​​«Қизларжон» китобининг тақдимотида муҳаррир Барно Саидраҳмоннинг нутқи

0 118

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.

  Ассалому алайкум, муҳтарама устозлар, азиз опа-сингиллар, ушбу улуғ даргоҳга, илм масканига, зиё масканига ташриф буюрган қадрли меҳмонлар.

Аввало менга ушбу минбарда туриб сўзлаш, «Қизларжон» деб аталмиш бу ажойиб китобни тақдим қилиш имконини берган раҳбаримиз, устозимиз, маслаҳатчимиз, кўмакчимиз Одинахон Муҳаммад Содиққа самимий миннатдорчилигимни билдираман. Ушбу фурсатдан фойдаланиб айтаманки, мен бахтли инсонлардан бириман. Саноқлигина инсонларга насиб этган бахт менга ҳам насиб этди. Мен бутун умрини Исломга бағишлаган инсон,  устозимиз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг деярли барча китобларини таҳрир қилиш, у кишининг илм сарчашмаларидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар бўлдим.

Яна шунинг учун ҳам бахтлиманки, бир неча йиллардан буён мен у кишининг севимли фарзандлари, муносиб давомчилари, ўзининг шижоати, тиним билмаслиги, илм-заковати, ҳатто ташқи кўриниши билан ҳам оталарини эслатиб турувчи Одинахон Муҳаммад Содиқ билан ҳамнафас, ҳамфикр, ҳамжиҳат, вақти келса ҳамдард бўлиб ишлаб келяпман. У кишининг бир нечта китоблари, мақолаларининг ўқувчилар қўлига етиб боришида ўз ҳиссамни қўшиб келмоқдаман.

Буларнинг барчаси учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.

Бугун тақдимоти бўлиб турган «Қизларжон» китоби ана шу ҳамжиҳатликнинг яна бир самараси, мевасидир.

Мен аввало ушбу рисолани нашрга тайёрлаш жараёни ҳақида айтиб ўтмоқчиман.

Бундан уч йил муқаддам Одинахон мени чақириб, қизлар тарбияси ҳақида ажойиб бир китоб тайёрлаганлари, унда жуда ҳам долзарб, жиддий муаммолар кўтарилгани, уларнинг ечими ҳақида ҳам анчагина фикр-мулоҳазалар баён этилгани ҳақида айтиб қолдилар. Анча ўтириб, суҳбатлашдик, одамларни қайси муаммолар кўпроқ қийнаётгани, яна қандай мавзулар ёритилса яхши бўлиши ҳақида фикр алмашдик.

Китоб устида анча ишладик, тез-тез хабарлашиб турдик… Орадан бир неча ойлар ўтиб, китоб деярли тайёр ҳолга келди. Лекин баъзи сабабларга кўра унинг нашри тўхтаб қолди. Шу орада китоб юзасидан  илмли кишилар билан маслаҳатлашилди, уларнинг фикрлари инобатга олиниб, яна баъзи мавзуларда янги мақолалар қўшилди. Баъзи сабабларга кўра бир-иккита мавзулар олиб ҳам ташланди.

Яна қайта таҳрир, тасҳиҳ ишлари олиб борилди. Ва ниҳоят, мана шу мўъжазгина бўлишига қарамай, ўзида олам-олам маъноларни, фойдаларни, яхшиликларни, маслаҳату насиҳатларни жамлаган рисола дунёга келди.

Мен уни таҳрир қилган пайтларим айни фарзандларим, қизларим балоғат ёшига етган даврга тўғри келди. Китобнинг ҳар бир мавзусини ўқиб, таҳрир қилар эканман, ўзимга жуда кўп фойдалар олдим. Айрим саҳифаларни ўқиётганимда фарзанд тарбиясида қўйган баъзи хатоларимни англаб, кайфиятим тушиб кетар, яна бундан бу ёғига уларни тўғрилаш имкони борлигини ўйлаб, кўнглим ёришарди. Тарбиясида жиддий хатоларга йўл қўйилган йигит-қизларнинг ҳаёти ҳақида ёзилган баъзи саҳифаларни ўқиганимда эса бизнинг оилада ундай муаммолар бўлмагани учун Аллоҳга чексиз шукрлар қилардим.

Оналарга берилган маслаҳатлар, қизларга қилинган насиҳатларни ўқиб, таҳрир қилиш жараёнида ўзим учун жуда кўп ибратлар олар, фарзандларим тарбиясида уларга амал қилишга ҳаракат қилардим.

Китоб ҳақида гапирадиган бўлсам, юқорида эътиборингизга ҳавола этилган видеоролик орқали у ҳақда бир оз тасаввурга эга бўдингиз.

Китобдан жой олган ҳар бир мавзу долзарб, ҳар бири ўзига хос маънога эга.

Айниқса балоғат ёшига қадам қўйган қизларга уйда ота-она, мактабда ўқитувчи қандай муносабатда бўлиши лозимлиги маслаҳат, кўрсатма шаклида чиройли баён этилган.

Жумладан, рисолада шундай дейилади:

 «Она бу босқичдаги қизига нисбатан аввалгидек муомала қилмаслиги, ҳамма нарса фақат ўзи истагандек бўлиши учун интилмаслиги керак. Оқила она бундай пайтда фарзандини қилиши лозим бўлган ишга йўллаб қўяди, унинг қалбида ушбу ишни амалга оширишга мойиллик, истак уйғотади. Хоҳ ўқишга тааллуқли нарса бўлсин, хоҳ кийимига, хоҳ режалаштирилган бошқа ишларга, хоҳ ўзгалар билан алоқасига оид ишлар бўлсин, энди у билан ёш болалик даврида қилган муомала услубини тубдан ўзгартириши лозим. У билан ҳушёрлик ва ақл ила муомалада бўлишга, ҳар бир ишда унинг қалбида қаноат ҳосил қилишга эришиши керак. Унга ўз фикрини, зуғумини ўтказишга уриниш, «Сен ҳали кичкинасан», «Сен ҳали ёш боласан» деган гаплар билан унга танбеҳ бериш ҳаргиз ярамайди».

«Оналарга нозик маслаҳатлар» номли сарлавҳа остида муаллиф она ва қиз фарзанд ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатишда қандай йўл тутиш лозимлиги борасида қимматли маслаҳатлар берганлар.

«Қизларжонга ҳам қалб нидоларим бор» деган мавзуда эса балоғат ёшидаги қизларга жумладан шундай нидо қилинади:

«Қизим, жаннат сенга жуда ҳам яқинлигини унутма! У ёнгинангда турган ушбу буюк хилқатнинг қадамлари остидадир!

Икки юз етмиш кун унинг вужудида яшаганингни, унинг қонидан озиқланиб, нафасига шерик бўлганингни унутма! Бу ҳазилакам муддат эмас!»

Китобда бу каби таъсирли, ҳар қандай қаттиқ қалбни ҳам эритиб юборадиган жумлалар жуда кўп бўлиб, уларни ўқиган ҳар қандай ўқувчи бефарқ қолмайди.

Бундан ташқари «Қизимга», «Ботқоқ йўлга қадам қўйган қизга мактуб», «Китоб ўқи, жон қизим!» «Шаҳватга таслим бўлма», «Онанинг ўз қизига насиҳати» каби мавзуларнинг ҳар бири ўзига хос услубда қизларга насиҳат шаклида баён этилган.

Китобдан фақат қизларга оид мавзулар эмас, балки  бахтли оила қуриш сирлари, эр-хотин муносабатлари ҳақидаги мавзулар ҳам ўрин олган.

«Эр-хотин муҳаббати», «Муҳаббат бардавом бўлиши учун ўнта тавсия», «Висол», «Эр-хотин алоқасининг юксак савияли тилдаги ифода шакллари», «Рафиқа… лекин…», «Рафиқангнинг битикларини титкилама» каби мақолалар шу жумладандир.

Китобдан ўрин олган Зебинисо Қутбиддин қизининг қаламига мансуб «Ўзлигингизга қайтинг, ўзбегойимлар», шунингдек, русчадан Анвар Аҳмад таржима қилган «Бефойда надомат» номли  мақолалар ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Мазкур рисола ўзи мўъжазгина бўлишига қарамай, жуда кўп мавзуларни қамраб олгани билан ўзига хос, ниҳоятда фойдалидир.

Уни фақат қизлар ёки оналар эмас, балки оталар, йигитлар ҳам ўқишини тавсия қиламан. Зеро, Устозимиз унда барча учун зарур бўлган маълумотларни жамлаганлар.

Шу ўринда айтмоқчиманки, ҳазратимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва у кишининг турмуш ўртоқлари Фотимахон ҳожи онадан фарзанд тарбияси бобида ҳар биримиз ўрнак олишимиз лозим.

«Қизларжон» китобида «Таҳсинга лойиқ аёллар» деган мавзу бор. Агар муаллиф  менга рухсат берганларида, таҳсинга лойиқ аёллар зикр қилинган саҳифанинг энг биринчи қаторига Фотимахон ҳожи онанинг исмларини ёзиб  қўйган бўлардим. Чунки Одинахондек олима, қория, шижоатли инсонни, барча муслималарга ўрнак бўладиган аёлни, бизнинг минтақамизда тенги йўқ инсонни, қолаверса ҳар биримиз учун, айниқса аёл-қизлар учун зарур бўлган «Қизларжон» китобини бизларга тақдим этган инсонни оқ ювиб, оқ тараб ўстирган, фарзандларини илм-заковатда тенги йўқ қилиб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказган она ҳар қанча таҳсинга лойиқдир! 

 Эътиборингиз учун раҳмат.

Баҳам кўринг

Leave A Reply