Шаъбоннинг сўнгги ярми

0 388

Шаъбоннинг сўнгги ярми

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: لَا تَقَدَّمُوا رَمَضَانَ بِصَوْمِ يَوْمٍ وَلَا يَوْمَيْنِ، إِلَّا رَجُلٌ كَانَ يَصُومُ صَوْمًا فَلْيَصُمْهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلِأَصْحَابِ السُّنَنِ: إِذَا انْتَصَفَ شَعْبَانُ فَلَا تَصُومُوا.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазон олдидан бир-икки кун олдин рўза тутманглар. Магар бир киши бирор рўза тутиб юрган бўлса, ўшани тутсин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

«Сунан» эгаларининг ривоятида:

«Шаъбон ярмига етганда, рўза тутманглар», дейилган.

Шарҳ: Аҳли китоб бўлмиш кофир қавмлар ўзларига фарз қилинган рўзанинг қайси кун бошланишига шубҳа қилиб, бир-икки кун олдин тутишар, оқибатда нафл ибодат билан фарз ибодатни аралаштириб юборишар эди.

Исломда эса иккиланишга, нафл ва фарз­ларни аралаштириб юборишга рухсат йўқ. Мусулмонлар ҳар бир ибодатни жазм билан, азму қарор билан нафлни нафл ўрнида, фарзни фарз ўрнида адо этишлари лозим.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон киришидан олдин бир-икки кун қолганда рўза тутишдан қайтарганлар.

Аммо бир одам маълум кунларда, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларда нафл рўза тутиб юришга одатланган бўлса-ю, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, тутса бўлаверади.

Шунингдек, баъзи бир кишилар назр рўза ният қилиб қўйган бўлсалар-у, ўша назр рўзани тутишлари Рамазондан бир-икки кун олдинги кунларга тўғри келиб қолса, улар ҳам тутсалар бўлаверади.

Юқорида зикр этилган сабабларга ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Шаъбон ярмига етганда, рўза тутманглар», деган ҳадисларига биноан, Шаъбон ойининг ўн олтинчи кунидан бошлаб, то Рамазони шариф киргунча нафл рўза тутиш макруҳ бўлади.

Ушбу тафсилотларни яхши тушунмаслик оқибатида одамлар ичида «Шаъбон ойида рўза тутиб бўлмас экан», деган тушунча юзага келган. Аслида эса гап Шаъбон ойининг иккинчи ярмида эканлигини билиб олдик. Шаъбон ойининг аввалида рўза тутиш масаласини эса келгуси ҳадисларни ўрганиш жараёнида билиб оламиз, ин шаа Аллоҳ.

ШАК КУНИ

«Шак куни» деб, мусулмон ҳоким ҳузурида аниқ илм собит бўлмай, айни кўришда ихтилоф бўлиб, Шаъбоннинг ўттизинчи кунига ўтилган кундир. Яъни Рамазон ҳилолини кўришда шак ҳосил бўлиб, Шаъбонни тўлиқ ўттиз кун қилишга қарор бўлганидаги ўттизинчи кундир.

عَنْ صِلَةَ t قَالَ: كُنَّا عِنْدَ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ فَأُتِيَ بِشَاةٍ مَصْلِيَّةٍ، فَقَالَ: كُلُوا، فَتَنَحَّى بَعْضُ الْقَوْمِ فَقَالَ: إِنِّي صَائِمٌ، فَقَالَ عَمَّارٌ: مَنْ صَامَ الْيَوْمَ الَّذِي يَشُكُّ فِيهِ النَّاسُ فَقَدْ عَصَى أَبَا الْقَاسِمِ r. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ، وَالْبُخَارِيُّ تَعْلِيْقًا.

Сила розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аммор ибн Ёсирнинг ҳузурида эдик. Ўтда пиширилган қўй келтирилди. Бас, у:

«Енглар», деди. Қавмдан баъзилар ортга сурилиб:

«Мен рўзадорман», деди.

Шунда Аммор (розияллоҳу анҳу):

«Одамлар шак қилган куни ким рўза тутса, батаҳқиқ, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди», деди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар. Бухорий таълиқ ила ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало, ушбу ривоятнинг ровийси Сила розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Сила ибн Зуфар ал-Абасий, кунялари Абу Аъло. Баъзилар у кишини Абу Бакр ал-Куфий деб ҳам атайдилар.

Бу зот ишончли ҳадис ривоят қилувчи улуғ тобеъинларнинг катта уламоларидан ҳисобланадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини Аммор ибн Ёсир, Ҳузайфа ибн Ямон, Ибн Масъуд, Али, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлар орқали ривоят қиладилар. Бу зот ҳижратнинг 70-йиллари атрофида вафот этганлар.

Абул Қосим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куняларидир.

Ушбу ривоятга биноан, «шак куни рўза тутиш мумкин эмас», деб ҳисобланади. Бунга ҳам Шаъбон ойи охирида рўза тутишдан ман қилиш сабаблари боисдир. Шак бўлиб тургани устига баъзи бир кишилар рўза тутиб олса, қолганларнинг шаклари яна ҳам кучайиши, орада турли тушунмовчиликлар, гап-сўзлар ва ҳатто уруш-жанжаллар ҳам келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун мусулмонлар бирлиги ва иттифоқини сақлаш мақсадида ҳеч ким рўза тутмаса, яхши бўлади. Эртасидан, Рамазоннинг биринчи куни шу кун, деган жазм билан барча баробар рўза тутаверади. Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

Ҳадис ва Ҳаёт китоби 9 жуз

Баҳам кўринг

Leave A Reply