Рўза ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан емоқ, ичмоқ ва жинсий алоқани тарк қилмоқдир. Рамазон рўзасининг адоси ва қазоси шаръий наҳорнинг ярмидан аввал ният қилиш ила тўғри бўлади. Рамазон рўзасини нафл нияти ила ёки мутлақ ният ила ёхуд бошқа вожиб рўза нияти ила адо қилса ҳам бўлади. Фақатгина сафарда ва беморликда бўлмайди.

 Шунингдек, нафл ва муайян назр ҳам тўғри бўлади. Фақатгина охирги ҳолатда бўлмайди.

 Қазо, каффорот ва мутлақ назр рўзалар учун кечаси тайин қилиб ният қилиш шарт қилинган.

 Шак куни нафл рўза тутмоқ одатда тутиладиган рўзасига тўғри келиб қолганлар ва хос кишилар учун афзалдир. Улардан бошқалар кундузнинг ярмидан кейин оғизларини очадилар.

 Шак куни Рамазондан бошқа вожиб рўзани ният қилиш макруҳдир.

Агар эртага Рамазон бўлса, рўза тутдим, бўлмаса йўқ, деб ният қилса, рўзаси рўза бўлмайди.

Рамазон рўзаси ва ундан бошқа рўза ниятида тараддудга тушиш макруҳдир. Агар эртасига Рамазонлиги аён бўлса, рўза Рамазон рўзаси ўрнига ўтади. Бўлмаса, нафл бўлади.

 Ким рўза тутиш ёки очиш ҳилолини ёлғиз ўзи кўрса ва унинг гапи рад қилинса ҳам? рўза тутади.

 Агар тутмаса, қазосини тутади. Унга каффорот вожиб бўлмайди.

 Булутли кунда адолатли бир кишининг, агар у қул ёки аёл бўлса ҳам, рўзани бошлаш ҳақидаги гувоҳлиги қабул қилинади.

 Рўзадан чиқиш ҳақидаги гувоҳликка, агар кун булутли бўлса, гувоҳликнинг нисоби, лафзи ва адолат шарт бўлади. Даъвода шарт бўлмайди.

 Кун булутсиз бўлса, икки ҳолатда ҳам кўп кишиларнинг гувоҳлиги шартдир.

 Ўттиз кун рўза тутилгандан кейин икки одил кишининг ойни кўрганлик ҳақидаги гувоҳлиги билан оғизни очиш ҳалол бўлади. Бир одил кишининг гувоҳлиги билан эмас.

 Қурбон ҳайитини белгилаш ҳам рўзаникига ўхшаш бўлади.

 Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради.

 Шариат истилоҳида эса:

«Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир».

«Рўзани очувчи нарсалар» деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ каби рўзанинг бузилишига сабаб бўлувчи барча нарсалар кўзда тутилгандир.

Рамазон ойи рўзасини тутмоқ ҳижрий иккинчи санада фарз қилинган. Аниқроғи, ҳижрий иккинчи сананинг Шаъбон ойида, ҳижратдан ўн саккиз ой ўтгандан сўнг ва қибла Каъбаи Муаззамага бурилгандан кейин фарз қилинган.

Унинг сабаби ойнинг келишидир. Чунки уни Рамазон ойига изофа қилинади ва ойнинг такрор бўлиши билан рўза ҳам такрор бўлади. Ҳар куннинг янги бўлиши унинг рўзасини тутишга сабабдир.

Рамазон ойи рўзасини тутиш Қуръон, суннат ва ижмоъ билан собит бўлгандир.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз.», деган (183-оят).

Ва яна:

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин», деган (185-оят).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида рўзанинг фарз эканини кўп такрорлаганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда Жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», – дедилар».

Насаий ва Байҳақий ривоят қилишган.

Ислом уммати Рамазон рўзаси фарз эканига доимо иттифоқ қилиб келган.

Рўза, аввал ҳам айтилганидек, араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда «бир нарсадан ўзини тиймоқлик»ни билдиради.

Шариат истилоҳида рўза қандай таърифланиши «Мухтасари Виқоя»да қуйидагича баён қилинади:

Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан емоқ, ичмоқ ва жинсий алоқани тарк қилмоқдир.

Бошқа уламоларимиз: «Бунга «унга аҳл бўлган киши тарафидан» деган қайдни ҳам кўрсатилса? яхши бўлади», дейдилар. Ана шунда ҳайзли ва нифосли аёлларга рўза фарз бўлмаслиги аниқ бўлади.

Таърифдаги тонгдан мурод субҳи содиқдир.

Рўзанинг фарзлиги қуёш ботгунча экани Қуръони Каримнинг «Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг» деган оятидан олинган.

Рўзага ниятни шарт қилиш одатдан ибодатни фарқлаш учун бўлган. Бошқа нарсаларда ҳам шу бор. Ҳар бир нарса ният ила одатдан ибодатга айланиб қолади.

Юқорида таърифи келган рўзани Рамазон ойида тутмоқлик оқил, болиғ ва бошқа шартларни ўзида мужассам қилган ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарздир. Рўза тутмоқнинг фарз қилиниши ҳикматлари эса жуда кўпдир. Улардан баъзиларини эслаб ўтишга ижозат бергайсиз.

1. Рўза Аллоҳ таолога қилинадиган тоат-ибодатдир. Рўза тутган банда ҳадсиз-ҳисобсиз ажру савобларга эга бўлади. Бу ибодатни адо этган банда жаннатга «Райён» деб аталадиган алоҳида эшикдан кириш ҳуқуқини қўлга киритади.

2. Рўза улкан ахлоқ мактабидир. Унда мўмин киши кўпгина хислатларга эга бўлади. Рўза нафс балосига қарши жиҳоддир. Рўза туфайли инсон ўзидан манъ қилинган нарсаларга сабр қилишга ўрганади. У рўза орқали ҳаётида дуч келадиган машаққатларга чидашга ҳам малака ҳосил қилади.

3. Рўза тутиш орқали мўмин киши ҳар қандай омонатга хиёнат қилмаслик ва махфий ҳамда ошкора ҳолатларда ҳам Аллоҳ таоло уни кузатиб туриши ҳиссига эришади.

4. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади.

Аллоҳ таоло Рўза ҳақидаги оятнинг охирида:

«Шоядки, тақводор бўлсангиз», деди.

Аллоҳ таолонинг «Шоядки» дегани эса «албатта, шубҳасиз» деганидир.

Қадимдан барча уламолар ва ҳукамолар ҳам ушбу ҳақиқатни доимий равишда такрорлаб келганлар. Ўзини билган ҳар бир рўза тутувчи инсон ҳам бу ҳақиқатни жуда яхши билади.

Шу билан бирга, бу ҳикматни тарғиб қилувчилар сирасига кейинги пайтларда кишиларни очлик йўли билан даволовчи табиблар ҳам қўшилдилар. Уларнинг таъкидлашича, ихтиёрий оч қолиш, яъни рўза тутиш ила инсонда Аллоҳ таолодан қўрқиш, У Зотни доимо ҳис этиб туриш, яъни тақво ҳисси пайдо бўлади ва ортади. Ҳозирги оч қолдириш йўли билан даволовчи табибларнинг энг машҳурлари ичида мусулмон шахс йўқ. Лекин улар дунёдан ўтган машҳур кишилар, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломлар кабилар ҳам ихтиёрий оч қолиш йўли билан олий руҳий мақомларга эришганларини, ҳозирда ҳам, ким тақводорликка эришиш ниятида бўлса, албатта, рўза тутиши зарурлигини таъкидламоқдалар.

Очлик ила кишиларни даволаш ила ном чиқараётган кишилардан бирига, «Сиз ўз тажрибангизда ушбу нарсадан топган энг улкан фойда нима?» деб савол берилганда, «Аллоҳни ҳис этиш, ибодат қилишга иштиёқ, қисқаси, тақводорлик», деб жавоб берди.

5. Рўзанинг энг машҳур ҳикматларидан бири у туфайли рўзадорга ато бўладиган соғликдир.

Ҳозирда илмий равишда рўза тутиш айнан соғлик учун ниҳоятда фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолишни кўп ва хўб тарғиб қилмоқдалар.

Рўза ўша ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва энг самарали намунасидир.

Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги қаттиқ таъкидланмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртлар табиблари очлик – рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар.

Яқинда рус олимлари рўза тутдириш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилдилар. Натижалар кишини ҳайратда қолдирадиган даражада муваффақиятли. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам шифо топганлар.

Рўза турли касалликларга шифо бўлиши билан бирга, киши баданидаги тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади.

Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади. Зеҳни ўткирлашиб, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади.

6. Рўзанинг фойдаларидан бири ҳавойи нафсни синдиришдир.

Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавойи нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавойи нафс эса инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний нарсалар ва ҳавойи нафси тилаб турган бошқа нарсалардан ўзини тийиш билан ҳавойи нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучаяди. Ҳавойи нафсини жиловлаб олади.

7. Рўзанинг фойдаларидан бири шайтонга қаҳр кўрсатишидир.

Маълумки, лаънати шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон боласи ёмонликка юрса, шайтон алайҳилаъна хурсанд бўлади. Инсон боласи яхшиликка юрса, Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтирса, шайтони лаъин хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Рўза эса айнан ўшандоқ ибодатдир. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳ таолога тақво қилиши билан шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.

8. Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлишидир.

Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганда ҳам рўзасини очишга журъат қилмайди. Доимий равишда Аллоҳ таолони Унинг азаматини, қудратини ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Қалбига Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши кўп ҳолларда ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.

Демак, ким қалби мусаффо бўлишини хоҳласа, рўза тутсин.

9. Рўза тутган кишининг рўзаси сабабидан гуноҳлари мағфират қилинади.

Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Рўза ҳақидаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида бу ҳақиқатни яна ҳам очиқ-ойдин кўрамиз, иншааллоҳ.

10. Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади.

Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмаслик ила доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги ила айнан ўша сифатларга соҳиб бўлади.

Демак, ким фаришталар сифатига эга бўлишни истаса, рўза тутсин.

11. Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорнинг сабр-бардошлилик сифатига эга бўлишидир.

Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун кўнгли хоҳлаган турли нарсалардан ўзини тийган киши керагича сабр-бардошга эга бўлади.

Демак, ким сабр-бардошли бўлмоқчи бўлса, рўза тутсин.

12. Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорда раҳим-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашдир.

Демак, ким ўзида раҳим-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа, рўза тутсин.

13. Рўза рўзадорнинг иродасини мустаҳкамлаб амру қарорини пишиқ қилади. Рўза тутадиган кишининг зеҳни ўткирлашиб фикри ёрқинлашади ва аниқ ҳамда тўғри қарорлар қабул қиладиган бўлади.

14. Рўза ўзини тутадиган кишига тартиб-интизом ва йиғинчоқликни ўргатади. Чунки рўза тутадиган киши вақтида саҳарлик қилиб, вақтида ифторлик қилишга ўрганган бўлади.

Ушбу зикр қилинган нарсалар рўзанинг бу дунёдаги баъзи бир фойдалари, холос.

Рўзанинг бу дунёдаги бошқа фойдаларини санаб ўтирсак, гап чўзилишини эътиборга олиб, буни хоҳлаган зотларни бошқа адабиётларга, жумладан, ушбу сатрлар соҳибининг бошқа китобларига мурожаат қилишга таклиф этамиз.

Рўзанинг охиратдаги фойдалари эса жуда ҳам кўп.

Мавзуга оид мақолалар
  Бўя ва идрок қил

12:11 / 21.09.2017 20261
Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таъқиқлаган нарсалардан бири зарурат бўлмай туриб ит боқишликдир. Бугун баъзи бир исрофчиларни кўриб турибмизки, давоми...

10:44 / 27.11.2016 4105
Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чойшаб, бир меш ва ичига изхир солинган болишни жиҳоз сеп қилиб давоми...

23:29 / 26.10.2016 4180
46. Савол Жаброил фаришта илк ваҳий билан Ҳиро ғорига келганида Пайғамбаримизга қайси суратда кўринган Жавоб Жаброил фаришта илк ваҳий билан Пайғамбаримизга одам суратида кўринган.

05:19 / 13.12.2017 2362