Қонунни бузманг! Ёҳуд ғурурни сақланг!

0 2 938

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Робби яссир ва ла туъассир робби таммим бил –хойр ва бика настаъин я Фаттаҳ!

  1. Инсонларни эркак ва аёл сифатида жуфт-жуфт қилиб яратиб, уларнинг ўртасига маваддат ва раҳматни ёйган Аллоҳ таъолога ҳамду санолар бўлсин! Умрлари охирлаб қолган чоғда: “Аёллар борасида Аллоҳга тақво қилинглар…..!”, — дея бутун умматни ҳушёрликка чақирган саййидимиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин. Аёлларига маҳр бериш билан бир қаторда, уларга юксак меҳр бериб, уларни ардоқлаган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлсин.

Маълумингизким, коинотдаги барча нарсаларни Аллоҳ таоло маълум бир қонун ва низом остида яратди. Ҳар бир яратилмиш нарса аввалда белгиланган қонун ва низомга бўйсинувчидир. Ер ва қуёш  айланиши,  осмон жисмлари, кеча-кундуз ва фасллар алмашинуви, инсон ҳаракати, наботот олами буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таъолонинг қонунига мувофиқ ҳаракатланади. Агар белгиланган қонун бузилса ёки тўхтатилса, дунё низоми бузилиб, барча нарсалар тартибдан чиқади ва дунё мувозанатида ҳалокатли муаммолар юзага келади. Аксинча, агар ҳар бир нарса аввалда белгилаб қўйилган қонунига мувофиқ ўзига юклатилган низом остида ҳаракат қилар экан, ҳар бир ишнинг натижаси  барқарор бўлиб, ҳаёт бир тартибда давом этади. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло шундай ҳикматли Зотки, У Ўзининг ҳар бир махлуқига қандай вазифа топширган бўлса, унга ана шу вазифасини адо этишга  мос ва монанд бўлган имконият ва шароит яратиб беради.  Натижада, у Ўзининг вазифасини ҳеч қандай қийинчиликларсиз адо этади (оят, ҳадисдан далил). Зотан, Аллоҳ таоло махлуқотларининг  имкониятларидан, тоқатидан ортиқ вазифаларга буюрмагай (Бақара сурасининг 286-ояти). Қисқача қилиб айтганда ҳар бир махлуқотнинг имкониятларини ва уларнинг вазифаларини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаган ва унинг Ўзи ҳал этгандир.

Шу маънода, Аллоҳ таоло инсонларни эркак ва аёл қилиб яратиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида имконият бериб, улардан маълум бир вазифаларни адо этмоқларини талаб этди. Хусусан, эркак ва аёл исломий никоҳ билан оила қуриб жамиятнинг ажралмас бир бўлаги сифатида ҳаёт кечиради. Улардан ҳар бирининг оилада тутган ўрни ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Аллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилгандир. Бироқ шунга қарамасдан бугунги кунда жамиятимизда тобора авж олиб бораётган, Роббимизнинг қонунларига зид бўлган тўй маросимлари, келин ва куёвларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмасликлари оқибатида келиб чиқаётган турли  муаммо ва нохуш ҳолатларнинг кўпайиб бораётгани ачинарли ҳолатдир. Шунинг учун ушбу кичик бир рисола орқали шариатимизда тўй, тўйдан олдин ва кейин ўтказиладиган маросимлар, келин ва куёвнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, нафақа ва маҳр масалалари каби долзарб мавзуларда сўз юритамиз. Шояд, бу борада инсонларнинг билишлари зарур бўлган, бизларга юклатилган ва амал қилишимиз шарт бўлган қоидалар ҳаётимизда ўз тасдиғини топса, қурган оиламиз саодатли ва ҳаётимиз фаровон бўлади! Зеро, Аллоҳ барча гўзалликлар ва ҳикматлар соҳибидир.

Аллоҳ таъоло инсонларни эркак ва аёл қилиб, яъни жуфт яратганлигининг ҳикмати.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Рум” сурасининг 21- оятида шундай баён қилади : “ Унинг оятларидан (яна бири) сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир.”

Дарҳақиқат, Роббимиз инсонларни эркак ва аёл қилиб яратди, ва ўз навбатида улардан ҳар иккисини бир-бирларига муҳтож қилди. Эркак кишига Аллоҳ таоло шундай ҳис туйғулар бердики, у ўз ҳис туйғуларини фақат аёл киши орқали қондиради. Ва айни вақтда аёл кишини ҳам шундай латиф ҳис туйғуларга асир этдики, бу асирликдан халос бўлиш йўлини у ҳам ўз жуфти ҳалолидан топади.

Бир-бирига бегона бўлган қиз ва йигит покиза никоҳ йўли билан оила қуриб, яшашни бошлаганларидан сўнг уларнинг ўртасида Аллоҳ таоло шундай иноқлик ва меҳрибонлик инъом этадики, натижада, улар бир-бирларига меҳрибон ва шафқатли бўлиб яшайдилар ва бир-бирларининг камчилигини тўлдиради, оилавий муаммоларни ўзаро ҳал этади, кези келганда бир-бирларига завқ улашиб, ҳаётни давом эттиришади. Бу эса Аллоҳ таолонинг бандаларига инъом этган катта марҳаматларидан биридир. Зеро, Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида қуйидагича марҳамат қилади: “Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз” (187-оят)

Баъзи муфассирлар оятдаги “либос” сўзини кишининг энг зарурий эҳтиёжи деб тафсир қилишди. Қолганлари эса “либос” бу инсоннинг айб ва нуқсонларини тўсиб турувчи зийнат деб тафсир қилишган. Дарҳақиқат эр-хотинлар бир-бирларига шу қадар муҳтождирки, уларнинг қиёси бир қушнинг икки қаноти кабидир. Улардан бирининг бахти иккинчисига чамбарчас боғлиқ бўлиб, оилада улардан ҳар бирининг ўрни алоҳида мавқега эгадир. Ва шу билан бир қаторда улар бир-бирларига зийнатдирлар. Улар ўзаро айбларини яшириб бир-бирларининг фақатгина яхши хулқ атворларини намоён қилмоқлари мазкур сўзимизнинг амалий тасдиғидир. Табиатларидаги жинсий хоҳишларини Аллоҳ таоло ҳалол қилган йўл билан қондириш орқали бир-бирларига ўзаро сукунат ва хотиржамлик баҳш этувчи зийнатдирлар (Оятдан далил керак).

Ота-онанинг насл насабини давом эттирувчиси бўлган фарзанд неъматининг берилиши ҳам инсонларнинг эркак ва аёл қилиб яратилиш ҳикматларидан бири ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 72-оятида: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантирди”, дея марҳамат этган. Демак, инсонлар жамиятининг ҳаёти ва фаолияти доирасида эркакларнинг қанчалик ўрни ва аҳамияти бўлса, аёлларнинг ҳам ўз ҳилқатларига мувофиқ шу қадар мақсад ва вазифалари бор. Аллоҳ таоло улардан ҳар бирига ўзларининг ҳилқатларига мос равишда шундай вазифалар топширдики, уларнинг бири иккинчисининг вазифасини бажара олмайди.

(давоми бор)

 

 

 

 

 

 

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply