Шаъбон ойи

0 2 939
Ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи Шаъбон ойидир. Бу ой ҳам ниҳоятда фазилатли ойлардан ҳисобланади. Буни қуйидаги ривоятдан ҳам билишимиз мумкин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, у Зот Бақийъда бошларини осмонга кўтариб турган эканлар:

«Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан хавф қилдингми?», дедилар.

«Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилувдим», дедим. 
«Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калбнинг қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади
», дедилар.

Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.

«Бақийъ» – Мадинаи мунавварадаги машҳур қабристоннинг номи. Барча Мадинада вафот этган саҳобалар шу қабристонга дафн этилганлар. Зотан, Мадинаи мунавварада бошқа қабристон йўқ ҳам.

«Калб» – машҳур араб қабиласи бўлиб, тўлиқ номи Бани Калб. Ўша вақтда Бани Калб энг қўйи кўп қабила бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи ярмида Аллоҳ таоло жуда кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодали қилиб айтишда ўша кўп қўйли қабила чорваларининг жун толалари сонини эсга олганлар.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир дона қўйнинг жун толалари қанча бўлишини санашнинг ўзи қийин. Араб қабилалари ичида энг кўп қўйли қабиланинг қўйлари жун толаси қанча бўлишини тасаввур қилиб кўравериш керак. Бунинг ҳаммаси, ўша кеча жуда ҳам фазилатли эканига далолат қилади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси безовта бўлиб ўринларини тарк қилиб ташқарига чиқиб кетган вақтлари ҳам бўлган.
2. Кечаси қабристонга кириш, осмонга қараб туриш мумкинлиги.
3. Оиша онамизда хотинлик қизғанишлари борлиги. Пайғамбаримизни баъзи хотинлари олдига кетган бўлсалар керак, деб ортларидан излаб чиқишлари шуни кўрсатади. Бу эса айб эмас, балки табиий бир ҳол. Балки меъёрида бўлса, аёл кишининг зийнати ҳам.

4. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг руҳий ҳолларини яхши тушунганлари.

5. Шаъбон ярмидаги тун фазилатли кеча экани.

6. Мазкур кечада кўплаб гуноҳлар мағфират қилиниши.

7. Шаъбоннинг ярмидаги кечада бедор бўлиб ибодат, истиғфор ва дуо билан машғул бўлиш кераклиги.

Ушбу ойда рўза тутишлик ҳам ниҳоятда савобли амал ҳисобланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутганликлари ривоят қилинади.

Абу Салама розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади:

Оиша розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзалари ҳақида сўрадим. У онамиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутардилар, биз у Зот фақат рўза тутмоқдалар», деб айтар эдик. Оғиз очиб юрардилар, биз у Зот фақат оғиз очиб юрадилар», дер эдик. Шаъбон ойидан кўра кўпроқ рўза тутганларини ҳеч кўрмадим. Шаъбон ойини (деярлик) барчасида фақат озгина қолдириб тутардилар».

Қуйидаги ҳадис эса бу ойда камида икки кун рўза тутиш кераклигини кўрсатади:

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига: «Бу ойнинг ўртасидан бирор нарса тутдингми?», дедилар.

Ҳалиги киши: «Йўқ», деди.

У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундоқ бўлса, қачонки Рамазондан оғзинг очиқ бўлганда унинг ўрнига икки кун рўза тут», дедилар.

Икки Шайх ривоят қилган.

Бошқа бир ривоятда:

«Шаъбон ўртасидан рўза тутдингми?» – деганлар.

У киши, йўқ, деганидан кейин: «Ундоқ бўлса, оғзинг очиқ бўлганида зиммангдаги ўрнига икки кун рўза тут», деганлар.

Шаъбон ойида кўпроқ рўза тутишга ҳаракат қилсак, Шаъбондан кейин Рамазон келгач, қийналмай фарз рўзани тутаверамиз, иншааллоҳ. Асосийси, озми-кўпми ҳаракат қилайлик. Аллоҳим, Шаъбонни хайрли ўтказиб, Рамазонга саломат етиб, Аллоҳнинг ризолиги талабида бардавом бўлишимизни насиб айласин!

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

 

 

 

Баҳам кўринг

Comments are closed.