Рамазони шариф
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бизларни рўза тутадиган қилгани билан ҳам бир-биримизни табрик қиламиз. Чунки Аллоҳнинг бу ибодатини қилишга муяссар бўлишнинг ўзи катта бахт. Ана шу бахтга эришганимиз билан бир-биримизни табрик этамиз. Худосизлардан, бошқа диндагилардан ёки муртад бўлганлардан қилмаганига шукр қилиб, бир-биримизни табрик қиламиз.Қалблари иймон-ихлосга тўлиқ бўлиб туриб, узрли сабаб ила, оғир касаллиги учун рўза тута олмай хижолат чекаётган дин қардошларимизга тасалли бериш билан бирга, биз ҳам ана шундай ҳолга тушиб қолмаганимизга шукр қилиб, бир-биримизни табриклаймиз. Оғзида мусулмонман, деб туриб рўза тутмаётган мунофиқлардан қилмаганига шукр қилиб, бир-биримизни табриклаймиз...

МУБОРАК РАМАЗОНИ ШАРИФ

Алҳамдулиллаҳи Роббил аламин вассалоту вассалому аъла Муҳаммадин ашрафил мурсалин ва аъла алиҳи ва асҳобиҳи ажмаин. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Азиз ва муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар! Сизларнинг барчангизни муборак ой – рўза ва Қуръон ойи, тақво ва тавба ойи, раҳмат ва шафқат ойи, мағфират ва дўзахдан озод бўлиш ойи, барака ва савоб ойи Рамазони шариф  кириб келиши билан чин қалбдан қутлашга ижозат бергайсиз. Ҳа, бу ойда рўзани иймон билан, Аллоҳдан савоб талаб қилиб тутувчи ҳар бир шахсни қанчалик табрик этса, шунча оз бўлган ойдир. Биз рўза тутувчи мўмин- мусулмонлар бу муқаддас ой кириши билан, Аллоҳ таоло бизларни мусулмонлар зумрасидан қилгани ила бир-биримизни табриклаймиз. Чунки дунёда мусулмон бўлишдан катта бахт йўқ. Ҳа, муборак Рамазони шариф ойи кириши билан рўза тутувчи мусулмонлар бир-бирларини табрикламай, ким табрикласин! Чунки бу муқаддас ой биз учун йил давомида ҳар куни ўқиган беш вақт намозларимиз туфайли ҳам, бошқа ибодат ва хайри садақаларимиз туфайли ҳам кечирилмай қолган гуноҳларимизни мағфират қилишини Аллоҳ таолодан сўраб олишимиз учун бир йилда бир бор бериладиган имкониятдир. Ҳа, бу улкан фурсат фақат Рамазон ойи рўзасини тутувчи мўмин-мусулмонларгагина берилади. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон ойининг рўзасини иймон билан савоб талабида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар. Азизлар, мен барчангизни ўша улуғ имконият ойи билан табриклайман. Исломда сочлари оқарган пирибадавлат отахонларни, муштипар-мунис онахонларни уларга умрларида тутган рўзалари қаторига яна бир Рамазон рўзаси савобини қўшиш имкони Аллоҳ томонидан берилгани билан чин қалбдан муборакбод қиламан. Сироти мустақимда қадам ташлаб келаётган мўмин бандаларни, мўмина опа-сингилларни, аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзах оташидан озод бўлиш ойи билан табриклайман. Аллоҳ таолони ўзига Робб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар, Исломни дин, Қуръонни ҳидоят маёғи қилиб олган ёш-йигит қизларни ўзларининг саодатли умрлари аввалида тақво ҳосил қилиш учун берилган улкан имконият – Рамазон рўзасини тутиш бахти билан муборакбод этаман. Турли сабабларга кўра қорнини тўйғиза олмай юрган, аҳли аёлини тўйғиза олмай қийналаётганларни эса қорни тўқлар ҳам мажбурий равишда уларнинг ҳолига тушишлари ва ниҳоят қорни очларни ҳам эслашлари, уларнинг ҳолидан хабар олишлари имкони билан ва йил давомида оч юриб, яна Рамазон рўзасини тутгани учун кўпайтириб бериладиган савоб ва Рамазони шариф туфайли келадиган хайру баракотлар билан табриклайман. Азиз ва мўътабар диндошларим! Рамазон ойи рўзаси ҳаммани: каттани ҳам, кичикни ҳам, бойни ҳам, камбағални ҳам, ҳокимни ҳам, маҳкумни ҳам, кучлини ҳам кучсизни ҳам, тўқни ҳам, очни ҳам баробарлаштирадиган ой бўлиши билан бирга, уларнинг ҳаммасига ўзлигини таниб олиш учун, бандалик бурчини ҳис этиш учун берилган фурсат ҳамдир. Ҳаммамиз бу муборак ойнинг рўзасини тутиш ила ўша бандалик бурчини тақводорликни хосил қилишга уринайлик. Ана шундагина мақсадга эришамиз. Мен яна бир бор барчангизни Рамазони муборак ила табриклайман. Аллоҳ таоло барчамизни, бу ойнинг хайру баракасидан унумли фойдаланишимизни насиб этган бўлсин.

РЎЗАНИНГ ФАРЗ БЎЛИШИ

Рамазон ойининг рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилгандир. Бу улкан ибодатни Аллоҳ таоло иккинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида фарз қилган. Қуръони Каримнинг Бақара сурасидаги: «Эй иймон келтирганлар, сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди», ояти ила фарз бўлган. Бизда рўза сўзи араб тилидаги «савм» сўзи ўрнига ишлатилади. «Савм» сўзи  луғатда ҳар бир нарсадан ўзини тийиб туришни англатади. Шариатда эса Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунча ният билан ўзини емоқ-ичмоқ ва шаҳватдан тийиб туришга айтилади. Рамазон ойининг кириши  янги Ойни кўриш билан собит бўлади. Шунингдек, бу ойнинг тамом бўлиши ҳам Шаввол ойининг янги Ойини кўриш билан бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: «Ойни кўриб (рўза) тутинглар ва ойни кўриб (рўзани) очинглар», деганлар. Бунинг учун Рамазондан олдинги Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни Қуёшга ботиш пайтида қаралса, янги Ой бироз кўринади. Ким кўрса, гувоҳлик беради ва эртасидан рўза тутиш бошланади. Агар у куни кўрилмаса, Шаъбон ойини ўттиз кун ҳисоблаб, кейинги кундан рўза тутиш бошланади. Шунингдек, Рамазон ойи йигирма тўққиз кун бўлганида, Шаввол ойининг бошланишини билиши учун Ойга қаралади. Қуёш ботиши пайтида янги Ой кўриса, эртасига ҳайит эълон қилинади. Кўримаса, ўттизинчи кунни ҳам тутилиб, кейин ҳайит бўлади. Ана шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига амал қилинган бўлинади. Ойни ўлчов қилишда катта ҳикматлар борлигидан шундоқ қилинган. Аввало Ой борлиқдаги энг катта аломатларидан бири ҳисобланади. Уни кўриб рўзани бошлаш ва яна кўриб тугатиш дегани бу ишда ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлсин, ҳеч ким ва ҳеч қандай тараф ўзгартириш кирита олмасин деганидир. Қамарий сананинг шамсий-қуёш йилидан кунлари оз бўлади. Шунинг учун ҳар йили рўза аввалгисидан ўн икки кун олдин тутилади ва ўттиз уч йил деганда бир айланиб, йил фаслларининг ҳар бир кунида рўза тутилади. Узоқ ва қисқа, иссиқ-совуқ ёки мўътадил кунларда ҳамма Ойга қараб тутаверади. Бир минтақада осон, бошқасида қийин бўлиб, бир хил вақтида ўзгармас бўлиб қолмайди. Ойни кўриш билан рўза тутиш ёки уни тугатиш барча мусулмонларга баробар ҳукм бўлиб, бу уларнинг бирликлари рамзи ҳамдир. Рўза тутишга айнан Рамазон ойининг ихтиёр қилиниши ҳам катта ҳикматларга молик ишдир. Аввало, бу ой муборак ой. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг охирги китоби, илоҳий мўъжизаси Қуръони Каримни туширишга муносиб вақт деб худди шу ойни ихтиёр қилган эди. Бу ой – Ислом даъвати бошланган ой. Бу улкан ҳодисани ҳар қанча эсланса, ёдга олиб байрам қилишга арзийди. Айнан ушбу ойни Исломнинг рукнларидан бири бўлмиш рўзани тутиш муддати, деб ихтиёр қилиниши бу ойнинг фазлига фазл, улуғлигига улуғлик қўшади. Рамазон ойи мўминларнинг савоб касб қилишларига энг қулай фурсат ҳисобланади. Бу ойнинг рўзасини тутганларга улкан ажр савоблар, икки дунёнинг бахт-саодати ваъда қилинган. Рамазон ойида қилинадиган яхши амалларнинг савоби ҳам шу ойнинг ҳурматидан кўпайтириб берилади. Буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг имоми Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Рамазон рўзасини иймон ила савоб тилаб тутса, унинг олдинги барча гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар. Бошқа бир ҳадисда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон кирса, жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркилади ва шайтонлар занжирланади», деганлар. Бунга ўхшаш, рўза тутувчиларга ажр, савоб ва охират даражаларини ваъда қилувчи ҳадислар жуда ҳам кўп. Лекин рўза тутишнинг фойдаси шу билан чегараланиб қолмайди. Балки рўза тутишда бугунги кунда инсон ҳаётига улкан фойдалар кўп. Рўза уни тутувчининг фақат ўзига эмас, балки оиласи, жамияти, бутун инсоният ва қолаверса, барча мавжудотга фойда келтиради. Ўз ихтиёри билан, Аллоҳдан савоб умид қилиб, бир ой давомида, кундуз кунлар емоқ-ичмоқдан, шаҳватдан ўзини тўхтатиб юрган инсон улкан фойдалар топади. Аввало, рўза инсонга ўз хоҳиш ва истакларини жиловлашни ўргатади. Агар инсонларда бу сифат бўлмаса, дунё тезда ҳалокатга учраши мумкин. Рўза сабр мадрасаси ҳамдир. Фақат ҳақиқий рўзадорларгина ҳақиқий сабр даражасига эришадилар. Ўз ихтиёрлари ила рўза тутиб, очлик, чанқоқларга чидаган инсон ғоятда мустаҳкам иродали бўлиб етишади. Бугунги кунда рўзанинг фойдаларини нафақат мусулмонлар, балки Исломдан, Қуръондан хабари йўқ кишилар ҳам тушуниб етдилар. Турли тараққий этган ўлкаларда оч қолдириб даволаш шифохоналари ишлаб турибди. Турли қитъаларда яшовчи олимлар илмий тажрибалар ўтказиб, ихтиёрий оч қолиш тани сиҳатлик учун зарур омил эканини таъкидламоқдалар. Жумладан, рус олимлари бу борада катта ютуқларга эришдилар. Профессор Николаев ўз ҳамкорлари билан эълон қилган «Оддий ҳақиқатлар» номли китобининг «Соғлик учун оч-наҳор юриш» деб номланган бобини рўзанинг фойдаларини янги илмнинг тасдиқлаши, десак бўлади. Унда айтилишича, ихтиёрий очлик билан мажбурий очликнинг фарқи бор. Мажбурий очлик, қароқчининг пичоғидек зарарга, балки ҳалокатга сабаб бўлса, ихтиёрий очлик табибнинг пичоғидек шифога сабаб бўлади. Бу илмий ишнинг натижасида рўза ҳозирги энг кўп тарқалган 29та дардга даво эканлиги, киши доим соғ юрай деса, ҳар йили 28-30 кун ихтиёрий оч қолиши зарурлиги таъкидланган. Сиз билан биз–мусулмонларга бу фойдали ишни 1400 йил аввал ибодат қилиб қўйган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Ҳаммамизнинг тутадиган рўзаларимизни ўз даргоҳида қабул қилсин.

РАМАЗОНИ ШАРИФ

Ҳар йили муборак Рамазон ойи яқинлашиб келар экан, кишилар уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлайдилар. Лекин афсуски, бу тайёргарликларнинг кўпи Рамазони шарифнинг асл моҳиятидан узоқ бўлган тайёргарликлар бўлади. Аслида йилнинг ўн икки ойининг энг улуғи бўлган, алоҳида ажраб чиққан, Аллоҳ таоло ўзининг охирги китоби ва абадий мўъжизаси Қуръони Каримни нозил этган, рўзасини тутишга амр қилган бу мўътабар ойни бошқачароқ кутиб олиш лозим бўлади. Ушбу муборак ойни рўзасини Аллоҳ таоло амр қилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб ўргатганларидек тутиш, бу ойнинг файзу баракотидан кўпроқ манфаатдор бўлиб қолиш йўлларини яхшилаб ўрганиш билан кутиб олиш керак бўлади. Чунки бу улуғ имконият, Аллоҳнинг розилигини топиш имконияти, тақво ҳосил қилиш имконияти ва бошқа яхшиликлар имконияти йилда бир марта берилади, холос. Шунинг учун Рамазон рўзаси ҳукмларини уни тутишдан олдин яна бир бор пухта ўрганиб олиш лозим бўлади. Бундай ўрганиш билмаганга билим, билганга пухталаш бўлади. Айниқса, узоқ вақт худосизлик тузуми остида эзилган, ўз динини ўрганиш имконидан маҳрум бўлганлар учун жуда ҳам зарурдир. Рамазон сўзи арабча бўлиб, «рамзау» ўзагидан олинган ва луғатда ўта иссиқ маъносини билдиради. Уламоларимиз бу луғавий маънони воқеълик ва балоғат илми нуқтаи назаридан шарҳ қиладилар. Рамазон воқеликда рўза тутиш аввалги дафъада ўта иссиқ вақтга тўғри келганини билдиради. Балоғат илмида эса худди иссиқ маъданнинг зангини куйдирганидек, Рамазон ҳам унинг рўзасини тутганларнинг гуноҳларини куйдириб, ўзларини сайқаллаб поклайди. Рўза, шариат уламолари таърифида, Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунга қадар ният қилиб, ўзини емак-ичмоқ ва шаҳвоний ишлардан тутиб туришдан иборат бўлиб, Ислом динининг асосий беш рукнидан бири ҳисобланади. Ушбу беш рукн, иймон, намоз, рўза, закот ва ҳажлар бўлиб, уларнинг бирортасисиз, жумладан, рўзасиз Исломни тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳар бир балоғатга етган ақлли шахсга, Аллоҳнинг амри, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва Ислом умматининг ижмоъси ила иккинчи ҳижрий йилда фарз бўлган. Яъни иккинчи ҳижрий йилда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳақидаги оятларни нозил қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб, бошқаларни ҳам тутишга ундаганлар, кўплаб ҳадиси шарифларида рўзанинг фарз эканини баён этганлар. Рамазон рўзасининг фарз эканлигига ўша вақтдан ҳозиргача ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилганлар. Ҳеч ким буни инкор қилмаган. Ким Рамазон рўзасини тутиш фарз эканлигини инкор этса, кофир бўлади. Ислом миллатидан чиқади, диндан қайтган муртадга берилган жазога тортилади. Коммунистик мафкура расман бекор қилингунга қадар, бизнинг юртимизда худосизлар – очиқдан-очиқ Исломни, жумладан, Рамазон рўзасини инкор қиладиганлар, кофирликлари билан фахрланадиганлар кўп эди. Энди эса очиқ айтиш зоҳиран мулоҳаза қилинмай қолди. Аммо бошқача кўриниш пайдо бўлди. Одамлар ичида мен динни ҳурмат қиламан, ўзимни мусулмон ҳисоблайман, аммо дин дегани Худо билан банданинг ўртасидаги хос алоқа бўлиши керак. Худони тан олдикми, етади, бошқа томонини ўзимиз биламиз, дейдиганлар урчий бошлади. Улар бу гаплари билан кўпчиликни ҳам ўзларига ўхшаб адаштирмоқдалар. Ислом шариати қоидасига биноан, уларга ҳам ўзларининг гуноҳлари, ҳам уларнинг гапига кириб алданганларнинг гуноҳлари бўлади. Уларнинг гапига кириб адашганларга эса ўз гуноҳлари бўлади. Ислом – одамлар ўзига ўзи белгилаб оладиган дин ёки шариат эмас. Ислом – Аллоҳнинг бандаларига амр қилиб, ишониш ва татбиқ қилиши лозим бўлган ақийдалар ва амалиётлар мажмуасидир. Бандалар Аллоҳ юборганидек эътиқод қилишга, Аллоҳ буюрганидек амал қилишга мажбурдирлар. Ана шундай бўлгандагина кишилар Аллоҳ таолога бўйсунган, таслим бўлган, яъни мусулмон бўлган бўладилар. Акс ҳолда эса мусулмонликдан асар ҳам қолмайди. Ўзимиз ўйлаб кўрайлик: кимдир бирор фирқага, ташкилотга, жамиятга «Мен сизларнинг фикрингизга қўшиламан-у, ишларингиз, ҳар бир аъзога қўйган талабларингизга бўйсунмайман», деса, албатта, ундай одамни ҳеч бир фирқа, ташкилот ёки жамият ўз сафига қабул қилмайди. Оддий инсоний алоқаларда қабул қилиб бўлмайдиган нарсани нима учун Роббул оламийннинг динига нисбатан қўллашга ўтилади? Тўғрисини айтганда, бундай фикр мусулмон эмас миллатларга кўр-кўрона тақлид қилишдан бошқа нарса эмас. Исломда Аллоҳ таолога шарт қўйиб, банда бўлиш йўқ. Исломда фақат Аллоҳ таолога бутунлай таслим бўлиш бор. Шунинг учун ҳам «Мен Аллоҳга иймони бор мусулмон одамман-у, бироқ рўза тутмайман, бу мен билан Аллоҳнинг орамиздаги иш», дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мусулмонман деган одамга бу фикр тамоман ёт бўлиши керак. Рўза тутишдан қочадиганларнинг яна бир қисми худди юқоридаги бузуқ фикрга ўхшаш, аммо анчадан бери кишилар орасида юрган номаъқул фикрни ўзига дастак қилиб оладилар. Бу гапни кўпчиликка ўрнашиб қолишида ўзларини диний илм эгаси қилиб кўрсатиб юрган шахслар ҳам сабаб бўлган. Бу фикр эгалари «Инсон мўмин бўлса, ибодатларини қилмаса ҳам, жумладан, рўза тутмаса ҳам Аллоҳ кечириши мумкин экан», дейдилар. Аввало, мазкур бузуқ фикрни айтиб юрганлар, шаҳодат калимасини айта олмайдиган, муҳит шароити ила ўзини мусулмон санаб юрадиган одамлар бўладилар. Уларнинг тегирмонига сув қуяётган, ўзига диний илм нисбатини бераётганлар эса тарихда бўлиб ўтган фикрий кураш ва мутаассиблик ортидан чиққан фикрни нотўғри талқин қиладилар. Бир вақтларда «хаворижлар» – хорижийлар номи ила бир ашадий мутаассиб тоифа чиққан, уларнинг асосий йўналишларидан бири сал нарсага ҳам мусулмонларни кофирга чиқариш эди. Хорижийлар ҳатто ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳам кофирга чиқаришгача етганлар. Улар билан бўлиб ўтган тортишувларда «Гуноҳи кабира қилган мўминнинг ҳукми қандай бўлади?» деган савол тўғрисида алоҳида гап-сўзлар бўлган. Хорижийлар: «Мўмин киши гуноҳи кабира қилиш билан кофирга айланади, уни муртад сифатида ўлдириш керак», деганлар. Хорижийларга мухолиф бўлганлар эса «Мўмин киши гуноҳи кабирани қилиши жоиз, деб эътиқод қилса, кофир бўлади, аммо қилиш жоиз эмас, деб эътиқод қилса-ю, хато ёки заифлик туфайли гуноҳи кабира қилса, осий бўлади, иймон доирасидан чиқмайди», деганлар. Бу ерда гап бир марта гуноҳ қилиш ҳақида кетади. Бора-бора хорижийларга қарши уларнинг ўзларига ўхшаш ашаддий «муржиъа» мазҳаби пайдо бўлган. Бу мазҳабнинг муболиғали гапларини жумҳур уламолари танқид қиладилар. Мусулмонлар оммасининг асосий ақийдавий мазҳаби бўлмиш, Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари гуноҳи кабира қилган, шу жумладан, рўза тутмаган одам, гуноҳни биринчи марта содир этгандан сўнг, уни муҳокама қилиб, нима учун бу гуноҳни қилгани, мисол учун бир кун рўза тутмаганининг сабаби сўралади. «Агар мен буни қилса бўлаверади, деб эътиқод қиламан», деса, диндан чиққанлигига ҳукм қилинади, агар «Бу ишни тўғри тушунаман, лекин дангасалик қилибман», деса, унга тавба қилдирилади ва шариат бўйича кўрсатилган жазо кўрилади ва иккинчи марта бу гуноҳни такрорламаслик уқтирилади, деганлар. Агар шундан кейин ҳам ўша гуноҳда давом этаверса, мисол учун рўза тутмай юраверса ,тавбага ҳам ўрин қолмайди, деганлар. Қуръони Каримда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида, саҳобаи киромлар, улуғ уламолар гапларида, рўзани ҳамма тутиши фарзлиги ҳақида қайта-қайта таъкидланган, бирор жойда бирор кун тутмай қолишга ҳам рухсат йўқ. Хорижийлар мазҳаби билан «Гуноҳи кабира қилган мўминнинг иймони қоладими йўқми?» деган савол юзасидан тортишувда айтилган фикрни «Умр бўйи рўза тутмай юраверса бўлади», деган фатвога айлантириб олишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Узрсиз Рамазони шарифнинг бир кунлик рўзасини тутмаган одам шариат ҳукми ила олтмиш кун кетма-кет, орасини узмай рўза тутиб бериши керак. Бу ҳам ямоқ солганга ўхшаш иш бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кун фарз рўзани тутмаган одам умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам, ўша рўзаси тутилмай қолган куннинг ўрнини тўлғиза олмайди», деганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:«Бир кун рўзани тутмаган одам қирқ йилгача жаннат ҳидини ҳам ҳидлай олмайди», дейилган. Назарий иймонга суяниб, Аллоҳнинг амрларини бажаришдан, жумладан, намоз, закот, рўза каби ибодатлардан бўйин товлайдиган одамлар катта хато қиладилар. Уламоларимиз ундай кишиларни шайтондан фарқи йўқ, дейдилар. Чунки шайтон ҳам Аллоҳ таолонинг биру борлигига қаттиқ ишонади. Аммо одамга сажда қил, деган амрига бўйсунмагани учун лаънатга учраган. Ушбу нотўғри фикрларни тузатиб, Аллоҳнинг барча амрларини бажаришга, жумладан, рўза тутишга ўтганлар ўзлари учун фойда қилади.

РАМАЗОННИ ҚАРШИЛАБ

Баъзи кишиларимизда «Рўзадор кишини тўйдирган одам рўза тутганнинг савобини олади», деган гапни нотўғри талқин этиб, ифторлик маросими қилиб, кўп одамларни чақириб, кейин ўзи рўза тутмай юравериш одати ҳам йўқ эмас. Бу одат мутлақо нотўғри тушунча оқибатидир. Аввало, рўза тутганларга таом берган киши, рўза тутганнинг савобини олади, дегани «ўзи рўза тутмаса бўлаверади», дегани эмас. Қолаверса, ҳеч бир савоб иш шариатда фарз қилинган ибодатни адо қилмай қўйишга сабаб бўла олмайди. Мискин кишига таом беришнинг рўза тутган ўрнига ўтиши эса фидя бериш дейилади. Бу ишни қилишга Қуръони Каримда рухсат берилган, ўта қариганлари сабабли рўза тута олмай қолган отахон ва онахонлар ҳақлилар холос. Уламоларимиз бу тоифага тузалишидан умид йўқ сурункали касалга чалинган кишиларни ҳам қўшганлар. Фақат ана шу мазкур тоифаларгина тута олмаган ҳар бир кунлик рўзалари ўрнига бир мискинни тўйғазадилар. Қолганларга бу рухсатнинг дахли йўқ. Бошқа кишилар дунёдаги барча мискинларни тўйғазсалар-да, фарз рўзанинг бир соати ҳам улардан соқит бўлмайди. Авваллари кенг тарқалган нотўғри тушунчаларнинг яна бири «Қариганда, нафақага чиққанда ибодат қилармиз», деб барча гуноҳларни қилиб юравериш, шу жумладан, Рамазон рўзасига ҳам худди шундоқ муносабатда бўлишдир. Шуни яхши тушуниш лозимки, Ислом дини қариб, нафақага чиқиб, ишга, гуноҳ қилишга ярамай қолганларнинг дини эмас. Мўмин-мусулмонман деган одам, балоғатга етганидан бошлаб Аллоҳ таолонинг амрларини бажаришга мукаллафдир. Балоғат ёши эса қиз болаларга ҳайз кўришдан, ўғил болаларда эҳтилом бўлиш – уйқуда булғанишдан бошланади. Ана шу ёшдан бошлаб ҳар бир қилган иши номаи аъмолига ёзила боради ва қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинади. Ёшликда қилинган ибодат эса ўзгача фазлга эга бўлади. Балоғат ёшига етганларни шариат ҳукмларига амал қилдириш, жумладан, рўза тутдириш ота-оналарнинг, валиюл амрларнинг бурчидир. Қариганда қилган ибодат ўз вақтининг ибодати бўлади. У вақтдаги ибодатни ёшлик пайтига кўчириб бўлмайди. Барча ибодатлар каби рўза ҳам киши бошига фарз. Ҳар ким ўз вақтида, ўз шахси ила адо этмоғи лозим. Қарилар тутгани билан ёшлардан, ота тутгани билан боладан, она тутгани билан қиздан соқит бўлиб қолмайди. Рўза тутишлари ўта узрли бўлган ҳаддан ташқари кекса ва сурункали оғир касалга чалинганлар фидя беришлари ҳақида юқорида зикр қилиб ўтилди. Шу билан бирга, баъзи узрли кишиларга рўзани қазо қилишга ҳам яъни, Рамазон ойида узр сабабли тута олмаган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир кундан рўза тутиб беришга рухсат этилган. Бу тоифага сафардаги кишилар, оғир касаллар, ҳайз ва нифосли аёллар кирадилар. Рамазон ойида сафарга чиққан одамга, сафар қийинчиликлари эътиборидан кейин қазо рўза тутиб беришга рухсат берилган. Қийналмаса, рўзани сафарда тутса ҳам бўлаверади. Рамазон ойида касал бўлиб қолиб, рўза тутса касали зиёда бўлиши ёки тузалиши орқага сурилиши хавфи бўлган мўмин мусулмон, ишончли табиблар томонидан тасдиқланган одам ҳам кейин қазо қилиб тутиб бериши мумкин. Уламоларимиз худди шу тоифага ҳомиладор ва эмизикли аёлларни ҳам қўшганлар, улар ҳам ўзларига ёки болаларига зарар етишидан қўрқсалар, Рамазон пайтида тута олмасалар кейин қазосини тутадилар. Ҳайзли ва нифосли аёллар эса, ўзларидаги мавжуд ҳолат туфайли покланиш имконлари йўқ бўлганидан намоз ўқиш ёки рўза тутишлари мумкин эмас. Ҳайз ва нифосдан пок бўлганларидан кейин қазосини тутиб берадилар. Ушбу зикр этилган тоифалардан бошқа кишилар албатта рўзани ўз вақтида тутишлари, шунингдек бошқа ибодатларни ҳам адо этишлари лозим. Кишининг ўзини емоқ-ичмоқ ва шаҳвоний ишлардан тиймоғи билан рўза ҳосил бўлади. Аммо, рўза мукаммал бўлиши учун инсон ўзини турли бўлмағур гап сўз, уриш-жанжал ва беодобчиликлардан ҳам тиймоғи лозим бўлади. Ана шундагина рўзаси баркамол бўлиб, тутган рўзасидан кўзланган мақсадга эришилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг таомини ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг ҳеч ҳожати йўқ", деган ҳадисларини ана ўша маънода тушунамиз. Рамазони шарифни шарофати ила солиҳ амалларнинг савоби кўпайишини ҳамма яхши билади. Шу билан бир қаторда Рамазони шарифда қилинган гуноҳларнинг иқоби ҳам кучайишини ҳам барча билиши керак. Рўзадор инсон бефойда, ёлғон, туҳмат, бўҳтон гап-сўзларга мутлақо яқин йўламаслиги, бошқа биров уриш-жанжал бошласа, мен рўзадорман, деб четла- ниши лозим. Рўза тутган шахс иложи борича кўпроқ Аллоҳнинг зикрини қилса, Қуръон тиловат қилса жуда яхши бўлади. Ифторлик қилиш билан рўза соқит бўлмаслигини юқорида айтиб ўтдик. Рамазон ойида ифторлик маросими қилиб рўзадорларни тўйдириш яхши иш. Аммо бошқа хайру эҳсонлар каби бу маросим ҳам шариатда аслида бева-бечора, мискин-фақирларни кўзлаб жорий қилинганини унутмаслик керак. Ифторлик маросими қилиш ҳеч кимга фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Бизда, айниқса яқин қариндошлари оламдан ўтган одамлар, нима қилиб бўлса ҳам каттароқ ифторлик қилишга, кўпроқ одам чақиришга уринадилар. Ўзига тўқ ва пулдор одамлар эҳтимол иқтисодий қийинчиликка учрамаслар, аммо камбағал кишилар ўзларини, бола-чақаларини қийнаш эвазига ифторлик қилишлари ҳеч шариатга тўғри келмайди. Ифторлик қилиб бой-бадавлат, казо-казоларни иложи борича айтиб фахрланиш, бева-бечора, мискин-фақирларни айтмаслик эса мутлақо Ислом шариати руҳига тўғри келмайдиган ишдир. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ифторлик қилиш деганида, албатта уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик бўлади. Чунки рўзадор ва ҳақдор одамни риёкорликсиз ифтор қилдирилган бўлади. Баъзи ифторликларда хўжакўрсинга, дабдабага берилиб кетиб ношаръий ишлар аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга ўхшаш нотўғри тасаввур ва ишларга барҳам бериш керак. Рамазони шарифдаги садақаи фитр ҳам тутилмаган рўзага бериладиган солиқ эмас. Балки, инсон ўзини поклаш учун, рўза тутиш давомида содир бўлган баъзи камчиликлар ўрнини тўлдириш учун, камбағал ва муҳтожларга ёрдам бўлиши учун жорий қилинган молиявий ибодатдир. Бу молиявий ибодатни ҳамма мусулмонлар киши бошига адо этадилар, камбағал мусулмонлар эса ундан фойдаланадилар. Уламоларимиз, хусусан ҳужжатул Ислом имоми Абу Ҳомид Ғаззолий роҳматуллоҳу алайҳи рўзадор одам оддий вақтлардаги нонуштасини саҳарлик, кечки овқатини ифторлик қилгани маъқул, дейдилар. Зотан рўзанинг ҳикмати ҳам шунда. Яъни, оддий вақтдан кўра оз таом истеъмол қилишдадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида саҳарликни охирги вақтгача чўзиб боришни, ифторликни аввалги вақтда қилишни қайта-қайта таъкидлаганлар. Шунингдек, у зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзани улаб тутмасликни, яъни қасддан саҳарлик қилмай ўтказиб юбормасликни ҳам таъйинлаганлар. Ифтор вақтида астойдил дуо қилиш ҳамда ҳўл ва ширин нарсалар билан оғизни очиш ҳақида ҳам кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Рамазон кундузини рўза тутиш билан ўтказган одам, унинг кечасини иложи борича ибодат билан ўтказишга уриниши лозим. Аллоҳ таоло, ҳаммамизни қайта-қайта Рамазонга етказсин. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон рўзасини тўла-тўкис адо этишимизни насиб айлаган бўлсин! Омин!

РЎЗА ИБОДАТИ БАНДАЛАР УЧУН АЛЛОҲНИНГ РАҲМАТИДИР

Биз, мўмин мусулмонлар, бутун дунёни ва ундаги ҳамма нарсаларни Аллоҳ яратганига иймон келтирамиз. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонни ушбу борлиқда азизу мукаррам ва ўзининг ер юзидаги халифаси бўлиши учун яратганига ҳам иймон келтирамиз. Аллоҳ яратган инсон, Аллоҳ яратган борлиқда фақат Аллоҳнинг кўрсатмаси, динига амал қилиб яшамоғи лозим эканлигига ҳам иймон келтирамиз. Аллоҳ таоло ўзи яратган борлиқда ўзи яратган инсон қандай қилиб яшаса, икки дунё бахту саодатига эришишини энг яхши биладиган Зотдир. Ана шу билими асосида инсониятни узоқ тарих давомида аста тарбиялаб келиб, инсоният камолига етганда ўзининг баркамол ва боқий дини Исломни юборди. Ислом шариатининг ҳар бир ҳукми инсон бахти-саодатига қаратилгандир. Унинг ҳеч бир ҳукми ҳикматдан холи эмас. Фақатгина Аллоҳнинг чексиз ҳикмати олдида ожиз инсон бу ҳикматларни ўз вақтида, тўлалигича тушуна олмайди. Шариат ҳукмларини фақат ўз фойдасига эканлигини инсон кераклигича тушунганида ўзи учун битмас туганмас хайру баракотни тушунган бўлар эди. Минг афсуски, кўпчилик буни тушуна олмайди. Аллоҳ таоло бандаларнинг ибодатига, шариатига амал қилишларига муҳтож эмас, ривоят қилинган ҳадиси қудусийлардан бирида Аллоҳ таоло: «Бандаларимнинг ҳаммаси: оқию қораси, арабию ажами дунёдаги энг тақводор одам қалбига эга бўлиб менга ибодат қилганларида, менга заррача фойда қилмас, шунингдек, бандаларимнинг ҳаммаси: оқию қораси, арабию ажами дунёдаги энг фожир одам қалбига эга бўлиб менга исён қилганларида, менга заррача зиён бўлмас», деган. Ҳа, кишиларнинг шариатга амал қилишларида фақат ўзларига фойда бор, Аллоҳга ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, даъватчиларга ҳам фойда йўқ. Лекин Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлганидан, уларга лутфу марҳамат кўрсатиб, саодатнинг энг тўғри ва энг осон йўлини кўрсатиб бергандир. Аслида, Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга кўз, қулоқ, тил, ва бошқа ҳис қилиш аъзолари ато қилиб, ақл берганидан кейин «Шу берган неъматларим билан мени топ, менга ибодат қил», деса ҳақи бор эди, айни адолат бўлар эди. Аммо, Аллоҳ таоло бундай қилмади. Ўз бандаларига бу ишни осонлаштириш учун Пайғамбар юборди, Қуръон туширди, ҳидоят йўлини ўзи кўрсатиб берди. Инсон учун фақат илоҳий кўрсатмаларга амал қилиш қолди, холос. Ана шунда у икки дунё саодатига эришиши турган гап. Мисол учун, Рамазони шариф рўзасини тутишни олайлик. Бу ибодатни адо қилишда Аллоҳ таолога ҳеч бир фойда йўқ. Ҳамма фойда рўза тутувчи инсон учун бўлади. Аввало, Аллоҳ таоло рўзани фарз қилиш билан бандаларга улкан бахт-саодат эшигини очиб қўйганини айтиш лозим. Агар Аллоҳ таоло мусулмонларга рўза тутишни фарз қилмаганида кўплаб яхшиликлардан, бу дунёю охират манфаатларидан маҳрум бўлар эдилар. Рўза ибодатидан рўзадор мўмин-мусулмонларга келадиган яхшиликлар, манфаатлар ҳақида рўза фарз бўлганидан буён гапириб келинмоқда, замон ўтиши билан эса рўзанинг янгидан янги фойдалари намоён бўлмоқда. Келинг, Роббимиз сиз билан биз мусулмон бандаларга фарз қилган ибодат – рўза тутиш ибодатининг ҳикматлари, фойдалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтайлик. Аввало, рўза ибодати бандага Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш, унинг розилигини топиш, кўпроқ савоб топиб жаннатга кириш учун керакли зоди роҳила топиш имконини беради. Рўза тутган кишидек Аллоҳга яқинлаша олган одам бўлиши қийин. Чунки рўза тутган инсон фақат Аллоҳ учун, унинг розилигига эришиш учун оч қолади, чанқайди, ташна бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ҳадиси Қудсийлардан бирида: «Одам боласининг ҳамма иши ўзи учун, илло рўза мен учун, унинг савобини Ўзим билиб бераман», деди. Аллоҳ таоло бошқа ибодатларга қанчалик савоб бериши тайинли. Аммо, рўзаники ҳаддан ташқари кўплигидан, уни тайин қилмай, ўзим бераман демоқда. Дарҳақиқат, рўзадан бошқа ибодатларда ибодат қилувчи хоҳласа-ю хоҳламаса, бир оз хўжакўрсинлик бўлади. Намоз ўқиса, бировлар кўради, намозхон экан, деган фикрга келадилар. Намозхоннинг ўзида ҳам одамлар кўриб турганининг эътибори бўлади. Закот берса, ҳеч бўлмаса закотни қабул қилиб олган одам билади, ташаккур айтади, ҳаққига дуо қилади. Ҳаж бўлса, айниқса бизнинг шароитимизда дабдабага айланиб кетади. Рўза тутувчи эса кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кун бўйи бошқалардан ҳеч фарқи бўлмаган ҳолда юради, фақат Аллоҳдан қўрққани учун рўзасини очмай охирига етказади. Ана шунинг учун ҳам, Аллоҳ «Рўзани бандам мен учун тутади», демоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида «Рўзадорга икки хурсандчилик бор: ифтор пайтидаги хурсандчилик ва Роббисига мулоқот бўлган пайтдаги хурсандчилик», деганлар. Бошқа ибодатларга бунга ўхшаш ваъдалар қилинмаган. Банда учун энг юқори мукофот Роббил оламийннинг жамолига мушарраф бўлишдир. Машҳур зоҳидларнинг асл мақсадлари ҳам ушбу мақомга эга бўлиш бўлган. Аллоҳ таоло айнан ушбу мақомни рўзадор бандаларига ваъда қилмоқда. Ҳадиси шарифда жаннатнинг «Райён» исмли эшиги бўлиб, ундан фақат рўзадорлар кириши таъкидлаб айтилган. Рўзанинг бу каби охиратга тааллуқли фазилатларини айтиб охирига етказиш қийин. Уламоларимиз бу ҳақда алоҳида китоблар ёзганлар. Рўзанинг рўзадор шахсига ўтказадиган таъсирлари ҳам жуда кўп. Рўза, айниқса, кишиларда кўпгина фазилатларнинг  мужассам бўлишида катта хизмат қилади. Аллоҳ таоло Рамазон шарифнинг рўзасини фарз этиб туширган дастлабки беш оят Бақара сурасидадир. Ўша беш оятнинг биринчиси: «Эй, иймон келтирганлар, сизларга ўзингиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз», оятидир. Ушбу оятда, шояд, одамлар тақводор бўлсалар, деб рўза фарз қилингани очиқ айтилмоқда. Иккинчи оят эса: «Агар билсангиз, рўза тутмоғлигингиз сиз учун яхшиликдир», деб тамом бўлади. Демак, кишиларга яхшилик бўлсин, деб рўза фарз қилинган. Учинчи оят эса: «Шоядки, шукр қилсангиз», деб тугатилади. Демак, кишилар Аллоҳга шукр қилсин, деб рўза фарз қилинган. Тўртинчи оят: «Шоядки, рушди ҳидоят топсалар», деб тугатилади. Демак, кишилар рушди ҳидоят топсинлар, деб рўза фарз қилинган. Бешинчи оят: «Шоядки, тақво қилсалар», деб тугатилади. Демак, рўза кишилар тақводор бўлсалар, деб фарз қилинган. Эътибор берадиган бўлсак, ушбу оятлар мажмуаси тақво билан бошланиб, тақво билан тугатилмоқда. Шундан рўзанинг асосий ҳикматларидан бири кишиларда тақводорлик малакасини оширишдир, дея оламиз. Ҳа, рўза тутган одамда тақводорлик ҳисси ортади. Ҳақиқий рўза тутган одамни тақвоси ортишидан бошқача рўза тутганлардан ажратиб олса бўлади. Инсоният тарихида ўтган барча пайғамбарлар, азиз авлиёлар, буюк мутафаккирлар, улуғ доҳийлар ҳаммалари рўза тутиб улуғ мақомга эришганлар. Фақат Аллоҳни рози қилиш мақсадида чин ихлос билан рўза тутган одам ҳар лаҳзада Роббисининг назарини ҳис қилиб туради ва унда тақводорлик ҳисси ортади. Бу Қуръоний ҳақиқатни ўн беш асрдан сўнг, Исломдан, Қуръондан умуман хабари йўқ турли миллатларга мансуб илмий ходимлар тасдиқламоқдалар. Тақводорлик эса ҳар бир инсон учун икки дунё саодатига эришиш йўлидаги энг муҳим сифатдир. Мусулмонлар учун ўн беш аср аввал бу сифатни касб қилиш йўлини ибодат қилиб қўйган меҳрибон Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Омин!

РЎЗАНИНГ МОҲИЯТИ

Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзасини фарз қилингани ҳақидаги ояти каримада:«Эй иймон келтирганлар, сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз», дейди. Ушбу оятни ўқиган одам, мусулмонлар, улардан аввалгиларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинибди, деб кетавериши мумкин. Лекин тузукроқ тааммул қилинса, оятга тегишли маълумотлар, тафсирлар ўрганилса, ўта аҳамиятли ҳақиқатлар юзага чиқади. Ушбу ояти каримани ўқиганимда, мўмин-мусулмонларга маъносини айтиб берганимда, ваъзларда шарҳлаганимда, «Ҳилол» тафсирида тафсир қилганимда, доимо бир нарса хаёлимдан ўтади. Болаликда Совет мактабида, Рамазон пайтида бир ўқитувчи (агар ўшандай одамни ўқитувчи деб аташ мумкин бўлса), рўзани арабистонлик Муҳаммад деган одам ўйлаб чиқарган. Арабистонда иссиқ бўлади. Бир кун сасиб қолган гўштни еб одамлар заҳарланиб қолган. Ўшанда Муҳаммад одамларга овқат емасликни буюрган. Кейинчалик одат тусига кириб қолган, деган эди. Ўшанда кичкинтой ўқувчилар рўзанинг моҳиятини тушунмасалар ҳам, ўқитувчи деган шахс ёлғон гапирганини яхши англаган эдилар. Ушбу оятда эса рўзани Муҳаммад исмли одам эмас, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам исмли одамнинг ва барча одамларнинг Роббиси амр этгани билдирилмоқда. Рўза ибодати фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига эмас, ўтган барча умматларга ҳам фарз қилинганини билдирмоқда. Чунки барча умматларнинг Роббиси бир, барча пайғамбарларнинг юборувчиси бир, барча китобларнинг тушурувчиси бир, барча шариатларнинг жорий қилувчиси бир – Аллоҳ таолонинг ўзидир. Юқоридаги ояти кариманинг тафсирида кўплаб тафсирчи олимларимиз, дунёдаги барча динларда, ҳатто самовий эмас, одамлар ўзлари ўйлаб чиқарган динлар, мазҳабларда ҳам рўза борлигини тарихчиларга асосланиб таъкидлайдилар. Чунки рўза тутиш инсон ҳаётининг тақозосидир. Рўзанинг инсон учун зарур нарса эканлигини инкор этиш учун ёки инсонлик табиатидан чиқиш керак ёки коммунист бўлиш керак. Бошқалар ҳаммаси у ёки бу шаклда рўзани ихтиёр қилганлар ва қилиб келмоқда. Агар инсон соғлигини сақлаш учун ҳаракат қилаётган мутахассисларга қўйиб берилса, айнан исломий рўзани бутун дунёдаги одамларга фарз қилишларида шубҳа қолмади. Чунки бошқа самовий динларда ҳам рўза моҳияти замон ўтиши билан кишилар томонидан бузиб юборилган. Мисол учун, ҳозирда энг кўп тарқалган динлардан бирида рўза ҳайвон маҳсулотлари, яъни гўшт, сут, тухум кабиларни танаввул қилишни тўхтатишни англатади. Яна буни маънавий жасорат, деб атайдилар. Бунда Аллоҳнинг амрини бузишнинг бир кўриниши борлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу ишда охират, илоҳий амрларга тегишли ишлар беҳуда кетганлигида шубҳа йўқ, аммо бу дунёга ҳам фойда йўқлигини табиблар ва овқатланиш мутахассислари ҳам таъкидламоқдалар. Уларнинг таъкидлашларича, исломий рўзадаги каби мутлақо еб-ичишнинг ҳамма турларини тарк этмагунча очлик фойда бериб, соғликни ўнгламайди. Баъзи овқатларни тарк этиш эса овқат парҳези бўлиб зарарли экан. Ушбу фикрлар кишини мусулмонларнинг рўзага бугунги кунда бўлаётган муносабатларига тортади. Ҳамма эмас-ку, баъзи кишилар рўзанинг моҳиятини англаб ета олмайдилар. Ҳар йили рўзага бир-икки ой қолганда ўзини Ислом давлати деб номлаётган юртларда ахборот воситалари зўр бериб, Муборак Рамазонни муносиб кутиб олиш учун чет эллардан қўшимча гўшт-ёғ, ҳайвонлар, турли озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинаётгани ҳақида гапира бошлайдилар. Одамлар ҳам жон-жаҳди билан озиқ-овқат ғамлашга ўтадилар. Бозорларда озиқ-овқат нархи кескин кўтарилиб кетади. Натижада Рамазондан киссалари бўшаб, қоринлари тўлиб, бир неча кило семириб чиқадилар. Рамазондан кўзланган асосий мақсад, тақводорлик ҳисси, сабр, меҳр-шафқат, бирдамлик руҳи каби олий мақом инсоний фазилатларни нима бўлганини Аллоҳнинг ўзи билади. Баъзи бир осий, фосиқ-фожирларга Аллоҳнинг амрига бўйсун, рўза тут, десанг, сенинг ишинг бўлмасин, ўзим биламан, дейди. Агар, рўза тут, озасан, соғлигинг яхши бўлади, десанг, ундай бўлса, тутсак бўлар экан, дейди. Қачон ҳаммамиз рўзанинг моҳиятини тушуниб етамиз? Қачон Аллоҳнинг амрини сўзсиз адо этадиган бўламиз? Қачон дунёдан охиратни устун қўядиган бўламиз?! Аллоҳ таоло ўзи тўғри йўлга бошласин! Омин!

РЎЗАНИНГ ФОЙДАЛАРИ

Рўзанинг рўзадор шахсий сифатларига берадиган фойдалари ҳақида сўзлар эканмиз, сабр сифати ҳақида гапирмай ўтиб бўлмайди. Рўзадор кишида сабр-матонат сифати пайдо бўлишини  мустаҳкамланишини ҳатто рўзага душман бўлганлар ҳам рад қила олмаганлар. Инсон ўз ихтиёри билан оч қолиши, ташна бўлиши, шаҳватдан ўзини тийишини ва бу ҳолат бир ой давом этиши инсонда сабрли бўлиш сифатини кучайтиради. Ҳозирги кунимизда эса бу жуда ҳам керакли сифатдир. Агар тузукроқ мулоҳаза қиладиган бўлсак, бугунги кунимизда одамлар бошига тушаётган кўпгина мусибатлар айни сабрсизликдан бўлмоқда. Айниқса, кишиларнинг озиқ-овқат маҳсулотларидан, турли ичимликлардан ўзларини тия олмасликларидан келиб чиқмоқда. Эркак ва аёлларнинг ўз шаҳвоний ҳисларини тия олмасликлари оқибатида келиб чиқаётган бало-офатлар ҳамманинг кўз ўнгида яққол кўриниб турибди. Ана шундан рўза орқали топадиган ва сайқалланадиган шахсий сифатларга ҳар лаҳзада муҳтож эканлигимизни билиб оламиз. Бунинг устига инсон умри давомида турли фавқулодда ҳолатларга тушиб туришини ҳам қўшсак, мазкур фойдаларнинг аҳамияти яна ҳам ортади. Шарқ адабий меросимизда бунга кўплаб мисоллар келтирилган. Ана ўша мисолларидан бирида икки киши зиндонга солингани, улардан бири семиз ва бақувват, иккинчиси озғин ва кучсиз кўрингани, овқатсиз қолишганидан сўнг семиз одам ҳалок бўлиб, озғин одам тирик қолгани, суриштириб кўрилса, озғин рўза тутишга одатланган одам эканлиги ҳақидаги қисса ҳам бор. Бунга ўхшаш ҳолатлар инсон ҳаётида доимо такрорланиб туришини эсласак, рўза ҳар бир киши учун зарурлигига ишончимиз яна ҳам ортади. Рўзадан ҳосил бўладиган шахсий сифатлардан яна бири, раҳм-шафқатли бўлиш сифатидир. Рамазони шариф ойининг биринчи ўн кунлигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳмат ўн кунлиги деб эълон қилганлар. Бу нафақат Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳмати, балки бандаларнинг бир-бирларига раҳмли,шафқатли бўлишини ҳам ўз ичига олади. Рўза тутган одам биров билан сўкишмаслиги, урушмаслиги қаттиқ тайинланишидан мақсад ҳам шу. Ўз ихтиёри билан оч қолган, ташна бўлган одамда ўз-ўзидан раҳм-шафқат ҳислари уйғонади. Ўзгаларга яхшилик қилиш туйғулари кучаяди. Буни рўза тутган ҳар бир одам дарҳол мулоҳаза қилади. Айниқса, очлик ва ташналикни ўз танасида синаб кўрган шахс, турли сабабларга кўра доимо оч қолганларга раҳм-шафқат қилиш лозимлигини тўла тушуниб етади. Шунинг учун ҳам, рўзадорлардан оч-ялонғоч, бева-бечора, камбағал-мискинлар фойдасига хайр-садақа қилиш кўпаяди. Бугунги кунда меҳр-шафқатга, раҳмдилликка ва хайри эҳсонга муҳтож кишилар қанчалик кўп эканликларини ҳисобга оладиган бўлсак, рўзанинг аҳамияти яна ҳам ортади. Бунинг устига рўза туфайли мусулмонлар ичида ўзаро тенглик, биродарлик, меҳрибонлик алоқаларини яна ҳам ортади. Бой-бадавлат кишилар, подшоҳ ва ҳокимларнинг саройлари-ю қасрларида ҳам, камбағал, бева-бечораларнинг кулбаларида ҳам бир хил ҳолат, бир хил руҳоният ҳукм суради. Балки сарой ва қасрларнинг эшиклари очилиб, камбағаллар ичкарига таклиф этилиб, азиз ва мўътабар меҳмонларга айланадилар. Ёки аксинча бўлиб бойлар, амирлар, ҳокимлар бошларини эгиб, камбағал, бева-бечораларнинг кулбаларига ифторлик, хайр-садақа, закотларини кўтариб бориб, Аллоҳ учун қабул қилишларини сўрайдилар. Камбағалларнинг қорнини тўйдириши, устини бут қилиш, келажакка жамғарма тўплаб олиш ишларига ёрдам берадилар. Рамазон шарафида ўта сахий бўлиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидир. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг сахий одам эдилар. У кишининг энг сахий бўлишлари Рамазонда бўлар эди».дейилган. Биз Рамазоннинг фойдалари ҳақида денгиздан бир томчисини айтиб ўтдик, холос. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазоннинг ҳамма фойдаларидан манфаатланишга насиб этсин.

РЎЗА ВА САЛОМАТЛИК

Рўзанинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида гап кетар экан, унинг инсон саломатлигига нисбатан ўта фойдали эканлиги энг кўп гапириладиган мавзулардан бирига айланиб қолганини айтиб ўтмоқ лозим. Ҳа, бу ҳақда бугун бутун дунё гапирмоқда. Бундан аввал ҳам гапирган. Фақат худосиз коммунистларгина рўза киши саломатлиги учун зарарли, дейишар эди. Ўзларига илм нисбатини берган бу жоҳиллар яқин-яқингача одамларга рўза соғликни бузувчи энг катта омил эканини уқтирмоқчи бўлиб келдилар. Рўза яқинлашиши билан коммунистик ахборот воситалари унга қарши ташвиқот ишларини бошлар эди. Ҳамма жойларда «Билим жамияти» деб номланган жаҳолат марказларининг гумашталари одамларга рўзанинг зарарлари ҳақида маъруза ўқишни бошлар эдилар. Табиб номига доғ туширувчи оқ кийимли кишилар эса асосан, тиб номидан қора ишларни қилиб, рўзани инсон соғлигига зарар, деб сафсата сотишар эдилар. Ишхона, ўқув юртларида рўзадорларга қарши кўрилган жазо чораларини гапиришнинг ўзи инсоният учун ор-номус. Лекин шу билан бир вақтда, Исломдан, Қуръондан, шариатдан. умуман, бехабар халқ ва юртлар вакиллари улардаги билим ва тиб хизматлари рўзанинг инсониятга, хусусан, соғлик соҳасида қанчалик фойдали эканлиги ҳақида кашфиётлар қилишар, тажрибалар ўтказишар, илмий асарлар ёзишар эдилар. Энг қизиғи, ўша рўзанинг, ихтиёрий оч қолишнинг фойдаси ҳақида гап кўтарганларнинг кўзга кўринганлари биздаги худосизларнинг катта оғалари – ўрислар ичида эди. Кейинроқ бошқа тараққий этган давлатларда бу борада анча ишлар қилинганлиги аниқ бўлди. Жумладан, Англия, Франция, Олмония ва АҚШдаги олимлар кишиларни очлик билан даволаш ҳақида сезиларли натижаларга эришдилар. Рус профессори Николаев ва шерикларини очлик билан даволашлари ҳақида юқорида тўхталиб ўтдик. Америкалик мутахассис Пол Брегг бўлса ўзининг эллик йиллик шахсий таржибаси маҳсули ўлароқ «Мўъжизакор очлик» деб аталган китобини ёзди. Дунёдаги кўплаб тилларга таржима қилинган бу китоб, рўза инсон соғлиги учун энг зарур омил эканлигининг ташвиқотчисига айланди. Инсон соғ-саломат бўлай деса, рўза тутиши зарур экан. Бу эса Имом Табароний ўзларининг «Ал-Авсат» китобларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган: «Рўза тутинглар – саломат бўласизлар», деган ҳадиси шарифнинг илмий тасдиғидир. Энг ажабланарлиси, рўза билан даволовчилар киши соғ-саломат юриши учун йилига 28-32 кун ихтиёрий оч қолиши керак, деган хулосага келганлар. Аллоҳ таоло эса бу муддатнинг ўртачаси 30 кун Рамазонни биз мусулмонларга бундан 15 аср илгари фарз ибодати қилиб қўйган. Буюк ватандошимиз Шайхур раис Ибн Сино ҳам кишиларни очлик йўли билан даволаган. Ҳозирги кунимизда Сурия бош муфтийси Шайх Аҳмад Куфтару ҳазратлари Ислом оламида рўза билан даволаш бобида анча шуҳрат қозонганлар. Айниқса, у кишининг ҳузурларида машҳур спортчи, асримиз бокс тарихи афсонасига айланиб қолган жаҳон чемпиони Муҳаммад Алининг шифо топиши катта шов-шувга сабаб бўлди. Баъзи аъзолари қалтирайдиган касалга мубтало бўлган Муҳаммад Али шифо излаб бормаган жойи қолмаган эди. У ўзини даволатиш учун 30 миллион доллар сарфлаган, аммо бирор натижага эришмаган эди. Аллоҳ унга йигирма кунлик очликдан сўнг шифо берди. Яқинда очлик билан саратон – рак касалидан шифо топган одамлар ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Ана шундай фойдали нарсани биз мусулмонларга савоб, маънавий ибодат қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Мавзуга оид мақолалар
Саҳл ибн Ҳанзаладан ривоят қилинади «У бефарзанд эди ва «Агар Исломда турганимда бир болам чала туғилиб, яшамаса, бунга сабр қилишим дунёдаги ва унинг ичидаги давоми...

00:50 / 05.11.2017 3538
   Алишер Навоий ҳижрий 844йили Ҳирот шаҳрининг Неъматобод мавзесида илммаърифатли, билимсевар оилада дунёга келди. Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир давоми...

00:12 / 10.02.2017 4014
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим «Етимларни то никоҳёшига етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эсиҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. давоми...

04:22 / 09.12.2016 3423
Чин ихлос ва муҳаббат Кета олсангиз, Мадинаи Мунавварага кетинг Кета олсангиз, Мадинага ёшлик чоғингизда кетинг. Кетишингиз мусофирнинг кетиши каби давоми...

00:35 / 30.09.2017 2727