонлар кишанланган бўлиши мумкин;

‑­­ ёки қасд қилинган маъно Рамазонда ёмонликларни камайиши бўлиши мумкин. Бу нарса бошқа ойлардан кўра Рамазон ойида сезиладиган ҳолатдир. Зотан барча шайтонларни кишанлаб қўйилса ҳам, ёмонликлар ва гуноҳлар содир бўлмай қолмайди. Чунки ёмонлик ва гуноҳлар фақат шайтонларга алоқадор эмас, балки бузилган нафс, қабиҳ одатлар ва инсоний шайтонлар воситасида ҳам ушбу ёмонликлар содир бўлаверади». (Фатҳул Борий 4‑114)

Шиблий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг ўғли шундай деди: « Отамдан: «Агар Рамазон келса шайтонлар боғлаб қўйилади» ҳадиси ҳақида сўрадим. У киши: «Ҳа, улар боғлаб қўйилади», деди. Мен: «Киши Рамазонда ҳам васвасага учрайди ва унга жин тегади‑ку» дедим. Шунда у: «Ҳадис шундай келган», деди.

Муҳаммад ибн Муфлиҳ раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Ҳадиснинг зоҳирига кўра Рамазонда шайтонлар занжирбанд қилинади. Ёки ушбу лафзга кўра ўша шайтонлардан мурод бебош шайтонлардир. Шунингдек, ушбу фикрни Абу Хотим ибн Ҳиббон ва бошқа аҳли илмлар ҳам ёқлашган. Бундан мурод эса барча ёмонликларнинг йўқ бўлиши эмас, балки шайтонларнинг жамоси заиф бўлгани учун ёмонликлар камайишига ишорадир. Имом Аҳмад ҳадиснинг зоҳирига кўра шуни тасдиқлаган. Унинг ўғли Абдуллоҳ: «Тутқаноқ тутадиган мажнунни Рамазон ойида ҳам кўрамиз?!» деганида у киши: «Ҳадисда шундай келган, бу борада гапирма!» деб жавоб берган. Имом Аҳмад ҳадисдаги матнни таъвил қилмасликка буюрмоқда, балки салафларнинг фикрига матнда борича эргашиш лозимлигини  айтмоқда. Салафлар таъвил қилишмаган нарсаларни таъвил қилмаган маъқул, демоқда». (Масоибул Инсан 144 саҳифа. Ибн Муфлиҳ бунинг санадини ҳасан, деган.)

Абул Аббос Аҳмад ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ишлар фақат Рамазон ойида содир бўлади. Қалблар яхшиликларга, солиҳ амалларга жўш ура бошлагани сабабли жаннат эшиклари очилади. Кишилар ёмонликлардан узоқлашиб қолгани учун жаҳаннам эшиклари ёпилади. Шайтонлар кишанланиб, мусулмонларни оғзи очиқ ҳолдагидек иғво қила олмай қолади. Кишанлаш маҳкам боғлаб қўйишдир. Шайтонлар Одам болаларини асосан шаҳватлари орқали иғво қилишга имкон топишади. Агар Одам болалари шаҳватларини тийсалар шайтонлар ҳам иғво ва васваслардан тийилиб қолишади, яъни улар васваса учун имкон топа олмай, қўллари боғланиб қолади…» (Тафсир Кабир 3/132)

Шайх Абул Ҳасан Қобисий раҳимаҳуллоҳдан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Шайтонлар Рамазонда боғланади», деган сўзларининг маъноси ҳақида сўралди: «Ахир рамазонда ҳам васвасага учрайдиган, гуноҳ ишлар қиладиган мусулмонлар бўлади‑ку?» дейилди. Шунда у киши бунинг жавобида шундай деди: «Гоҳида шайтонлар боғланган бўлишса ҳам васваса қилишлари мумкин… Ҳадиси шарифда келган гап ҳам ҳақ, кишиларнинг васвасага тушиши, ҳатто Рамазонда гуноҳларни қилиши ҳам бор нарса. Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Шайтонлар боғланади» деганларидаги «шайтонлар»дан мурод кофир жинлар бўлиши ҳам мумкин. Жинларнинг кофирларини ҳам шайтонлар деб номланади. Айримлар шайтонларнинг баъзи амаллардан боғланиб қолишини айтишади. Аслида баъзи шайтонлар боғланиши маъноси маъқулроқ. Лекин бундан ҳам афзали Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини борича қабул қилиш, уни таъвил этмасликдир. Бу ҳадисни бизга ишончли Ислом уламолари ривоят қилишган. Шундай экан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гап биз айтган ёки таъвил қилган гапдан кўра яхшироқ ва биз учун ҳам саломатлироқ йўлдир». (Ал Меъёр 1/425,426.)

Демак, бу ҳадиси шарифлардан умумий хулосалар қуйидагича:

  1. Рамазони шариф кириши билан жаннат эшиклари ланг очилади. Яъни буни таъвилсиз тушниш лозим, деган уламоларимиз ҳам бор ва мусулмонлар Рамазон ойида ибодатларга, солиҳ амалларга иштиёқлари ортгани сабабли жаннат эшиклар очилишини тушунамиз, деганлар ҳам бор экан. Айрим ривоятларда «раҳмат эшиклари очилади» деган гап борлиги учун бу қараш ҳам бир маънода тўғридир.
  2. Жаҳаннам эшиклари қулфланади. Яъни мусулмонлар рўза сабабли ўз шаҳватларини тийганлари учун гуноҳлардан узоқда бўладилар. Шу сабабли жаҳаннамга элтадиган амаллардан халос бўладилар. Бу эса ўз‑ўзидан жаҳаннамнинг қулфланишига сабаб бўлади.
  3. Шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади. Бунга ҳам ҳадисда келганидек иймон келтириш энг яхши тушунча, деганлари каби, таъвил қилганлар ҳам бу билан исёнкор бебош шайтонларнинг ростмона кишанланишини айтишган. Айримлар эса мусулмонларни иғво қилиш, уларни васвасага солиш учун шайтонлар асосан шаҳват хоҳишлари орқали ҳаракат қилишини айтишиб, Рамазон ойидаги рўза сабабли киши ўз шаҳватини жиловлагани учун шайтонларнинг ҳам қўлларидан бирор иш келмай қолишини тушунтиришган. Шу фикрни қувватлаш учун бошқа маънодаги ҳадисларни ҳам келтириб ўтишган. Кишининг рўза тутиши фиқҳий асосга кўра емоқ, ичмоқ ва аёли билан бирга бўлмоқдан сақланишга айтилса, унинг тарбиявий ва руҳий тарафига кўра эса рўзадорнинг фахш гаплардан, ғийбат, бўҳтон ва туҳматлардан, беҳуда гап‑сўзлардан ҳам сақланиши лозим бўлади. Зотан рўзадор киши фиқҳий талаблардаги рўза ҳолида бўлса‑ю, кимнидир сўкса, кимгадир озор берса, ёлғон гапирса, бошқа гуноҳлардан тийилмаса унинг рўзасидан ажр‑савоб ҳосил бўлмайди. Гарчи рўзанинг саноғини ўтаган бўлсада, унинг файзидан маҳрум бўлади. Фақат чанқагани, оч қолгани қолади холос. Рўзанинг фарз қилинишидаги асл мақсад ҳам Аллоҳга тақво ҳосил қилишдир. Ҳақ таоло Ўз каломида буни очиқ ифода қилган:»

 

 يا أيها الذين آمنوا كتب عليكم الصيام كما كتب على الذين من قبلكم لعلكم تتقون

 «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз» Бақара‑183.

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда: «Ким қовлаззурни, жаҳолатни ва унга амал қилишни такр қилмаса унинг таомни ва ичимликни тарк қилишига Аллоҳ муҳтож эмас», дедилар.

Қовлаззур ёлғон, чақимчилик, сўкиниш ва ғийбат каби ҳар қандай ҳаром муомалалардир.

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизлардан бирингиз бирор кун рўза ҳолида тонг оттирса, фаҳш сўз айтмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бир киши у билан сўкишса ёки уришса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман!» десин!» Бухорий ва Муслим ривояти.

Ҳофиз айтади: «Бу ҳадисдан мурод рўзадорни бир киши сўкса ёки у билан уришмоқчи бўлса рўзадор ўша жоҳил билан тенг бўлмасин, балки: «Мен рўзадорман!» дейиш билан кифоялансин!

Рўзадор киши ҳадиси шарифда сўкишга жавоб қайтаришдан ман қилинмоқда, шундай экан унинг ўзи сўкиниши анча қабиҳ иш ҳисобланади.

Имом Нававий айтади: «Шуни яхши билки, фаҳш сўзлардан, жоҳилликдан, хусуматлашиш ва сўкинишдан фақат рўзадор кишигина қайтарилмаган, балки бу разил сифатлардан барча бирдек қайтарилган. Рўзадорнинг эса бу ишлардан узоқда бўлиши таъкидлироқдир».

Имом Ҳоким Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Рўза тутиш фақат емоқ ва ичмоқдан эмас, дарҳақиқат рўза беҳуда гаплардан, фаҳш сўзлардан ҳам тутилади. Агар бириси сени сўкса ёки сенга жоҳиллик қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман», дегин!»

Ибн Можа раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қанча рўзадор бор‑ки, унга унинг рўзасидан фақат очлик бор холос. Қанча бедор обид борки унга унинг бедорликдаги ибодатидан фақат уйқусизлик холос».

Демак бу ҳадиси шарифларни ҳам юқоридагилари билан умумлаштирсак рўзадор киши емоқдан, ичмоқдан, аёли билан яиқинлашмоқдан, ғийбатдан, ёлғондан, сўкинишдан, фаҳш ишларни қилишдан, жаҳолатдан, номаҳрамга тикилиш каби мункар ишлардан сақланса дарҳақиқат шайтонларнинг уни васваса қилишга имконлари, унга кириб бора оладиган йўллари қолмайди. Шундай экан улар кишанланган аҳволда қоладилар. Аммо рўза тутдим, деб фақат емоқ, ичмоқдан тийилсаю, лекин бошқа ишлардан тийилмаса шайтонларнинг ҳужумидан қутула олмайди. Бу эса улуғ Рамазон ойида ҳам гуноҳларнинг нима сабабдан тўхтамаётганини бизларга ойдинлатади. Айбни фақат шайтонларга ағдариш тўғри эмас, балки биз ўзимизнинг рўзаларимизга ҳам бир назар солиб қўяйлик! Ҳақ таоло шайтонларни кишанлаган‑ку, дея лоқайд бўлмайлик. Биз ҳам уларнинг кишанланишида ўз хиссамизни қўшайлик! Барча иғво йўлларини тўсайлик!

Ҳақиқий рўзадан фақат яхшилик қайнаб чиқади.

Ҳақиқий рўзадор киши шайтонларнинг ҳужумидан Аллоҳнинг паноҳида бўлади.

Ҳақиқий рўзадор зот Аллоҳнинг раҳматига лойиқ зотдир. Ҳақ таоло бу имкониятдан тўла фойдаланиб олишимизга Ўзи мадад берсин! Салоту саломларимиз Пайғамбаримизга бўлсин!

Аброр Мухтор Алий

20.06.2015.

3 рамазон, 1436 ҳижрий.

Баҳам кўринг

Leave A Reply