Сарвари оламга маҳбуб бўла оляпмизми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сизу бизни инсон қилиб яратган, Ислом билан неъматлантирган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.

Бу дунёдан уммат ғамида ўтган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин. Мана янги 1434 ҳижрий йилнинг рабиул аввал ойига ҳам етиб келдик. Ҳар йил ушбу ойга етганимизда, мен ўзимга савол бераман. Умматим деб ўзлигини унутган охир замон Пайғамбари, сарвари коинот бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қиламиз-у, лекин у кишини қанчалар таний олдик? Қай даражада сева олдик? Агар ҳозир сарвари олам ҳаёт бўлсалар, биз ўзимизнинг қай бир амалимизни у кишига кўрсата олардик?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз то мен унга ота-онасидан, боласидан ва барча одамлардан маҳбуб бўлмагунимча, иймони комил бўлмайди», деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимиз қилган амалларимизда кўриниши керак. У кишига бўлган ҳурматимиз суннатларини тирилтиришимизда, ҳадисларига амал қилишимиз билан бўлади. Инсон севган кишисига ҳадя бергиси келади. Бизнинг  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадямиз, ул Зотга айтган салавотларимиз экан. Энг аввало бу ҳадяларимиздан ўзимиз манфаатдормиз. Чунки салавот айтиш билан кўпгина ажр-савобларга эга бўламиз.

Инсон севган кишисига севимли бўлишни истайди. Набийимиз алайҳиссалоту вассалом илмлиларни жуда ҳурмат қилганлар ва умматларини илм олишга кўп тарғиб қилганлар. Қуръони Каримда илм лафзи 780 ўринда келган. Кимки илм олиш йўлига кирса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини насиб қилар экан. Малоикалар илми толибнинг йўлларига қанотларини ёзар эканлар. Илмдан бир масалани ўрганмоқ, борлиқдаги барча бойликлардан афзалдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм – хазина. Сўраш – калити. Савол берган – ажр олади. Жавоб берган, эшитган, амал қилган – ажр олади», деганлар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам яна марҳамат қилганлар: «Илм ҳоким. Мол маҳкумдир. Молни сарфласанг, камаяди. Илмни сарф қилсанг, кўпаяди. Ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Илм фақат ўқиб ўрганилади».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Кечаси билан ибодат қилгандан кўра, бир соат илм билан шуғулланишни афзал кўраман», деганлар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Эй инсонлар, илм ўрганинглар!!! Аллоҳ таоло яхши ният билан илм ўрганганларга буюк хилъат кийдиради», деганлар.

Ҳазрати Луқмони Ҳаким ўғлига насиҳат қилади: «Ўғлим, олимларнинг мажлисига бор. Баҳор ёмғири ерларни ям-яшил қилиб яшнатгани каби, Аллоҳ таоло ҳикмат нури билан мўмин қалбини нурлантиради».

Имом Муслим ва Имом Абу Довуд Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Биз суффада ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар ва: «Сизлардан қай бирингиз ҳар куни эрталаб, Бутҳонга ёки Ақиққа бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан ва қариндошлик алоқасини узмасдан, катта ўркачли иккита туяни олиб келишни хоҳлайсиз?» дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз буни хоҳлаймиз», дедик. Шунда у Зот: «Албатта, сиздан бирингиз ҳар куни масжидга бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оятни таълим олмоқлиги, унинг учун иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учтадан яхшироқдир. Тўрттаси тўрттадан яхшироқдир. Оятларнинг адади қанча бўлса, ўшанча туядан яхшироқдир», дедилар.

Ўша пайтда ҳар бир араб учун катта ўркачли туя қандоқ катта бойлик эканини, уни ҳалол йўл билан, Аллоҳ таолога гуноҳ қилмай, қариндошлар ҳаққини поймол қилмай топиш қандай бахт эканини билсак, Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини ўрганиш катта ўркачли туя топишдан ҳам яхшироқ мулк эканининг аҳамиятини тушуниб етамиз.

Исломда илм ўрганиш, айниқса, Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръони Каримни тиловат қилиш, тафсирини ўрганиш, улуғ иш ҳисобланади.

Имом Муслим ва Имом Абу Довуд, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифларида шундай дейилади: «Ким талаби илм йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осонлаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўзаро дарс қилиб, ўргансалар, албатта, уларнинг устиларидан сакина нозил бўлур, уларни раҳмат қамраб олур ва уларни Аллоҳ Ўз ҳузуридаги кимсалар ичида зикр қилур».

Юқоридаги ҳадисларни тадаббур қилсак, Аллоҳ таолонинг китобини ўқишни ўргатаётган кишилардан ҳам бахтлироқ одам йўқлигини билиб оламиз.

Илоҳим, барчаларимизни Қуръонни ўрганувчи, суннатга амал қилувчи бандалардан қилсин, омин.

Sobira

Мавзуга оид мақолалар
«Ваъда қилинган нарсанинг амалга ошмаслиги сени ваъда ҳақида шубҳалантириб қўймасин. Гарчи вақти тайин қилинган бўлса ҳам. Чунки у сенинг қалб кўзинга нуқсон давоми...

06:57 / 15.12.2017 3110
БУГУННИНГ МУАММОСИ      Муаллима ўқувчиси Юсуфнинг ҳолати ҳақида маслаҳатлашиб олиш учун унинг отасини мактабга чақиртирди. Ота келгач, унга «Жаноб Ўғлингиз давоми...

03:02 / 29.04.2017 4705
Кундалик ҳаётимизни тобора енгиллаштириб келаётган бугунги илмий кашфиётларни ким қилар экан, дея ўйлаб кўрганмисиз Булар атрофимиздаги дунёни кўпроқ ўрганиш давоми...

01:41 / 31.01.2019 2378
Куни кеча 2015 йилнинг 23 ноябрида Россия Президенти Владимир Путин хизмат сафари билан Эронга ташриф буюрди. У газ экспорти билан шуғулланувчи давлатлар саммитида давоми...

23:21 / 22.02.2017 3320