Қани олдик ! (ибрат, ҳаромдан сақланинг ҳурматли битирувчилар)

0 1 000

Қани олдик !
Сўнги қўнғироқ, ҳамманинг нигоҳида ўзгача байрам шукуҳи, улкан мақсадлар, келажак орзулари сари қўйилган биринчи қадам. Энди катта ҳаёт остонасига илк қадамлар қўйилади. Байрам тантанасининг биринчи қисми ҳам ўз ниҳоясига етди. Байрамнинг давоми, битирув кечаси ҳам яқинлашяпти. Барча битирувчилар Мухлисанинг уйига бирин – кетин ташриф буюра бошладилар. Синфдошларнинг ҳаммаси жам бўлди, дастурхон атрофида синфдошлар бир – бирлари билан ким қайси ўқишга кириши ҳақида, яна кимдир ўқишни чет элда давом эттириши ҳақида суҳбатлаша бошлади. Навбат синфдошларнинг бир – бирига айтиладиган тилакларига етиб келди, бу тилаклар албатта маст қилувчи ичимликларни ичиш билан билдириш урфга кирган. Йигит қизларнинг бари тилакдан сўнг ўша заҳри қотилни ичиши “шарт”.
– “Мухлиса сизга бахт тилайман, ўзингиз орзу қилган ўқув юртига киришингизни чин қалбимдан хоҳлайман”,
• Ҳамма бу тилакларга қўшиладими ?!
– Ҳа, албатта !
• Бўлмаса, ҳаммамиз бараварига – “Қани олдик”.
Байрам авжида куй- қўшиқ тинмаяпти. Тилакларнинг кети узилмайди.
Мана туннинг ярми ҳам ўтди. Энди ҳамма уй – уйига тарқаладиган вақт ҳам бўлди. Ҳамма ширакайф ҳолда базўр йўл топиб уйга кетишмоқда. Мухлиса ҳам ўша заҳри қотилни ичишдан бенасиб қолмади, бунинг устига синфдошларини кузатиш учун улар билан кўчага йўл олди. Барча ўз уйига кетди. Мухлиса уйга қайтар экан йўлда хаёл суриб келар, хаёлида бутун олам уники эди гўё. Келажак режаларини шундайин ширин хаёллар оғушида тузар эдики, уларга қўл узатса, ҳозироқ етгудек. Тўсатдан берилган машинанинг тормози барча хаёлларини бир зумда чилпарчин қилиб, синдириб юборди. Бирзумда унинг хаёли ҳар ёнга сочилди. Бир маротаба киприк қоқишга етгудек вақт уни ерга қулатди. Машинанинг тормози овозидан уйлардаги чироқлар бирин – кетин ёқила бошлади, бир зумда одамлар тўпланди. Тез ёрдам машинаси ҳам етиб келди. Мухлисани шифохонага олиб кетишар экан, уни ҳали жони узилмаган, ҳаётининг сўнги дақиқаларини ўтказаётган эди. Бошида турган ота – онасига шундайин назар билан қарардики, ҳаётга тўймаганини унинг нигоҳларидан англаб олиш қийин эмас эди. Онасининг қўлини шундайин қаттиқ ўзига тортиб: “Онажон мени ҳаётда олиб қолинг”, – дер эди гўё. Хаёлан тузган режалари нима бўлади, уларга қандайин етишади. У шифохонага етиб бормасиданоқ жони узилди. Ота-она минг аламда жондан азиз фарзандининг жонсиз жисмини қучиб, йиғлар эди.
Эрталаб барча синфдошлар машъум воқеадан хабар топишди. Бир кун олдин байрам бўлган уйда не кўз билан кўрсинки, эртаси куни аза эди. Жанозага барча нарса тайёр ҳолатга келтирилди. Мана имом ҳам етиб келди, тобут имомнинг қаршисига олиб келинди. Жаноза намози ўқиб бўлингач бир мўйсафид отахон овозини кўтариб: «қани ёшлар тобутни ҳар чеккасидан ушланглар ҳамма бараварига: “Қани олдик !”»

Тошкент Ислом институти
АбдулАзиз Раҳимов

Баҳам кўринг

Leave A Reply