Салом беришнинг бошланиши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ Одам алайҳиссаломнинг бўйларини олтмиш аршин қилиб яратди. Сўнг ўтирган бир неча фаришталарни кўрсатиб «Анавиларнинг олдига бориб, салом бергин ва уларнинг қандай алик олишини эшитгин. Бу сенинг ва зурриётларингнинг саломи бўлади», – деди.

«Ассалому алайкум», – деди у.

«Ассалому алайка ва роҳматуллоҳи», – дейишди. Унга «ва роҳматуллоҳи»ни зиёда қилишди.

Бас, ким жаннатга кирса, у(Одам)нинг сувратида киради. Ҳозиргача халқ нуқсонга учраб келмоқда», – дедилар».

Шарҳ: Бир аршин – 42 сантиметр.

Аллоҳ таоло Одам Атони жуссасини катта ва қаддини баланд қилиб яратган.

Ушбу ҳадисдан саломлашишнинг тарихини билиб оламиз. Саломлашиш Аллоҳ таолонинг Ўзи Одам алайҳиссаломга таълим берган нарса экан. Аллоҳ таоло бу ишнинг бошланишига фаришталарни ҳам иштирок эттирган.

Ҳадисдаги «Ҳозиргача халқ нуқсонга учраб келмоқда» жумласини «Одам алайҳиссалом яратилгандан ушбу ҳадис айтилгунча бўлган даврда одам зотининг ҳажми кичрайиб келмоқда» деб тушунилади.

Маълумки, жоҳилият пайтида қабилалар бир-бирлари билан доимий равишда уруш-жанжал қилиб келишган. Уларнинг аъзолари ким кўринганни бўғиб, зарар етказиш пайидан бўлган. Ўша пайтларда бирор киши ўзини тинчлик ва омонликда ҳис қила олмаган.

Тинчлик дийни бўлган Ислом ўзи исмида тинчлик маъносини ифода қилиши билан бирга одамлар бир-бири билан кўришганда ҳам ўзаро тинчлик эълон қилиб кўришишларини жорий қилди. Бас, таниган ёки танимаган одамга йўлиққанда ким олдин «Ассалому алайка» – «сенга тинчлик бўлсин» деса, савоб оладиган бўлди. Шу билан бир вақтда иккинчи томон «Ва алайкумуссалом» – «сизга ҳам тинчлик бўлсин» дея алик олиши вожиб бўлди. Шу билан одамларнинг бир-бирига душманлиги йўқлиги, барча тинчлик ва омонликда экани эълон қилинадиган бўлди.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло Одам Атонинг бўйини олтмиш аршин қилиб яратгани.

2. Аллоҳ таоло саломлашиш бошланишини Одам ва фаришталар орқали бошлагани.

3. Салом беришда «Ассалому алайкум» дейиш кераклиги.

4. Алик олганда «Ассалому алайка ва роҳматуллоҳи» дейилиши.

5. Жаннатга кирувчи бандалар Одам алайҳиссалом яратилган пайтидаги сувратда киришлари.

6. Одам зотининг жуссаси замон ўтиши билан кичрайиб боргани.

 
Мавзуга оид мақолалар
 Ҳақ тўсилган эмас. Балки сен назардан тўсилгансан. Зотан, У Зотни бир нарса тўсса, албатта, уни беркитган давоми...

10:07 / 27.02.2018 3670
Ҳа, бизнинг муқаддас динимиз Исломда илм ўрганиш, айниқса, Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръони Каримни давоми...

11:59 / 26.03.2019 4945