Рўзанинг нозик сирлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир.

Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни шаҳватдан тийишдан иборат.

Иккинчи даража хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда ўлароқ, кўз, қулоқ, тилни, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдан иборатдир.

Учинчи даража хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда ўлароқ, қалбни пасткаш ҳимматлардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳ таолодан бошқа нарсалардан тийишдан иборатдир.

Ушбу мақомда хосларнинг рўзаси ҳақида бир оз алоҳида сўз юритиш мақсадга мувофиқ бўларди. Аввал айтиб ўтганимиздек, омманинг рўзасидан фарқли равишда хосларнинг рўзаси аъзоларни гуноҳлардан тийишни ҳам ўз ичига олади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Хосларнинг рўзаси «солиҳлар рўзаси» деб ҳам номланади. Бу даражадаги рўзанинг мукаммал бўлиши қуйидаги нарсалар ила рўёбга чиқади:

1. Барча ёқимсиз ва ёмон нарсалардан кўзни тийиш ҳамда қалбни Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга машғул қилмаслик.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Назар солиш шайтоннинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким Аллоҳдан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ азза ва жалла унга қалбида ҳаловатини топадиган иймон беради»,  дедилар».

Имом Ҳоким ривоят қилган.

2. Тилни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фаҳш гаплар, жафо, хусумат, мақтанчоқликка ўхшаш нарсалардан тийиб, сукутни лозим тутиш. Уни Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати ила машғул қилиш. Бу –тилнинг рўзасидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Рўза сақловчидир. Фаҳш гап гапирмасин ва жоҳил бўлмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, мен рўзадорман», десин».

Бешовлари ривоят қилишган.

Бишр ибн Ҳорис раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинишича, Суфён Саврий: «Fийбат рўзани бузади», деган.

Лайс қилган ривоятда Мужоҳид шундай дейди: «Икки хислат – ғийбат ва ёлғон рўзани бузадир».

Бу гаплар омманинг эмас, солиҳлар рўзасининг бузилиши ҳақидадир. Яъни ғийбатчининг рўзаси омманинг рўзаси савиясида бўлаверади. Аммо ғийбати туфайли солиҳлар рўзаси даражасидан тушади.

3. Қулоқни эшитиш макруҳ бўлган барча нарсалардан, бошқача қилиб айтганда, юқорида санаб ўтилган нарсаларнинг ҳаммасидан сақлаш.

Чунки гапириш мумкин бўлмаган барча нарсани эшитиш ҳам мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳаром егувчи билан ёлғон эшитувчини баробар санаган:

«Улар ёлғонни кўп эшитувчилар, ҳаромни кўп еювчилардир» («Моида» сураси, 42-оят).

4. Қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан сақлаш ҳамда ифтордан кейин қоринни шубҳали таомлардан сақлаш. Зотан, қоринни ҳалол нарсадан сақлаб рўза тутиб, кейин ҳалол бўлмаган нарса ила ифтор қилишнинг маъноси ҳам йўқ.

Ҳаром динни ҳалок қилувчи заҳардир.

Ҳалол даво бўлиб, ози фойдали, кўпи зарарлидир.

5. Ифторда ҳаддан ташқари кўп еб қоринни тўйдириб юборишдан сақланиш. Бундай қилиш ила рўзадан кўзланган мақсад амалга ошмайди. Чунки рўзадан кўзланган мақсадлардан бири очликнинг таъмини татиб кўришдир.

Мазкур мақсадга эришиш эса рўзадан бошқа вақтларда нонуштада тановул қиладиган таомни саҳарликда ва кечки овқатда тановул қиладиганини ифторда истеъмол қилиш билан бўлади.

Ифтордан сўнг қалби хавф ва ражо орасида изтиробга тушиб турмоғи лозим. Чунки рўзаси қабул бўлиб, муқарраб бандалар қаторига қўшилдими ёки қабул бўлмай, ғазабга учраганлардан бўлдими, аниқ эмас-ку. Ҳар бир ибодатдан фориғ бўлгандан сўнг шу ҳолатда бўлиш лозимдир.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи кулиб ўтирган қавм олдидан ўтаётиб:

«Аллоҳ азза ва жалла Рамазон ойини Ўз халқини чиниқтириш учун ва тоатида мусобақа қилиш учун жорий қилган. Бир қавмлар ўзиб кетдилар ва ютуққа эришдилар. Бир қавмлар қолиб кетдилар ва ноумид бўлдилар. Ўзувчилар ютган, аҳли ботиллар ноумид бўлган кунда ўйнаб-кулганлардан ажабланаман», деди.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ жалла шаънуҳу «Албатта, Биз у Қуръонни Қадр кечасида туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини давоми...

21:12 / 09.03.2017 6894
 Қош қўяман деб, кўз чиқарманг Саҳобалардан бири «Эй Расулуллоҳ, одамларнинг энг қаттиқ балога дучор давоми...

08:43 / 26.01.2017 4178
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар «Инсонлар «Аллоҳдан ўзга давоми...

20:02 / 27.10.2016 3713
Фарзандингиз ёлғон гапиряптими Демак, сиз уни қаттиқ назорат остига олган экансиз Фарзандингиз ўзига давоми...

05:58 / 23.12.2016 3596