Қурбон ҳайити одоблари

0 183

 Ҳаж амаллари адо этилгандан кейин нишонланадиган Ийдул адҳа  ̶  Қурбон ҳайити мусулмонлар ҳаётидаги энг муҳим саналардан биридир. Бу куннинг ўзига хос ҳукмлари ва одоблари мавжуд, чунончи, инсонларга ҳақиқий байрам қувончини бахш этадиган амаллар бор. Қуйида шу ҳақида тўхталамиз. 

Ийд куни одоблари ва амаллари

🌺    Такбир. Арафа куни фажр пайтидан бошлаб, ташриқ кунларининг охирги асригача давом этади. Такбир ийднинг энг гўзал белгиларидан биридир. Мусулмонлар фарз намозларидан кейин жамоат бўлиб, якка ҳолда, муяссар бўлган ҳар вақтларида машҳур ийд такбирларини айтиб юрадилар.

🌺  Ийд намози. Ҳанафий мазҳабида ийд намози вожиб амал ҳисобланади. Ийд намози мусулмонларга ҳақиқий байрам шукуҳини, бирдамлик, биродарлик руҳини бахш этади. Намозгоҳдан қайтишда бошқа йўл билан қайтилади.

🌺  Қурбонлик қилиш. Қурбонлик ҳайит намозидан кейин қилинади. Ҳайит намози ва қурбонлик ийднинг энг афзал амалларидандир.

🌺  Ғусл қилиш, безаниш, зийнатланиш, энг афзал (янги) либосларни, энг гўзал кийимларни кийиш, хушбўйликлар сепиш. Бу ийднинг суннатлари ва одобларидандир.

🌺   Қувонч ва сурурни изҳор қилиш. Айниқса, ёш болалар ўйнаб, хурсандчилик қилиши, катталар бунга шароит яратиб беришлари лозим.

🌺   Табриклар, зиёратлар, ҳадялар. Аллоҳ таоло ийд муносабати билан мусулмонларнинг қалбларини бирлаштиради. Ийд табриги «Тақоббалаллоҳу минна ва минкум» («Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул қилсин») каби тилаклар билан бирга йўлланади. Шу билан бирга, мусулмонлар бир-бирларини кўргани бориб, ҳадялар улашиши улар орасидаги дўстлик ва муҳаббатни зиёда қилади. Айниқса, дўстлар, қўшнилар, фақир ва етимлар, эътиборга муҳтож кишиларни зиёрат қилиш савобли амаллардандир.

🌺 Силаи раҳм. Ийд ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳмни мустаҳкамлаш, яқинларини хурсанд қилиш учун ажойиб фурсатдир

🌺 Аллоҳ таолонинг зикрини кўпайтириш.

🌺  Бир-бири билан уришиб қолган, аразлаб юрган биродарларни яраштириб қўйиш.

🌺  Еб-ичишда кенгчилик қилиш (аммо исроф қилмаслик).

Мубоҳ ўйин-кулгу

Байрамни нишонлаш учун мубоҳ амаллар кўп. Еб-ичишда (исрофсиз) кенглик қилиш, балки емакхоналарда таомланиш, гўзал манзарали жойларга айланишга бориш, мубоҳ бўлган ўйинларни ўйнаш, нашидлар тинглаш, куйлаш ва ҳоказолар шу жумласидандир. Зеро, ийд куни хурсандчилик ва сурурни изҳор қилиш диннинг шиорларидан биридир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримга кирганларида олдимда икки қизча Буос куни ҳақида қўшиқ айтаётган эди. У зот тўшакка ёнбошлаб, юзларини ўгириб олдилар. Шунда Абу Бакр кириб, менга ўқрайди ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида шайтоннинг нағмаси бўляптими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: «Тек қўй уларни!» дедилар. Пайтини пойлаб туриб, икковига кўз қисган эдим, чиқиб кетишди.

Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим, ёки у зот: «Томоша қилишни хоҳлайсанми?»  дедилар. Мен: «Ҳа»,  дедим. У киши мени орқаларига турғиздилар. Юзим у кишининг юзларига тегиб турарди. У зот бўлсалар: «Эй Бани Арфидалар, давом этаверинглар», дердилар». Бу ҳол то мен малол олгунимча давом этди. «Бўлдингми?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Кетавер», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

 Ийднинг мусулмонлар ҳаётига таъсирлари:

🌺  Мусулмонларнинг, жумладан, фақир ва мискинларнинг ҳам қалбларига қувонч ҳамда сурур кириши;

🌺Мусулмонлар орасида меҳр-муҳаббатнинг ёйилиши;

🌺 Мусулмон жамиятининг мустаҳкамланиши, жипслашиши;

🌺    Мусулмонлар ўз ийдлари билан бошқалардан ажралиб туриши;

🌺  Ийд шиорларини тирилтиргани (амалга оширгани) учун Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва розилигига ноил бўлиш;

🌺    Мусулмонларда ўзаро иймоний биродарлик алоқаларининг мустаҳкамланиши.

 Ийд Аллоҳга шукр қилишдир

Байрамларни нишонлашда мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган нарса бу – шу кунларда Аллоҳнинг тоатида янада маҳкам бўлиш, Унинг розилигини исташ, гуноҳ ва маъсиятлардан узоқ туришдир. Мана шу мусулмон байрамларининг умумий пойдевори ҳисобланади. Шундай экан, инсонлар бу кунларда ибодатларини ўз вақтларида бажаришга, Аллоҳни кўп зикр қилишга, масжидга кўп боришга, кўп Қуръон ўқишга, солиҳ амаллар қилишга жидду-жаҳд қиладилар.

 

mawdoo3.com сайти асосида тайёрланди

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply