Саломнинг фазли
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи Зотдир», деган («Нисо», 86).

Шарҳ: Ҳар бир қавмнинг, ҳар бир халқнинг, ҳар бир миллатнинг ўзига хос саломлашиш услуби бор. Саломлашиш услуби ва иборалари ҳамда одатлари ўша халқнинг маданияти қандай эканлигидан дарак бериб туради. Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса вожибдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал энг яхши амалдир?» – деб сўралганда, У Зот: «Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг»,  деб жавоб берганлар.

Ушбу ояти каримада саломлашишнинг аҳамиятли нарса экани таъкидланиб, берилган саломга ундан кўра яхшироқ ёки ўзига баробар жавоб беришга амр этилмоқда. Бу амрга қандай амал қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ўрганамиз.

Ибн Жарир қилган ривоятда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:

«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Ас-Салому алайка, ё Расулуллоҳ», – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга: «Ва алайкас-Салому ва роҳматуллоҳи»,  дедилар.

Кейин бошқа бир одам келиб: «Ас-Салому алайка, ё Расулаллоҳи ва роҳматуллоҳи», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ва алайкас-Салому ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳу»,  дедилар.

Сўнгра яна бошқа бир одам келиб: «Ас-Салому алайка, ё Расулаллоҳи ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳу», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ва алайкас-Салому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу»,  дедилар.

Шунда у одам: «Ё Расулуллоҳ, отам ҳам, онам ҳам сизга қурбон бўлсин, ҳузурингизга фалончи-фалончилар келиб салом бердилар. Сиз уларга мендан кўра яхшироқ жавоб бердингиз?» – деб сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен менга ҳеч нарсани қўймадинг. Аллоҳ: «Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки ўзидек жавоб беринг», деган. Сенга ўзидек жавоб бердик»,  дедилар».

Аллоҳ таоло: «Батаҳқиқ, элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтирдилар. Улар: «Салом», – дедилар. У: «Салом», – деди. Ва кўп ўтмай қовурилган бузоқ келтирди», деган («Ҳуд», 69).

Бу ояти каримада Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг элчилари – фаришталари келтирган хушхабар уларнинг у Зотга салом беришлари билан бошланганига эътибор бермоқ керак.

Ўша пайтда Иброҳим алайҳиссалом ўзлари туғилган Ироқнинг Калдонийлар еридан ҳижрат қилиб, саҳрода Канъонийлар заминида яшаб турган эдилар. 

«Батаҳқиқ, элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтирдилар.»

Фаришталар Иброҳим алайҳиссаломга қанақа хушхабар келтиргани кейинроқ, ўз ўрнида зикр қилинади. Фаришталар келиб Иброҳим алайҳиссаломга: «Салом», – дедилар».

Ёш, хушрўй йигитлар суратида, меҳмонга ўхшаб келган шахсларнинг фаришталар эканлигидан бехабар Иброҳим алайҳиссалом уларнинг саломига алик олдилар.  

«У: «Салом», – деди.»

Саломлашиб бўлгач, меҳмонлар ўтирдилар. Иброҳим алайҳиссалом эса: «…кўп ўтмай, қовурилган бузоқ келтирди».

Яъни қиздирилган тошда пишган семиз бузоқ гўштини олиб келиб, дастурхонга қўйдилар.

Демак, кўришганда салом бермоқ ва алик олмоқ фаришталар ҳамда Набийларнинг одатидир. Бу одатга мўмин-мусулмонлар ҳам амал қиладилар.

Аллоҳ таоло: «Улар учун у ерда мевалар бордир. Улар учун у ерда истаган нарсалари бордир. Раҳим бўлган Зот – Роббдан «Салом» сўзи бордир», деган(«Йасин», 57-58).

Шарҳ: Аҳли жаннат учун жаннатда турли хил мевалар бордир. Улардан хоҳлаганларича еб, маза қиладилар. Аҳли жаннатлар нимани истасалар, жаннатда ўша нарса бордир. Кўнгиллари исташи билан олдиларида муҳайё бўлади. Яна уларга: «Раҳим бўлган Зот – Роббдан «Салом» сўзи бордир».

Шунча нозу неъмат, роҳат-фароғат, шавқу завқнинг устига ўзлари учун ниҳоятда раҳимли бўлган Зот – Роббилари Аллоҳ таоло томонидан «Салом» ҳам келади. Бу эса энг юқори даражадаги тақдирлашдир.

Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида аҳли жаннат ҳақида: «У ердаги дуолари: «Аллоҳим, Сени поклаб ёд этамиз»дир. У ердаги саломлашишлари «ас-Салом»дир. Охирги дуолари эса: «Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин»дир», деган («Юнус», 10).

Иймон ўз соҳибини яхшиликларга бошлаши зарур. Соҳибини яхшиликларга бошлаган иймонгина иймон ҳисобланади. Бошқаси иймон эмас. Иймонга келиб, яхши амаллар қилганларни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи доимо ҳидоятга йўллаб туради.

«Албатта, иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларни Роббилари иймонлари сабабли ҳидоятга бошлайдир.» («Юнус», 9).

Улар ана ўша ҳидоят, иймон ва яхшиликлари туфайли жаннатга кирадилар.

«Наъийм жаннатлардалар, остларидан анҳорлар оқиб турадир.» («Юнус», 9).

Ҳол-аҳволлари яхши бўлганидан, оғизларидан ҳам доимо яхши дуолар чиқади. Уларнинг дуоси ўзларини шу даражага етказган Роббиларини поклаб, ёд этишдир:

«У ердаги дуолари: «Аллоҳим, Сени поклаб ёд этамиз»дир».

Ундоқ саодатманд бандаларнинг жаннатдаги бир-бирлари билан сўрашишлари ҳам ўзига хосдир:

«У ердаги саломлашишлари «ас-Салом»дир».

Иймон келтирганлари ва амали солиҳ қилганлари учун Роббиларининг ҳидоятига ва жаннати наъиймга сазовор бўлган саодатманд бандаларнинг

«Охирги дуолари эса: «Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин»дир».

Демак, аҳли жаннатнинг жаннатдаги саломлашишлари ҳам «ас-Салом»дир. 

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлислари олдидан ўтиб кетаётиб: «Ассалому алайкум», – деди.

«Ўнта савоб», – дедилар.

Бошқа бир киши ўтаётиб: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», – деди.

«Йигирмата савоб», – дедилар.

Яна бошқа бир киши ўтаётиб: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳу» – деди.

«Ўттизта савоб», – дедилар.

Бир киши мажлисдан туриб, салом демай кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу биродарингиз жуда муҳим нарсани унутди. Бирортангиз мажлисга келса, салом берсин. Ўтиргиси келса, ўтирсин. Қачон турадиган бўлса, салом берсин. Биринчиси иккинчисидан афзал эмас», – дедилар».

Шарҳ: Афсуски, бизда кетишда салом бериш йўқ даражада бўлиб қолган. Бизда кетаётган киши хайр-маъзур қилади, лекин салом бериб кетмайди, чунки «салом фақат кўришганда айтиладиган нарса» деб тушуниб қолинган.

Арабларда кетиш пайтида ҳам салом айтилади. Бироқ бизда бунга ажабланиб қарашади. Ҳолбуки, кетаётганда, хайрлашганда салом бериш суннат амаллардандир.

 Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Бакрга мингашиб олиб эдим. У бир қавмнинг олдидан ўтса: «Ассалому алайкум», – дерди.

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», – дейишарди.

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», – дерди.

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳу», – дейишарди.

Бас, Абу Бакр: «Бугун одамлар биздан кўра кўп зиёда фазл олдилар», – деди».

Шарҳ: Демак, йўлда кетаётган киши салом бериб, эшитганлар бунга алик олишса, икки томонга ҳам катта ажрлар ёзилар экан. Салом ва алик қанчалик кўп бўлса, шунчалик кўп ажр бўлар экан.

  Оишадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яҳудийлар сизларга салом ва оминга ҳасад қилганчалик ҳасад қилмаганлар», – дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида яҳудийлар мўмин-мусулмонларнинг ҳамма нарсасига ҳасад қилган бўлса-да, бироқ салом билан оминга «Қанийди, шу нарса бизда бўлса» деб, ичлари куйиб, ҳасад қилганчалик ҳасад қилмаган эканлар.

Демак, бу икки нарса шу қадар фазилатли амал экан. Арабларни, мўмин-мусулмонларни одам қаторида кўрмайдиган, паст назар билан қарайдиган яҳудийлар бизларнинг саломимиз ва дуоларимизга ҳасад қилар экан. Биз буни яхши тушунишимиз ва уларни ҳаётга кенг татбиқ қилишимиз лозим.

 Салом Аллоҳ азза ва жалланинг исмларидан бир исмдир

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан тўқсон тўққизтаси бир ҳадисда келган. Улардан бири «ас-Салом»дир. Демак, бир-бирига салом бераётган мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилар экан, Роббул оламийннинг исми билан бир-бирини қаршилар эканлар.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Салом Аллоҳ таолонинг исмларидан бир исмдир, Аллоҳ уни ер юзига қўйган. Бас, ораларингизда саломни ёйинглар», – дедилар».

Шарҳ: Салом – нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот. Аллоҳ таоло «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.

 Ибн Масъуддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида намоз ўқир эдилар. Бас, биров, «ас-Салому алаллоҳи» дер эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатганларидан сўнг:

«Ас-Салому алаллоҳи» деган ким? Албатта, Аллоҳнинг Ўзи Саломдир. Лекин буларни айтинглар:

«ат-таҳиййаату лиллааҳи вас-солаваату ват-тоййибаату, ас-салааму алайка аййуҳан набиййу ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳу, ас-салааму алайнаа ва алаа ибаадиллаҳис-солиҳийн. Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳу», – дедилар».

Батаҳқиқ, уни Қуръондан бир сурани ўргангандек ўрганишар эди».

Шарҳ: Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, намоз янги ўқила бошлаган пайтда кишилар: Аллоҳга салом, фалончига салом, фистончига салом, дейишган. Баъзи ривоятларда келишича, Жиброилга салом, Микоилга салом, дейишган.

Кунлардан бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни тўғрилашга қарор қилганлар ва: «Албатта, Аллоҳнинг Ўзи Саломдир»,

Унга салом беришнинг кераги йўқ, деб юқоридаги ҳадисда баён қилинган ташаҳҳуд сўзларини ўргатганлар.

Жумҳур уламолари ва шу жумладан, Ҳанафий мазҳабида ташаҳҳудда ушбу сийғани ўқиш қабул қилинган.

Аллоҳ таоло билан бўлган муножотнинг охирида ушбу пурмаъно табриклар, салавотлар ва саломлар ила борлиқдаги барча мавжудотларни эслаш ажойиб бир файзу футуҳ касб этади.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони Қуръондан бир оятни қандай ўргатсалар, худди шундай қилиб ўргатганларини ривоят қиладилар. Алҳамдулиллаҳ, ҳар бир мўмин-мусулмон бугунги кунгача ҳам, то қиёматгача ҳам бу улуғ дуони ҳар бир намозда ўқийди.

Ушбу ҳадисдан бу дуонинг Аллоҳ таоло билан саломлашиш эканлигини билиб оламиз. Демак, намозда ташаҳҳуд ўқиган мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таоло билан саломлашиш бахтига мушарраф бўлар эканлар. Бошқа ҳеч кимга бу бахт насиб бўлмайди.

Намоз мажбурият эмас, хўжакўрсинга қилинадиган нарса ҳам эмас, балки бандага берилган буюк шараф, улуғ мақом, ўзининг Робби билан саломлашиш имконияти экан, катта бахт, меърож экан. Баъзилар ўйлагандек, ортиқча хатти-ҳаракат, қийинчилик эмас экан.

Мавзуга оид мақолалар
Асссаламу алайкум Сайтимизнинг азиз фойдалаанувчилари. Навбатдаги суҳбатимиз бугунги куннинг долзарб давоми...

16:55 / 08.02.2017 3108
Биз касал бўлмаймиз «Касал бўлмайдиган инсон ҳам бўлар эканми» дея ажабланаётгандирсиз. Агар бу гапни давоми...

06:46 / 25.11.2016 4144
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Уч дуо мустажобдир. давоми...

04:36 / 29.11.2016 5988
 Ҳaммa тaйёpгapлик ниҳoяcигa eтиб, Ҳaж caфapигa жўнaш нaвбaти ҳaм кeлaди. Шyндa Ҳаж aмaллapидaн биpинчиcи эҳpoм давоми...

10:31 / 10.11.2016 4053