Рамазоннинг безаги

0 489

Рамазон ойи Қуръон ойидир. Рамазон ойини интиқлик билан кутган мусулмонлар бу ойда Қуръонни кўпроқ қироат қилишлари, ҳеч бўлмаганда бир марта хатм қилишлари керак. Рамазон ойида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматгача бўлган бутун умматга ўрнак бўлганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан бирга Қуръонни дарс қилар эдилар. Кўпчилик Ислом уламолари, илм толиблари бу ойда бошқа дарсларни тўхтатиб, Қуръон тиловати билан машғул бўлар эдилар.

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ эса рамазон ойида намоздан ташқари ҳолда Қуръонни олтмиш марта хатм қилар эдилар. Қуръон рамазон ойининг безагидир. Чунки бу ойда Қуръон нозил бўлгандир. Кўпчилик рўзадорлар рамазон ойида оғизларини ёмон сўзлардан тиймасдан рўзаларига зиён етказадилар. Айрим рўзадорлар бу ойда ёмон сўзлардан тўхтаб, рўзаларига қаттиқ эътибор қаратадилар. Аммо Қуръон тиловатига эътибор бермайдилар.

Баъзилар эса бу ойда ёмон ишлардан қайтадилар, ёмон сўзлардан тўхтайдилар. Дилларига Рамазон ойидан кейин ҳам шу яхши йўлда бардавом бўлишни тугиб қўядилар. Қуръон тиловати билан Рамазонни кўркам қиладилар. Мана шундай рўзадорлар Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳбуб бўлган рўзадорлардир.

Қуръон тиловат қилаётган инсон аввало Аллоҳнинг китобини ўқиётганини, оятларини тафаккур қилмоғи керак. Аллоҳнинг китоби шеър эмас, Қуръони карим шеър каби ўқилмайди. У ўқилаётганда қалблар титраши, оятлар маъноларидан кўзлар ёшланиши керак. Инсон йиғлаб турганидагина қалблари қотиб қолмайди. Имом Бухорийнинг саҳиҳларида мана бу ривоят келтирилади.

Абдуллоҳ ибни Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Қуръон ўқиб беринг», дедилар. Сизга нозил қилинган бўлса-ю, мен ўқиб берайми? -дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен бошқалардан эшитишни ёқтираман», дедилар. Мен «Нисо» сурасини ўқиб, «Биз барча халқлардан гувоҳни келтириб, сизни уларнинг барчасига гувоҳ қилиб келтирсак, қандай бўлади?» оятига етганимда: «Бўлди», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарадим. Ул зотнинг кўзларидан ёш қуйилар эди.

Аллоҳ таоло айтади: «Агар биз ушбу Қуръонни бирор тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, уни Аллоҳнинг қўрқувидан ўзини хор тутган ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. Биз бу мисолларни одамларга зора улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз.» (Хашр, 21)

Азиз муслима опа-сингилларим! Рамазон хатми Қуръонлар ойи ва мағфират ойидир. Бу ойнинг безаги Қуръон, либоси тақводир. Сизу бизга покланиш ойи муборак бўлсин! Бу ойда Қуръон қироати билан машғул бўлишликни ўзимга ва сизга тавсия этаман. Аллоҳ юзларимизни Қуръон нурлари билан мунаввар қилсин.

Баҳам кўринг

Comments are closed.