Рамазонда уйқуни тартиблаймиз

0 9 589

Кўпчилик Рамазонда уйқу режими бузилганидан шикоят қилади. Баъзилар кун бўйи жуда узоқ ухлаганидан нолиса, бошқалар жуда банд бўлиб, таровеҳ, саҳарлик ва ибодатлар туфайли тўйиб ухлолмаганидан нолийди. Биз бу мақолада худди шу муаммога тўхталишга ният қилдик.

Энг аввал бир оз назарий ўрганамиз. Уйқунинг жисмоний ҳамда маънавий жиҳати бор.

Унинг жисмоний жиҳатини тушуниш қийин эмас. Уйқу жараёни ва энг мақбул уйқу соатлари ҳақида кўплаб изланишлар олиб борилган.

Тун давомида кишининг уйқуси маълум кетма‑кетликка риоя қилади. Бир уйқу даври бошланиш нуқтаси, авж нуқтаси ҳамда якунланиш нуқтасидан иборат бўлиб, бундай уйқу даврлари сиз то уйғонгунингизча бир неча бор такрорланади. Одатда бир уйқу даври 90 дақиқа давом этади. Агар уйғотгичингиз (қўнғироқли соат) уйқу даврининг авж нуқтасига тўғри келса, кечаси етарлича ухлаган бўлсангиз ҳам уни эшитмайсиз. Уйғониш осонроқ бўлиши учун 1,5 соатдан бир нечтаси миқдорича ухлашни режа қилинг. Масалан 3 х 1,5 = 4,5 соат ёки 4 х 1,5 = 6 соат.

Шунда уйқу даври тугаган, танангиз ва миянгиз уйғонишга яқин ҳолатда бўлади.

Уйқунинг руҳий тарафига кўпинча аҳамият берилмайди. Бироқ, уйқудан жисмоний жараён сифатида фойда олиш учун руҳий тарафига эътибор беришимиз лозим бўлади:

  1. Аввало уйқу – Аллоҳнинг қудратидан бир нишона(оят)дир. Қуръони Каримнинг энг буюк оятларидан бири – Оят ул-Курсийда марҳамат қилинади: “Уни мудроқ ҳам,уйқу ҳам олмас” (Бақара сураси, 255‑оят). Энди ўзимизга савол берайлик: “Неча соат ухламай юра оламиз?” Кўпи билан 36, балки 48 соат, деган жавоб ҳақиқатга яқинроқ. Лекин барибир охир‑оқибат, уйқуга ихтиёримизни беришга мажбур бўламиз. Энди эса ояти каримадаги сўзларни тафаккур қилиб кўринг: “Уни мудроқ ҳам уйқу ҳам олмас”. У Зотнинг олдида қанчалар ожиз ва заифмиз?!
  2. Уйқу Аллоҳнинг неъмати ва бизга бўлган раҳматидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “У сиз учун кечани либос, уйқуни истироҳат қилган ва кундузни тирилиш (замони) қилган Зотдир” (Фурқон сураси, 47‑оят), деб марҳамат қилади.

Барча неъматлар каби уйқу неъматининг ҳам шукрини адо қилишимиз лозим. Уйқу неъмати учун Аллоҳга қандай шукр қиламиз? Ундан олган қувватимизни фойдали ишга сарфлаш ва уйқуни Унинг буйруқларидан қолиш (жумладан, бомдодни қазо қилиш!) учун баҳона қилмаслик билан.

  1. Уйқу – кичик ўлимдир. Шундай экан бизга Қиёмат кунини эслатиб турувчидир. Ҳар тун қандай ухлаб, ҳар тонг қандай уйғонсак, бир куни худди шундай ўламиз ва Қиёмат куни тириламиз. Аллоҳ таоло Ўз китобида: “Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларни эса уйқуси вақтида олур. Бас, ўлишига ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур” (Зумар сураси, 42‑оят), деб марҳамат қилган.
  2. Уйқуни Аллоҳнинг қудратини билдирувчи бир оят, У Зотнинг неъмати, сўнгги манзилимизни эслатувчи нарса сифатида англар эканмиз, унда кундалик бир неча соатни ажратиб, режани тўлдирадиган оддий жараённи эмас, балки каттароқ нарсани кўра бошлаймиз. Шу билан бирга солиҳ инсонлар, олимлар тунда оз ухласалар ҳам кун бўйи қувватга тўла бўлишларининг сирини тушунгандек бўламиз. Жавоб шуки, уйқуга ибодатдек қараган банданинг уйқусига Аллоҳ таоло барака ва раҳмат ато этадики, озгина уйқуларидан ҳам бошқаларнинг кўп уйқусидан кўпроқ манфаат ололадилар. Улар уйқуларидан Аллоҳ йўлида воз кечганлари учун Аллоҳ уларни шундай тақдирлайди. Аллоҳ таоло Қуръонда улар ҳақида: “Улар кечалари оз ухлар эдилар”, дея таъриф беради.

Энди эса Рамазон мавзусига қайтсак. Рамазонда уйқуни тартибга тушириб олиш учун унинг 4 асосий таркибий қисмни йўлга қўйиб олиш фойдали бўлади:

  1. Уйқуга тайёргарликни яхшилаб йўлга қўйиш

Уйқуга тайёргарлик кўрасизми? Агар йўқ бўлса, мана шу Рамазондан бошланг. Тахминий тайёргарлик қуйидагича:

  • Яхшилаб таҳорат олиб (тишларни ювиб), хушуъ ва хузуъ билан хуфтон ва витр намозини ўқиш. Бу сизга кун давомида миянгизни тўлдирган салбий ҳиссиётларни ўчиришга, уйқу олдидан мияни енгиллатиб олишга ёрдам беради.
  • Аёллар учун юз парваришлари, тунги кийимни кийиш, ётоқда 15 дақиқа китоб ўқиш, мияга келган фикрлар, эртагалик режалар бўлса, дарҳол ётоқ ёнида тайёр турган ёндафтарга ёзиб, мияни бўшатиб олиш.
  • Уйқу олдидан ўқийдиган дуоларни ўқиб, суннатга мувофиқ уйқуга кетиш!
  1. Уйқу даврини ҳисобга олинг

Юқорида уйқу даври ҳақида қисқача айтиб ўтдик. Уйқуга ётишда ўша маълумотларни ҳисобга олинг. Мисол учун саҳарликка соат 3:00 да турмоқчи бўлсангиз, 22:30 да ухлашга ётинг (3 х 1,5 соат), агар соат 22:15 да ухлашга ётсангиз, уйғотгични соат 2:15 га қўйинг.

Баъзида, ўйлаганингиздан эртароқ уйғониб қоласиз. Юқоридаги мисолга кўра, 3:00 да туришингиз кераг-у, 2:30 да туриб қолдингиз. Шунда яна ухлашга ётсангиз, соат 3:00 га уйқу даврингизнинг ўрта нуқтаси тўғри келади ва туришингиз қийин бўлади. Бу ҳолатда баъзи мутахассислар туриб, бир оз айланиб, кейин яна 3:00 гача 20 дақиқа мизғиб олишни тавсия қиладилар. Бу орқали сиз иккита уйқуни бир‑биридан ажратиб юборасиз.

  1. Мизғиб олиш “санъати”ни ўзлаштиринг

“20 дақиқалик мизғиш” тажрибаси жуда кўпчиликка фойда берган тажрибалардан. Ундан Рамазонда ҳам бошқа пайтларда ҳам фойдаланиш мумкин. Агар қаттиқ чарчаган бўлсангиз ва узоқроқ ҳордиқ учун вақтингиз бўлмаса, 20 дақиқа мизғиб олинг (уйғотгични аниқ белгиланг!), шунда куч‑қувватга тўла ҳолда уйғонасиз. Айтиш керакки, бу усулни йўлга қўйиб олишнинг биргина йўли бор: тажриба, тажриба ва яна тажриба! Қанча кўп машқ қилсангиз, шунча яхши фойда беради. Бу техникани ўргатадиган махсус сайтлар ҳам бор (www.pzizz.com каби).
Буни суннатда келган қайлула уйқуси билан мувофиқлаштириш мумкин.

  1. Танангизни машқ қилдиринг

Бу ўзингиз ва баданингизнинг эҳтиёжи ўртасидаги алоқани йўлга қўйишдан иборат бўлади. Танангизга нисбатан ўта қаттиққўл бўлманг, яна ишлашдан бош тортиб қолмасин (шунақаси ҳам бўлади)! Уни талтайтириб, ҳаётингиз ухлаш билан ўтиб кетишига ҳам йўл қўйманг. Баданингизга болага қилгандек муомала қилинг: унга ҳамиша қулоқ солинг, лекин ҳар доим ҳам унинг айтганини эмас, унга фойдалисини қилинг.

Рамазон ойи ҳамда ундан ташқарида ухлаш борасида яна қуйидаги муҳим жиҳатларни ҳисобга олинг:

Қачон ухлаб бўлмайди?

Баъзи вақтларда ухлашни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам олимлар ҳам тавсия қилишмаган:

* субҳи содиқдан то қуёш чиққунича;

* шом ва хуфтон орасида;

* аср намозидан сўнг.

Ухлаш ҳолати

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатларига мувофиқ, ўнг тарафга ёнбошлаб, қиблага юзланиб, ўнг қўлни ўнг юз остига қўйиб ухлаш тавсия қилинган. Қоринга ётиб ухлашдан қайтарилганмиз (кариҳ кўрилган).

Доимо таҳорат билан ухланг!

Ухлашдан аввал тозаликка эътибор бериш ҳам муҳим. Ухлашдан турли ҳашаротлардан зарар етмаслиги учун аввал тўшакни (чойшабни), шунингдек, ёстиқни қоқиш яхши. Шунингдек, уйқу олдидан:

  • тишингизни ювинг;
  • холога боринг;
  • ўзингиздан ёмон ҳидларни кетказинг;
  • таҳорат олинг.

Иншааллоҳ, бу маслаҳатлар ёрдамида Рамазон ойида уйқудан шикоят қилмайсиз, деб умид қиламиз.

 

Productivemuslim.com сайтидан эркин таржима

 

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply