Саодат Аллоҳга қайтишдадир

0 531

“Ниҳояда зафар топишнинг аломатларидан бири бошланишда Аллоҳ таолога қайтишдир”.

Бир ишни бошлашдан олдин сабабларга суяниб, тахминларни қилиб бошлагандан сўнг кутилган натижа бўлмаса, кейин Аллоҳ таолонинг тадбири билан ҳисоблашмаганимизни эслаб қоламиз. Натижа чиройли бўлишининг сабаби, бошидан Аллоҳ таолонинг тадбирини қилиш билангина бошланади. Биз бандалар бир ишни бошлашдан олдин дунёвий ўлчовлар билан белгилаймиз, бандалик ўлчовимиз билан ўлчаймиз. Тижорат мисолида оладиган бўлсак, кўп пул тикадиган бўлсам, кўп сармоя сарфласам, кечасию кундузи ишласам, кўпроқ ишчиларни ишлатсам, пишиқ бўлсам, тежамкор бўлсам, ривож топаман, фойда топаман, деган тахминларни қиламиз. Елиб-югуради, ибодатлари ҳам чала бўлиб қолади, дунёвий ишларга киришиб кетиб, натижани кутиб юради-да, аммо ўйлаган натижасига эришмайди, Аллоҳ асрасин ёки касодга учрайди-да, кейин: “Ҳаа… бошидан мен нотўғри қилган эканман…” деб қолади.

Шунинг учун ҳар бир ишни аввалида хайр сўраш: “Роббим билгувчи, мен билмасман, Ўзи хайрлисини берсин!” деб сўраб, ишини Аллоҳга топшириш керак. Шунинг боис мусулмонларга истиҳора қилиш буюрилган.

Истиҳорани кўпчилик тушга боғлаб қўйган, тўғри тушида кўриши ҳам мумкин, лекин истиҳоранинг натижаси тушдан кўра кенгроқ бўлади. Масалан, бир банда бир ишни қилсаммикан, қилмасаммикин, деб иккиланиб турибди, мусулмон киши биринчи бўлиб Аллоҳ таоло билан маслаҳатлашади. Дуо қилиб астойдил сўраса, Аллоҳ таоло Ўзи тўғри йўлга буриб қўяди, ёки қалбини буриб қўяди, яъни кўнгли ўша ишга мойилроқ бўлиб қолади.

Бир инсон ўқишга роса ҳаракат қилди, ўқишига кирди, лекин нимадир сабаб бўлиб, илмга эмас касби корга бурилиб кетди. Қараса, касби кордан иши кўпроқ юришиб қолди, демак, Аллоҳ таоло хайрни ўша томондан бериб қўйибди.

Бу ҳикмат яна шунга далолат қиладики, инсон ҳаётини бошидан гўзал қилавериши керак. Масалан болаларни тарбиясига яхшилаб аҳамият берамиз, ёшлигидан илоҳий иноятда гўзал тарбия топишига ҳаракат қиламиз. Боланинг зеҳнига ёшлигидан Аллоҳга, Расулига муҳаббатни қуйиб борилса, натижаси иншааллоҳ, яхши бўлади.

Баъзилар бор, қалби очиқ бўлади, кўнгли дуо-илтижога, ибодатга мойил бўлиб туради, эътироф қилиб туради, аммо бандалиги, ожизлигига бориб, умрининг аввалида гуноҳ қилиб қўйган бўлади. Бундайлар қалби ҳассос бўлгани учун дарров тавба қилиб, йўлини тўғрилаб олади.

Бошидан яхши бўлиш дегани намоз ўқиб, нимага ўқиётганини билмаслик эмас, рўза тутиб, нимага тутаётганини билмаслик эмас, балки бошидан қалбини Аллоҳ билан боғлаб, ўзи билан Унинг ўртасини ислоҳ қилиб олиш, Аллоҳни ҳис қила билиш, тазарруъ билан дуо қилишни билиш демакдир.

 

Одинахон Муҳаммад Юсуф

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply