Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг фазллари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

I

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга янги пайғамбарлик келган пайти. Маккаи Мукаррамада ҳамма ана шу ҳодиса ҳақида гапирмоқда. Асосан, жоҳилият одамлари бу ишга душманлик руҳида бўлмоқдалар.

Янги мусулмон бўлганларни ота-боболари динини тарк этиб муртад бўлганликда айбламоқдалар. Улар оз сонли янги мусулмонларни аввал оғзаки айблаган бўлсалар ҳам, ке­йинчалик азоб-уқубатларга дучор қилишни бошлашди. Ўша пайтда бирор кишини мусулмон бўлиши қийин эди. Ким Исломни қабул қилса ҳам,  ҳаммадан беркитар эди. Мусулмонлар қанчалик сабр қилсалар, мушриклар уларга бўлган тазйиқни шунчалик орттириб бораверишди. Бора-бора ҳимоячиси бўлмаган, заиф­ҳол мусулмонларнинг дину диёнати, ҳаёти таҳдид остида қолди.

Ана шундоқ оғир бир ҳолатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша саҳобаларига:

«Агар Ҳабашистон ерига чиқсангиз, яхши бўларди. У ерда бир подшоҳ бор, унинг олдида бировга зулм қилинмайди. У ер садоқат еридир. Аллоҳ ҳозирги ҳолатни енгиллаштириб қолса, ажаб эрмас», дедилар.

Шунда бир гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистон ерига ҳижратга отланишди. Бу ҳижрат Исломдаги биринчи ҳижрат эди. Биринчи муҳожирлар ўн тўрт киши бўлиб, уларнинг ўнтаси эркак, тўрттаси аёл эди.

Уларнинг ичида Усмон ибн Аффон ва у кишининг аёллари — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам бор эди.

Муҳожирларга Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу амир эди. Кейинчалик Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу раҳбарлигида яна бир гуруҳ саҳобалар Ҳабашистонга ҳижрат қилишди. Шундоқ қилиб, у ердаги муҳожир мусулмонларнинг адади саксон уч кишига етди.

Ўша иккинчи гуруҳ ичида Бани Омир уруғидан саккиз киши бор эди. Ўша пайтда бир уруғдан бирйўла саккиз киши Аллоҳ таолонинг йўлида ҳижрат қилиши мисли кўрилмаган ҳол эди. Бунинг устига ўша саккиз кишидан учтасининг хотини ҳам ўзи билан бирга эди.

Мазкур саккиз муҳожир ичида Молик ибн Замъа Омирий, Сакрон ибн Амр Омирий, Сулайт ибн Амр Омирий, Ҳотиб ибн Амр Омирий ва Абдуллоҳ ибн Амр Омирий бор эди. Бани омирлик аёллардан эса Умму Кулсум бинти Суҳайл Омирия, Амра бинти ал-Вуқдон Омирия ва бизнинг қаҳрамонимиз Савда бинти Замъа ибн Қайс ибн Абдуш Шамс ибн Абду Вадд ибн Назр ибн Молик ибн Ҳасал ибн Омир ибн Луай ҳам бор эдилар.

У кишининг оналари Шаммус бинти Қайс эди.

Юқорида зикр қилинган муҳожирлардан Молик ибн Замъа Омирий Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг акалари, Сулайт ибн Амр Омирий, Ҳотиб ибн Амр Омирий қайиноғалари, Сакрон ибн Амр Омирий эри эди. Умуман олганда, бир оиланинг одамларидан ўн бир киши Ҳабашистон ҳижратига чиқишган эди.

Улар насиб қилганича ҳижрат машаққатларини чекиб Ҳабашистонда яшаб юрганларидан ке­йин Маккаи Мукаррамага қайтиб келишди.

Ушбу умумий маълумотлардан Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг биринчи мусулмонлар қаторида эканликлари, Аллоҳ таолонинг дини йўлида оила аъзолари ва қариндошлари билан биргаликда жафо чекканларини англаб олиш қийин эмас.

Маккага қайтиб келганларидан кўп ўтмай Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо туш кўрдилар. Тушларида ёнбошлаб ётсалар, устиларига ой тушибди. У киши кўрган тушларини эрлари Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳуга айтган эдилар, агар тушинг ўнгидан келса, мен кўпга қолмай ўлиб, сен бошқа эрга тегар экансан, деди.

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо ке­йинроқ яна бир туш кўрдилар. Бу туш ҳақида Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтиради:

«Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо Сакрон ибн Амрнинг, Суҳайл ибн Амрнинг акасининг ,хотини эди. У тушида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб келиб, унинг бўйнини босиб олганларини кўрди. Буни эрига айтди. У бўлса:

«Агар тушинг ўнгидан келса, мен кўпга қолмай ўлиб, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эрга тегар экансан», деди.

«Бўлмаган гап, биров билмасин», деди Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо.

Кўп ўтмай Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳу бемор бўлиб, вафот этди.

II

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига ўн йил тўлган йили, Ислом учун ўта нозик бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломнинг биринчи кунидан буён асосий ёрдамчи бўлиб келаётган киши вафот этди.

Ҳа, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари, мўминларнинг оналари Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо олтмиш беш ёшларида бу дунёни тарк этдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларини доимий равишда кўтариб турувчи, у кишига бош маслаҳатчи бўлган, биринчи бўлиб иймон келтирган ва фазилатларини санаб адоғига етиб бўлмайдиган бир улкан матонатли киши у дунёга риҳлат қилдилар.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида етим болалари билан қолдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом жамияти учун оғир жудолик эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг энг яқин кишилари, барча оғирликларни бирга кўтаришиб турган вазирлари, ҳар бир нарсада мос гапни топиб гапирадиган маслаҳатчилари Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳодан ажраб қолдилар. Бу йўқотиш дард устига чипқон бўлган эди. Бунинг устига уйга, қизларга қарайдиган бирор киши ҳам йўқ.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳолга тушганлари ўша пайтдаги барча мусулмонларни ҳам ташвишга солган эди. Улардан ҳар бири ўз пайғамбарларидан бу мусибатни қандоқ қилиб аритиш ҳақида ўйлар эди. Айниқса, бунга ўхшаш ҳолатларни аввалдан кўриб, муолажа қилиб юрган тажрибали аёллар тезроқ чора топишга ҳаракат қилар эдилар.

Мўмина аёллар ичида аҳли солиҳлиги ва фозилалиги билан ажралиб турадиган Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳо охири чидамай бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига гап очишга журъат қилди:

«Эй Аллоҳнинг Расули, уйлансангиз бўлармиди?» деди.

«Кимга?» дедилар у Зот алайҳиссалом

«Қиз хоҳлайсизми, жувонми?» деди.

«Қиз киму, жувон ким?» дедилар.

«Қиз Оиша бинти Абу Бакр, жувон Савда бинти Замъа», деди Хавла бинти Ҳаким. У гапнинг орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг эри ўлгандан кейинги қийин ҳолини ҳам эслатиб ўтди. Ана шундан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Уни менинг эсимга сол», дедилар.

Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳо бу гаплардан хурсанд бўлди ва Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг олдиларига борди.

«Уюунул асар» китобининг соҳиби кейин нима бўлгани ҳақида Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳонинг ўзларидан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Мен Савда ва унинг отаси Замъанинг олдиларига бордим. Отаси катта ёшдаги киши бўлиб, уйда ўтириб қолган эди. Мен уларга:

«Аллоҳ сизларга хайр-баракани бериб қолди-ку!» дедим.

«У нима, эй Хавла?» деди Савда ҳайрон қолиб.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени сенга совчи қилиб юбордилар!» дедим.

«Қандоқ ҳам яхши!.. Энди отамнинг олдига кириб, ўшани зикр қил», деди Савда.

Мен Савданинг отасининг олдига кирдим ва аҳли жоҳилиятнинг салом беришидан қилиб:

«Анъим сабоҳан!» дедим.

«Сен кимсан ўзи?» деди.

«Хавла бинти Ҳаким ибн Умайя ас-Суламийман, Усмон ибн Мазъун ал-Жумҳийнинг аёлиман», дедим.

Савданинг отаси мени яхши кутиб олди. Аллоҳ хоҳлаган гапларни гапирди. У менинг қавмим илоҳларини тарк этганимни, иймонга келганимни ва Ҳабашистонга ҳижрат қилганимни, сўнг Маккага қайтиб келганимни билар эди. У мендан нима ишим борлигини сўраб:

«Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб қизинг Савда Уммул Асвадни сўраяпти», дедим.

«Албатта, Муҳаммад – муносиб, карамли одам. Аммо дугонанг Савда нима дейди?» деди у.

«У буни ёқтиради», дедим.

«Ундоқ бўлса, уни менга чақир», деди.

Мен бориб, уни чақириб келдим. У Савдага:

«Қизим, Хавла бинти Ҳакимнинг айтишича, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ уни сенга совчи қилиб юборган эмиш. У – муносиб, карамли одам. Мен сени унга завжаликка берсам, розимисан?» деди.

«Сиз рози бўлсангиз, майли», деди Савда паст овоз ила.

Шунда Замъа Хавлага бурилиб қаради-да:

«Муҳаммадга айт, олдимизга келсин», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, ақди никоҳ бўлди. Замъа розилигини эълон қилди. Маҳр тўрт юз дирҳам бўлди. Савда набавий хонадонга кириб, мўминларнинг оналаридан бўлди. Набийларнинг хотамига хизмат қилувчилардан бири бўлиш шарафига ноил бўлди».

Ўшанда пайғамбарликнинг ўнинчи йили, рамазон ойи эди. Савда бинти Замъа онамиз Хадича розияллоҳу анҳонинг вафотларидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хотин бўлган биринчи аёл эди.

Бу хабар Маккада тарқалганда одамлар қулоқларига ишонишмади. Улар ажабланиб, Хадичанинг ўрнига ёши ўтиб қолган бева, унчалик кўзга ташланадиган жойи ҳам йўқ Савда бўлар эканми, дейишар эди.

Бошқа тарафда эса ғалатироқ гаплар ҳам бор эди. Савда бинти Замъа онамизнинг Абдуллоҳ исм­ли акаси бор эди. У ҳали ҳам Қурайшнинг динида эди. Ўша пайтда сафарга кетган эди. Маккага қайтиб келса, синглиси Савда Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга эрга тегиб кетибди. Абдуллоҳ ибн Замъанинг фиғони фалакка чиқди. Қаҳру ғазаб бутун вужудини қамраб олди. У бўлиб ўтган ишга афсус қилиб, ўз бошидан ўзи тупроқ соча бошлади. Унинг учун синглиси Савданинг Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқиши катта ор эди.

Кейинроқ Аллоҳ таолонинг инояти ила Исломга келган Абдуллоҳ ибн Замъа бу қилмишини эслаб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам синг­лимга уйлаганларида бошимдан тупроқ сочган куним эсим йўқ экан», деб юрар эди.

III

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо уч йилдан кўпроқ ўзлари ёлғиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хотин бўлиб турдилар. У киши ўз ҳолларини ўзлари яхши билар эдилар. Ёшлари бир ерга бориб қолган эди. Шу билан бирга, эркак кишини жалб қиладиган тарафлари ҳам йўқ эди.

Савда бинти Замъа онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини Аллоҳ таолонинг дини йўлида кўрган машаққатларини тақдирлаб никоҳларига олганларини яхши билар эдилар. Бунинг устига бева қолиб, оғир аҳволга тушиб қолган эдилар. Албатта, бу омил ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътиборларидан четда қолмаган бўлса керак.

Савда бинти Замъа онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ маънодаги хотин бўлишдан кўра, уйга, қизларга қараб турадиган киши бўлишга муносиброқ эканликларини яхши ҳис этар эдилар. Бу ва бунга ўхшаш омиллар кўп эди. Аммо Савда бинти Замъа онамиз учун Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари деган номнинг ва у Зотнинг яқинларидан бўлишнинг ўзи катта саодат эди.

Имом Заҳабий васф қилишларича, Савда бинти Замъа онамиз саййида, жалила ва шарифа бўлиш билан бирга, катта жуссали ҳам эдилар. У кишининг кичик Фотимага қарашда, уй ишларига уринишда ўнғайсизланишларини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб қўяр эдилар.

Савда бинти Замъа онамиз уйда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қолганларида Ҳабашистонда кўрганларини гапиришни яхши кўрар эдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо эри Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу билан бирга ўша пайтда Ҳабашистонда эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни эслашни ва улар ҳақида тинглашни ёқтирар эдилар.

Вақти соати келиб, Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам Ҳабашистон ҳижратидан қайтиб келдилар. Сингиллари у кишининг қаршиларига йиғлаб чиқдилар. Оналари Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳони эсладилар. Узоқ сафардан қайтган Руқайя розияллоҳу анҳони оналари ўрнида Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо кутиб олдилар. У киши барча имконларини ишга солиб, уйдаги камчиликни тўлдиришга ҳаракат қилар эдилар.

IV

Аллоҳ таолонинг изни ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилганларида Савда бинти Замъа онамиз ҳам у Зотнинг ортларидан қизларни олиб, ҳижрат қилдилар. У киши бу ерда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонларини бошқариб турдилар.

Бадр жангги мусулмонларнинг буюк ғалабаси ила тугади. Бадрда асирга тушган мушриклар ичида Савда бинти Замъа онамизнинг қариндоши Суҳайл ибн Амр Омирий ҳам бор эди.

Уни Молик ибн Дахшам асирга олган эди. Музаффар Ислом лашкари Мадинаи Мунавварага қайта бошлади. Улар Мадинага яқинлашиб қолганида Суҳайл ибн Амр Молик ибн Дахшамга:

«Қўйиб тур, қазои ҳожат қилиб олай», деди.

Молик уни қўйвориб, қараб турган эди.

«Уяламан, нарироқ бориб тур», деди.

Молик нари кетди. Суҳайл четга ўтиб, қўлини бўшатди ва жуфтакни ростлади. Унинг қочганини билган Молик ибн Дахшам одамлардан ёрдам сўраб қичқирди. Ҳамма Суҳайлни излашга тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уни ахтара бошладилар ва:

«Ким уни топса, қатл қилсин», дедилар.

Ҳамма уловларига миниб олиб, уни қидиришда давом этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг изига тушиб қолдилар. Ортидан бориб, дарахтлар орасида яшириниб турганини кўрдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига борганларида у қимир этмай турар эди. У ўзини бутунлай йўқотиб қўйган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Суҳайлни тутдилар ва қайтариб олиб келдилар. У Зотнинг амр­лари ила одамлар унинг қўлларини бўйнига боғлаб, ўзини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловларига тиркаб қўйдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг олдида ўзларининг машҳур туялари Қасвони миниб борар эдилар. Қўллари бўйнига боғланган Суҳайл ибн Амр у туянинг ортидан юриб келарди. Уни асирга олган Молик ибн Дахшам эса, бўлган ҳодисани байтга солиб айтиб келар эди. Шу ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар ўзларига нусрат берган Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиб шаҳарга кириб келишди.

Ўша пайтда Савда бинти Замъа онамиз бир тўп аёл билан ўғиллари: Авф ва Муъаввизга аза очган Афра розияллоҳу анҳога таъзия билдиргани кетган эдилар. Ўша ерга мусулмонлар асирларни олиб келганлари ҳақида хабар етди.

Савда бинти Замъа онамиз ўз уйлари томон шошилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида кутиб қолмасликлари керак эди. У киши кириб борсалар, ҳужрада қўллари бошига боғланган Суҳайл ибн Амр турибди. Савда бинти Замъа онамиз уни бу ҳолда кўриб ўзлари сезмаган ҳолда:

«Ҳа, Абу Язид, ўзингиз таслим бўлдиларингми? Қўлларингизни тутиб бердиларингми? Бундан кўра, ўлганларинг яхши эмасмиди?» дедилар.

У кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозлари чўчитиб юборди:

«Эй Савда, Роббингга ва Унинг Расулига қарши тарғибот қиляпсанми?» дедилар.

Савда бинти Замъа онамиз уялиб кетдилар ва ўзларига хос соддалик билан:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Язидни қўли бўйнига боғлиқ ҳолда кўриб, ўзимни тута олмай, шундоқ дебман», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бу гапларидан табассум қилдилар ва асирларга яхшилик бўлиши ҳақида ваъда бердилар. У Зот Савда бинти Замъа онамизнинг узрларини қабул қилдилар. Чунки у Зот Савда бинти Замъа онамизнинг мақсади бошқа эканини яхши билар эдилар.

Ўшандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Асирларга яхшилик қилинглар», дедилар.

Бу гапни эшитган мусулмонлар ўз таомини асирга берадиган бўлдилар.

Савда бинти Замъа онамизнинг ўз қариндошларига соддалик ила қилган меҳрибонликлари ҳаммага фойда келтирадиган шаръий қоида амалга киришига сабаб бўлди.

V

Рамазони муборакда Бадрда эришилган ғалаба мусулмонлар учун тарихий аҳамиятга эга эди. Ўша шонли ғалабадан кейин мусулмонлар жамияти тарих саҳнасига катта куч сифатида чиқди. Улар ким бизни йўқ қилиб юборишга ҳаракат қиларкин, деб хавф-хатар остида яшаш босқичидан эсон-омон ўтдилар.

Бир оз хотиржам бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари ҳақида ўйлаш фурсатини топдилар. Ана шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бундан уч йил аввал олдин Маккада тузилган оилаларини эсларига солдилар. Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз билан бирга яшашга қарор қилдилар.

Маълум муддат бирга яшаб, ўзига яраша бир-бирларига ўрганиб қолган кишилар ичига ёш, шўх ва бир оз топқирроқ қиз – Оиша розияллоҳу анҳо кириб келган эдилар. Савда бинти Замъа онамиз янги келинни жуда яхши кутиб олдилар. Шу дамларда у кишининг ҳазил-мутойибага усталиклари ва соддаликлари ҳам иш берди.

Савда бинти Замъа онамиз авваллари ҳам кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг бу сифатлари маъ­қул келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳазил-мутойибаларига ўзига яраша лутф ила муомала қилар эдилар.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи «Тобақот» номли машҳур китобида бу борада қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Савда розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кеча ортингизда намоз ўқидим. Шунчалар рукуъ қилдингизки, қон оқиб кетмасин, деб бурнимни ушлаб турдим», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. У аҳёнда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эди».

Савда бинти Замъа онамиз хонадонга Оиша розияллоҳу анҳо кириб келганларидан кейин ҳам ана ўша ҳазил-мутойиба руҳини ушлаб турдилар. Бу ўз навбатида оилада ўзаро алоқаларни доимо яхши тутиб туришга ҳам керак эди.

Имом Насаий ва бошқа муҳаддислар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилишади:

«Бир куни Савда бизникига зиёратга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан унинг ўртамизда ўтирдилар. У зот бир оёқларини менинг қўйнимга, иккинчи оёқларини унинг қўйнига ташлаб, ўтирар эдилар. Мен ҳарийра пишириб келдим ва Савдага:

«Егин», дедим.

У кўнмади.

«Агар емасанг, юзингга суртаман», дедим.

У яна кўнмади. Мен лагандан бир оз нарсани олдимда унинг юзига суртдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. Расулуллоҳ соллалло­ҳу алайҳи васаллам оёқларини унинг қўйнидан олдилар. Унга мендан ўч олишга шароит яратдилар ва:

«Сен ҳам унинг юзига сурт!» дедилар.

У лагандан бир оз нарса олиб менинг юзимга суртди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулар эдилар».

Нубувват хонадонига бирин-кетин бошқа оналаримиз ҳам кириб кела бошлашди. Уларнинг ҳар бирлари ўзларига яраша бир олам эдилар, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Хонадон кенгайиши, унга турли авсофларга эга хонимларнинг кириб келишлари Савда бинти Замъа онамизнинг аввалги ўринларини бошқачага айлантирмади. У киши ўз ўринларини йўқотмасдан ҳар кимга ўзига яраша муомала қилиб боравердилар. Бўладиган муомалаларнинг ичида ҳазил-мутойибалари ҳам ўз ўрнини йўқотмади.

«Тарихи Тобарий», «Исоба» ва «Усудул Fоба» китобларида Ҳафса онамизнинг озод қилган чўрилари Хулайса розияллоҳу анҳодан қуйидаги қисса келтирилади:

«Оиша ва Ҳафса розияллоҳу анҳумо гаплашиб ўтирган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Савда келиб қолди. Ҳалиги иккови бир-бирларига:

«Савдани қара, қандоқ ҳам чиройли ҳолда! Бир шу ҳолини бузмаймизми?!» дейишди.

Савда уларнинг ичида ҳоли яхшиси эди. У тои­фий тери ишлатар эди. У икковининг олдиларига яқинлашганда ҳазилни бошлашди:

«Эй Савда, хабаринг бўлмадими?!» дейишди.

«Нима эди, Аллоҳ раҳмингизни егурлар?» деди у соддалик ила ажабланиб.

«Fилай Дажжол чиқди!» дейишди иккови.

Савда қўрқиб кетиб, ўт ёқадиган бир хонага берки­ниб олди. Иккови роса кулишди. Расулуллоҳ сол­лал­лоҳу алайҳи васаллам келиб, Ҳафса билан Оишага:

«Икковингизга нима бўлди?» дедилар.

Улар Савда билан бўлган ҳодисани гапириб беришди. У Зот уни излаб топдилар. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғилай Дажжол чиқдими?!» деди.

«Йўқ. Чиққанга ўхшайди», дедилар.

У устидан ўргамчак инларини қоқиб, чиқиб келди».

Ана шу билан хонадонда бир муддат хушҳоллик ҳолати ҳукм суриб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ҳазил-мутойиба қилиб турар эдилар.

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳазил мутойибага мойилликлари машҳур бўлса ҳам, кези келганда жиддий бўлишни ҳам ўринлатар эдилар.

Имом Бухорий ва Муслимлар Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Савда бинти Замъа кечаси ташқарига чиқди. Бас, уни Умар кўриб таниди ва:

«Аллоҳга қасамки, сен, эй Савда, бизга махфий қолмассан», деди.

У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтиб келди. У Зот менинг ҳужрамда ўтириб, кечки таомни тановул қилаётган эдилар. Бас, (Савда) у Зотга ҳалиги гапни зикр қилди. У Зотнинг қўлларида гўштли суяк турган эди. Шунда у зотга (оят) нозил қилинди. У зотдан (ваҳий ҳолати) кўтарилганда:

«Батаҳқиқ, сизларга ҳожатларингиз учун чиқишингизга изн берилди», дедилар».

Савда бинти Замъа онамиз кечаси ҳожат учун ташқарига чиққан эдилар. У киши, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, катта жуссали, семиз ва секин ҳаракат қилувчи эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кечаси бўлса ҳам Савда онамизни дарҳол таниди. Умар розияллоҳу анҳу ўта эҳтиёткор киши эди. Айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига жуда ҳам эҳтиёт бўлар эди. Кейинчалик ҳижоб оятининг тушишига ҳам Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари сабаб бўлган. Умар розияллоҳу анҳу мўъминларнинг оналарини ҳам тергаб турар эди. Савда онамизни ташқарида юрганларини кўриб, яна тергашни бошлади.

«Аллоҳга қасамки, эй Савда, бизга махфий қолмассан!» дедилар.

Бу гап қўпол қилиб айтадиган бўлсак, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотини бўла туриб, кечаси кўчада нима қилиб юрибсан, деган маънодаги гап эди. Бу гап Савда онамизга оғир ботди. У киши ўйнаб эмас, ҳожат учун чиққан эдилар.

Ўша пайтда у Зот Оиша онамиз розияллоҳу ан­ҳунинг ҳужрасида кечки таом еб ўтирар эдилар. Савда онамиз ўша ерга кириб бордилар ва бўлиб ўтган гапни зикр қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида гўштли суяк бор эди. Ана шу ҳолда у Зотга ваҳий нозил бўлди.

Одатда ваҳий нозил бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафас олишлари тезлашиб, терлаб, ғалати бир ҳолатга тушиб қолар, ёнларидаги киши у Зотга ваҳий тушганини очиқ-ойдин билар эди. Оиша ва Савда оналаримиз ҳам ўша пайт Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушаётганини билиб, жим қолишди.

Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари асл ҳолатига қайтди. Ваҳий тушиб бўлгани билинди. Энди Савда онамиз билан Умар розияллоҳу анҳунинг ораларидаги тортишувли масала ҳал бўлиши керак эди. Ваҳий тушиб бўлиши билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, сизларга ҳожатларингиз учун чиқишингизга изн берилди», дедилар.

Бу ҳодиса Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг фазлларини кўрсатади.

VII

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирларининг қуръаси чиқса, ўша аёлларини ўзлари билан бирга олиб чиқардилар. Ана ўша тартиб билан бўлса керак, Савда бинти Замъа онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Хайбар ғазотида иштирок этганлар.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи «Тобақот» китобида зикр қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжадан Савда бинти Замъа онамизга саксон васақ хурмо ва йигирма васақ арпа ажратган эканлар.

Аммо вақт ўтиб бориши билан Савда бинти Замъа онамиз ўзларида қарилик аломатларини яна ҳам кўпроқ сезиб борар эдилар. Бунинг устига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда онамизни талоқ қилар эмишлар, деган гап ҳам тар­қалди. Савда онамиз учун мана шу гап катта мусибат бўлди. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаси бўлишни ўзларининг энг буюк бахти деб билар эдилар. Савда онамиз нима қилиб бўлса ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишга чора ахтара бошладилар.

Абу Довуд, Аҳмад ва Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимда, олдимизда қолишларида бизнинг баъзимизни баъзимиздан устун кўрмас эдилар. Ҳаммамизнинг олдимизга кириб айланиб чиқмаган кунлари оз бўлар эди. Тегмасалар ҳам, ҳар бир аёлнинг ёнига кириб чиқар, навбат куни келганнинг олдида ётиб қолар эдилар. Савда онамиз ёши катта бўлиб қолганда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ажралишларидан қўрққанда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг куним Оишага бўлсин», деди. Биз мана шу ва шунга ўхшаганлар ҳақида Аллоҳ таоло:

«Агар аёл киши ўз эридан нафрат ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида гуноҳ йўқ»ни нозил қилган дер эдик».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен Савдадан бошқа тутими ва сийратида ўзимга ёқадиган унга ўхшаш аёлни кўрмадим. У ёши катта бўлганда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиздаги ҳақим бор кунимни Оишага бердим», деди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага икки кун – ўз кунини ва Савданинг кунини тақсим қилар эдилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Аввал ҳам бир неча бор такрорлаганимиздек, оналаримизнинг баъзиларининг ёши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшларидан катта эди. Жумладан, Савда онамизнинг ҳам.

Ёшлари ўтиб қолганда у киши мазкур ҳолатлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳам қийинчилик туғдириб, мени ёқтирмай қолмасинлар, деб ўз кунларини у Зотнинг энг ёш ва маҳбуб аёллари Оиша онамизга ҳадя этганлар. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз Савда онамизни яхши кўрар ва тутимда, сийратда ўша кишига ўхшашни хоҳлар эдилар.

Албатта, аёл киши учун бундоқ фидокорликни амалга ошириш – катта жасорат. Бу ишни фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқинларида туришни ўзига бахт деб билган аёлгина қилиши мумкин. Савда онамиз бу масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилганларида:

«Мен сизнинг завжаларингиз қаторида қайта тирилишимни хоҳлайман», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бу илтимосини қондирганлар.

VIII

Савда бинти Замъа онамиз кўп чиройли ва ҳамида фазилатлар эгаси бўлганлар. Ҳадис, сийрат ва тарих китобларимизда мазкур олиймақом сифатлар ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган. Биз улардан баъзиларини зикр қиламиз.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Муздалифага тушдик. Савда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларнинг издиҳом бўлишларидан олдин у ердан жўнаб кетишга изн сўради. У жуда секин ҳаракат қиладиган аёл эди. У Зот унга изн бердилар. У одамларнинг издиҳом бўлишидан олдин тушиб кетди. Биз тонг отгунча турдик. Ундан кейин тушдик. Мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Савда изн сўрагандек изн сўраганимда яхши бўлар экан».

Бу ерда Савда бинти Замъа онамизнинг бир йўла иккита фазли намоён бўлмоқда. Биринчиси, аёл кишиларга ҳаж пайтида узр учун Муздалифадан тонг отмай туриб Минога тушиб кетишларига изн бериш шариатга кириб қолишига сабаб бўлганлари. Ўша Савда бинти Замъа онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган изнга биноан, ҳозиргача аёлларга, бемор, қари ва ожиз кишиларга Муздалифадан тонг отмасдан аввал тушиб кетишга рухсат берилади.

Иккинчиси, ўша пайтдаги вазиятни яхши англаб тасарруф қилганлари. Ҳатто Оиша онамиз кейинги вақтларда ҳам Савда бинти Замъа онамизнинг мазкур ишларига ҳавас қилиб юрар эканлар.

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида ўз аёлларига:

«Мана шу – бўйраларнинг зоҳир бўлишидир», дедилар.

Савда: «Бундан сўнг ҳеч қачон ҳаж қилмайман», дер эди.

Бошқа бир ривоятда айтилишича:

«Уларнинг ҳаммалари ҳаж қилар эдилар. Фақат Зайнаб бинти Жаҳш ва Савда бинти Замъа қилмас эдилар. Иккови, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитганимиздан кейин бизни улов ҳаракатга солмас», дер эдилар».

«Савда: «Ҳаж қилдим. Умра қилдим. Энди Аллоҳ азза ва жалла менга амр қилганидек, уйим­да виқор билан ўтираман», дер эди».

Савда бинти Замъа онамиз жуда ҳам сахий зот эдилар. У кишининг қўлига тушган мол туриб қолмас эди.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Муҳаммад ибн Сирин розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб Савда бинти Замъа онамизга бир хуржун дирҳам юборди. У ҳалиги нарсани кўриб:

«Бу нима?» деди.

«Дирҳамлар», дейишди.

«Хуржунда-я?! Хурмо каби-я!? Эй жория, менга тобоқни келтир!» деди ва уларни тарқатиб юборди.

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифларни ҳам ривоят қилганлар. Катта ҳадис китобларида у кишининг бешта ҳадислари борлигини уламоларимиз зикр қилишган.

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг хилофатлари охирида саксон ёшдан ўтганларида вафот этдилар. Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин! Омин!

Мавзуга оид мақолалар
Истиъоза бу «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим» дир. Маъноси «Қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан давоми...

00:48 / 23.11.2016 7174
Афғонистонлик ихтирочи қизлар жаҳонни лол қолдирмоқда Афғонистонлик бир гуруҳ қизлар Таллинда бўлиб ўтган давоми...

07:55 / 03.01.2018 3971
1 Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади «Албатта сизлар Қиёмат давоми...

06:57 / 24.10.2016 18291