Рамазони шариф табриги

0 1 813

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн вассолату вассаламу аъла Муҳаммадин ашрафил мурсалин ва аъла алиҳи ва асҳобиҳи ажмаъийн.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Азиз ва муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар! Сизларнинг барчангизни муборак ой  ̶   рўза ва Қуръон ойи, тақво ва тавба ойи, раҳмат ва шафқат ойи, мағфират ва дўзахдан озод бўлиш ойи, барака ва савоб ойи Рамазони шариф ойи кириб келиши билан чин қалбдан қутлашга ижозат бергайсиз.

Ҳа, бу ой, рўзани иймон билан, Аллоҳдан савоб талаб қилиб тутувчи ҳар бир шахсни қанчалик табрик этса, шунча оз бўлган ойдир. Биз рўза тутувчи мўмин-мусулмонлар бу муқаддас ой кириши билан, Аллоҳ таоло бизларни мусулмонлар жумласидан қилгани ила бир-биримизни табриклаймиз. Чунки дунёда мусулмон бўлишдан катта бахт йўқ.

Аллоҳ таоло бизларни рўза тутадиган қилгани билан ҳам бир-биримизни табрик қиламиз.Чунки Аллоҳнинг бу ибодатини қилишга муяссар бўлишнинг ўзи катта бахт. Ана шу бахтга эришганимиз билан бир-биримизни табрик этамиз. Худосизлардан, бошқа диндагилардан ёки муртад бўлганлардан қилмаганига шукр қилиб, бир-биримизни табрик қиламиз. Қалблари иймон ихлосга тўлиқ бўлиб туриб, узрли сабаб ила, оғир касаллиги учун рўза тута олмай ҳижолат чекаётган қардошларимизга тасалли бериш билан бирга биз ҳам ана шундай ҳолга тушиб қолмаганимизга шукр қилиб бир-биримизни табриклаймиз. Ҳа, муборак Рамазони шариф ойи кириши билан рўза тутувчи мусулмонлар бир-бирларини табрикламай, ким табрикласин!

Чунки, бу муқаддас ой биз учун йил давомида ҳар куни беш вақт ўқиган намозларимиз туфайли ҳам, бошқа ибодат ва хайри садақаларимиз туфайли ҳам, кечирилмай қолган гуноҳларимизни мағфират қилишини Аллоҳ таолодан сўраб олишимиз учун бир йилда бир бор бериладиган фурсатдур.

Ҳа, бу улкан фурсат Рамазон ойи рўзасини тутувчи мусулмонларгагина берилади. Севимли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам:  « Ким Рамазон ойининг рўзасини иймон билан савоб талабида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади », деганлар.

Азизлар, мен барчангизни ўша улуғ имконият ойи билан табриклайман.

Исломда сочлари оқарган пири-бадавлат отахонларни, муштипар-мунис онахонларни уларга умрларида тутган рўзалари қаторига яна бир Рамазон Рўзаси савобини қўшиш имкони, Аллоҳ таоло томонидан берилгани билан чин қалбдан муборакбод қиламан.

Сироти мустақимда қадам ташлаб келаётган мўмин бандаларни, мўмина опа-сингилларни, аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзах оташидан озод бўлиш ойи билан табриклайман.

Аллоҳ таолони ўзига Робб, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар, Исломни дин, Қуръонни ҳидоят маёғи қилиб олган ёш-йигит қизларни ўзларининг саодатли умрлари аввалида тақво ҳосил қилиш учун берилган улкан имконият  ̶Рамазон рўзасининг тутиш бахти билан муборакбод этаман.

Турли сабабларга кўра қорнини тўйғиза олмай юрган, аҳли аёлини тўйғиза олмай қийналаётганларни эса, қорни тўқлар ҳам мажбурий равишда уларнинг ҳолига тушишлари ва ниҳоят қорни очларни ҳам эслашлари, уларнинг ҳолидан хабар олишлари имкони билан ва йил давомида оч юриб, яна Рамазон рўзасини тутгани учун кўпайтириб бериладиган савоб ва Рамазони шариф туфайли келадиган хайру барокатлар билан табриклайман.

Азиз ва мўътабар диндошларим. Рамазон ойи рўзаси ҳаммани, каттани ҳам, кичикни ҳам,  бойни ҳам, камбағални ҳам, ҳокимни ҳам,маҳкумни ҳам, кучлини ҳам, кучсизни ҳам, тўқни ҳам, очни ҳам, баробарлаштирадиган ой бўлиши билан бирга уларнинг ҳаммасига ўзлигини таниб олиши учун, бандалик бурчини ҳис этиш учун берилган фурсат ҳамдир. Ҳаммамиз, бу муборак ойнинг рўзасини тутиш ила ўша бандалик бурчини — тақводорликни хосил қилишга уринайлик.  Ана, шундагина мақсадга эришармиз.

Мен, яна бир бор барчангизни Рамазони муборак ила табриклайман.

Аллоҳ таоло барчамизни, бу ойнинг хайру баракасидан унумли фойдаланишимизни насиб этган бўлсин!.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

Рамазонни қаршилаб китобидан

Баҳам кўринг

Leave A Reply