«Рамазоний аёл қандай бўлмоғи лозим» I- қисм

0 1 185

Муҳтарама синглим! Сиз буюк ойда турганингизни ҳис этмоқдасиз, лекин бу ойни бошқа ойлардан ажратиб турувчи хусусиятлари ва фазилатлари нимада эканини биласизми? Уларни барчасини санаб ўта оласизми?

Кундалик дастур, тавсия ва танбеҳлар...

МУҚАДДИМА

Оламлар роббиси бўлган Аллоҳга ҳамдлар, набий ва расуллар сарвари, Пайғамбаримиз Муҳаммад ва у зотнинг оиласи ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Амма баъд: Аллоҳ таоло айтади: «Рамазон ойидирки, унда одамларга ҳидоят ва ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон  туширилгандир». (Бақара:185)
Бу муборак ойда раҳматлар ёғилади, яхшиликлар тўлиб-тошади, барака кўпаяди ва яхши амаллар ортади. Гуноҳлар ва хатолар кечирилади.

Бу буюк ой кўплаб хусусият ва фазилатлар эгасидир. Мен улар ҳақида, муборак ойда вақтдан унумли фойдаланиш ҳақида сиз билан қурбим етгани қадар ўртоқлашиш ниятидаман. Аллоҳ азза ва жалладан ушбу ойда Аллоҳнинг ҳақларини адо этишни насиб айлашини сўровчи муслима аёл биладики, Аллоҳ рўза ва намоз ойига, мағфират ва дўзах оташидан қутулиш ойига етишишдек неъматни насиб этди. Қанча инсонлар борки, бу фазилатдан маҳрумлар, қанчалари ер остида, бир кунгина бўлсада ортга қайтишни орзулаб ётибдилар. Шундай экан, қолган умримиздан, берилган муҳлатдан, бу бир ойлик фурсатдан унумли фойдаланиб қолайлик.

«Рамазоний аёл қандай бўлмоғи лозим?» рисоласининг моҳияти

Мақсадимиз, эй муслима синглим, Рамазоннинг ҳар бир лаҳзасинии Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштурувчи тоат билан ўтказишдир, бу мукаррам ойнинг моҳиятини тўлиқ англашдир. Ундан нафсингизни ислоҳ қилиш ва бошқа ойларда ҳам поклаб бориш йўлида фойдаланиб қолишдир. Мақсадингиз асло – бугуннинг баъзи аёллари каби – Рамазонни ибодатда, қолган ойларни бекорчиликда ўтказиш бўлмасин. Зеро, сиз Рамазоннинг Роббиси бошқа ойлар ва йилларнинг ҳам Роббиси эканлигини аниқ биласизку!

Биласизми?

Ҳар қандай амални қилиш учун аввало унинг моҳиятини билиш керак. Моҳиятини билиш асносида уни амалга ошириш учун қилинадиган саъй-ҳаракатларни англамоғи даркордир. Бу борада қуйида келтирилган билдиргилар сизга дастури амал қаторида бўлади деб умид қиламиз.

Биринчидан: Билингки, Рамазон ойига саломатликда ва омонликда кириб келишингизнинг ўзи буюк неъматдир. Шундай экан, ушбу неъмат ва фазлни ато этган Аллоҳга шукрлар ва мақтовлар айтиш даркор. Қанчадан-қанча бемор ва ожизлар борки, рўза ва намозларда мусулмонларга шерик бўлишни истайдилар, аммо Аллоҳ уларни муяссар қилмаган. (Сизга насиб этгани учун) Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсин….

Иккинчидан: Рўзанинг мукофоти жуда улуғ бўлиб, уни фақат Аллоҳнинг ўзигина билади. Ҳадиси Қудсийда келганидек, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: Одам фарзандининг барча амаллари ўзи учундир, фақат рўза мен учундир. Унинг мукофотини мен ўзим бераман. Рўза тўсувчидир. Бирортангиз рўза тутган бўлсангиз, аёлига яқинлик қилмасин ва бақириб-чақирмасин. Уни биров сўкса ёки уришса, «мен рўзадорман, мен рўзадорман» деб айтсин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан чиқаётган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушк атридан-да хушбўйроқдир. Рўзадор икки марта хурсанд бўлади: ифтор маҳал оғзини очганидан хурсанд бўлса, Роббисига йўлиққан онда рўза тутганидан қувонади»

Бухорий, Муслим ривояти

Муслим ривоятида шундай келади: «Одам фарзандининг ҳар бир амали учун ўн баробардан етти юз баробаргача савоб ёзилади. Аллоҳ таоло деди: илло рўза (бундай эмасдир), у мен учундир ва унинг мукофотини ўзим бераман. (Чунки бандам) менинг йўлимда шаҳватдан ва таомдан тийилди…».

Учинчидан: Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ дўзах оловини ундан етмиш йиллик масофага узоқлаштиради. Шундай экан, энди тасаввур қилиб кўрингчи бир ой рўза тутганнинг ажри қандай бўлади?
Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Банда Аллоҳ таоло йўлида бир кун рўза тутаркан, ушбу кун учун Аллоҳ таоло унинг юзини дўзах оташидан етмиш йиллик масофага узоқлаштиради».

 Насаий ривояти
Бошқа бир ривоятда шундай келади: «Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутган кишидан дўзах оташи юз йиллик масофага узоқлашади».

Тўртинчидан: Рўза қиёмат куни бандага шафоатчи бўлиб, жаннатга киришига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳдан ривоят қиладилар: «Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандага шафоатчи бўладилар. Рўза дейди: «Эй Роббим, мен уни таом ва шаҳватдан тўсган эдим, бас, мени унга шафотчи қилгил. Қуръон айтади: Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, бас, мени унга шафоатчи қил! (Расулуллоҳ) дедилар: сўнг улар шафоат қиладилар».

 Аҳмад ривояти 

Бешинчидан: Ким Аллоҳнинг жамолини кўриш умидида рўза тутса ва бу унинг номаи аъмолига муҳрланса, жаннатга киради.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиган ҳадисда келади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бағримга босдим сўнг у зот дедилар: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ»  деса ва бу унинг номаи аъмолига ёзилса, жаннатга киради. Ким бир кун Аллоҳ жамоли умидида рўза тутса ва бу унинг номаи аъмолига ёзилса, жаннатга киради. Ким Аллоҳнинг жамоли умидида садақа қилса ва бу унинг номаи аъмолига ёзилса, жаннатга киради».

Олтинчидан: Жаннатда бир эшик бор, уни «Райён» дерлар, ундан фақат рўза тутганларгина кирадилар.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганларидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жаннатнинг «Райён» номли бир эшиги бордир, қиёмат куни ундан рўзадорлар киради, улардан бошқа ҳеч ким кирмас. Рўзадорлар кириб бўлгач, (эшик) ёпилади ва сўнг ҳеч ким кирмайди».

 Бухорий ривояти 

 Еттинчидан: Рамазон ойи рўзаси туфайли аввалда қилинган барча гуноҳлар кечириб юборилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: «Ким Қадр кечасини иймон ва ажр умидида (иҳтисобан) бедор ўтказса, аввалда қилган гуноҳлари кечирилади. Ким Рамазон рўзасини иймон ва ажр умидида тутса, аввалда қилинган гуноҳлари кечирилади».

Бухорий ривояти
«Иймон ва ажр умидида» деганнинг маъноси ният ва азму-қарордир. Рўзадор ишонган ва савобдан умидвор бўлган ҳолда, нафсини шунга мойил қилиб, оғринмай, балки катта савоб оламан, деган ишонч билан рўза тутмоғи лозимлигини англатади (Имом Хаттобий таърифи). Бағавий дейди: «Иҳтисоб»дан мурод Аллоҳнинг жамоли ва савоб талабида бўлишликдир».

Саккизинчидан: Рамазонда жаннатлар эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади. Шайтон хор ва мағлуб бўлади..
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу  ривоят қилган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: «Рамазон ойи келганда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади».

Бухорий ва Муслим ривояти

Тўққизинчидан: Рамазон ойида минг ойдан афзал бўлган Қадр кечаси мавжуддир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу  дедилар: «Рамазон ойи кириб келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кириб келган бу ойда минг ойдан яхшироқ бир кеча бордир. Ким ундан қуруқ қолса, барча яхшиликлардан қуруқ қолибди. Унинг яхшилигидан маҳрум қилинганлардан бошқа ҳеч ким қуруқ қолмас».

 Ибн Можа ривояти

Ўнинчидан: Рамазон рўзасини тутаётган одамнинг дуоси қабул бўлади. Аллоҳ бандаларини дўзахдан озод қилади.
Абу Саид ал-Худрий   розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: «Албатта Аллоҳ таборака ва таоло (Рамазоннинг) ҳар бир куни ва кечасида (бандаларини дўзах оловидан) озод қилади ва албатта ҳар бир мусулмон учун ҳар бир кун ва тунда дуоси ижобат бўлади».

Аҳмад ривояти

Мана энди, синглим, бу улуғ ойнинг моҳиятини англадингизми? Бу ойга Аллоҳ таоло қандай фазилатлар индирганини билдингизми? Қалбингизда ушбу ажрларнинг барига рўза орқали эришишга интилиш ҳиссини туйдингизми? Айнан шундай ҳолатда эканлигингиздан асло шубҳаланмайман. Аммо бу истагингизга етишиш учун ишга дадил киришишингиз керак. Бу ютуқлар соҳибларидан бўлиш учун жидду жаҳд билан ҳаракат қилинг. Аллоҳ азза ва жалладан бизни бу ажрларнинг ҳеч биридан маҳрум қилмаслигини сўраймиз.

Давоми бор…

Муаллиф: Марям ас-Солим

Баҳам кўринг

Comments are closed.