Қизлар – бу Аллоҳнинг Жамол деган сифатининг сирларидан биридир

0 185

Англияда механик бўлиб ишлайдиган Томас исмли киши бор эди. У таомини зўрға топиб ерди. Аллоҳ таоло унга бир қиз фарзанд ато қилганди. Қизи беш ёшга кирганида оёқ пайларига тузалмас дард тегиб, бўйи ўсмай қолди. Кейин билишса, у энди юролмас ҳам экан. Томас қачон уйга қайтиб, қизининг хонасига кирса, уни йиғлаб ўтирган ҳолда кўрарди. Буни кўриб қизининг олдидан чиқиб жаҳл қилиб деворларни тепар, бақирар ва турли ичимликлар ичар эди. У ҳар доим “Нима учун, Худо, мени камбағал қилдинг, унинг устига қизимни ҳам шу аҳволга солдинг?” – деб нолиб юрарди. Бир кун у ишга борди, у ерда бир дўстига шикоят қилди. Дўсти: “Эй биродар, қизлар бу Аллоҳнинг Жамол деган сифатининг сирларидан биридир, яъни Аллоҳ таоло қизларга Ўзининг Жамол сифатидан баъзи сирларни яшириб қўйган. Уни қидириб топиш керак, ҳаракат қилиш керак, қизингга яқин бўлиб, сирлардан фойдаланиб қол. Аллоҳ таоло бу дунёда сенга берган қиз фарзандингдаги сирини бир кун сенга ошкор қилади” дейди. Бу гапдан кейин Томас ишдан чиқиб уйга қайтди. Ҳар доимгидек қизи йиғлаб ўтирар эди, одатда ота бу ҳолатдан кейин чиқиб жаҳл қилиб ҳамма нарсани уриб асабийлашар эди. Лекин бугун ундай қилмади ва қизини орқасига миндирганча хона бўйлаб юришни бошлади. Қиз йиғлашдан тўхтади, бу ҳолатдан Томас яна ҳам тезроқ юра кетди, қиз аста кула бошлади. Бироздан кейин қизча қўлларини қушнинг қаноти каби кўтариб қиқир-қиқир кула бошлади. Буни кўриб Томаснинг шавқи ошиб, анча йилдан бери маҳзун қалбида бахт деган нарсани ҳис қилди. Бундан маст бўлиб қизини кийинтириб кўчага олиб чиқди. Кунлар ўтиб бу одат тусига кирди. Бир куни унинг қўшниси кўриб “Томас, анчадан буён ҳар куни югуриб юрганингни кузатаман. Йилда бир марта бўладиган Британия Қироличасининг ҳайрия марафонида қатнашиб кўрмайсанми?” – деб таклиф билдириб қолди. Томас ўйлаб кўришини айтди ва марафон бошланадиган куни иштирокчилар билан сафга турди. Томас ўшанда маррага учинчи бўлиб келган, лекин ҳамманинг назари унда эди. Чунки у елкасида опичиб олган ногирон қизи билан бошқалардан ажралиб турарди. Шундан кейин ота ва қиз ҳар куни машқ қилишга тушишди, ҳаракат қилишди ва кейинги йилги марафонда маррага биринчи бўлиб келишди. Унга “Марафон ғолиби ва фарзандига энг яхши эътибор берувчи меҳрибон ота” сифатида қиролича томонидан тўққиз миллион доллар мукофот берилди. Шу кундан бошлаб Томас Буюк Британиянинг милионерларидан бирига айланди. У пулининг бир қисмига ширкат очиб, пештоқига: “Қизлар – бу Аллоҳнинг Жамол деган сифатининг сирларидан биридир”, – деб ёзиб қўйди. “Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур” деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Баҳам кўринг

Leave A Reply