Қурбонлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

     Қурбонликнинг зоҳири ва ботини ҳамда ундаги руҳият

Ҳадиси шарифда: «Ҳар бир нарсанинг зоҳири ва ботини бўлади», дейилган.

Анбиё алайҳиссаломларнинг тушлари ваҳий бўлади ва уларнинг тушлари ростдир. Иброҳим алайҳиссалом ҳам фарзандини сўйишни тушида кўрди. Бас бу ваҳий бўлди. Шу сабабли ҳам фарзандни сўйиш собит деб таҳқиқ қилиш шаръан ҳам, луғатан ҳам тўғри бўлади. Иброҳим алайҳиссалом бу имтиҳондан тўлиқ ўтиб бўлганларидан сўнг, Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига жаннатдан бир қўчқор юборди. Бу қурбонликнинг зоҳири бўлди.

Қурбонликнинг ботини –­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ ҳақиқатда киши фарзандини забҳ қилишида ўз нафсини ўлдириши билан ҳосил бўлади.

  Демак, қурбонликнинг ҳақиқати ўз нафсини забҳ қилиш бўлди. Шу восита билан Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғилларини забҳ қилдилар. Ўз гарданингизга пичоқ тортинг, демай, балки фарзандингизнинг гарданига пичоқ тортинг, дейилди. Чунки ўзини сўйишдан кўра фарзандини сўйиш нафс учун қанчалар қаттиқ ва оғир‑а! Балки бундан кўра ўзини сўйиш осонроқ. Бирор бир ота ҳуши ўзида бўла туриб, ўз фарзандини сўйишга рози бўлмайди. Тариқатдаги фанои нафс деган тушунча мана шудир, яъни ўз нафсига қарши чиқиш дегани ва бу нарса фарзандини қурбонлик қилишда намоён бўлди.

Айтинг-чи, биз юқорида ботин деб айтган нарса қай бир оят ёки ҳадисга хилоф?

Ёдда тутинг! Ҳақиқий сўфийларнинг бирорта гапи Қуръон ва ҳадисга хилоф эмас. Агар хилоф бўлса, у тасаввуф эмас, балки, зиндиқликдир.

Хулоса шуки, ҳар ибодатнинг зоҳирий сурати бўлганидек ботиний руҳи ҳам бўлади. Қурбонликнинг руҳи эса, фарзанд забҳ қилиш воситасида ўз нафсини фоний қилишдир.

Фанойи нафс деб, ўз хоҳишига қарши иш тутишга айтилади. Масалан, нафсингиз тўрт ракаат нафл намоз ўқишни хоҳласа, сиз уни саккиз ракаатга етказинг, агар нафл рўзадан қочиб нафл намоз ўқишни хоҳласа, сиз нафл рўза тутишни ихтиёр этинг.

Шундай экан, қурбонликнинг руҳи фанойи нафсдир. Қайси қурбонликда фанойи нафс топилмаса, у руҳсиз бўлибди. Энди қайси қурбонлик руҳсиз бўлса, у комил қурбонлик эмас.

Қурбонлик қилишда бир жиҳатдан ҳожиларга ўхшашлик бор

Ҳажга бормаган кишига қурбонликнинг вожиб бўлиш ҳукми ҳожиларга ўхшаш учун воқе бўлган, десак ҳам нотўғри бўлмайди. Маккага бора олмаган кишилар, ҳаж амалларида ҳозир бўла олмаганлар ҳожиларга ўзларини ўхшатиш учун қурбонлик қиладилар. Чунки ҳажда талбия айтилса, бу ерда шунга ўхшаш такбири ташриқ айтилади. Ҳар бир оқил, балоғатга етган мусулмон кишиларга ташриқ кунларида жамоат бўлиб намоз ўқисалар уни айтиш вожибдир. Ёлғиз намоз ўқувчига эса мустаҳаб.

 Яна қурбонлик қиладиган кишига Зулҳижжанинг аввалидан то қурбонлигини сўйиб бўлгунича соч, соқол ва тирноқларини олмай туриши мустаҳабдир. Ҳожиларга ҳам худди шундай. Энди кимгаки қурбонлик вожиб бўлмай туриб ҳам қурбонлик қилса, кўп савобларга эга бўлади. Юқоридаги мисоллардан қурбонликни ҳаж амалларига ўхшашлиги маълум бўлди.

Ҳадиси шарифда келади: Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бир киши “Ҳажнинг ҳақиқати нима?” деб сўради. Шунда у зот: «Баланд овозда талбия айтиш ва қурбонлик қонини оқизишдир», дедилар. Бу ҳадисдан қурбонликнинг ҳажга бўлган муносабати мукаммал тарзда зоҳир бўлди. Аслида, қурбонлик ҳажнинг рукнларидан эмас. Аммо ҳаж билан унинг кучли алоқаси борлигидан Расулуллоҳ алайҳиссалом уни «ҳажнинг ҳақиқати» дедилар. Рамазондан кейин баъзилар ҳаж сафари тадоригини кўра бошлайдилар. Ҳажга боролмайдиганларнинг қалбига эса ҳасрат наштари санчилади. Шу пайтда ҳар бир мусулмоннинг қалбидан «қанийди мен ҳам ҳажга борсам», деган ички нидо ўтади. Аллоҳ таолонинг наздида мўъминнинг нияти жудаям улуғ ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бизларга шу ерда туриб бўлса ҳам қурбонлик қилишга буюрди.

Қурбонлик қилишда ҳажнинг баракотидан бир ҳисса бор

Қурбонлик бизларнинг жонимиз ўрнига қоим мақом бўлди. Минодан бошқа ўринларда инсонлар қурбонлик қилар эканлар, ҳажнинг баракоти фақат ҳаж қилувчилар учунгина бўлиб, боришга имкони йўқлар эса бу баракотдан маҳрум бўладилар. Шу сабабли ҳам Аллоҳ таоло ҳаж қилувчиларга ўхшаш бўлсин деб уларга ҳам қурбонликни вожиб қилиб қўйди. Токи уларга ҳам ҳажнинг баракотидан бир ҳисса насиб бўлсин. Юқорида айтиб ўтдикки, қурбонликда нафсга қарши курашиш ҳам бор. Нафсни бўйсундириш эса, уни шариатга тобе қилишдир. Икки ҳолатнинг ҳам ўзига хос бир зарурати бор. Шунинг учун Иброҳимий суннат бўлган бу амал ҳожиларга ҳам, улардан бошқаларга ҳам вожиб бўлди.

Мавзуга оид мақолалар
   Ҳуда Идрис ўз бизнесини 12 ёшида бошлаган. Саудия Арабистонидаги мактабларда бир нечта дастурлаш давоми...

09:15 / 08.03.2017 3086
             Намоз араб тилида «салот» дейилиб, луғатда «яхшиликка дуо» маъносини англатади. Шариатда эса давоми...

09:30 / 16.05.2017 4131