Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенгликлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога иймон келтиришдан сўнг иймон келтиришимиз зарур бўлган Зот Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдурлар.

         Иймон келтиришимиз зарур бўлар экан, у Зотни яхшироқ танишимиз ва у Зотни ўз ҳаётимизда намуна қилиб, у Зотга эргашишимиз лозим. Ҳаётимизда учраб турган катта муаммоларимизни ҳал қилишда эса у Зотнинг таълимотлари буюк асос бўлишида ҳеч қандай шак йўқ!!!

         Имом Бухорий ўз саҳиҳларида Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қиладилар. «Абдуллоҳ ибн Убай вафот этганда унинг ўғли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб:  «Эй Аллоҳнинг Расули, кўйлагингизни беринг, (отамни) унга кафанлайин. Унга жаноза ўқиб беринг ва унинг учун мағфират сўранг»,  деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўйлакларини бердилар. У Зот: «(Тайёр бўлгач), менга хабар бер, унга жаноза ўқиб бераман»,  дедилар. Ўғли хабар берди. У Зот унга жаноза ўқимоқчи бўлган эдилар, Умар розияллоҳу анҳу у Зотни (ўзига) тортиб: «Аллоҳ сизни мунофиқларга жаноза ўқишдан қайтармаганми?» деди.

Шунда у Зот: «Мен икки ихтиёр орасидаман. (Аллоҳ): «Улар (мунофиқлар) мағфират сўрасанг ҳам, мағфират сўрамасанг ҳам, агар улар учун етмиш марта мағфират сўрасанг ҳам, Аллоҳ уларни зинҳор мағфират қилмас»  деган (Тавба, 80)», дедилар-да,  унга жаноза ўқидилар. Шунда «Ва ҳеч қачон улардан ўлган биронтасига ҳам (жаноза) намоз ўқима ...» (Тавба, 84) нозил бўлди.

    Бу ҳадисда вафот этгани зикр қилинган Убай ибн Салул Мадина шаҳридаги яҳудийларга шерик бўлиб, ўзига ўхшаган иймони заиф мунофиқларнинг бошлиғи эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда кўп фитналар тўқиган. Олтинчи ҳижрий санада мадиналик ва маккалик икки саҳоба Бани Мусталақ ғазотидан қайтаётганда урушиб қолишади.  Икки саҳоба орасини бошқа саҳобалар ислоҳ қилади. Бу хабар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулга етиб борганида:

«Аллоҳга қасамки, сизлар билан анави қурайшликлар худди эскиларнинг «Итингни семиртирсанг, ўзингни қопади» деган гапига ўхшайсизлар. Ўзингизга ўзингиз қилдингиз. Уларга уйларингизни бўшатиб бердингиз. Молу мулкингизни сарфладингиз. Улар кучли бўлдилар. Сиз заифлашдингиз. Аллоҳга қасамки, агар сиз ёрдам бермасангиз, анавининг (Пайғамбарнинг) атрофидагилар тарқаб кетишади. Мадинага етиб борганимизда азиз ундан (Мадинадан) хорни чиқаради», деди. «Хор» деб Пайғамбарни назарда тутди.

Ўша ерда Зайд ибн Арқам исмли балоғатга етмаган йигитча ҳам турган эди. У Пайғамбар алайҳиссаломга бориб, бўлиб ўтган гап-сўзларни айтди. У Зот Абдуллоҳ ибн Убайни олиб келишни буюрдилар ва унга:

«Шу гапларни сен айтдингми?» дедилар.

«Сенга Қуръонни нозил қилган Зот билан қасамки, бу гаплардан биттасини ҳам айтганим йўқ, Зайд ёлғончи экан», деди.

Ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонлар «Кичкина боланинг гапига ишонавериш керак эмас, балки адашгандир», дейишди.

Расулуллоҳ уни кечирдилар. Ансорийлар Зайдни маломат қилишди, ёлғончига чиқаришди. Сўнгра Аллоҳ таоло «Мунофиқун» сурасини тушириб, Зайд­нинг сўзини тасдиқлади ва Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ёлғончилигини фош қилди.

         Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан маълум бўлган «Ифк ҳодисаси»даги фитнанинг бошлиғи ҳам Убай ибн Салул эди. Юқорида келган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига шунча озор берган бир мунофиқни кечириб, унга кўйлакларини кафанликка бериб, жанозасини ўқиб берганлар. Бу кечиримлилик сифатининг энг буюк намунасидир.

         Ушбу муборак ҳадисдан ўзимиз учун бир қанча ибрат олсак бўлади:

  1. Расулуллоҳнинг бағрикенгликлари ва кечиримлиликлари. (Биз ўзимизга назар солиб, шундай сифатни топа оламизми?)
  2. Отаси мунофиқ, ўғли эса содиқ саҳоба бўлиб, отасига Расулуллоҳнинг кўйлагини кийдира олиш бахтига муяссар бўлган бахтли ўғил (Биз ота-онамизга эътиқоди қандайлигига қараб эмас, балки ўз иймон-эътиқодимизга кўра уларга яхшилик қилишга эътибор берайлик. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ўз кўйлагини содиқ саҳоба туфайли йўқ демадилар. Фарзандининг эътиқоди сабаб, ота Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам  либосида охиратга риҳлат қилди)
  1. Мунофиқ инсонни Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам афв этиб, кўйлагини бериб, жанозасини ўқиса ҳам, Аллоҳ уни мағфират қилмаслигини ва улардан бирортаси вафот этса, жаноза ўқимаслигини буюрди.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мунофиққа ўғли сабабли шундай муомала қилса, ота-онаси иймонли фарзандга бўлган муносабатлари қанчалик буюк бўларкан?!

Ойша онамиз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди, дейилган. Аллоҳ таоло барчаларимизни Қуръоний хулқларга ҳидоят қилсин ва ёмон хулқлардан Ўзи буриб юборсин. Омин.

Андижон вилояти, Булоқ-боши тумани,

Найман жомеъ масжиди имом хатиби Дониёр Камолов

Мавзуга оид мақолалар
Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чойшаб, давоми...

04:29 / 27.10.2016 4198
Гўзал ва намунали боғланиш Муваффақиятли мураббий болалари билан ижобий муомалани маҳорат билан бажаради. давоми...

13:05 / 17.01.2017 3557
       Россиянинг СанктПетербург шаҳридаги Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида давоми...

09:31 / 11.06.2018 2176
«Эрурсиз барча оламларга раҳмат, ё Расулуллоҳ» Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Аллоҳ таолога ҳамд, суюкли давоми...

15:01 / 24.11.2017 3119